muslim.uz

muslim.uz

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар хўрознинг қичқириғини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан фазли ва марҳаматини сўранг. Чунки у (хўроз) фариштани кўргандир. Агар эшакнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки у (эшак) шайтонни кўргандир», деганлар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

«Асда Ўмон» газетаси ўз мухлисларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самаралари билан таништиришда давом этмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Ушбу газета сайтида чоп этилган мақола мамлакатимизнинг диний эркинлик соҳасида эришаётган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганига бағишланган.
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео баёнотига таянган ҳолда, Ўзбекистон сўнгги йилларда республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида диний эркинлик бўйича махсус кузатув остида бўлган давлатлар рўйхатидан чиқарилди, деб таъкидлаган мақола муаллифи Aли ал-Ҳассаний.
АҚШ Давлат котибининг қайд этишича, Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича кўрилган амалий чоралар бошқа давлатларга ўрнак бўлиб хизмат қилади, деб ёзади «Асда Ўмон».
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ кишидан иборат аҳолининг 90 фоизидан кўпини мусулмонлар ташкил этиши айтилган.
Қисқа вақт ичида Ўзбекистон раҳбарияти ички сиёсат ва иқтисодий ривожланиш моделининг муҳим ислоҳотларини бошлаб берди, шунингдек, маданий ва диний дастурларни амалга оширишда янги стратегия ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги диний-маърифий марказ мавқеини тиклашга қарор қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академияси очилди.
Газета Тошкент диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ғоясини фаол илгари сураётганини таъкидлаган. Бунинг амалий тасдиғи ўлароқ, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилингани айтилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Ишорат меърож

сифатиға

(Давоми)

 

Ҳамроҳи ожиз ўлди бормоқтин,

Эмас эрди бу ажз ҳормоқтин.

Кўргуликларни бордию кўрди,

Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди.

Уйғоқ эрдию Ҳақ бу лутф этти,

Ҳеч ким етмаганга ул етти.

Келди андин чу завқ бирла бери,

Совумайдур эди ҳануз ери.

Шак бу ишта кечурма кўнглунгда,

Фикри фосид эвурма кўнглунгда.

Борча Тенгри қошида осондур,

Қудрат олдида ақл ҳайрондур.

 

НАСРИЙ БАЁН

Меърож сифатининг баёни

(Давоми)

 

У  зотнинг  ҳамроҳи  (ҳазрати  Жаброил  алайҳисалом  Сидратул-мунтаҳога етганларида) ундан нарёққа боришдан ожиз бўлдилар (ва ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бошқа Илоҳий вакиллар олиб кетдилар), бу ожизлик асло чарчашдан эмас эди (балки, Сидратул-мунтаҳо  моддий  оламнинг  сўнгги  нуқтаси  бўлиб,  ундан  нарёғи  Аллоҳнинг ғайб олами бўлиб, Жаброил алайҳиссалом учун рухсат йўқ эди.)

 

ИЗОҲ. Аллоҳ таъоло Қуръонда айтади; Нажм сураси 13-14-оятлари маъноси: “Қасамки, уни (Жаброилни)  бошқа  бир  карра  (меърождан  қайтишда)  Сидраи  мунтаҳо (еттинчи осмон) ёнида кўрди”.

(Номи келган  Сидратул-мунтаҳо  –  охирги  дарахт,  тугаш  дарахти  дегани бўлиб, моддий оламнинг ва уларга оид илмнинг сўнгги нуқтасидир. Ундан нарёғи Аллоҳнинг ғайб оламидир.)

 

(Насрий баён.) Сўнг (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) бориб, кўриладиган нарсаларни, буюк аломатларни (мислсиз ажойиботларни, Илоҳий сирларни) кўрдилар ва шунда (у зотга тегишли) эшитадиган сўзларини Ҳақ таъоло айтиб эшиттирди (беш вақт намозни фарз қилди). Бу меърож воқеасида (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) уйғоқ эдилар (ва жисму жонлари билан бордилар), Аллоҳ таъоло лутф қилди – илтифот кўрсатди, ҳеч ким етмаган манзил ва мақомга (даража ва мартабага) у зот етдилар.

Меърождан сўнгсиз завқу шавқ билан қайтиб келганларида, ҳали ётган жойлари совумаган (ва эшикнинг ҳалқаси ҳам қимирлаб турар) эди. (Эй инсон!) Кўнглингда бу иш ҳақида шак-шубҳа кечирма, яна кўнглингда фосид-бузуқ фикрни айлантирма. Аллоҳ таъолонинг наздида ҳамма нарса осондир, Илоҳий қудрат олдида ақл (ожиз ва) ҳайрондир.

 

ИЗОҲ. Ҳазрати Ибн Аббос ва ҳазрати Абу Ҳаййа ал-Ансорий ривоят қиладилар: Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кейин (Жаброил алайҳиссалом) мени шунчалик юксакликка олиб чиқдиларки, ҳатто, ўша жойда (Аллоҳ таъолонинг амр-фармонларини) ёзаётган қаламларнинг шарпаларини эшитдим” (“Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).

Аллоҳ таъоло меърож тонгида аввал эллик вақт намозни фарз қилди. Кейин уни беш вақт намозга туширди! Лекин савоби эллик вақт намоз савобига тенгдир! (Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).

 

ИЗОҲ. “Кўргуликларни бордию кўрди, Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди” деган сатрлар ушбу ояти карималарга ишорадир Нажм сураси, 18-ояти (маъноси): “Шу аснода (Аллоҳ) ваҳй этган нарсани (Жаброил орқали) бандасига ваҳй қилди. Қасамки, у Раббининг энг буюк оят-аломатларидан (далилларидан) бир қисмини кўрди”.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

            Мирзо КЕНЖАБЕК

Германия ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Индонезия Европа мамлакатларида Исломни ривожлантириш учун илҳомлантирувчи ва намуналардан бири ҳисобланади, дея хабар бермоқда Antara ахборот агентлиги.
Islam.ru хабар беришича, Германия ташқи ишлар вазирлигининг диний ишлар ва ташқи сиёсат бўйича раҳбари Фолькер Берресхаймнинг айтишича, дунёдаги энг йирик мусулмон аҳолисига эга мамлакат Индонезия динлараро мулоқот ва ёшларнинг радикаллашувига қарши курашда муваффақиятга эришди.
Унга кўра, Индонезияда ишлаб чиқилган бу амалиёт Европада, жумладан, Германияда руҳонийлар учун ўқув дастурини тайёрлашда намунага айланди.
REGNUM АА хабар беришича, аввалроқ Индонезия Президенти мамлакатнинг бир неча ҳудудларида мавжуд диний эркинлик муаммосига эътибор қаратди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар САЙФУДДИНОВ билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум, дом­ла. Динимиз ҳалоллик, тўғрилик ва поклик асосига қурилган. Аллоҳ таоло бизга нимани буюрган бўлса, фойдамиз учун, нимадан қайтарган бўлса, зарар кўрмаслигимиз, яъни, яна фойдамиз учундир. Маъқул кўрсангиз, бугун ҳалол ва ҳаром тушунчаси ҳақида суҳбат қилсак...

 

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, бу мавзу, айниқса, бугунги кунда кўпроқ эсланишга, эслатилишга лойиқ, ҳатто зарурият деб ўйлайман. Чунки аввалги даврларга қараганда ҳозир кўплар ризқни қандай топиш эмас, нима қилиб бўлса ҳам топиш баҳсига киришиб кетгандай... Маркаб минишни билган киши уни шамолдай учириб ҳайдашдан олдин қандай қилиб тўхтатишни ўрганиши лозим. Чунки бусиз у ҳалок бўлади. Тўхта­тиш ускунаси эса уловнинг ҳаракатланишига халақит бериш учун эмас, балки хавфли ва муҳтож бўлган пайт фойдаланиш учун қўйилган.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳ амри билан кемаларнинг сузиши ҳамда (у кемаларда) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйинсундириб қўйган зотдир. У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Жосия сураси, 12–13-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ китобида ҳа­лол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳа­ром, сукут қилган нарса афвдир. Аллоҳдан офиятни сў­ранглар. Чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас, дедилар. Сўнг бу оятни ўқиди­лар: “Парвардигорингиз унутувчи эмасдир”» (Марям сураси, 64-оят)(Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, шариатимизда ҳалол дейилган нарсалар Аллоҳга яқинлаштиради. Ҳаром қилинганлари Аллоҳ­дан тўсади.

 

– Моида сурасининг 87-оятида: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳа­лол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас”, деган амр келади...

– Ақли расо инсон қандай қилиб Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол, ҳалол қил­ган нарсани ҳаром дейиши мумкин?! Инсон ҳаром нарсани ҳалол, ҳалол нарсани ҳаром дейишга журъат қилган пайт катта гуноҳ­га ботади. Ахир, Исломда мут­лақ маҳрум бўлиш йўқ. Ҳалол ҳаромдан бе­ҳожат қилинган. Аллоҳ инсонга покиза йўлни кўрсатган. Масалан, эркак аёлни, аёл эркакни истаса, никоҳ ор­қали бир-бирларига етишишлари мумкин. Шун­дай экан, Аллоҳнинг ҳукми­ни ўзгартирмоқчи бўлган кимсанинг ҳолига вой бў­лади.

 

– Ҳаром амал аниқ – зи­но, қотиллик, хамр, ўғ­рилик... Ҳалол ҳам рав­­шан: тоат, намоз, рў­за, ҳаж, закот каби. Икка­ласи­нинг ўртасида шубҳали ишлар ҳам бор. Шундайми, домла?!

– Шубҳалар бир жиҳат­дан ҳалолга, бир жиҳатдан ҳаромга ўхшайди. Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам: “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Ик­ка­ла­си­нинг ўртасида шубҳа­лар бор. Ким дини ва обрў­йини сақлаш учун уларни қилмаса, саломат бўлади ва ким улардан бирини қилса, ҳаромга дучор бў­лиши мумкин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

– Минглаб ҳаром қи­линган ва минглаб ҳа­лол қилинган ҳукмлар бор. Буларнинг ҳалол-ҳа­ромлигини қандай қоида билан биламиз?

– Манфаат зарарнинг ус­тига қурилса, у ҳаром бўла­ди. Қайси иш фойданинг усти­га қурилса, у ҳалолдир. Маса­лан, ўғрилик қилиш киши­га фойда келтириши мумкин, лекин моли ўғирланган ки­ши­га зарар келтиргани учун ҳаром. Бошқа шаҳардан одамлар эҳтиёжи учун нарса олиб келиб, бироз фойда билан сотишда эса ҳеч кимга зарар йўқ. Демак, бу иш ҳалол. Бунда, албатта, савдо илмига амал қилиш муҳим­дир. Шунингдек, бошқа эҳ­тиёжларимизда ҳам Аллоҳ таоло биз бандалари­га ҳалол ва фойдали жиҳат­ларни аниқ кўрсатиб қўй­ган. Ҳар бир сўз ва ама­лимиз учун Ўзи­­нинг ҳу­зурида, албатта, ҳисоб беришимизни унут­майлик.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

Мақолалар

Top