muslimuz

muslimuz

Сўнгги икки йил ичида икки ҳамкор мамлакат — Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси муносабатлари ривожланиб бормоқда. Бу борада икки давлат ўртасидаги илм-фан, маданият, гуманитар соҳадаги алоқаларни таъкидлаш ўринли. Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди томонидан Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси ушбу йўналишдаги тадбирларнинг дебочасидир.

Таъкидлаш керак, жорий йилнинг 18 июнь санасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрига келган эди. Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ибн Сино жамоат фонди ва маҳаллий олимлардан иборат илмий делегация аъзолари Абу Али ибн Сино меросининг намуналарини ўрганиш учун Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрига етиб келди. 

Делегация раҳбари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров илмий экспедициянинг мақсадлари тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

— Маълумки, Эрон Ислом Республикасига ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси биринчи бора ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад нима? 

— Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда илмий маърифий меросимизга жуда катта эътибор берилмоқда. Ибн Сино шахси ҳамда шахсияти ўзгача. Уни маърифат осмонидаги энг ёрқин юлдуз десак, муболаға бўлмайди. Биринчидан, аждодларимиз орасида тиббиёт илми билан шуғулланганлар саноқли. Дарҳақиқат, бу йўналишда дунёни забт этгани деярли йўқ. Шу сабабли, Ибн Синога муносабат алоҳида. Албатта, барча замонларда тиббиёт бўлган. Барчамизга маълум, Ибн Сино ҳазратлари Бухородан кейин Туркияда, сўнг Эронда умргузаронлик қилган ва у инсондан қолган илмий мерос ҳам қўлёзмалар шаклида асосан Туркия ва Эрон кутубхоналарида сақланмоқда. Бу эса табиий ҳолат. Шунингдек, уларнинг жуда катта қисми Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларига тарқалиб кетган. Лекин энг катта мерос бугунги кунда Эронда сақланмоқда. Шунингдек, Ибн Синонинг мангу қўним топган манзили ҳам Эрон Ислом Республикасининг Ҳамадон шаҳрида жойлашган. 

Буюк алломалар мероси — умумбашарий мерос. Шу боис яқин ҳамкор ва дўстимиз Эрон Ислом Республикасидаги кутубхоналар, Ибн Сино халқаро жамғармаси фаолияти билан танишиш, Ибн Сино юрган йўллар, асарлари тарқалган манзиллардан юриш ва кўриш, асарларидан нусхалар олиш, йиллар мобайнида Эронда олиб борилган Ибн Сино илмий мероси бўйича илмий тадқиқотларни, чоп этилган китобларни ўрганиш мақсад қилинмоқда.

Экспедициялар доимо махсус мезонлар ва вазифаларни кўзда тутади. Бу сафарги экспедициянинг мақсади Ибн Сино мероси ва фаолиятига қаратилган. Эслатиб ўтиш жоизки, Халқаро Бобур фонди раҳбари Зокиржон Машрабов бошчилигида биринчи бор “Бобур изидан..." деб номланган экспедиция уюштирилганди. Бу фаолият туфайли Бобур тўғрисида жуда катта маълумотлар тўпланди. Умид қиламизки, Ибн Сино тўғрисида ҳам янги ва қизиқарли маълумотлар олиб келинади. 

— Биламизки, Ибн Сино меросини ўрганиш Эрон Ислом Республикаси илмий давраларида долзарб масалалардан ҳисобланади. Экспедиция давомида ўзбек илм аҳли учун қандай янги маълумотлар тўплаш режалаштирилган?

— Биз Ибн Синога ватандош экангилимиздан фахрланишга ҳақлимиз. Аллома тўғрисидаги ҳар қандай янги маълумот нафақат олимлар учун, балки юртдошларимиз учун ҳам фойдали бўлади. Таъкидлаганидек, Ибн Сино тиббиёт соҳасида юлдуз мисол. Айниқса, биринчи Ренессанс алломалари ким бўлишидан қатъи назар, аввало энциклопедист ёки қомусий олим бўлишган. Фақатгина бир йўналиш билан чекланиб қолишмаган. Ибн Сино ўз хотираларида "16 ёшимда инсоният яратган барча билимларни ўзлаштириб бўлдим”, деб ёзади. Таъкидлаш керакки, дин, бу – фалсафа. Ислом дини ҳам таълимот. 

Исломни фалсафани ўзлаштирмасдан яхши ўрганиб, моҳиятига етиб бўлмайди. Руҳ, жон, тан деган тушунчалар динда ҳам бор. Ана шу нуқтаи назардан Ибн Сино фалсафани ўрганган ва Ал-Форобийнинг Аристотел “Метафизика”сига ёзилган шарҳларига мурожаат қилган. Инглиз тилида ёзилган бир китобни мутолаа қилиш вақтида бир жумлага диққатимни қаратдим. Яъни Ибн Сино айтяпти: “Инсон мушоҳада қилмасдан яшай олмайди. Чунки, мушоҳада қилиш хулоса чиқаришга олиб келади. Мушоҳадасиз хулоса бўлмайди".

Бунга ўз ўрнида фалсафий мезон сифатида қараш мумкин. Лекин бундай тўхтамга келиш учун даҳо бўлиш керак. Демак, фалсафа ва инсон руҳиятининг ўрганилиши шунчалик чуқурки, унинг моҳиятини англаш комилликка олиб келади. Бундай ташқари аллома мусиқа, астрономия, тилшунослик каби кўплаб фан йўналишларида ижод қилган. Демак, олдимизда жуда кўплаб ўрганишимиз керак бўлган вазифалар турибди. 

— Эрон Ислом Республикасининг фондларида аллома меросига оид ноёб китоблар қўлёзмаси мавжуд. Уларнинг факсимил ва электрон нусхаларини юртимизга олиб келиш борасида амалий ишлар режалаштирилганми? 

— Эрон миллий кутубхонаси дунёнинг жуда бой кутубхоналардан бири. Мен у ерда бўлганман. Таъкидлаб ўтишим жоизки, эронлик ҳамкорларимиз 40 жилдлик Жаҳон қўлёзмалари каталогини марказ кутубхонасига ҳадя қилганлар. Бу Эрон умумбашарий меросга катта эътибор қаратишининг далолатидир. Шу боис ушбу экспедиция ҳам маънавий-маърифий, ҳам дунёвий илмлар сифатида жуда ҳам фойдали бўлади деб ўйлайман. Шунингдек, биз Эронга ўзимизда нашр этилган китоблар, қўлёзмаларнинг каталоглари билан келдик. Учрашувлар давомида илмий нуқтаи назардан ўз маънавий билимларимиз билан фикр алмашишга ҳаракат қиламиз. 

Ибн Сино кўп тармоқли ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида Ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди. Бу билан эса бутун Шарқ ва Европадаги маърифат, маданият силсиласига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Европада “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Бугунги кунда Абу Али Ибн Сино жаҳонда Авиценна номи билан ҳам машҳур. Сафар ҳақидаги айрим фикрлар билан Ибн Сино жамоат фонди бошқарув раиси Нозимхон Маҳмудовга юзландик. 

— Ибн Сино илмий меросини ўрганишда эронлик олимларнинг ўрни ниҳоятда аҳамиятли. Бу борада қайси ташкилот ва олимларни ушбу экспедицияга жалб этиш режалаштирилган?

— Бир неча йиллардан буён Ибн Сино жамоат фонди қатор хорижий ташкилотлар ва олимлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, эронлик олимлар билан ҳам. Айниқса, Ибн Синонинг фалсафий қарашлари Эронда жуда катта иштиёқ билан ўрганилади. Улар Ибн Сино жамоат фонди томонидан ташкил этиладиган конференция ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Сафар давомида Эрон Ислом Республикасида жойлашган кутубхона, архив, шунингдек, Ҳамадон шаҳрида жойлашган Халқаро Ибн Сино фондининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва ўзаро илмий платформа яратишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари,  жорий йилда Бухоро шаҳрида “Ибн Сино ўқишлари” доирасида ўзбек-эрон илмий форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Экспедиция олдимизга қўйган мақсадларнинг асосийлари ана шулардир.

— Ҳамадон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган даври суҳбати қандай мавзуларни қамраб олади?

— Таъкидлаб ўтишим зарур, Ўзбекистон делегацияси таркибидаги барча олимлар ўз йўналишлари бўйича етук изланувчилардир. Улар Теҳрон ва Ҳамадон шаҳрида ўтиши режалаштирилган давра суҳбатларига биздаги мавжуд билимлар асосида маъруза матнларини тайёрлашган. Шунингдек, эронлик олимлар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этади. Қувонарлиси шундаки, ҳозирга қадар 30 дан зиёд маъруза матнлари мавзуларини кўриб чиқишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу Ибн Сино шахсиятига бўлган катта қизиқиш ва иштиёқдан далолат беради. Зеро, мақсадимиз ҳам шу.

Таъкидлаш керакки, Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси доирасида Теҳрон, Қум, Исфаҳон ва Ҳамадон шаҳарларидаги кутубхона ҳамда фондларда тадқиқот ишларини амалга ошириш,  Янги Ўзбекистонда буюк аждодлар меросига берилаётган алоҳида эътибор, амалга оширилаётган илмий-маърифий ислоҳотлар мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, сафар давомида “Oʼzbekiston tarixi” телеканали ижодкорлари томонидан ҳужжатли фильмлар, туркум илмий-оммабоп кўрсатувлар ва видеороликлар тасвирга олиниши кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, экспедиция бир ҳафта давом этади. 

Хуршида Носирова,
“Oʼzbekiston tarixi” телеканали мухбири

Aмман (Иордания) университети профессори, Булғор Ислом академияси ўқитувчиси, Шайх Абдураззоқ Саъдий  жамиятда оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйидаги омилларни келтиради:

- ёшлар оила тушунчаси, эр ва аёлликнинг бурч ва масъулиятини тўлиқ ҳис этмаслиги;

- айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбияси ва таълимига масъулиятсизлик билан қараши;

- оиланинг моддий-маънавий ҳолати: камчилик, борига қаноат қилмаслик, ўзаро тушуниш, сабр-тоқатнинг етишмаслиги;

- эр ёки хотиннинг хиёнати, аёлга нисбатан зўравонлик;

- интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оила қадриятларига ёт бўлган омилларнинг таъсири;

- жинсий муносабатларда тиббий нуқсонлар ва ҳоказо омиллар сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида эса қуйидаги тавсияларни келтиради:

- ёшлар оила қуришдан аввал бўлажак турмуш ўртоғининг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқи, маънавий гўзаллигига эътибор қаратиши лозим;

- оилавий муносабатларда ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларда, шошма-шошарлик билан ажралиш учун тараддуд кўриш керак эмас, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун ҳаракат қилиш керак;

- оилада иқтисодий танглик ҳолатида борига қаноатли ва сабрли бўлиш;

- сўзи таъсирчан ҳамда намунали оила вакиллари томонидан оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда тушунтириш ишларини тизимли ташкил этиш;

- диний идора тизимида оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида фиқҳий илмга эга бўлган етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

 iiau.uz манбаси асосида тайёрланди

الأربعاء, 19 تموز/يوليو 2023 00:00

Эътиқодда адашмайлик

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга карши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фаркига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ривояти).

Динимиз душманлари диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йулида фойдаланишга уринишлари дунёда авж оляпти. Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йуқ. Кейинги пайтларда айрим диний сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йул билан одамлар хусусан ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу ҳаракатлар эса Исломнинг инсонпарваплик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда.  Ислом дини зўравонлик қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, кенгбағирлик, эзгулик дини эканини яхши тушинмоқ лозим. Бугунги кунда одамларимизга соф диний манбалар асосида ташқи кучларнинг дин омилидан манфаатлари йулида фойдаланиш учун олиб бораётган ҳаракатларини мохиятини очиб бериш керак.  Мана шу жиҳатдан олиб қарайдиган булсак, имон ва куфр масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир. Бир инсонинг мусулмонлик даъвосида ростгуй экани ёлғиз Парвардигоргагина аён. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги буюк алломаларимиз, мутафаккирлармиз ўзларича фараз қилишдан сақланишган, муайян бир шахсни кофирга ҳукм қилиш борасида жуда эҳтиёткор бўлган. Бугунги кунга келиб куфр масаласида ўта журатли бўлиб кетди энг ачинарлиси ҳали. Исломни чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йулига кириб кетиши инсонни ўйлантиради.

Аллоҳ таоло ўз бандаларини сўзларнинг энг гўзалига фойдалисига эргашишга чақиради «бас (эй Мухаммад)Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадиларАйнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир.»(зумар сураси 17-18оятлар) .

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссаломдан ривоят килинган ҳадисларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади.  «Мусулмон ким?- унинг қўлидан ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши . Мўъмин ким? — бошқаларнинг моли ва жонига тажоввуз этмайдиган кишиМуҳожир ким?— гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган кишиАллоҳ йулида мужоҳид ким?—  нафсига қарши курашишга киришган киши  »  

Мана бизга Ислом нимани ўргатаяпти. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун дахшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят килган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар «Киши ўз биродарига «эй кофир»деса куфр  иккисидан бирига қайтади ». ҳадисдан кўриниб турибдики, ўзгани кофирга чиқариш  оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча бировнинг тақдирига аралашиб, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдириш мумкин бўлган хатарли масалалардан бири экан. Мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан килган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни «куфр диёри» деб аташ динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ақидага оид «Фиқҳул акбар» китобида баён этилган қуйидаги фикрларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи учун кофирга чиқармаймизгарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам . Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса ундан имон исмини олиб ташламаймиз уни ҳақиқий мўмин деб атайверамизУни фосиқ мўмин деб аташ мумкин , аммо кофир деб эмас.».

Яратган буюк  аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимизнинг  диний бағрикенглик  дину-диёнат, иймону-эътиқод, одобу-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саҳоват ва мўътадиллик тамойилларига амал қилишни бардавом қилсин. Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!

Сирдарё вилояти бош имом хатиби  Ҳабибуллоҳ  ЗОКИРОВ

الأربعاء, 19 تموز/يوليو 2023 00:00

ТУГАНМАС МАЪНАВИЙ ХАЗИНА

“...Маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса,

ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

 
Бу ҳаётда эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик асрлар оша курашиб келади. Маълум даврларда ёвузликнинг тантана қилиб, эзгуликнинг мағлуб кўриниши дунёни яккаш оқ ранглардан иборат деб билувчиларнинг қалбини ғуссага тўлдиради. Жаҳолат ғолиб бўлган мураккаб даврларда ҳам маърифат туғини баланд кўтариб яшаганлар юксак ирода соҳиби эканидан ташқари, ўз халқи қалбида мангу машъала ёқишни уддалаган инсонлардир. Қадим Тошкентнинг улуғ диний сулола вакили Эшон Бобохон ибн ­Абдулмажидхон ана шундай буюк зот эди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаёт, маданий-маърифий муҳит тақозосига кўра, юртимиз тарихида ислом инсониятга тўғри йўл кўрсатувчи муқаддас дин сифатида жамият ҳаётида ҳамиша муҳим ўринга эга бўлиб келган. Ўзбек заминида рўй берган ҳар икки Ренессанс ва бугунги кунда эпкини эсиб турган янги Уйғониш асосида ҳам ислом маърифати тургани бежиз эмас.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблея­сининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурган ташаббуси, БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилинишини ва юртимизда аср­лар бўйи амал қилиб келган ислом динининг янгича мазмундаги ижобий фазилатлари дунёга намойиш ­этилишини бир маҳаллар орзу ҳам қилиб бўлмас эди.

Собиқ иттифоқ даврида мустабид тузумнинг қатағон қиличи яланғочланиб, даҳрийлик мафкураси ҳукм сурарди.

Ана шундай мураккаб даврда яшаган ва фаолият юритган муфтий Эшон ­Бобохон ибн Абдулмажидхонга осон ­тутиб бўлмасди. Шу сабаб, таассуфки, ­ҳали-ҳануз “қизил муфтий” деб атаб, унинг ­ислом маърифатига қўшган беқиёс ­улушини камситмоқчи бўлганлар ҳам ­топилиб туради.

 Олтин силсила давомчиси

Мовароуннаҳр олимлари ислом маънавияти ва маданияти салафларидир. Улар ислом олами мамлакатларини шу ғоя атрофига бирлаштириб, Самарқанд ва Бухоро тафсир мактабларида таниқли муфассирлар илмий изланишлар олиб боришган. Улуғ алломалари, маърифат-маданият дарғалари билан донг таратган Тошкент шаҳри ҳам бундан мустасно эмасди. XIX асрда Тошкент билан Бухоро, Қўқон, Насаф, Самарқанд, Термиз, Хива ўртасида маданий-маънавий алоқалар ривожланиб борди.

Бироқ рус босқинчилари Марказий Осиёга юриш қилиб, Қўқон хонлигини босиб олди, қолган икки давлатни — Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини ҳақ-ҳуқуқсиз вассалга айлантирди. Қулай стратегик ва жуғрофий кенгликда жойлашган Тошкент босқинчилар томонидан янгидан ўйлаб топилган Туркистон ўлкаси маркази этиб белгиланди. 1865 — 1868 йиллари Тошкентда бўлган рус тарихчилари асарларида, “Туркестанские ведомости” газетаси материалларида, муаррих Муҳаммад ­Солиҳхожа Тошкандийнинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келтирилган маълумотлар орқали бу шаҳарнинг маданий-маърифий муҳити, масжиду мадрасалари хусусида тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Ана шундай мадрасалардан бири Мўйи Муборак деб аталиб, унинг мударриси, таниқли олим Абдулмажидхон эшон эди. 1858 йилда Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласидаги унинг хонадонида Эшон Бобохон таваллуд топади. Абдулмажидхон ибн Юнусхон, Хожа Абдулҳақ, Хожа Аҳрор, Шайх Ҳованд ­Тоҳур, Занги ота сингари Тошкентда яшаган ўнлаб салафлари каби у ҳам кейинчалик ўз номини тарихга муҳрлайди.

 Ғиштни олов, инсонни дард пишитади

“Ғиштни олов, инсонни дард пишитади” деганлари каби ҳаётнинг оғир синовлари, қийинчиликлар, изтироблар, туҳматлар, қамоқлар таҳдид солиб турганига қарамай, қалбида Аллоҳ ишқи билан яшаган бу муборак зот ўзини ўзи исботлаб, ўзлигини яратиш орқали ўзбек халқига маърифат соҳасида шу қадар беқиёс хизмат кўрсатдики, унинг кўламини фақат Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳаёти ва фаолиятини мукаммал ўрганиш орқали англаш мумкин. Салкам бир асрлик умри давомида у муқаддас динимизга хизмат қилди. Ўзидан олампаноҳ ясаб олгани учун шахси емирилиб таназзулга юз тутган, Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, “ўткан кунлар, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонлари”даги диний маҳдудлик, таълим-тарбиянинг ачинарли аҳволга тушиб қолгани билан келишолмай, ислом динининг асл мақсадларини халққа етказишга интилди.

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар Эшон Бобохон учун дастуриламал бўлиб хизмат қилди. У ўқиганлари билан ҳаётни таққослаб хулосалар чиқаришга ҳаракат қилар, ўзларини мусулмон кўрсатиб юрганларнинг аксарияти китобларга амал этмай, ўзлари тўқиб чиқарган “ҳийлаи шаръий”лар, сохта фатволар билан халқдан узоқлашиб кетганига гувоҳ бўларди. Қуръони карим, ҳадиси шарифни ўргангани сайин улардан таралаётган нур, зиё мавжуд ижтимоий ҳаётнинг теран қатламларига етиб бормаётгани, бунга айнан жоҳил уламолар, тамагир умаро тўсқинлик қилаётганини кўра бошлади. Ҳа, бу бежиз эмасди. У асрлар давомида ташқи ва ички зулмдан силласи қуриган халқ уйғонишини, рўшнолик кўришини истарди.

Шу тариқа у Ҳақ йўлни истаб улғайди. Болалик чоғларидаёқ саводини отасининг қўлида чиқариб, сўнг амакиваччаси, Бекларбеги мадрасаси мударриси Баҳодирхон махдум ибн Муҳаммадхон эшон қўлида таҳсилни давом эттирди. Олти яшарлик пайтида, онасининг вафотидан сўнг, бобоси Юнусхўжа эшон уни ўз қарамоғига олади. Кейинчалик бефарзанд аммаси ­Бибисорага фарзанд қилиб беради. Ўн икки ёшга тўлганида эса Бухорога, Мир Араб мадрасасига ўқишга юборишади.

 «Домла Икромча» шогирди

Эшон Бобохон бахтига мадрасада саволларига жавоб бера оладиган ёруғ қарашли, илм-маърифатли инсонлар кўп бўлиб, таниқли олим, нақшбандия тариқати шайхи Муҳаммад Икром ибн ­Абдусалом Бухорийдан сабоқ ола бошлади. Гавдаси кичкина, миқти бўлгани учун у “домла Икромча” номи билан ҳам маш­ҳур эди. Домла ёшлик чоғларидан ислом асосларини чуқур ўрганиб, сўз ва амал бирлигини қаттиқ ушлаган уламо эди. Ўз нафси йўлида дин аҳлининг турли сохта фатволар чиқаришига қарши туриб, бидъатларни қораларди. Шу сабабли, замондошлари уни мударрис, қози, судур ва муфтий сифатида ҳурмат қилиб, “Бухоро уламоларининг улуғи, мударрисларнинг устози”, дея улуғлашарди. Унинг шогирдлари эл ўртасида катта обрў-эътибор қозонишлари ҳам устознинг кенг билим соҳиби, ҳақгўй уламо эканида эди. ­Наманганлик шайхулислом Иноятуллоҳ Лангарий, таниқли адиб Садриддин ­Айний, андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон ­Махдум Восилий ҳам домла Икромчанинг шогирдлари бўлишган.

Ўрни келганда айтиш мумкинки, домла Икромча Қуръони карим ва ҳадиси шариф, фиқҳга оид асарларни яхши билганидан ташқари ўқиганларига амал қилиб яшаган. У Қуръонда лаънатланиб, балога гирифтор этилган Лут қавмининг одатини кескин қоралаган. Инсонпарварлик, эзгуликка йўғрилган ғояларга риоя этиш лозимлигини қатъий туриб ҳимоя қилган. Шу феъл-атвори туфайли танқидга учраб, жазоланган ҳоллари ҳам бўлган. Домла Икромчанинг ҳаёти ва фаолияти бугунги кун учун ҳам ибрат намунаси бўлишга арзийди.

Ўша маҳалларда эски мактаблардаги қотиб қолган таълим-тарбия усуллари яроқсиз ҳолга келган эди. Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар” номли автобиографик асарида отаси уни яхши умидлар билан мактабга бергани, лекин мактабдорлик қилаётган Сўфининг ўзи саводсиз бўлиб чиққанини реалистик услубда яққол тасвирлаган эди.

Бу каби ҳолатлардан яхши хабардор домла Икромча янги мактаблар очиш тарафдори бўлади. Жадид мактаблари ёмонлигини уламолар муҳокама қилиб туришган пайтда домла Икромча муфтий сифатида уларда ўқиш дуруст эканини тасдиқлаб, фатво чиқаради. Бухоронинг каттаю кичик аҳолиси ҳозир бўлган мажлисда мударрис ва талабаларга қарата “Мен бу мактабни ислом одобига бутунлай мувофиқ деб топдим. Диний тарбия бу мактабда эски мактаблардагидан кўп даража устун экан. Исломият нуқтаи назаридан бу хил мактабларни ривожлантириш лозим деб биламан”, дея хитоб қилади. У ўз вақтида Бухородаги амирлик тузумидан норозилик кайфиятлари акс эттирилган “Уйқудагиларнинг уйғониши ва нодонларнинг огоҳ бўлиши” рисоласида илғор ғояларни илгари сурган эди.

Мир Араб мадрасасида мана шундай илғор фикрли уламодан Эшон Бобохонга ҳам сабоқ олиш насиб этди.

 Жадид маърифатпарварларига ҳамқадам

Мир Араб мадрасасига бир куни назорат текшируви учун Тошкентдан ­Муҳиддинхўжа исмли халқ судьяси боради. Зийрак нигоҳи, хулқ-атвори, одоби билан ажралиб турган Эшон Бобохон унинг эътиборини ўзига жалб этади. Эшон ­Бобохоннинг Мир Арабдаги таҳсили тугагач, айнан шу Муҳиддинхўжанинг тавсияси билан Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида ўқишни давом эттиради. Кўкалдош ­мадрасасида у домла Миён Молик ­Махсумий, байрутлик муҳаддис Сайид Али Зоҳирийдан кўп нарсаларни ўрганади. ­Домла Икромча, Миён Молик Махсумий, Сайид Али Зоҳирийнинг нақшбандия ­тариқатига ихлос қилишлари Эшон ­Бобохон дунёқарашига таъсир этиб, уни оддий халққа яқинлаштирган.

Эшон Бобохоннинг жадид маърифатпарварлари билан мустаҳкам алоқа ўр­натиши, диний илмларни дунёвий аниқ фанлар билан уйғун ҳолда ўқитиш кераклигини қўллаб-қувватлаши, янгича таълим-­тарбия тарафдори бўлгани унинг халқимиз тарихидаги ўрнини белгилаб беради. Нақшбандия тариқатининг “Қалбинг ­Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” ғояси унинг бутун дунёдаги аҳамиятини бел­гилаб беради. Эшон Бобохон ҳунармандларни, деҳқонларни, оддий ишчиларни, уларнинг юрт тараққиёти учун қилаётган меҳнатларини олқишлар эди.

1896 йилда, учинчи фарзандини дунёга келтираётиб Тўхтахон оламдан ўтганидан сўнг Эшон Бобохон Тошкентнинг кўзга кўринган кишиларидан бўлган ­Сиддиқхўжанинг қизига уйланади. Ўтган асрнинг бошларида Тилла Шайх масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. Шунинг­дек, Мўйи Муборак мадрасасида дарс беради. У 1912 йилда қайнотаси ва ўғли Саидкамолхон билан ҳажга йўл олади.

Эшон Бобохон шўролар инқилобига эҳтиёткорона муносабатда бўлади. Жадидлар билан яхши алоқада бўлгани ҳолда у янгиланишлар, илм-фан ривожланиши, жамият тараққиёти тарафдори эди. Октябрь инқилобидан сўнг Эшон ­Бобохон ҳанафий олим сифатида мўътадилликни сақлаб, янгича шароит билан ҳисоблашиш, қисман мослашиб бўлса-да, халқни ношаръий ишлардан қайтариб туриш зарур, деб ҳисобловчи уламоларга ҳамфикр бўлди. Шунга қарамай, ҳукмрон тузум таъқибига учради.

Таъқиб ва тазйиқ остида

1924 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб турган барча масжид ва мадрасалар ёпиб ташланди. Таниқли диний уламолар қамоққа олиниб, совуқ ўлкаларга сургунга юборилди. Дин аҳли, зиёлилар ўз юртларини тарк этишга мажбур бўлишди. Нафақат Қуръон ёки ҳадис мутолаа қилиш, балки бу китобларни уйда сақлашнинг ўзи ҳам мушкул эди. Мана шундай таҳликали кунларда Эшон Бобохон имомлик қилаётган Тилла Шайх масжиди диний ҳаётнинг Тошкентдаги биргина маркази бўлиб қолди. Аммо бу ҳол узоққа бормади. 1928 йилда Эшон Бобохонга қайнотаси Муҳиддинхўжа ҳадя этган Яланғоч мавзесидаги ерлари ва мол-мулки мусодара қилинди. Эшон Бобохон катта ўғли билан бирмунча вақт яшириниб юришга мажбур бўлди, кичиги ўқиётган мактабидан ҳайдаб юборилди. Оиласи билан Ҳазрати Имом маҳалласидаги ҳовлисидан мажбуран кўчирилиб, унга катта солиқ солинди.

Эшон Бобохон онасидан мерос қолган Қорасаройдаги Қўрғонча деб аталган дала-ҳовлига оиласи билан кўчиб ўтади. Ке­йинги икки йил давомида ҳам мунтазам кузатув остида бўлади. 1937 йилдаги қатағонлар даврида Эшон Бобохон ва унинг ўғли Зайнуддинхон диний фаолияти туфайли қамоққа олинди. Шахсий кутубхонасидан кўплаб қимматбаҳо китоблар, арабча қўлёзма асарлар олиб кетилди. Эшон ­Бобохонни бирмунча вақтдан кейин қўйиб юборишди, Зайнуддинхон эса бир йил ўтиб Бурятияда жойлашган маҳбуслар лагерида вафот этди. 1941 йилга келиб, Эшон Бобохон иккинчи марта қамоққа олинди ва кўп ўтмай жиноят излари топилмагани учун унинг иши ёпилди.

Инсон қайси замон, жамиятда яшашидан қатъи назар, илм-маърифатга интилиши, касбу ҳунар эгаллаб, туғилиб ўсган юртини гуллатиб-яшнатиши, обод-фаровон қилиши, халқи, миллати манфаати йўлида ишлаб, ўзи ҳам бахт-саодатга ­эришиши — Ҳақ йўлидир. Эшон Бобохон тутуми ана шу йўл эди.

 85 ёшли муфтий 

Фашизмга қарши қонли жангларда жон олиб, жон бераётган, ҳалок бўлган мусулмонлар жанозасиз кўмиб юборилаётгани диндор аҳоли орасида эътирозларга сабаб бўлаётгани, бундай ҳолат жанговарликнинг сусайишига олиб келаётгани боисидан мамлакатда номига бўлса-да масжидлар очиш, диний маросимларни ўтказиш, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини тузишга рухсат берилади.

Иккинчи жаҳон урушининг авжи қизғин палласида, 1943 йилда дин хийла эркин бўлади. Албатта, бу бежиз эмасди. Душманга қарши курашда диний бирлик, асл мусулмонларнинг Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмай-ҳайиқмай жасорат кўрсатишлари айни дамда совет қўшинларини руҳлантириш учун жуда зарур эди. Уруш тугаб, ҳамма нарса изига туша бошлаши биланоқ ҳукумат эски қилиғини қилиб, ўзи эркинлик берган диний мавзуларни яна тақиқлашга киришди. Албатта, бундай ҳодисаларнинг замирида мустабидликнинг узоқни кўзлаган, халқни забунликда, қарамликда тутиб туриш сиёсати ётарди.

1943 йилнинг 15 — 20 октябрь кунлари Эшон Бобохон уйида бўлиб ўтган қурултойда Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистондан 160 нафар делегат иштирок этади. Қурултойда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси тузишга келишиб олинади. Унга ислом илмини чуқур ўрганган 85 ёшли Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ибн Юнусхўжа раис ҳамда муфтий лавозимига сайланади. Эшон Бобохон шахсий мулки бўлган ­минглаб диний китоблар ва қўлёзмаларни бошқарма ихтиёрига ўтказганини маълум қилади. Қурултойда шўро ҳукумати топшириғига кўра мусулмонларга мурожаат қилинади. “Биз, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон мусулмонлари номидан мазкур Мурожаатни сиз, азиз биродаларимиз ва фарзандларимизга йўлламоқдамиз, — дейилади унда. — Барча халқлар билан елкама-елка туриб немис-фашист босқинчиларига қарши қўрқмас шер каби кураш олиб боринг, миллатчи газандаларни бир донасини ҳам қолдирмай ер юзидан супуриб ташланг! Бизнинг еримизни ҳар қаричини темир тартиб-интизомингиз билан ҳимоянгизга олинг. Биз аскарларимизни ўз паноҳига олиб ҳимоялашини ва ғалабага эришишлари учун кўмак беришини Аллоҳдан илтижо қилиб сўраймиз”.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси муфтий Эшон ­Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигида фронтга мисли кўрилмаган ёрдам кўрсатади. Улар томонидан 1 280 000 рублдаги пул, 117 000 рубль миқдорида облигациялар, 93 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 бош йирик шохли қорамол фронтга юборилади. Аскарлар учун ­кийим-бошлар, жангларда ҳалок бўлган ва ­изсиз йўқолган ҳамда фронтдагиларнинг оила аъзоларига инсонпарварлик ёрдами кўр­сатишга ҳам диний бошқарма алоҳида эътибор қаратади.

 Ташаббускорлик ва жасорат

Шу сабабли бўлса керак, 1943 йилдан мусулмонлар кўпчиликни ташкил этган шаҳарларда масжидлар фаолиятига рухсат берилади. Аммо бу даврга келиб имомликка яроқли саводли одамлар бармоқ билан санарли бўлиб қолганди. Эшон ­Бобохон ибн Абдулмажидхон бу масалага ечим топиш учун ҳукумат қаршилигига қарамай, фаолияти тақиқланган Мир Араб мадрасасининг 1945 йилда қайта иш бошлашига эришади. Урушдан кейин дунё мусулмонлари билан узилиб қолган алоқаларни тиклашда фаол иштирок этади. Ҳаж ­амалларини бажаришни қайта йўлга қўяди. 1945 йилда ўзи бошчилик қилиб, бир гуруҳ ҳамюртларимизни Ҳажга олиб бориб ­келади. 1955 йилда Бароқхон мадрасаси фаолиятини йўлга қўйишга эришади. Ўз шахсий маблағлари ҳисобидан мадраса биносида кўзи ожизлар учун алоҳида жой қилиб беради.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бугунги кунда янги Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мусулмонлар идорасига асос солган тарихий шахс эди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси асосчиси, бешта республиканинг биринчи муфтийси сифатида кўп миллатли мусулмон халқлари хотирасида мангу муҳрланиб қолгани айни ҳақиқатдир.

Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1957 йил 5 июнь куни вафот этади. Жаноза намозини ўғли шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ўқийди. Ўзбекистон ­ҳукуматининг қарори билан у Қаффол ­Шоший қабрининг ёнбошига дафн қилинади.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Ҳувайдо маҳалласидаги кўчалардан бирига ва шу ердаги жоме масжидга Эшон Бобохон номи берилган. Унинг ислом маърифати йўлидаги эзгу ишлари давом этмоқда.

Зиёси қалбларда абадий

“Дунёда шундай инсонлар бўладики, улар бойлик тўплашга интилмайди. Балки маънавиятни юксалтиришга ҳаракат қилади, — дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин ­Холиқназаровнинг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси ҳамкорлигида “Динимиз фидойилари (тарих, хотиралар, сабоқлар)” номли китобининг тақдимотига бағишланган тадбир иштирокчиларига йўллаган табригида. — Ўз бошидан ўтказганларини Аллоҳ синови деб билади. Қисматидан рози бўлади. Ўзидан келажак авлод ибрат олса арзийдиган ҳаёт сабоқлари қолдиришга ҳаракат қилади. Бобохоновлар сулоласи мана шундай инсонлар бўлади. Тараққиётимизнинг янги даврида динимиз равнақи йўлидаги хайрли ишлар туфайли катта имкониятлар берилди. Шукроналар бўлсинки, бу мустақиллик мевасининг тотли неъматидир. Бунинг қадрини англаш учун Бобохоновлар сулоласи муфтийлик қилган вақтларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ таоло “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб марҳамат қилганидек, машаққатли кунлар ортидан ойдин ва ёрқин кунлар бўй кўрсатди. Мустабид тузум даврида диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз истиқлолдан кейин эмин-эркин ўз эътиқодига мос ҳаёт кечира бошлади. Янги Ўзбекистонда бу каби хайрли ишлар янада кенг қулоч очди”.

Ҳақиқатан ҳам, булутлар қанчалик қуюқлашмасин кун келиб, албатта, қуёш яна кўкда нур сочади. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон таратган зиё ҳам қанчадан-қанча булутлар орасидан сизиб ўтиб, бугун яна қалбларни нурафшон этмоқда.

 Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Мусулмонлар идораси томонидан “Бобохоновлар сулоласи меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” асосида самарали ишлар олиб бориляпти. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида Бобохоновлар сулоласи тарихини ёритиш, бу сулола томонидан тақдим этилган материаллар асосида мақола, рисола ва китоблар ёзиш, ҳужжатли фильм ва кўрсатувлар тайёрлаб, уларни кенг жамоатчиликка етказиш алоҳида эътиборда.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча “Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилингани Бобохоновлар сулоласининг собиқ иттифоқ даврида мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаш, турли дин вакиллари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга қўшган хизматлари асло унутилмаслигига яна бир далолатдир.

Шойим БЎТАЕВ

(«Халқ сўзи»).

الأربعاء, 19 تموز/يوليو 2023 00:00

Қримдаги йирик масжид

Шу кунларда Қримдаги Симферопол масжиди қурилиши якунланмоқда. Ободонлаштириш ишлари 90 фоизга бажарилди, ички пардозлаш ишлари давом этмоқда. Уни сентябрь ой охирига қадар тугатиш режалаштирилган. Мазкур масжид 2016 йилдан буён  қурилмоқда.

Қрим Республикаси раҳбари Сергей Аксёновнинг сўзларига кўра, ушбу масжид Қрим ва Симферополнинг асосий Жума масжидига айланади.

Масжиднинг умумий майдони 2 минг квадрат метр. 4 минг кишига мўлжалланган. Асосий хонақоҳ 1,5 минг кишини сиғдиради. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top