Мақолалар

Болага рост гапиришни ўргатинг!

Фазилатли инсоннинг жамиятда обрўси баланд бўлади. Инсонни улуғлайдиган ана шундай фазилатлардан бири – ростгўйликдир. Ростгўйлик сўзда, амалда, тоат-ибодатда, ҳар қандай вазифани адо этишда бўлмоғи лозим. Ҳақиқий мўминлар ростгўйликни маҳкам тутадилар. Динимиз инсонларни доимо рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга буюрган.

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки, барибир ёлғоннинг охири вой”.

Пайғамбар алайҳиссалом ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканини ҳам таъкидлаганлар: Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, Аллоҳдан қўрққан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳақиқий мўмин кишида хиёнат, ёлғончилик каби иллатлар бўлмаслиги лозим.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдибдиларки: Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Бу дунёда бемаъни гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2727 times

Мақолалар

Top