www.muslimuz

www.muslimuz

الأربعاء, 02 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

БАҚАРА СУРАСИ, 106–108 ОЯТЛАР

۞مَا نَنسَخۡ مِنۡ ءَايَةٍ أَوۡ نُنسِهَا نَأۡتِ بِخَيۡرٖ مِّنۡهَآ أَوۡ مِثۡلِهَآۗ أَلَمۡ تَعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ١٠٦

106. (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?

Муфассирлар ушбу оят ҳақида қуйидагиларни ёзишган: "Мушриклар: "Муҳаммадни кўряпсизларми, асҳобларини бир ишга буюради-да, сўнгра яна уни қилишдан қайтаради. Қуръондаги бу нарса Муҳаммад ичидан тўқиб чиқарадиган сўздир. У баъзиси баъзисига зид келадиган каломдир", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди".

Ҳар қандай қийин ҳолатга, шубҳа ва иккиланишга тушганда Аллоҳнинг буюрганига амал қилишни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишимиз керак. У зотга туширилган, амал қилинаётган оятлар ҳукми баъзан мансух (бекор) қилинар, ўрнига бошқалари туширилар эди. Ҳукм бир оятдан бошқасига кўчарди. Ишнинг ташқи кўриниши шундай эди, аммо ботини Аллоҳ таоло билан Унинг Расули ўртасида сирлигича қоларди. Шу боис у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзан менга сиқилиш келиб, Аллоҳга ҳар куни етмиш марта истиғфор айтаман", деганлар (Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Насоий ривояти). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дер эди: "Бизга Убай қироат қилишни ўргатар эдилар, биз эса у кишининг қироат йўлларидан бошқача ўқир эдик. Шунда у киши: "Мен Қуръонни жаноб Расулуллоҳнинг оғизларидан ўрганганман, уни ҳеч нарса эвазига тарк қилмайман, Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?" деган", деди" (Бухорий ривояти).

أَلَمۡ تَعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ لَهُۥ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۗ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ١٠٧

107. Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини ҳамда сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ва мададкор йўқлигини билмадингизми?

Яъни, эй мўминлар, шуни яхши билингларки, етти қават осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг мулкидир. Буларнинг барини Унинг Ўзи яратган, Ўзи бошқаради, агар хоҳласа бир лаҳзада йўқ қилади. Сизларга кофир ва фожир кимсаларнинг тазйиқ ва зуғумларидан паноҳланишда Аллоҳдан ўзга бирор мададкор ҳам, дўст ҳам йўқдир. Наҳот шуларни билмасанглар?!

Шунинг учун мўминлар ҳамиша Аллоҳдан паноҳ излашлари, Унинг ҳимоясига интилишлари, Ундангина мадад ва нусрат сўрашлари лозим. Чунки осмонлар ва Ернинг эгаси бўлган Аллоҳ азза ва жалла барча махлуқларига дўст ва мададкор бўлгани учун улардан ёмонликлар, зарарлар, турли ёқимсиз нарсаларни даф қилиш билан уларни Ўз ҳимоясида сақлайди. Бу сақлашда яхши ҳам, ёмон ҳам, балки ҳайвонотлар ва бошқа нарсалар ҳам муштаракдир. Аллоҳ таоло Бани Одамни Ўзининг буйруғи билан сақлашлари учун уларга фаришталарни бириктириб қўйган. Яъни, улар ҳар қандай зарар берадиган нарсаларни улардан Аллоҳнинг буйруғи билан даф қилиб туришади. Айни пайтда Аллоҳ таоло Ўз валийлари, яъни дўстларини ҳам сақлайди. Уларнинг имонларини адаштирувчи шубҳалардан, фитналардан ва ҳалокатга олиб кетувчи шаҳватлардан сақлайди. Уларга бу каби фитналардан офият беради. Уларни инсу-жинслардан бўлган душманларидан сақлайди, уларга бу душманларига қарши нусрат-ғалаба беради.

أَمۡ تُرِيدُونَ أَن تَسۡ‍َٔلُواْ رَسُولَكُمۡ كَمَا سُئِلَ مُوسَىٰ مِن قَبۡلُۗ وَمَن يَتَبَدَّلِ ٱلۡكُفۡرَ بِٱلۡإِيمَٰنِ فَقَدۡ ضَلَّ سَوَآءَ ٱلسَّبِيلِ١٠٨

108. (Эй маккаликлар), сизлар ҳам Пайғамбарингиздан илгари Мусодан савол қилинганни сўрамоқчимисизлар? Ким имонни куфрга алишса, тўғри йўлдан озиши муқаррардир.

Яъни, эй Макка аҳли, яҳудийлар ўз пайғамбарларидан турли беҳуда нарсаларни сўрайверишгани каби сизлар ҳам Пайғамбарингизга номуносиб саволларни бермангларки, бежо саволлар бошингизга етиб қолмасин. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Бу оят Абдуллоҳ ибн Каъб ва бир гуруҳ қурайшийлар ҳақида нозил бўлган. Улар: "Эй Муҳаммад, бизга Сафо тоғини олтинга айлантириб бер, Макка ерларини кенгайтириб, ўртасидан дарё оқизиб қўй, шунда сенга имон келтирамиз", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”. Яна муфассирлар айтишади: "Яҳудийлар ва мушрикларнинг баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Худди Мусо Тавротни келтирганидек, сен ҳам бизга осмондан яхлит бир китобни келтир", дейишди. Абдуллоҳ ибн Умайя Маҳзумий: "Осмондан менга бир китоб келтирки, унда: "Оламлар Парвардигоридан Ибн Умайяга. "Билгинки, Мен Муҳаммадни одамларга пайғамбар этиб юбордим" деб ёзилган бўлсин", деди. Яна бир киши: "Токи Аллоҳни рўпара қилмагунингча сенга имон келтирмаймиз", деди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлган.

2 СЕНТЯБРЬ КУНИ ОНЛАЙН-ТАЖВИД ДАРСЛАРИ БЎЛИБ ЎТАДИ

2 сентябрь куни тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматовнинг онлайн-тажвид дарсларининг 2-машғулотлари ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 114-сураси бўлган "ан-Нос" сурасининг ўқиш қоидалари ўргатилади.

Онлайн-тажвид дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ

ITV.UZ: https://itv.uz/#!/muslim

Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal

? Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3 сентябрь куни Ҳадис илми мактабига 2020-2021 ўқув йили учун имтиҳонлар ўтказилади. Бу йилги имтиҳонларини ташкил қилиш ва ўтказиш аввалги йиллардагидан кўра ўзгача бўлиши режалаштирилган. Абитуриентлар очиқ майдонларда етарли ўринлар ҳозирланган бўлиб, имтиҳон жараёнлари интернет орқали онлайн узатиб борилади. Бу эса, имтиҳонларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлайди. Шунингдек, олинган билимларни синовдан ўтказиш онларида фарзандига далда бўлиш учун ота-оналар ҳамда шу соҳага қизиқувчилар масофадан туриб имтиҳон жараёнини исталган жойдан тўғридан-тўғри кузатиб ташкилий жиҳатларга баҳо беришлари мумкин бўлади.

Демак, 3 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг MuslimTV жамоаси томонидан узатиладиган тест синовлари жараёнини Youtube медиапорталининг ... канали ва Facebook ижтимоий тармоғининг https://www.facebook.com/muslimuzportal саҳифасида орқали онлайн кузатиб боришингиз мумкин.

Қабул имтиҳонлари жараёнида янада очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида, ITV – интернет телевидения орқали имтиҳонларни жонли эфирда кўриш учун техник имконият ҳам яратиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Олий диний таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди.

Қабул имтиҳонларини карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди.

Ҳадис илми мактаби — 3 сентябр «Ҳадис ва мусталаҳ ал-ҳадис» (ижодий имтиҳон). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси айвон қисми.

4 сентябрь «Ўзбекистон тарихи» (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси ҳовлиси.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти — 7 сентябр «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдон қисми.

Мир Араб олий мадрасаси — 10 сентябр «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Мир Араб олий мадрасаси биноси очиқ айвон қисми.

Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00дан 6:30гача давом этади. 6:30дан 7:00гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.

Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, синовлар бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.

Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши талаб этилади. Имтиҳонга кириш рухсатномасини qabul.muslim.uz портали орқали юклаб олиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Республикада карантин талабларини қисқартириш мақсадида Давлат Раҳбари томонидан берилган кўрсатмаларга мувофиқ Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори эълон қилинди. Унда 2020 йил 5 сентябрдан бошлаб жума намозларини адо этишга рухсат этилган бўлиб, жумаладан қуйидаги карантин талабларига амал қилнади:

  • диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария қоидаларига риоя этиши талаб этилади:
  • жамоавий ибодатни ўтказиш учун ташриф буюрувчилар ўртасида ижтимоий масофани таъминлаш;
  • диний ташкилотлар ходимлари ва ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши;
  • санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;
  • ҳар бир диний ибодатдан кейин бино (хона) ва ундаги жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш.
  • тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритмаслик;
    диний ташкилотларга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик.
  • Кейинроқ қарор матнини тўлиқ эълон қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 31 آب/أغسطس 2020 00:00

БАҚАРА СУРАСИ, 104–105 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقُولُواْ رَٰعِنَا وَقُولُواْ ٱنظُرۡنَا وَٱسۡمَعُواْۗ وَلِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٞ١٠٤

104. Эй имон келтирганлар, "роина" деманглар, "унзурна" денглар ва яхшилаб тингланглар, кофирлар учун оғир азоблар бордир.

Араб тилида "роина" ва "унзурна" сўзлари маъно жиҳатидан бир-бирига жуда яқин: иккови ҳам "бизларга боқ, қара" маъносини билдиради. Лекин яҳудийлар тилида "роина" сўзининг қўпол маъноси ҳам бор, улар мазкур сўзни қўллашганида ёмон ниятда уни ўша маъносига ўхшатиб талаффуз қилишган. Атонинг ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Эй Муҳаммад, роина" деб кулишарди. Ансорийлардан Саъд ибн Убода яҳудийлар тилини биларди. У киши яҳудларнинг бу найрангини фаҳмлаб қолди ва: "Эй Аллоҳнинг душманлари, сизларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Аллоҳга қасамки, агар шу сўзни бирортангиздан эшитсам, ўлдираман", деди. Шунда Аллоҳ шу оятни нозил қилди". Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда "роина" дейишдан қайтариб, "унзурна" дейишга буюрган.

مَّا يَوَدُّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ وَلَا ٱلۡمُشۡرِكِينَ أَن يُنَزَّلَ عَلَيۡكُم مِّنۡ خَيۡرٖ مِّن رَّبِّكُمۡۚ وَٱللَّهُ يَخۡتَصُّ بِرَحۡمَتِهِۦ مَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ ذُو ٱلۡفَضۡلِ ٱلۡعَظِيمِ١٠٥

105. Аҳли китобларнинг кофирлари ва мушриклар Парвардигорингиздан сизларга бирор яхшилик тушишини асло исташмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳматини хослаб беради ва Аллоҳ буюк фазл эгасидир.

Бутун Ислом тарихи мобайнида Аҳли китобларнинг кофирлари ва мушриклар мўмин-мусулмонларга ҳамиша душманлик қилиб, уларга ёмонлик тилаб келишган. Бу йўлда улар ҳар қандай бузғунчилик ва фитнадан, ёвузлик ва хусуматдан қайтишмаган. Улар мусулмонларнинг динлари ва китобларини масхара қилишар, ўз эътиқодларини ҳамма нарсадан устун санашар эди. Муфассирлар бундай ёзишади: "Мусулмонлар яҳудий иттифоқчиларига: "Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирдик" дейишса, улар: "Сизлар даъват қилаётган нарса бизнинг динимиздан яхшироқ эмас. Қанийди, яхши бўлганида, биз шуни хоҳлардик", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло яҳудийларни ёлғончига чиқариб, ушбу оятини нозил қилди".

Мақолалар

Top