Мақолалар

Исломда ҳазилга муносабат қандай?

Динимиз инсонларни доимо бир-бирлари билан чиройли муомала қилишга, очиқ чеҳрали бўлишга, инсонлар қалбига хурсандчилик киритишга, табассум ва самимиятга буюрган. Ҳаттоки, биз учун арзимаган кўринган табассум  ҳам садақа экани ҳақида ҳадислар мавжуд. Кишилар ўзаро муомала қилар эканлар, улар бир-бирларига нисбатан ҳар хил ҳазил-мутойибалар, қизиқарли гаплар ва латифалар билан  суҳбатларини безайдилар.

Бироқ, гоҳида ушбу ҳазиллар меъёридан ошиб кетгани сабабли, кишининг кайфиятини кўтариш учун бошланган ҳазиллар кимнингдир дилини оғритишга, ўзаро низо ва жанжаллар келиб чиқишига, жамиятнинг ривожи учун путур етишига олиб боради. Айниқса, халқимиз орасида “ Ҳазил ва мутойиба куни ” сифатида ном чиқарган 1 апрель кунида учрайдиган қўпол ва қалтис ҳазиллардан кўпчилик азият чекади. Энг ёмони, айнан шу куни динимиз таълимотига зид бўлган, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаром қилган ёлғончилик, фирибгарлик, чўчитиш ва обрўсизлантириш каби амаллар ошкора ва оммавий тарзда амалга оширилиши оқибатида инсонлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.

Динимизда ҳар бир масаланинг ечимига оид кўрсатма ва керакли тавсиялар берилганидек, ҳазиллашишнинг ҳам ўз одоблари, қонун-қоидалари мавжуд. Агар ушбу кўрсатмаларга риоя қилинса, мулоқотларимиз янада мустаҳкамланади ва ўзаро меҳр мухаббатимиз зиёда бўлади. Бу каби ҳазиллар учун эса махсус кун ва махсус “байрам” талаб этилмайди.

Расулуллоҳ (с.а.в): “Албатта мен ҳазил қиламан. Лекин фақат ҳақ сўзни гапираман”, дедилар. Демак, киши ўзгалар билан қилаётган муомаласида ҳазиллашиши  яхши хислат. Бироқ ушбу ҳазил гуноҳ ва маъсиятга айланмаслиги учун бир нечта шартларга амал қилиши керак.

1) Ҳазилда меъёр бўлиши керак. Чунки уламолар ҳазилни таомга солинадиган тузга ўхшатишган. Кам бўлса ҳам, ошиб кетса ҳам инсонга ёқмайди. Меъёрида бўлган ҳазил, таомни мазали бўлишига сабаб бўлган мўътадил туз каби сухбатни ҳам самимий бўлишига хизмат қилади. Ислом дини бизни ҳар бир нарсада мўътадил, яъни ўртача бўлишга чақирган. Чунки ҳар бир берилган нарса фақат ўз меъёрида бўлгандагина неъмат ҳисобланади. Ўз меъёридан ошган ҳар бир нарса эса фалокат бўлади. Қолаверса, ҳазилни кўп қилган кишининг ҳайбати ва жиддийлиги йўқолади.

2) Ҳазил мутойиба ёлғондан холи бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз” (Ҳаж,30). Чунки ёлғон оғир гуноҳлардан биридир. У мунофиқлик аломати ҳисобланади. Набий (с.а.в.): “Тўрт хислат бор, улар кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлибди. Кимда биттаси бўлса, то уни ташламагунича, мунофиқликдан бир хислат бўлади: омонат топширилса хиёнат қилади; гапирса, ёлғон гапиради; аҳдлашса, аҳдни бузади; жанжаллашса, фожирлик қилади ”, дедилар (Муттафақун алайҳ).  Чунки ёлғон сени сўзингни тинглаб турган, сенга ишониб турган инсонларнинг ишончини сўндиришга, қалбига озор етишига, бошқа кишиларга ҳам ишончсизлик ила қараш каби иллатларга сабаб бўлади. Шунинг учун, гарчи ҳазилдан бўлса ҳам ёлғон гапириш харом амалдир.

3) Ҳазил масхара ва камситишдан холи бўлиши керак. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурига бир аёл келди. Ўзига зарур маълумотларни олгандан кейин чиқиб кетди. Шунда Оиша онамиз: “Бўйи пакана эканми”, дея кулимсирадилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Оиша! Сен ҳозир шундай ёмон сўз айтдингки, агар шу сўзинг денгизга тушса, унинг сувини айнитиб юборарди”, дедилар (Абу Довуд ва Термизий). 

Шундай ҳазиллар борки, улар фақат кишиларни устидан кулиш, шаклу шамоилини, ранггини ёки қандайдир хислатини масхара қилишдан иборат бўлади. Асарларда келтириладики: “Инсон Аллоҳ таолонинг қуриб қўйган биносидир. Мана шу бинони вайрон қилган киши малъундир”. Демак, ана ўша ҳазиллар нафақат инсонни, балки шу инсоннинг яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони масхара қилиш ҳисобланади.

4) Ҳазил мутойиба шариъат ҳукмларига тил теккизишдан йироқ бўлиши керак. Ҳозирги кунда қизиқчиликни қасб қилиб олиб, турли йўллар билан кишиларни кулдираётганлар ва бу ишларини ҳазил дея баҳолаётганларнинг баъзи бирлари шариат ҳукмларини масхара қилиб, дин ва шариат пешволарини сарлавҳа қилиб айтаётган латифалари сабабли, қаттиқ гуноҳкор бўлмоқдалар, иймон деган неъматнинг ўзларидан кетиб қолишига сабабчи бўлмоқдалар. Чунки “Шариат қилдан нозик, қиличдан ўткир”, деган гап бежиз айтилмаган. Динимизда шундай ҳукмлар борки, уларни ҳазиллашиб айтиш ҳам чин ҳисобланади. Булар, никоҳ, талоқ, қул озод қилиш кабилардир. Аҳли илмни устидан кулиш эса Аллоҳ таолонинг илм сифатини камситмоқ, масхара қилмоқ ҳисобланади.

5) Бировнинг нарсасини бесўроқ олишда ҳам ҳазиллашиш мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Соибдан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Сизлардан бирингиз ўз биродарининг матосини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам беркитиб олмасин. Ким ўз биродарининг ҳассасини олган бўлса ҳам қайтариб берсин ”, дедилар (Термизий).

6) Ҳазил бировни қўрқитиш ёки чўчитишдан йироқ бўлиши керак. Ҳазиллашиб бўлса ҳам, мусулмон кишини чўчитиш ҳаром. Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалари билан ўтирган вақтларида улардан бири ухлаб қолди. Шунда бир киши арқон ёки шунга ўхшаш нарсани илонга ўхшатиб ухлаган ҳамроҳига теккизди. Шунда у чўчиб уйғониб кетди. Расулуллоҳ с.а.в. унга қарата: “Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмонни чўчитиш ҳалол эмас ”, дедилар (Абу Довуд).

7) Ҳазил мутойиба фаҳш ва уят сўзлардан, беҳаё қилиқлардан холи бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур,19).   Шунга кўра, кишилар хаёлига уят ишларнинг келишига сабаб бўладиган ҳар қандай гап сўз ва ҳаракатлар қилиш ҳаромдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди ”, дедилар (Имом Термизий).

Қолаверса, инсон ўзига муносиб кишига  ҳазил қилиши керак. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) ўз ўғлига шундай насиҳат қилади: “ Шарийф, ҳурматли кишига ҳазил қилма, ўртада ҳасад ва адоват пайдо бўлади. Разил, пасткаш одамга ҳазил қилма, сенга нисбатан журъатли бўлиб қолади”.

Хулоса шуки, инсон қай ҳолатда гапиришидан қатъи назар, гапираётган сўзи хоҳ чин ё хоҳ ҳазил бўлсин, унинг сўзларини ёзиб турувчи фаришталар ҳозирлигини, улар ўзларига юклатилган вазифаларига асло хиёнат қилмасликларини, 1 апрель сабабли уларнинг қалами амалларни ёзишдан тўхтаб қолмаслигини ёддан чиқармаслик керак. Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар доим ва ҳар вақт кузатувчи Зот эканини, охиратда бандаларининг яхши гапларига мукофот, бекорчи ва ёмон гапларига азоблар бериши муқаррар эканини ёддан чиқармаслиги керак бўлади.

 Раҳимжон МАРҲУМОВ

 “Мевазор” масжиди  имом-хатиби

Read 3997 times

Мақолалар

Top