Мақолалар

Китобхон миллатмиз

Ҳаётда шундай дўст борки, у Амир Темур таъбири билан айтганда: “Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Ана шу садоқатли, ишончли ҳамроҳ – Китобдир.
Бугунги ахборот асрининг илғор технологияларисиз кунларимизни тасаввур қила олмасак-да, тенгдошларимиз орасида китобга ошно бўлган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳолдир. Кўча-кўйда, транспортларда қўлларида китоб тутган инсонларни кўриб қувонамиз.

Афсуски, баъзи ёшлар қимматли вақтини беҳуда ишларга, хусусан, ҳаддан ташқари кўп компьютер ва қўл телефони ўйинларини ўйнаш, мазмунсиз фильмларни кўришга сарфлашлари тўғри эмас. Бунинг ўрнига ўқишдан ташқари ўтадиган вақтини самарали ишлар учун режалаштириши мақсадга мувофиқдир. Айниқса, куннинг маълум қисмларини фойдали китоб мутолааси учун ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки “ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш” янглиғ ўқиган китоби йиллар ўтса-да, ҳаётда албатта асқатади.

Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради.

Динимизда илмли бўлишга чорланади. Буни биз «илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маъноларда келганидан ҳам кўришимиз мумкин. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Шунингдек, нодир манбаларда илм энг кўп ёритилган масалалардан саналади. Маърифат эгаллашнинг энг муҳим шарти эса китоб ўқиш билан бўлиши барчамизга маълум. Бу борада Мужодала сурасининг 11-оятида: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, дея марҳамат қилинади.

Улуғларимиздан бири: “Китобни муқовасига қараб оладилар, ичига қараб баҳо берадилар”, деган эканлар. Дарҳақиқат, китобнинг асл маъноси уни ўқиганда аён бўлади.

Халқимиз азалдан китобни азиз санаган, кечалари китобхонлик давралари уюштирилган, оила аъзолари йиғилиб китоблар ўқилган. Асарлар ҳақида мулоҳазалар билдирилган. Шундай оиладаги фарзандлар ҳам китобга меҳрли бўлиб вояга етганлар. Биз ана шундай аждодларнинг авлодларимиз, қалбимиздан, онгимиздан китоб ўқишни севувчи миллатмиз. Буни ҳамиша унутмаслигимиз лозим.
Бугун ҳам қайси хонадонга кирманг, уйнинг тўрида, жавонини безаб турган китобларга кўзингиз тушади, оила катталарининг ёшларни китоб ўқишга чорловчи сўзлари улғайиб келаётган болалар онгига сингади, китобга бўлган меҳри ортади. Аждодларимиздан қолган бебаҳо фазилатимиз – китобсеварлигимизни бой бермайлик, келажак авлодларга ҳам бус-бутунлигича етказайлик.

Ҳаётимиз китоб билан сермазмун ўтади, яхши китоб бизга тўғри йўл кўрсатади. Мутолаа бизни нафақат илмли қилади, балки биз ҳеч қачон ҳис этмаган завқни ҳам бахш этади ва албатта ажру савобларга ноил этади.

И.Отажонов,
Ҳазорасп туман “Султон хубби” масжиди имом-хатиби

Read 5267 times

Мақолалар

Top