muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

ЎМИ матбуот хизмати  
 
 
 
ЎМИ матбуот хизмати
 
ЎМИ матбуот хизмати
 
ЎМИ матбуот хизмати
 
الأربعاء, 04 أيلول/سبتمبر 2019 00:00

06.09.2019 йил ҲАЛОЛ САВДО – БАРАКА ОМИЛИ

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِي أَحَلَّ البَيْعَ والشِّرَاءَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي عَلَّمَ البَيْعَ وَحَذَّرَ    عَنِ الرِّبَا، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ҲАЛОЛ САВДО – БАРАКА ОМИЛИ

Муҳтарам жамоат! Яратганга шукрлар бўлсинки, ҳукуматимиз томонидан  ишбилармон ва тадбиркорлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунга биз фақат шукр қилишимиз ва ўзаро муомалаларимизда тўғри сўз ва ҳалол бўлишимиз даркор. Зеро, динимиз савдо-сотиқда ҳалол бўлишга тарғиб қилиб, ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Жумладан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

  "التَاجِرُ الصَّدُوقُ تَحْتَ ظِلِّ الْعَرْشِ یَوْمَ الْقِیَامَةِ" )رَوَاهُ الإمام الدیلمي عن أنس رضي االله عنه)

яъни: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).

Яна бир машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"التّاجِرُ الصّدُوقُ الأمِينُ، مَعَ النّبِيّينَ والصّدّيِقينَ والشّهَداءِ" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عنْ أبي سَعِيدٍ رضي الله عنه).

яъни: Ростгўй, омонатдор тижоратчи одам набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Савдогар киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши билан биргаликда ростгўйликни ўзига дастури амал қилиб олиши лозим.

Қуйида савдогар киши амал қилиши керак бўлган баъзи зарур қонун-қоидаларга тўхталиб ўтамиз:

Ростгўй бўлиш.  Савдо молини ҳақиқий сифати, нави, жинси, тайёрланган жойи ва сарф-харажати ҳақидаги маълумотларда ёлғон ишлатмаслик даркор. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам:

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنه قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْبَقِيعِ، فَقَالَ: "يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ" حَتَّى إِذَا اشْرَأَبُّوا، قَالَ: "إِنَّ التُّجَّارَ يُحْشَرُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى، وَبَرَّ، وَصَدَقَ "(رواه الإمام الترمذي)

яъни: Баро Ибн Озиб разияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Бақиъга келиб: “Эй, савдогарлар жамоаси!” – дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда У Зот: “Албатта, савдогарлар Қиёмат кунида гуноҳкор бўлиб тириладилар, фақат Аллоҳдан қўрқиб, ишини тўғри қилиб ва рост сўзлаган савдогарлар бундан мустасно”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тарози, литр, метр, ҳажм ва донасидан уришнинг барчаси катта гуноҳлардан ҳисобланади.

Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, оғир ҳолатда ётган эди. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “Биродар шаҳодат калимасини бир мунча талқин қилсам ҳам тилингиз ҳеч айланмади”, – деб сўрадим. У бўлса: “Тарозининг палласи тилимни босиб гапиртирмай қўйди”, – деди. “Нега? тарозидан уриб қолармидингиз?” – деб сўрасам у: “Йўқ ундай эмас. Бироқ тарозини ўз вақтида тўғрилигини текшириб турмасдим”, – деб жавоб берди.

Тарозисини назорат қилиб текшириб турмаган, тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўларкан?

кенгфеъл бўлиш. Сотувчи аввало чиройли муомалада бўлиши, фойдасини инсоф билан қўйиши, имкон қадар айтган нархидан ўтиб бериши, олувчи ҳам ўз навбатида маҳсулотни пастга урмай олиши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:  

"رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا إِذَا بَاعَ، وَإِذَا اشْتَرَى، وَإِذَا اقْتَضَى" (رواه الإمام البخاري عَنْ جَابِرِ رضي الله عنه)

яъни:  “Сотганда, сотиб олганда ва ҳақини талаб қилганда бағрикенг бўлган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилганлар).

Ҳалолдан топиб, ҳаромдан сақланиш. Савдогар фақат ҳалолдан топиб, молига шубҳали ва ҳаром нарсаларни аралаштирмайди. Шунингдек, шариатимиз рухсат бермаган олди-соттилар билан шуғулланмаслиги керак.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

َا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ" (رواه الإمام ابن ماجه).

яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг! Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг! Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг!” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқи учун ҳаром йўлларга кирса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз фақат Аллоҳ рози бўладиган йўл билан ризқ-насибамизни топишга ҳаракат қилишимиз зарур.  

Хайр-эҳсонни кўп қилиб туриш. Савдогар савдо мобайнида ўзи билмаган ҳолатда камчилик ва нуқсонларга йўл қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарларни хайру эҳсон қилиб туришига буюрганлар:

"يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ إِنَّ الْبَيْعَ يَحْضُرُهُ اللَّغْوُ وَالْحَلِفُ، فَشُوبُوهُ بِالصَّدَقَةِ"

 (رواه الإمام الترمذي والإمام أبو داود عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي غَرَزَةَ).

яъни:  Эй, савдогарлар жамоаси! Албатта, савдога беҳуда гаплар ва қасам аралашиши мумкин. Шундай экан, савдони садақа билан бирга олиб боринглар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар).

Харидор камбағал бўлса, унга ёрдам бериш ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

 مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِراً أَوْ وَضَعَ عَنْهُ أَظَلَّهُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ (رواه الإمام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه).

яъни: “Ким (савдода) камбағалга муҳлат берса ёки ундан (озми, кўпми) кечса, (Қиёмат куни) Аллоҳ таоло уни Ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).    

Савдо билан машғул бўлиб, ибодатга бепарво бўлмаслик. Савдогар киши савдо билан шуғулланиши билан биргаликда мусулмонлик бурчларини ҳам унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ

яъни: “Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар (Нур сураси, 37-оят).

Улуғ зотларнинг биридан: “Обид устунроқми ёки омонатдор савдогарми?” –  деб сўралганида, бундай жавоб берган эканлар: “Омонатдор савдогар устун. Чунки, молни сотиш ёки олиш пайтида шайтон уни тарозидан уриб қолишга ундайди, у бунинг аксини қилиб, шайтондан устун келади”.

Тижорат аҳли ўзларига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ва саҳоба разияллоҳу анҳумларни намуна қилиб олишлари керак. Уларнинг ичида тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган Абдураҳмон ибн Авф каби беҳисоб мол-мулкка эга бўлган тижоратчилар ҳам бўлганлиги, лекин тижорат уларни Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан тўсмаганлигини билишлари ҳам зарур.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида савдо-сотиққа оид баъзи масалаларни айтиб ўтамиз:

Эҳтикор (монополия) – озиқ-овқат ёки ем-хашак маҳсулотларини сотиб олиб, одамларга зарар бўладиган даражада сақлаб, сотмасдан туришдир. Бу ишни катта гуноҳлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган  ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таомни қирқ кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳдан воз кечган, Аллоҳ ундан воз кечган бўлади”, – деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривоятлари).

Уламоларимиз: “киши ўзи етиштирган нарсасини ушлаб туриши эҳтикорга  кирмайди”, – деганлар.

Иқола – савдони бекор қилиш. Масалан, киши бир нарсани сотиб олганидан кейин, қиммат сотиб олгани учун ёки тўлашга пул топа олмаётгани учун ёҳуд ундан ҳам зарурроқ ишлари борлиги эсига тушиб қолиб, сотиб олганига пушаймон бўлиб, сотувчидан савдони бекор қилишни сўраса, сотувчи жанжал-тўполонсиз, бағрикенглик билан молни олиб, тўланган пулни қайтарса, сотувчи жуда ҳам катта савоб ва беқиёс ёрдам қилган бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким (савдоси сабабидан) надомат чекаётган кишини савдосини бекор қилса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг хатоларини авф қилади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 Сотиб олган молни қўлга олишдан аввал сотиш жоиз эмаслиги. Мусулмон савдогар тижорат молини ҳали қўлига олмай туриб, бошқага сотиши жоиз эмас. Чунки, ҳадисда бундай қилишдан қайтарилган:

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таомни қўлга олмасдан олдин уни сотишдан қайтарганлар”. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу яна шундай қўшимча қилдилар: “Бошқа нарсаларни ҳам таом каби деб биламан” (Муттафақун алайҳ).

“Савдо молини қўлга олиб, ўзиники қилиб олмай туриб, сотувчига ҳам бошқасига ҳам уни сотиш жоиз бўлмайди” (“Мабсут” китоби).

Бозорга киришдан олдин сотиб олмаслик. Баъзида деҳқонлар етиштирган молларини бозорга олиб кирмасларидан ва бозордаги нарх қанчалигини билишларидан олдин савдогарлар уларни йўлларини тўсиб, арзон гаровга сотиб олиб, кейин бозорда қиммат баҳога сотадилар. Бу иш – ҳам деҳқонга ва ҳам халққа зарардир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам  бундай савдодан қайтарганлар: Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Биз бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлига чиқиб, таомларини сотиб олар эдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  бизни улар таом бозорига етиб бормагунича, улардан нарса сотиб олишимиздан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, бу ҳолат бизни кўп бозорларимизда учрайди. Жумладан, ҳайвон бозорларида ҳам жуда авж олган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, баъзи тўрт мучаси соғ “эркак”лар аёлини маҳрамсиз савдо учун сафарларга жўнатиб, ўзи уйида болаларига қараб ўтирмоқда. Бундай савдо  мутлақо мусулмончиликка тўғри келмайди. Бу ҳолат – динимиз азиз қилган аёлларни хорлаш ҳисобланади. Аллоҳ бундай “эркак”ларга тавфиқ берсин!

Аллоҳ таоло барча савдогар ва тадбиркорларимизга ростгўйлик, ҳалол ишлаш, ҳаромдан узоқ бўлиш, ўз касбу кори билан юртни обод қилиш ва икки дунё саодатига эришиш бахтини насиб қилсин! Омин! 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ОҒИР ГУНОҲ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Мақолалар

Top