muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

الجمعة, 24 كانون2/يناير 2020 00:00

Хайрли ишларга замин бўладиган дастур

Мамлакатимиздаги кўпчилик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини интиқлик билан кутмоқда. Боиси, ушбу маъруза Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшади. Бу нутқ халққа эртанги кунга ишонч беради, дилларда умид уйғотади, мудроқ қалбларни уйғотади, сўниқ кўзларга учқун беради.
Ушбу мурожаат бугунги кундаги вазиятни теран таҳлил қилиб, яқин келажакка аниқ вазифаларни белгилаб берувчи, чуқур мушоҳадали нутқ бўлади, десак тўғри бўлади.
Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу муҳим сиёсий тадбир мамлакатимиз тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси ана шу янги парламентга тақдим этиши билан янада аҳамиятлидир.
Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, ихтисослашган мактаблар каби илмий-маърифий муассасалар фаолияти йўлга қўйилгани мана шундай тарихий мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг маҳсулидир.
Муҳтарам Президентимизнинг навбатдаги мурожаатида ҳам Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, эзгулик, меҳр-оқибат ва диний бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этадиган хайрли ишларга омил бўлади, деган умиддамиз.

Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Жонажаон диёримизда сўнгги йилларда бунёдкорлик ишлари қаторида масжидларни обод этиш, намозхонлар учун кенг шарт-шароитларни яратишга катта аҳамият берилмоқда. Бу ишларни нафақат юртдошларимиз, балки, юртимизга ташриф буюраётган туристлар, меҳмонлар ҳам эътироф этётганлари бор гап.

Бугун Сирдарё вилоятида 3 масжид тўлиқ қайтадан кенг сиғимда қурилмоқда. Яна 3 та масжиднинг таҳоратхоналари тубдан замонавий қиёфада таъмирланмоқда.

Боёвут туманидаги чекка бир ҳудудда жойлашган «Абдухолиқ Ғиждувоний» жоме масжидининг  таҳоратхонаси ҳам замонавий услубда бутунлай янгидан бунёд этилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Қишнинг совуқ кунларида таҳоратхонадаги иссиқ сув, сочиқ ва бошқа шароитлар кишини қувонтиради. Ибодат завқини туйишга ёрдам беради.

Масжидларимиздаги ободлик ва бунёдкорлик ишлари бардавом бўлсин. Аллоҳнинг байтини обод этишга ҳиссалари қўшилатёган барча фидоий кишилардан Роббимизнинг Ўзи ярлақасин.

 

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Қуйида келтириладиган дуолар, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Аллоҳ! Менга намозга дангасалик қилмайдиган, уни кечиктирмай вақтида адо этишга ҳарис бўладиган қалб бергин!

*****

Эй Роббим! Ўтган умримизда қилган гуноҳларимизни мағфират этгин ва қолган умримизни ислоҳ қилгин!

*****

Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат!

Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг Расулидан бошқа барча маҳбублар муҳибларига азобдирлар.

Мустафо Сибоий

*****

Бир журналист Испания диктатори Франкодан «Диктатура нима?» деб сўради. Шунда у «Мутафаккир, зиёли кишиларни жим турадиган қилиб қўйишингдир» деб жавоб берди.

*****

Биргина олма ерга тушиши биланоқ дунё аҳли тортишиш қонуни борлигини билиб олди. Аммо минглаб бегуноҳ, жонсиз жасадлар ерга қулаб тушяпти-ю, дунё аҳли инсонийлик нималигини билолмаяпти.

*****

Аёл ушбу турдаги эркакни сева олмас экан:

  1. Ҳар қандай аёлга қизиқиб кетадиган эркакни.
  2. Аёлнинг туйғуларини риоя қилмай, унинг бўйи, ранги, ориқ-семизлигини танқид қиладиган эркакни.
  3. Ўзида кўп нуқсонлар бўла туриб, аёлдан мукаммалликни талаб қиладиган эркакни.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

الجمعة, 24 كانون2/يناير 2020 00:00

Оиладаги низо бартараф этилди

Оила муқаддас даргоҳ. Унинг тинч, мустаҳкам, фаровон, бахтли бўлиши кишиларнинг саодати, жамиятнинг осойишта ва юксалишидир. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Динимиз барпо бўлган оилани бус-бутун сақлаб қолишга, бузилишининг олдини олишга чақиради.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга:

Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, дея хитоб қилиб, оилани бузмасликка чақиради.

Булунғур тумани Килдон маҳалласида яшовчи А.Қ. хонадонида оилавий низо келиб чиқди. Ундан хабар топган маҳалла фаоллари, жамоатчилик, мутасадди ташкилот ходимлари ҳамда  “Килдон” жоме масжиди имом-хатиби Толиб домла Маматқуловлар биргаликда тушунтириш ишларини олиб борди. Натижада 3 нафар фарзанди бор оиланинг пароканда бўлиши олди олинди, эр-хотин муросага келиб, тинч-тотув яшашга рози бўлишди. Албатта, оилани сақлаб қолиш масаласи жамият аъзоларининг барча буғинларига бирдек масъулият юклайди. Зеро, Динимиз бўлиниш, ажралишни эмас, бирлашишни, жипсликни ёқлайди.

 ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

الجمعة, 24 كانون2/يناير 2020 00:00

ЛАЪНАТЛАНГАН АМАЛ

Мукаммал Ислом дини жамият учун зарар бўлган барча амалларни гуноҳлар сарасига қўшди. Ҳаттоки, бундай амалларнинг оз миқдордагисига ҳам рухсат бермади. Балки, бундай гуноҳларга нисбатан қаттиқ жазолар, маъломат ва хатарлар борлигини такрор-такрор эслатди. Баъзиларини Қуръон билан, баъзиларини эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан харом қилди. Мўминларни бу жирканч ишларни қилишдан қайтарди.

Мана шундай қайтарилган амаллардан бири бу – порахўрлик яъни, замонавий тил билан айтганда коррупциядир. Порахўрликнинг хатари, унга берилган жазо ва маломатнинг миқдорини ушбу қисқагина ҳадис орқали билишимиз мумкин. Машҳур саҳобалардан бўлган Савбон розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад ривояти)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан озгина хабари бор инсон биладики, у зот муомала ва ахлоқда тенгсиз эдилар. У кишининг муборак забонларидан ҳар хил фаҳш, маломат, таъна ва лаънат сўзлари чиқмас эди. Ўзларига берилган турли озорларга, озор берган кимсаларга ҳам дуойибад, қарғиш ёки лаънат сўзларини айтмаганлар.

Бироқ, порахўрлик шундай иллатки, унинг гуноҳи шу қадар улканки, шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  пора берганни ҳам, олганни ҳам ва ҳатто  уларнинг ўртасида  воситачи бўлиб турган инсонни ҳам  лаънатладилар. Бу бежиз эмас албатта. Бунинг ўз сабаблари бор.

Баъзи гуноҳларнинг зарари фақат ўз соҳибига тегади. Бошқалар учун зарар келтирмайди. Яна баъзи гуноҳлар борки, унинг зарари саноқли кишиларгагина таъсир қилади. Ва яна шундай гуноҳлар, иллатлар борки, уларнинг оқибати бутун жамиятга зарар келтиради. Инсонларниг келажагига, миллатнинг ва юртларнинг ривожланишига тўғаноқ бўлади. Порахўрлик ҳам айнан шундай, бутун жамиятга ва келажакка зарар келтирувчи гуноҳлар сарасига киради.

Қолаверса, порахўрлик Аллоҳ таолонинг бир нечта фарзларига эътиборсиз бўлишга, уларга амал қилмасликка, бир қанча гуноҳ амалларнинг содир бўлишига йўл очади. Масалан, биргина таълим соҳасидаги коррупция илм-фан ва маърифатга зарба беради. Пора эвазига ўқишга кирган, пора эвазига имтиҳондан ўтган талаба учун илмнинг қиймати бўлмайди. Балки, у талабада “пул илмдан кўра кучлироқ воситадир”, деган тасаввур пайдо бўлади. бу эса ўз навбатида, “илм олиш фарз” деган буйруққа нисбатан эътиборни йўққа чиқаради. Жамиятда ўз соҳасининг билимдонлари камайишига, бу сабаб инсонлар орасида муроса ва хотиржамлик йўқолишига, турли хил қийинчиликларнинг юзага келишига олиб келади. Порахўрлик кишилар ўртасида адолат қилишга тўсқинлик қилади. Кимларгадир зулм қилишга йўл очади. Кишиларда адолатга, эзгуликка, жамият ва давлатга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига ҳамда бундан бошқа жудаям кўп иллатларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади. Айнан шунинг учун ҳам, Росулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам порага, коррупсияга алоқадор бўлган барча кишиларни энг оғир сўз бўлган лаънат билан зикр қилдилар.

Бугун давлатимиз, хусусан юртбошимиз томонидан коррупцияга қарши қаттиқ кураш йўлга қўйилди. Жазолар ва назоратлар кучайтирилди. Бу албатта қувонарли хол. Чунки, давлат раҳбарининг талаби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талаби билан, Аллоҳ таолонинг талаби билан мувофиқ тушмоқда. Мақсадлар бир нуқтада бирлашмоқда. Демак, юртбошимизнинг мақсади ҳам айнан жамиятнинг ривожи, адолат ва шаффофликни таъминлаш, зулм ва ноҳақликларга барҳам беришдир. Бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Ўзини мўмин санаган, дин, миллат, юрт ва жамият ривожи учун бефарқ бўлмаган ҳар қандай шахс коррупцияга қарши бирлашиб ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. зеро, Роббимиз бизни шунга буюрган: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси, 2-оят)

Азизлар! Роббимиз чақирган ҳамкорликка сизларни ҳам қўшилишингизни истайман. Унутманг! Бу ҳамкорликдан ҳеч ким зарар кўрмайди.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Мақолалар

Top