Мақолалар

Отинойилик – улкан масъулият

Отинойи ёки отин биби сўзларини халқимиз ўқимишли, зиёли аёлларга нисбатан ҳурмат юзасидан қўллаб келган. Масалан, Шакар отин. Фотима отин. – (Юсуфбек ҳожи:) Болам, Зайнаб отин, сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин менинг болам бўлганигизни сиз ҳам унутманг! А.Қодирий, Ўтган кунлар.  

 “Отин ойи — Октябр революциясига қадар ва революциясидан кейинги дастлабки йилларда уйида хусусий мактаб тутган, болаларни ўқитган муаллим аёл. Ҳар кун қўшнимиз отин бибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим. Ойбек, Қутлуғ қон.

Отин биби (ёки буви, ойи) уйида мактаб тутган аёл. Ёзишни билмайдими? – Қайдан билади, қишлоғимизда отин буви бўлмаса,  ўқимаган-да. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча. (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 йил).

Ислом динида илм олиш фарз даражасига кўтарилган экан, бу ҳукм аёл-қизларга ҳам баробар вожиб экани назарда тутилган. Албатта, жамиятнинг ярмидан кўпи аёл-қизлардир. Улар фарзандлар тарбияси билан бевосита шуғулланадилар. Уларни илмсиз қолдириш дунёнинг келажаги бўлган фарзандларни илмга бепарво, гумроҳ қолдиришдир.  Аёл-қизлар билимли бўлса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлса, улар тарбиялаган болалар ҳам одобли бўлади. Бу тушунча бутун оламга доно мутафаккирлар, одил подшоҳлар, етук саркардалар етиштириб берган буюк халқнинг мақсади, меҳнати – оддий ҳаёти эди. Ушбу шиор ёш қизларни илмга қизиқтирувчи, уларга билим ва одоб-ахлоқдан дарс берувчи отин ойиларни тарбиялаш, ҳурматини жойига қўйиш, мактаблар очиб, химоясини, моддий таъминотини йўлга қўйиш каби ишлар маърифатли ўзбек халқининг маънавий салоҳиятини кўрсатиб турар эди.

Бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?», деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Жаҳонга машҳур  алломалар гўдакликларида  қалбларига илмга муҳаббатни уйғотган инсон, маърифатли оналари бўлганлигини тарихий хақиқат сифатида ёзиб қолдирганлар.

Ўтмишда аждодларимиз ёш фарзандларини тарбия қилишни, одоб ахлоқини шакллантиришни, илм олишларини маҳалладаги маърифатли, фидойи отин ойиларга ишониб топширишган. Нафақат қиз болалар, балки шаръий балоғат ёшига етгунча ўғил болалар ҳам маҳалла отин ойиларининг тарбиясини олганлар. Рўзғор ташвишлари-ю, эрнинг хизматларини ўрнига  қўйиб, яна қўшимча мактаб очиб, ёш болаларга билим бера олиш учун вақт топган момоларимизнинг нақадар кучли ва фидойи инсон бўлганликларини тасаввур қилиш қийин эмас. 

Жамиятнинг тенг ярми Аллоҳнинг ҳикмати ила аёллардан иборат. Ҳеч ким ўз хоҳиши ила ўғил ёки қиз бўлиб туғилмайди. Аёл кишини Аллоҳ таоло она бўлишга мос табиат, характер билан яратган. Аёл организмининг ҳар бир ҳужайраси ҳам аёллик вазифасини ўташга муносиб халқ этилган. Унинг муҳаббати ҳам, ҳис-туйғулари ҳам оналик салоҳиятига йўналтирилган. У она бўлиш билангина тўлақонли ҳаёт нашидасига эришади. Фарзанд камолотини кўришни хоҳлаган ҳар бир она таълим борасида жонбозлик кўрсатиши тўғри йўлдир.

Таниқли ёзуқчи Ўткир Ҳошимов ёшлигида дўстлари билан ҳашарга йиғилишиб бир онахоннинг томини лой сувоқ қилишгани ва кўчанинг билқиллаб ётган тупроғини  лой қилишиб томни сувашгани ҳикоя қилади. Онахон уйга қайтганида “Эй, болаларим нега кўчанинг тупроғини лой қилдиларинг?! Ахир у тупроқ кўпнинг ҳаққи-ку, мен энди бу уйда қандай яшайман, деб, уйга кирмасдан уввос тортиб   йиғлаб юборганини, ҳикоя қилади. Барча ҳашарчилар хижолат тортиб, томнинг сувалган лойини минг машаққат билан туширишиб, бошқаттан суваб чиқишганини  айтадилар. Мана ибрат олинадиган тарбия ва маданиятни ўзида мужассам этган  отин ойиларнинг мактаби.

Отин ойиларнинг маърифатли мактабида тарбия топиб олима, шоира бўлиб етишган Нодирабегим, Увайсий, Маҳзуна, Дилшоди Барно, Анбар Отин каби юзлаб  оналаримизни маънавият чўққилари деб қабул қилсак, тарихимизни безаган маънавий муҳит  қанчалик бой,  сермазмун уфқларни ташкил этганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ушбу маънавий муҳит  илм маърифат талабида кечаларни бедор ўтказмоқ, кўз нурини сарфлаб китоб ўқимоқ,  меҳр ва огоҳлик  билан фарзандларга илм ўргатмоқ билан юзага келган.

Бир сўз билан айтганда, илм-маърифат момоларимиз ҳаётининг мазмунига айланган. Маънавияти юксак оналаримиз бағриларида жаҳон аҳлини лол қолдирган олимлар, фотиҳлар, саркардалар, шоирлар, ҳунармандлар етишиб чиққанлар. Бизлар ўша оналаримиздан маънавият кенгликларини давом эттириш борасида қарздормиз.

Гавҳаршодбегим, Нодирабегим каби шахс сифатида покиза, олима, тарбия борасида шаҳзодаларни тарбиялаган, сиёсий масалаларда подшоҳларга йўл кўрсата олган, шахсий ҳаётдаги одоб борасида жаҳон аёлларига ўрнак бўла оладиган оналаримиз отин ойилар бўлганлар. Номлари тарихда зикр этилмаган, балким шаръий одоб юзасидан исмлари яширилган минглаб маърифатли, солиҳа, олима отин ойилар яшаб ўтганлар. Буюк ўзбек халқининг шонли тарихини забардаст олимларимиз, адолатли шоҳларимиз, тенгсиз ҳунармандларимиз яратган бўлсалар ҳам, асосий кучни яъни илдизни илмли ва маърифатли оналаримиз ташкил этганликлари ҳақиқат. Бухоро музофоти муфтийлари оналарнинг исмларини ҳурмат юзасидан тилда зикр қилишдан, ёзма манбаларда қайд қилишдан қайтарганлар.  Донолик ва беозорлик юзасидан маърифатли оналаримиз ўзлари тарбия қилган буюк фарзандлар номлари тарихда қолишини бахт  деб билганлар ва улар  буюк хизматларини авлодлар камолида изҳор қила олганлар.

Маҳалламизда  барча маҳалла аҳли ҳожи она деб ҳурматловчи отин ойи бор. Беш ўғил масъул ишларда, тўрт қиз униб ўсган. “Ҳожи она, болаларингиз яхшими?”, деб сўрашсангиз, дилидаги гавҳарни ёдига солганингиздек ҳушёр тортадилар ва “Аллоҳим доимо асрасин, кўпники-да кўпники, дуо қилинглар”, деб қўядилар. Фарзандлар ёди такрор-такрор Аллоҳни зикр эттиради. Беозорликлари шу даражадаки,  уйлаб-жойлаб қўйиб ҳам тинчимайдилар. Эрта-кеч яхшиликни элга сўрайди, сўнг кўп қатори болаларига сўраб дуо қиладилар. Она қалбининг буюклиги, бахти, аёлнинг саодати ушбу онада мужассамдир.

Абдумутал ОТАБОЕВ,

 Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Read 8226 times

Мақолалар

Top