Мақолалар

Ҳалоллик ­– жиноятчилик кушандаси

Жамият учун хавфли хатти-ҳаракатга “жиноятчилик” деб аталади. Демак, жамиятнинг жиноятчиликка қарши курашишининг сабаби ­– ўзини хавф-хатардан ҳимоя қилиш экан. Борди-ю, ўша хатар туғдирувчи жиноятчилик жамиятнинг ўз бағридан чиқса-чи, бундай вазиятда унга қарши курашиш чандон мушкул бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилингани, Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгилангани, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилгани, бунинг натижасида 2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса 39 фоизга камайгани, лекин қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолгани таъкидланди.

“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимизнинг нутқидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчиликнинг камайганини эскича усулда рақамларга таянган ҳолда баҳолашаётгани маълум бўлади. Аммо хавфлилик даражаси юқори бўлган қасддан одам ўлдириш ва фирибгарлик жиноятлари кўрсаткичи эса ҳамон юқорилигича қолмоқда. Нега?..

Бола  тарбиясига ота-она, мактаб, маҳалла масъул. Ана шу учликнинг самарали фаолият юритиши ва ҳуқуқ тартибот идораларининг ҳушёрлиги самараси ўлароқ юртимизда жиноятчилик бошқа республикалар билан қиёслаганда бир оз пастроқ. Буни ҳам эътироф этмоғимиз жоиз. Аммо давлатимиз раҳбари айтганидек, битта жиноят содир бўлса ҳам ҳаммамизни ташвишга солиши керак.

Таълим ва тарбия масаласига истиқлолнинг илк йиллариданоқ жиддий эътибор қаратилиб, бу соҳа давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келаётган паллада нима учун жиноятчиликнинг янгидан янги кўринишлари пайдо бўлаётир, нега уларнинг сонини кескин камайтиришга эришиб бўлмаяпти? деган савол кўплаб фикр эгаларини ўйлантириб келмоқда.

Бунинг сабабини қидириб, телевидение, интернет, ижтимоий тармоқларни ҳам айбдор қиляпмиз. Уларнинг жиноятчиликни келтириб чиқарувчи беҳаёликни, одобсизликни ва бошқа иллатларни тарғиб қилувчи сериалларини, видеотасвирларини... топиб айтяпмиз ҳам. Жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган томошаларни имкон қадар тўхтатишга эришяпмиз ҳам. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятчиликка бирмунча барҳам ҳам бериляпти. Аммо уни таг-томири билан қуритиш у ёқда турсин, кескин камайтириб олишга ҳам эриша олмаяпмиз.  

Ўтган йилнинг 15 ноябрида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профиликтикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган катта видеоселекторда давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлигини таъкидлаган эди.

Ана шу – жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Зеро, ўтган аждодларимиз ҳаётига назар солсак, фазилатли зотларнинг барчаси фазилатли ота-оналардан дунёга келганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, юртбошимиз айтганидек, одамларимизнинг онгида бировнинг ҳақидан қўрқиш, Ватанни севиш, атрофдаги инсонларни ҳурмат қилиш туйғуси устувор бўлса, жиноятчиликка ҳеч қандай ўрин қолмайди ва бу иллат ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.

Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси, 29-оят).

Ушбу ояти каримадан кишининг моли кишига ҳалол бўлмаслигини, тижорат асосида рози-ризолик билан ризқ топиш муҳим масала экани аён бўлади. Ана шу ояти каримани ўрганган, Аллоҳ таолонинг ана шу амрига итоат қилган киши жиноят қилиш у ёқда турсин, бирор сабаб бўлиб кимсанинг зиғирдеккина ҳақи ўзига ўтиб қолса ҳам ором топмайди.

Президентимиз маърузасида одамларни жиноятчиликни таҳдид билан қўрқитишдан кўра, уларни жиноятчиликнинг оқибатларидан хабардор қилиш самарали эканини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ғоят содда ва тушунарли усулда қуйидагича таърифлаган эдилар: “...ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Шундай экан, асосий эътиборни ҳуқуқбузарликни оқибатлари билан курашишга эмас, балки, барвақт унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур. Масалан, фарзанд пиёлани синдиргандан кейин унга ҳар қанча танбеҳ бериш фойдасиздир. Ундан аввал болага пиёлани асраб-авайлаш тўғрисида насиҳат қилиш катта самара беради”.

Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида:

 "ما نَحَلَ وَالِدٌ وَلَداً أفضل من أدبٍ حَسَنٍ"

яъни: “Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг ичида энг афзали гўзал одобдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Президентимиз тарбия борасида шундай деганлар: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”. Чунки бугунги аср болаларига дунёнинг аллақайларидаги мутлақо ахлоқсиз кимсалар ҳам таъсир кўрсатишга уринмоқдаки, бундан уларни асрамоғимиз бизнинг Раббимиз, Ватанимиз, халқимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4514 times

Мақолалар

Top