Мақолалар

Китоб ўқимаслик...

Мусулмонлар илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бошқаларга ибрат бўлиб келган. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп. Хусусан, араб тарихчиси Ёқут Ҳамавий ёзади: “Мовароуннаҳрнинг Марв шаҳрида бўлганимда у ердаги йирик кутубхоналар, улуғ донишмандларнинг асарларидан фойдаланишдаги завқу шавқ билан бола-чақа, ёр-у дўстларимни ҳам унутиб юбордим. Марвда илмий аҳамиятга эга бўлган қимматли китоблар жуда кўп эди. Мен у ердан кетган вақтимда (1120 йили) вақф қилинган, яъни текинга хизмат қиладиган ўнта кутубхона бор эди”.

Машҳур аждодимиз Абу Али ибн Сино фаннинг турли соҳаларига оид 450 дан ортиқ китоб ёзган, “Китаб аш-шифа” 22 жилддан иборат, “Тиб қонунлари” эса саккиз юз йил мобайнида тиббиётдаги асосий қўлланма бўлди.

Қохирадаги фотимийлар кутубхонасида илмнинг турли соҳаларига доир икки миллион жилд китоб бўлган. Ўшанда Оврупо Қироллик кутубхонасида бор-йўғи юз жилд китоб бор эди.

Бундай мисолларни ҳали кўп келтириш мумкин. Асосийси ўзимизнинг жонажон Ўзбекистон ҳудудида милодий III асрдаёқ кутубхоналар мавжуд бўлганлиги ота-боболаримизнинг қанчалик маърифатпарвар халқ бўлганлигини билиб олсак бўлади.

Булар ўтмишда китобга бўлган муносабатнинг ажойиб манзаралари бўлса-да, яқин-яқингача ҳам ўзбек хонадонларида узун қиш кечаларида хира чироқ ёғдусида китобхонлик қилиш анъана тусига кирган эди. Китоб ўқишни билганлар халқ ичида обрўли саналар ва қаттиқ ҳурмат қилинар эди. Ҳофиз, Сўфи Оллоҳёр, Хожа Аҳмад Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналарди. Гап-гаштакларда, турли маросимларда ҳам тўпланганларга китоблардан парчалар ўқиб бериш каби гўзал одатлар бор эди. Бу гапларнинг бари ортида “эди” сўзи борлиги одам дилига бироз ғашлик солади. Чунки ана шундай китобхон халқнинг ворислари ҳозир деярли китоб ўқимай қўйди…

Кўпгина зиёли кишилардан “Бугун нима китоб ўқияпсиз?” деб сўрасангиз, аксар жавоблар жуда афсусланарли: “Китоб ўқишга вақт қаёқда дейсиз, эртаю кеч мияда рўзғор ташвишлари”, “Китоб ўқишни яхши кўраман, аммо вақт тополмаяпман”, “Энди шу десангиз, маза қилиб ўқийдиган китоб ҳам йўқ-да”,  “Китоб ўқиган билан қорин тўярмиди!”, “Мен теледастурдан бошқасини ўқимайман” ва ҳоказо. Уларнинг баҳонаю эътирозларига жавоб ҳам тайёр, аммо бунинг фойдаси бормикан?

Мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва китобхон аждодларимизга муносиб ворис бўлиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди биргаликда “Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси”ини эълон қилди.

Акцияда йиғилган маблағлар навбати билан Республикамизда фаолият кўрсатаётган масжид ва мадрасалар учун юртимиз уламолари томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланиб келинмоқда.

Сўз ўрнида саховатпеша ва маърифатпарвар халқимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз Ватандошлар! “Фаол бўлайлик! Ҳақ таолонинг “Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкор эҳсон қилсинлар” деб айтган буйруғига “лаббай” деб жавоб берайлик! Аллоҳ йўлида вақф қилиш имконини қўлдан бой бермайлик, Аллоҳнинг уйларини илму маърифатга тўлдирайлик!

Китоб ўқимаган халқ жоҳилликка маҳкумдир. Китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллатнинг фарзандлари ўзлигини, эркини, маданиятини бой бериши муқаррар. Ана шундай кулфатлар бошимизга келмай туриб, китоб ўқиш, китобни қадрлаш, болаларимизда китобга бўлган муҳаббатни уйғотиш сари юзланайлик!

 

Жўрабек РАҲМОНОВ,

Фарғона шаҳар бош имом-хатиби

манба: fargonaziyo.uz

Read 3379 times

Мақолалар

Top