muslim.uz
БУ МУБОРАК ОЙДА САВОБЛИ АМАЛЛАРИМИЗ ЯНАДА КЎПАЙСИН!
Муқаддас ислом динининг асосий улуғ рукнларидан бири рўза ибодати. Рамазон - очлик, ташналик, нафсни тийиш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ой. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган.
Рамазон рўзаси Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.
Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди», дедилар.
Бу муборак ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, намозхонларнинг, ибодатларнинг кўпайиши, таровеҳ намозлар ўқилиши сабабидан жаннатнинг барча эшиклари очилади.
Азиз ҳамюртлар, шукрки, бугун кўпчилигимиз ён-атрофимизга очиқ кўз, теран нигоҳ, ҳушёрлик билан қарашга одатландик ва ёнимизда моддий ва маънавий мададимизга муҳтож инсонлар, оилалар борлигини кўряпмиз. Ҳукуматимиз, ҳокимликлар, турли ташкилот ва идоралар томонидан камхарж оилаларга иқтисодий жиҳатдан ёрдамлар кўрсатиляпти. Бундан одамлар ниҳоятда мамнун.
Шундай бўлса-да, истардикки, муборак Рамазон ойида хайрли ва савобли ишлар салмоғини ўн, юз, балки ундан ҳам кўпроқ даражада орттирсак, мурувватнинг, саховатнинг асл моҳиятини англасак, ҳақиқатдан ҳам ёрдамимиз зарур бўлган оилаларни, инсонларни назаримиздан қочирмасак, мана шунда бу қутлуғ ойи номи ва шарафига муносиб тарзда ўтказган, иншааллоҳ, беҳисоб ажру савобларга мушарраф бўлар эдик.
Зотан, ўзгаларга беминнат, чин қалбдан қилинган эҳсон ва яхшилик эвазига Яратганнинг марҳамати билан ҳаётимиз файзга тўлади, топганимизга барака киради.
Рамазон ойи барча юртдошларимизга муборак бўлсин, бу ойнинг рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутмоқлик насиб этсин. Хонадонларимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин бўлсин. Қалбларимизни меҳр-мурувват, ўзгаларга яхшилик қилиш умиди ва иймон нурлари асло тарк этмасин!
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби
Indoneziyada Imom Buxoriy nomidagi masjid ochildi
Masjid O‘zbekistonning Indoneziyadagi Turizm elchisi Eko Shri Margianti tashabbusi bilan barpo qilingan bo‘lib, masjid Gunadarma universiteti arxitektor talabalari tomonida loyihalashtirilgan.
Mazkur masjid ochilishida Turizm va sport vaziri Aziz Abduxakimov onlayn tarzda nutq so‘zlab, Indoneziya musulmonlari tomonidan ulug‘ muhaddis Imom al Buxoriyning nomlariga masjid barpo qilinishi ikki xalq o‘rtasidagi birodarlik aloqalarini yanada mustahkamlashini e’tirof etdi.
Masjid ochilishida O‘zbekistonning Indoneziyadagi favqulodda va muxtor elchisi Ulug‘bek Rozikulov tabrik so'zi bilan ishtirok etdi hamda masjid uchun esdalik sovg'alari hadiya etdi.
Ushbu masjidning qiziq jixati shundaki, masjidni barpo etishda yurtimizda mavjud arxitektura yechimlari asosida barpo etildi. Masjid naqshlari Shohi Zinda ziyoratgohidan andoza olingan bo‘lsa, masjid g‘ishtlarini terishda Buxorodagi Poyi Kalon masjidiga o‘xshash tarzda yondashilgan. Masjidning old tarafida Hast Imom masjidida mavjud minoralar kabi ikki minora qad rostlagan. Ushbu masjidning ochilishi O‘zbekiston Respublikasi Prezidentning “Ichki va ziyorat turizmini rivojlantirish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida” PF-6165-sonli Farmoni doirasida Indoneziyada O‘zbekistonning boy islomiy merosini targ‘ib qilishga xizmat qilishi mumkin.
Ochilish marosimidan indoneziyalik ekspert quyidagi videoni biz bilan ulashdi:
Saifuddin - Jakartadagi Istiqlol muzeyi eksperti, xattot:
“O‘zbekistonga qaynoq mehrli salomlarim bo‘lsin. Hozir men yangi ochilgan Imom Buxori masjidi qarshisida turibman.
Masjidni Professor Margianti ochib berdilar. Masjid g‘oyasi va dizayni bizning O‘zbekistonga tashriflarimiz natijasida yuzaga keldi. Buni masjiddagi turli xil uslublar O‘zbekistonning turli shaharlaridagi binolarga o‘xshashi orqali ko‘rish mumkin. Bu bino ikki mamlakat do‘stligi ramzi va O‘zbekistonning kichik bo‘lagi bo‘lib xizmat qiladi.
Bu yerga kelgan ziyoratchilar O‘zbekiston madaniy merosidan bahramand bo‘lishlari mumkin va barchamiz uchun aziz bo‘lgan Imom al Buxoriy haqlariga duo qilib, ularga bo‘lgan hurmatimizni izhor qilishimizga imkon yaratadi. O‘zbekiston va Indoneziya xalqlari o‘rtasidagi do‘stlik yana ham mustahkam bo‘lsin!”
Shuningdek, Indoneziya Respublikasida ziyorat turizmini targ‘ib qilish borasida Turizmni rivojlantirish davlat qo‘mitasi, Musulmonlar idorasi, Islom akademiyasi va Islom sivilizatsiya markazi va ziyorat turizm elchisi tomonidan bir qancha ishlar amalga oshirildi.
Ал-Азкор: Ҳожатхонада сўзлашиш ва зикр қилишдан сақланиш (13-аудио)
2. РЎЗАДОР ТИШ ПАСТАСИДАН ФОЙДАЛАНСА БЎЛАДИМИ?
— Рўза тутган одам тишини тиш пастаси билан ювса бўладими?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда бундай дейилган:
“Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор” (“Ҳидоя”).
Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш афзал саналади.
Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.
Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман” (Имом Аҳмад ривояти).
Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳалол стандарт бўйича меморандум имзоланади
Туркия Савдо вазири Рухсар Пекжан бошчилигидаги Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бошланди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Туркия делегациясининг ташрифи дастурига Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида, Давлат божхона қўмитасида музокаралар ўтказиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида давра суҳбати киритилган. Унда бир қатор иқтисодий шартномалар имзолаш кўзда тутилган.
Хусусан, Туркия савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ўртасида баённома, Туркия савдо вазирлиги ва "Ўзстандарт" агентлиги ўртасида ҳалол стандартини аккредитация қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандумни имзолашга тайёрлашган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати