Мақолалар

Назарни назарга эргаштирма!

“Ҳис-туйғулар кўзлар орқали ўтади”.

Янги тадқиқотлар шундай хулосага келди. 2016 йилда “Психологик илм-фан” (Psychological Science) журналида янги тадқиқот хулосаси нашр этилди. Тадқиқотчилар янги илмий кашфиёт қилдилар. Бу кашфиёт “ҳис-туйғуларнинг кўз орқали бир одамдан бошқасига ўтиши”дир.

Улар тажрибани оналар ва уларнинг бир ойлик чақалоқлари устида ўтказдилар. Тажриба асносида бирор она маҳзун бўлса ёки безовта бўлса, бу туйғу унинг боласига ҳам ўтиб, бола йиғлай бошлаган ёки хотиржамликни йўқотган. Она ўзини бахтли ҳис қилса, боласи ҳам буни англаб, хурсанд бўла бошлаган.

Олимлар бу ҳолатни кўз қорачиғи ва унинг кенгайиши ҳамда чақалоқ миясини ўрганиш асносида мулоҳаза қилдилар. Биз бу тадқиқотдан шундай хулоса оламиз:

“Албатта, инсон бегона аёлга назар солганда ва унинг гўзаллиги ҳақида ўйлаганда, унинг кўз қорачиғи бироз кенгаяди ва аёл бу ҳолатни идрок қила олади. Бу пайтда эркак билан аёл ўртасида туйғулар айирбошлаш жараёни содир бўлади. Бу ўринда ҳатто эркак аёл билан гаплашмаган, унга қайта-қайта қарашдан бошқа иш қилмаган бўлса ҳам шундай бўлади”.

Энди ақлни лол қолдирадиган жиҳатга эътибор қаратсак!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни фаҳш, мункар, ижтимоий муаммоларга сабаб бўладиган иш – номаҳрам аёлга тикилиб қарашдан қайтарганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Эй Али! Назарни назарга эргаштирма! Биринчи кўз тушиши зарарингга бўлмаслиги мумкин, аммо кейингиси, албатта, сенинг зараринггадир”. Имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.  

Биз биламизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир гапни ҳаводан олиб гапирмайдилар. Барчаси Аллоҳнинг ваҳийси билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у зот ҳақларида шундай деган:

وَمَا يَنطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى

У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас (Нажм сураси, 3-4-оятлар).

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари кўплаб ҳикматлардан, фойдалардан холи эмас. Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини Аллоҳ қарашни ҳаром қилган нарса – номаҳрам аёлга тикилишдан қайтаряптилар. Агар у зот Аллоҳнинг Расули бўлмаганларида Унинг амрига итоат қилишга ундармидилар?! Қуръоннинг ҳукмларига ҳамоҳанг иш қилишлари у зоти бобаракот Аллоҳнинг ҳақ Расули эканликларига далолат қилади!

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Мақола муаллифи: Абдуддоим Каҳел

Read 3660 times

Мақолалар

Top