Мақолалар

САБР ИМОННИНГ ЯРМИДИР

Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига бирор мусибат, офат ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Сабрнинг луғавий маъноси чидаш, ўзини сақлаб, тўхтатиб турмоқни англатса, шариатда сабр – ибодат қилишда чидамли бўлиш, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат, яқин кишисини йўқотиш ва шу кабиларга оҳ-воҳ тортиб жазава тушмасдан тоқат билан чидашни англатади.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сабр имоннинг ярмидир”[1], деганлар. Сабр энг олий фазилатлардан бири бўлиб, сабрли бандаларини Аллоҳ таоло яхши кўради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо бирга эканлиги хабарини  бериб шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

“Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир”[2]. Қуръони каримнинг бошқа оятларида эса, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга охиратда беҳисоб ажр-мукофотлар тайёрлаб қўйгани зикр қилинади:

...إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ

Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади[3]. Сабр – гўзал сифат бўлиши билан биргаликда, унга риоя қилиш ниҳоятда оғир ҳамдир. Чунки киши бошига келган ҳаёт қийинчиликлари, мусибатлари ва ғам-ташвишларига ҳар доим ҳам чидамли, бардошли бўла олмайди. Аммо мана шу ўринларда сабрли бўлса, барча нарса Аллоҳ таолонинг азалий тақдиридан деб билса,  ўша мусибат ундан енгил кечади ва оқибатда битмас-туганмас ажрга эга бўлади. Бу дунёда яшайдиган инсон борки, уларнинг барчалари ҳаёт имтиҳонларига рўбарў бўлмасдан иложлари йўқ. Чунки ҳаётнинг ўзи имтиҳон ва турли синов-машаққатлардан иборат қилиб яратилган. Бас шундай экан, инсон, бошига тушган қийинчиликларга сабр қилса ҳам, сабр қилмаса ҳам  ҳаёт шу тарзда давом этаверади. Аммо сабр қилганлар – ҳам соғликларини сақлаб қоладилар ва беҳисоб ажрга эга бўладилар. Сабр қилмаганлар эса – ҳам соғликларидан ажрайдилар ва савобдан ҳам бебаҳра қоладилар.

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб (алайҳиссалом), туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф (алайҳиссалом), Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларини кўрган Айюб (алайҳиссалом), золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо (алайҳиссалом)ларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ҳам, у Зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларга нисбатан сабр-матонат кўрсатишга буюрган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон бошларига қийин иш тушса, Аллоҳ таолонинг ояти каримасига мувофиқ намоз ўқишга шошилардилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.

وعن صهيب الرومي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

"عجبا لأمر المؤمن إن أمره له كله خير وليس ذلك لأحد إلا للمؤمن إن أصابته سراء شكر فكان خيرا له وإن أصابته ضراء صبر فكان خيرا له"  رواه مسلم - ( صحيح )

Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши, ўзига яхшиликдир. Бу фақат мўминлардагина бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бас, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, бас,  унга яхши бўлади”- дедилар.[4] Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам ва Ҳақ йўлида “чиройли сабр қилиш” керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Демакки, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил киришиши, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришда дуч келинадиган машаққатларни енгиб ўтишда сабрли ва У қайтарган нарсалардан қайтишликда матонатли бўлиши лозим. Шундагина у, Аллоҳ таолонинг сабр қилгувчиларга ваъда қилган мукофотларига эришади. Мусулмон киши турмушини яхшилаш йўлида имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади, аммо ризқни Аллоҳ таоло беришини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига етган ризқ-насибани Аллоҳ таолодан деб билади. Инсон ўзига етган барча яхшилик ва ёмонликни Аллоҳ таолонинг иродасидан деб билса, ўзига неъмат етганида шукр қилади ва ҳовлиқиб кетмайди. Агар унга мусибат етса, буни имтиҳон деб билади ва тушкунликка тушмайди, сабр қилади. Чунки мусулмон одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқмайди.

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик шартларини, буйруқларини етарлича бажара олмайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, деганлар[5].

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлборувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандаларидан қилсин!

 

 

Олимхон Исахон ўғли,

Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби

 

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Бақара сураси, 153-оят.

[3] Зумар сураси, 10-оят.

[4] Имом Муслим ривояти. Саҳиҳ ҳадис.

[5] Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

 

Read 9008 times

Мақолалар

Top