Мақолалар

Улуғ тобеъин Робеъ ибн Хусайм

Эй Абу Язид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизни кўрганларида эди, албатта яхши кўрган бўлур эдилар”.

 (Абдуллоҳ ибн Масъуд).

 

Робеъ ибн Хусайм тобеинларнинг улуғларидан ва зуҳду тақвода бўлиш ўз асрида саккиз кишида камолига етган бўлиб, у ана шундай  кишиларнинг бири эди. Асли араб, Музарий. Насл-насаби боболари Илёс ва Музарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан туташади.

Робеъ ёшлик чоғиданоқ Аллоҳнинг ибодатида бўлиб улғайди ва нафсини Унга тақво қилишга бағишлади. Онаси ярим кечада уйқудан уйғониб қараса, ёш ўғлининг ҳали ҳам жойнамоз устида тик туриб Аллоҳга муножот қилаётган, намозга ғарқ бўлган ҳолда топар эди. Ўғлига:

— Эй болам, Робеъ ухламайсанми? — деса,

Робеъ:

— Тун зулмати ўраб олган ва душманнинг ҳужумидан қўрққан одам ухлай оладими? — дер эди. Бу сўзларни эшитган муштипар онанинг кўзларидан ёш қуюлиб, ўғлининг ҳаққига хайрли дуолар қиларди. Робеъ улғайган сари унинг тақвоси ҳам, Аллоҳдан қўрқиши ҳам бирга улғайиб борди. Унинг кўп тазарру билан ёлворишлари, кечалари одамлар ухлаб ётганда овоз чиқариб йиғлашлари онаизорнинг раҳмини келтирар ва ҳатто уни ҳар хил гумонларга ҳам олиб борарди. Шунда ўғлига:

— Эй ўғлим, нима бўлди сенга, балки каттароқ бир жиноят қилиб қўйдингми? Одам ўлдириб қўйдингми?,-деди. Шунда Робеъ:

— Ҳа она, мен одам ўлдирдим, -деди.

Она:

— Кимни ўлдирдинг болам, уни оиласидан ўртага одам қўйиб илтимос қилсак, балки кечиришар. Сенинг бу йиғлашларингни, кечаларидаги нолаларингни билишса, албатта сенга раҳм қилишади, болам.

Робеъ:

— Онажон фақат ҳеч кимга айтманг! Мен ўз нафсимни ўлдирдим. Гуноҳлар билан уни ўлдирдим, - деди.

 

Робеъ ибн Хусайм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда У зотнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд тушиб, устозига фарзанднинг отасига бўлган боғланишидек боғланди. Ўз навбатида устоз ҳам шогирдини, ота ўзининг ёлғиз фарзандини қандай яхши кўрса шундай яхши кўриб қолди.                                      Робеъ Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига изн сўрамай кираверар, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига киришга эса, то Робеъ чиқиб кетмагунича ҳеч кимга изн берилмас эди. Улуғ саҳоба Робеъдаги соф қалб, ихлос ва ибодатдаги олийжанобликни кўриб, шогирдининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саодатли ҳаётлик давридан кечиккани ва у зотнинг суҳбатларида бўлмаганидан, қалбида ўкинч пайдо бўларди. Шогирдига: “Эй Абу Язид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизни кўрганларида эди, албатта яхши кўрган бўлур эдилар”. – дер эди. Яна: “Сизни кўрсам Аллоҳдан қўрқувчиларни эслайман”, дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу сўзларида муболаға қилмаган эдилар. Ҳақиқатда Робеъ ибн Хусайм Аллоҳдан қўрқув, тақво ва парҳезкорликда, ўз давридаги оз кишиларгина етган юксакликга чиқа олган эдилар.  Бу ҳақда ҳали-ҳануз тарих саҳифаларини порлатиб турган кўпдан-кўп хабарлар ривоят қилинган, биродарларидан бирининг ушбу ҳикояси шулардан биридир: “Робеъ ибн Хусайм билан йигирма йил ҳамроҳлик қилган бўлсам, фақат яхши сўзларнигина сўзлар эди, деб Қуръони каримдаги ушбу ояти каримани тиловат қилди:

“(Ҳар бир) ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур. Солиҳ амални эса, (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур”. (Фотир сураси, 10-оят).

Абдурраҳмон ибн Ажлон ҳикоя қилади: «Робеъ ибн Хусаймнинг уйида бир кеча тунаб қолдим. Мени ухлади деб билгач, туриб намоз ўқий бошлади. Намозда Қуръони каримдаги:  

“Балки (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар деб ўйлагандирлар?! Қандай ҳам ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!  (Жосия сураси, 21-оят)  оятини ўқиди.  

   Бутун тун бўйи намозда ушбу оятнигина ўқиди, бошидан бошлар, оят тугагач яна бошидан бошлар ва то субҳ бўлгунга қадар шу ҳолда давом этди, кўзларидан эса дув-дув ёш оқиб турарди.

Робеъ ибн Хусаймнинг Аллоҳдан хавфи ва зуҳду тақвоси ҳақидаги ривоятлар ниҳоятда кўпдир.  Шулардан бир жамоа кишилар ҳикоя қилган ушбу воқеа диққатга сазовордир: “Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга сафарга чиқдик. Жамоамиз ичида Робеъ ибн Хусайм ҳам бор эди. Фурот бўйлаб кетаётганимизда, тошларни ёқиб оҳакка айлантириш учун олов ёқилган катта қўрага рўпара келиб қолдик. Қўрадаги олов гуриллаб ёнар, учқунлари учиб, гувиллаган товуши эшитилиб турарди. Қўрага, ёниб кул бўлиб оҳакга айланиши учун тошлар ташланаётган эди. Робеъ ибн Хусайм оловни кўргач бир сесканиб жойида туриб қолди ва Аллоҳ таолонинг: “Жаҳаннам уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг ҳайқириқ ва чақириғини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (жаҳаннамдан)  тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар” оятини ўқиб, ҳушидан кетиб йиқилди. Дарҳол ҳушига келтириш чораларини қилдик, ҳушига келгач эса, уйига олиб кетдик.

Робеъ ибн Хусайм умри бўйи ўлимни кутиб, унга ҳозирлигини кўриб ҳаёт кечирди. Ўлим соати келганида, меҳрибон отасидан ажралаётганига йиғлаб турган қизига қараб:  “Нега йиғлайсиз қизим, ахир отангизга яхшилик келди”,  деб, руҳини яратган Зотга топширди.

 

Интернет маълумотлари асосида

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ

 тайёрлади.

 

 

 

Read 3965 times

Мақолалар

Top