Инсон борки, албатта, бошқа кишилар билан алоқа қилмай яшай олмайди. Ўша алоқа асносида бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ўзганинг ҳуқуқини поймол этмаслик ва қайси йўл билан бўлмасин зулм қилмасликка шариатимиз таълим беради. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Ўшалар қаторида бошқа кишиларнинг молини ноҳақлик билан ейиш ҳаромлигини ҳам уқтириб, жумладан, бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар-ки, албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди” (Бухорий ривояти).
Инсонлар ўртасида бир-бирларининг ҳақига тажовуз қилиш, ҳозирги кунда савдо-сотиқларда кўп учрамоқда. Савдода ёлғон гапириш ва ўлчовда хиёнат қилиш энг ёмон амаллардан биридир. Ислом дини эса доимо адолатли бўлишга ва ўзганинг ҳақини ноҳақлик билан емасликка буюради. Илгари ўтган қавмларнинг бошига келган офатлар уларнинг ўзаро олди-бердиларида қилган хиёнатлари сабабли келгандир. Чунки кишилар савдода тўғри турсалар баракот ёғилади, акс ҳолда жамият таназзулга юз тутади. Ўзининг ҳаётида ва касбида ўлчов билан иш юритадиганлар, албатта, ҳалокат ва фалокатдан омонда бўлурлар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Бани Қайнуқоъ бозоридан хурмо сотиб олардилар ва Мадинага келтириб сотар эдилар. Бозорга тўкиб, миқдорини айтардилар. Харидор ҳам тарозида тортмасдан сотиб олар эди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга: «Қачонки бирор нарсани сотсанг, ўлчаб (ёки тарозида тортиб) бер, бирор нарса сотиб олсанг ўлчатиб (ёки тарозида торттириб) ол» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиснинг маъноси шундайки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларнинг ҳақидан эҳтиёт бўлиш учун ўлчовлар билан савдо қилишга буюрдилар. Ҳатто ўлчов ва тарозида тортиш меҳнати ҳам сотувчининг зиммасида бўлади. Агар сотиладиган молни пуллик тарозида тортилса ҳам, пулини сотувчи тўлайди.
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати