Мақолалар

Адабиёт қалбларни, элларни бир-бирига туташтирувчи кўприкдир
Адабиёт пайдо бўлибдики,одамзод қалбидаги энг гўзал кечинмаларнинг, орзу-умидларнинг ҳамда инсон ва табиат, борлиқ ҳақидаги тафаккур ва тасаввурлар, эзгу даъватларнинг ифодачиси бўлиб келган.
 
01.JPG
 
Минҳожиддин МИРЗО,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 
раисининг биринчи ўринбосари
 
Шу маънода у нафақат дилларни, балки элларни бир-бирига боғлашда муҳим кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Курраи заминнинг турли бурчакларида яшаётган, турфа тилларда сўзлашаётган халқлар бир-бирларининг қалб овозини адабиёт воситасида эшитган, туйғулари, орзу ва армонларини, ҳис-туйғуларини адабиёт воситасида ҳис этган ва бунга ҳамиша эҳтиёж сезганлар.
 
Ана шу буюк хабардорлик эҳтиёжи, халқларни дўст қилишга, жамиятларнинг тараққий қилишига, ер юзида эзгуликнинг бардавом бўлишига хизмат қилиб келмоқда. Биргина Шарқ ва Ғарб ренессанслари даври инсониятнинг ақлий ва маънавий тараққиётида нақадар улкан роль ўйнаганини тарихдан биламиз. Башариятнинг бу тафаккур ва ижод парвозининг энг асосий сабаби – бир-бирларининг адабиёт ва санъат соҳасидаги дурдоналарини ўрганиш, улардаги умуминсоний ғояларни ўз тафаккурларида бойитгани, қайта ишлаганларидир. Шунинг учун ҳам даҳолар пайдо бўлган, буюк асарлар пайдо бўлган.
 
Қадимдан адабиёт ва илму маърифатни дунё тараққиётининг асоси, деб билган салтанатларда адиблар ва олимлар, таржимонлар жам бўлгани, академиялар ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Эрамиздан олдин Афинада пайдо бўлган Афлотун академияси, IX-Х асрларда Боғдод ва Хоразмда юзага келган Маъмун академиялари ёки XV асрда Ҳиротда Алишер Навоий раҳнамолигида гуллаб-яшнаган адабий муҳит адабиёт ва санъат, меъморчилик ва бошқа илмий соҳаларда қанчалар буюк асарларнинг яратилишига замин бўлганини, дунё халқлари яратган адабиётни, илму маърифатни бир-бирларига етказишда нақадар беқиёс хизмат қилганини ҳаммамиз биламиз. Бири-бирига устозликнинг буюк мевалари ҳақида адоқсиз мисоллар келтириш мумкин. Бир пайтлар Фаробий ва Ибн Сино боболаримиз Аристотел ва Птоломей асарларига шарҳ ёзиб ўзларининг фалсафий китобларини битган бўлсалар, сўнгра шу боболаримиздан Ғарб файласуфлари Фома Аквинский ва Френсис Бэконлар мантиқ илмини ўрганганлар. Буюк шоир Умар Хайём рубоийнавислик бобида Ибн Синони ўзига устоз деб билган. Ёинки Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий боболаримизнинг “Хамса”лари ҳам ана шу адабий робиталар, устоз-шогирдлик, ўзаро баҳрамандлик меваларидир. Ўз ўрнида Ғарб адабиёти ҳам дунё адабиёти учун жуда катта таъсир кўрсатди. Гомернинг “Иллиада”сидан тортиб Дантенинг “Илоҳий комедия”сигача, Гётенинг “Фауст”идан тортиб Шекспирнинг машҳур драмаларигача юзлаб дурдоналар бошқа халқлар адабиётининг гуркираб юксалишига, буюк шоир ва ёзувчилар етишиб чиқишига пойдевор бўлди.
 
Бугун ҳам бу адабий ва абадий анъаналар давом этмоқда. Чунки, яхшилик ва эзгулик, меҳр ва муҳаббат, адолат ва озодлик, дунё мукаммаллиги ҳақидаги Адабиёт аталмиш бу қалб овози барча халқларда ҳамоҳангдир. Чунки, мақсадлар бир, орзулар бир – баҳамжиҳатликда тараққий этиш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, инсон маънавий, руҳий камолига хавф солиб турган маънавий таҳдидларни бартараф этиш, азиз ва мукаррам инсонни маънавий таназзулдан асраб-авайлаш ва комил ҳолда кўриш, энг асосийси – қалбларни поклашдир. 
 
“Бугун одамларимизнинг қонини тозалашимиз керак, бу маънавий тозариш жараёнида адабиётнинг ўрни беқиёс. Адабиётга, китобхонликка катта эътибор қаратаётганимиз ҳам шундан. Бу борада адибларимизга суянамиз“. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 23 декабрь куни Адиблар хиёбонида барпо этилган Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси билан танишиш чоғида айтган бу сўзлари моҳиятида ижод аҳлига бўлган катта ишонч, эътироф ва эҳтиром мужассам топган, десак янглишмаймиз. Дарҳақиқат, адабиётнинг бош вазифаси ҳамиша, ҳамма замонларда инсон камоли, жамиятнинг маънавий тозаришига хизмат қилиш ҳисобланади. Ёзувчилар уюшмаси учун миллий ва замонавий меъморий услублар уйғунлигида муҳташам бино қуриб берилгани, эҳтиёжманд ижодкорлар учун пойтахт марказида кўпқаватли турар жойлар, Паркент ва Зомин туманларида дам олиш масканлари бунёд этилаётгани, вақтли адабий нашрлар, нашриёт-матбаа корхоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, “Ижод” фондига қўшимча маблағлар ажратиш, китоб савдоси тизимини йўлга қўйиш, қалам ҳақи миқдорини ошириш, Олий адабиёт курсларини қайта тиклаш, адибларнинг юбилей ва хотира кечаларини нишонлаш... Булар барчаси миллий адабиётимиз ва ижод аҳлига нисбатан ғамхўрликнинг олий намунаси ҳисобланади. Шунингдек, Адиблар хиёбонида адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилаётгани, шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Нукус шаҳрида атоқли қорақалпоқ адиби Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида улуғ шоирларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари ташкил этилгани адабиёт келажагини, демакки, миллат, халқ келажагини ўйлаб амалга оширилган дадил қадамлар бўлгани шубҳасиздир. 
 
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида адабиётимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш, бу борада дунёнинг турли минтақаларида туриб адабиётимиз тарихини ўрганаётган, адибларимиз асарларини таржима қилаётган барча таржимонларни ҳамкорликка чорлаш масалалари ҳам ўрин олганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарорда ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, миллий адабиётимизнинг сара намуналарини танлаб таржима қилиш, ёш таржимонларни тайёрлаш, таржима қилинган асарларни “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан чет элларда чоп этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган эди. Табиийки, бу ишларни амалга ошириш, таржималарнинг сифати ўзбек адабиётига меҳр қўйган хорижлик мутахассисларнинг, яъни таржима қилинаётган тил соҳибларининг ҳамкорлигисиз кутилган натижани бермайди. Шу жиҳатдан олдимизда хорижлик олим ва таржимонлар билан алоқа ўрнатиш вазифаси кўндаланг турарди.
 
7-8 август кунлари пойтахтимизда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзуидаги халқаро конференция ўтказилиши бу борадаги муҳим амалий қадам бўлади. Ушбу ижодий анжуман миллий адабиётимиз ривожи йўлида амалга оширилган ишларни сарҳисоб этиш, жаҳон адабиёти муҳитига кенгроқ назар ташлаш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти дурдоналари билан кенгроқ танишиш, уларни хорижий давлатларда мунтазам чоп этиб бориш, ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши, домимий дўстона, ижодий алоқалар ўрнатиши йўлидаги қулай имкониятдир. 
 
Конференцияда алоҳида шўъбаларда “Ўзбек мумтоз адабиёти намуналарининг хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари”,“Ўзбек замонавий адабиёти намуналарининг хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари”, “Ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва таржима асарларни тарғиб қилиш масалалари”, “Бадиий таржима соҳаси мутахассислари тайёрлашдаги халқаро илғор тажрибалар” мавзуларида алоҳида маърузалар тингланади, ўзаро фикр ва тажриба алмашилади. Шунингдек, анжуман якунида барча қатнашчилар иштирокида Халқаро адабий алоқаларни кучайтиришга доир долзарб масалалар юзасидан ижодий мулоқот ташкил этилади.
 
Конференцияга 30 га яқин давлатдан ўзбек адабиёти билан шуғулланиб келаётган 40 га яқин машҳур олим ва адиблар, ўзбек адабиётини яхши биладигантаржимонлар, ўзбек адабиёти намуналарини чоп қилган ноширлар ташриф буюришади. Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли адиб Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Қирғизистон Фанлар академияси вице-президенти Абдуллажон Акматалиев, “Роман-газета” журнали бош муҳаррири Юрий Козлов, “Иностранная литература” журнали бош муҳаррири, “Мастера художественного перевода” гильдияси раиси Александр Ливергант, “Литературная газета”нинг “Песнь Хумо” лойиҳаси муаллифи Алексей Шавлов, Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадраж, швециялик ўзбек мумтоз адабиёти бўйича йирик мутахассис Муҳаммад Ҳалим Ёрқин ҳамда бобуршунос олим Абдулҳаким Шаръий Жузжоний, эронлик навоийшунос олим Муҳаммадзода Ҳусайн Сидиғ, афғонистонлик Ўзбек маданий маркази раҳбари, навоийшунос Абдулла Рўйин, шунингдек, АҚШ, Германия, Туркия, Украина, Канада ва бошқа давлатлардан келадиган нуфузли вакиллар шулар жумласидандир.
 
Тадбир доирасида ўзбек адабиёти намуналарини чет элларда нашр қилиш масаласида ҳам бир қанча музокаралар ўтказилади. Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари раислари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланади. Ўзбекистонда чоп этиладиган адабий нашрлар билан бир қанча хорижий адабий нашрлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намуналарини таржима ҳамда тадқиқ қилиш, халқаро миқёсда тарғиб этиш билан боғлиқ олиб борилаётган ижодий изланишлардан мунтазам хабардор бўлиш, уларни мувофиқлаштириш имкониятини яратади.
 
Меҳмонлар дунё маданият ва маънавият марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб, имом Бухорий, Соҳибқирон Амир Темур, Ҳазрати Хизр мақбаралари, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишади. Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли ва Имом Мотуридий мақбараси сингари тарихий масканлар уларда ёрқин таассурот қолдиришига ишончимиз комил.
 
Ушбу нуфузли анжуман Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтиши алоҳида мазмунга эга. Чунки мазкур университет улуғ мақсад билан, яъни ўзбек тили ва адабиётини халқаро миқёсда илмий ўрганиш, унинг нуфузини ошириш чораларини кўриш, университетни ўзбек тили ва адабиётини ўрганишнинг жаҳоний марказига айлантириш каби ўта масъулиятли ва шарафли вазифани амалга ошириш мақсадида ташкил этилган эди. 
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон зиёлилари билан бўлган учрашувда: "Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деб айтган сўзлари замирида улкан фахр билан бирга катта умидворлик ва ишонч ҳам мужассамдир. Тарих, санъат ва адабиёт миллат руҳи, ғурури, тафаккурини, миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида акс эттиради. Бугун мамлакатимиз барча соҳада жаҳон афкор оммаси эътирофи, эҳтиромига сазовор бўлаётган бир пайтда унинг қадим маданияти, юксак маънавиятини, бугунги нафасини адабиёт орқали жаҳон халқларига таништириш ўзбек халқининг буюк миллат сифатидаги тарихий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 

 

ЎзА
Read 3811 times

Мақолалар

Top