www.muslimuz

www.muslimuz

الجمعة, 11 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Ҳаббл космик телескопи

Ҳаббл космик телескопи Ер орбитасидаги автоматик обсерватория бўлиб, астроном Эдвин Ҳаббл номига қўйилган.

Ҳаббл телескопи NASA (АҚШ Аэронавтика ва космик фазовий тадқиқотлар миллий бошқармаси) ва Европа космик агентлигининг қўшма лойиҳаси бўлиб, NASAнинг “катта обсерватория”си туркумига киради.

Ушбу телескоп денгиз сатҳидан 569 км баландликдаги орбитада парвоз қилиб, Ер атрофини 96-97 дақиқада тўла айланиб чиқади. Тезлиги сониясига 7500 метрга етади.

1990 йил 24 апрелда орбитага олиб чиқилган. 2030 йилдан кейин орбитадан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.

Телескопнинг оғирлиги 11 тонна. Диаметри 2,4 метр, фокус масофаси (обеъктив билан окуляр ораси) 57,6 метрни ташкил этади.

У ультрабинафша, кўринадиган (оддий) ва инфрақизил нурланишларни аниқлаб, тасвирга олади. Унинг асосий вазифаси орбитада туриб, Ерга келадиган турли узунликдаги нурларни, электромагнит тўлқинларни аниқлаш, шу орқали турли юлдузлар, галактикалар ва бошқа осмон жисмлари хусусиятини ўрганишдан иборатдир. Атмосфера таъсирининг йўқлиги туфайли Ҳаббл телескопининг ҳал қилувчи кучи, аҳамияти Ердаги унга ўхшаш телескопдан 7-10 баробар юқори.

Мўмин-мусулмон одам атрофини ўраб турган борлиққа, ерда ўсиб турган ўсимликлар, устидаги осмон ва ундаги юлдуз, сайёраларга ибрат назари ила боқиб, бу нарсалар бежизга яратилмаган, ҳар бири ҳикмат билан, аниқ мақсадда яратилган дея тафаккур қилиши лозим.

Оддий кўз билан қараганимизда осмонда ажиб гўзалликларни кўрамиз. Энди самога телескоп орқали назар солсак, осмон жисмларини, уларнинг жозибасини кўриб, Роббимизнинг қудрати олдида нақадар ожиз, заиф эканимизни янада кўпроқ ҳис қила бошлаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لِّأُوْلِي الألْبَابِ

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор”. (Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қоил қолмасдан иложи йўқ.)

“Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: “Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин”. (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар)

 

Википедия маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

11 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Термиз шаҳридаги бунёд этилган Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази биноси билан яқиндан танишдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Термиз шаҳрида Имом ат-Термизий номидаги илмий тадқиқот маркази, масжид, меҳмонхона ҳамда оталар чойхонаси, шунингдек, икки қаватли турар жойлар ва бошқа бир неча хизмат кўрсатиш иншоотлари бунёд этилмоқда.
Муфтий ҳазратлари илмий марказ билан танишар экан у ерда ёш муҳаддислар, олимлар ва илмий тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар ва муҳим тавсияларини бердилар.
“Таъкидлаш жоизки, Термиз азалдан илм-маърифат ва зиё маскани бўлиб келган. Ният қиламизки, бу маскан заминимиздан яна термизийлар, бухорийлар, насафийларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади” – деб таъкидлади муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 11 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Жабрдийдаларга меҳр улашиш энг савобли иш

10 октябрь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан «Меҳр-2» деб аталган операция доирасида 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келинди. Болаларнинг 35 нафари ўғил, 29 нафари эса қиз. Улар орасида 16 нафар 3 ёшгача ва 2 нафар ота-онасидан айрилган болалар ҳам бор.
Ҳеч кимга сир эмас, неча йилдан бери Яқин Шарқда бўлаётган уруш жараёнларига бузғунчи кимсаларнинг сохта даъватига алданиб қолган айрим фуқароларимиз ҳам бўлган. Аммо ота-онасининг нотўғри хатти-ҳаракатларининг жабрини кўраётган норасида болаларнинг ҳам борлиги инсон қалбини ларзага солади.
Уларнинг ичида 1 ёшгача бўлган 1 та, 3 ёшгача бўлган 14 та, 7 ёшгача бўлган 23 та, 12 ёшгача бўлган 21 та, 12 ёшдан юқори 4 та бола бор экан. Уларнинг мурғак қалблари қанча озор чекмади, дейсиз. Онасини соғиниб, ўксиниб, хўрсиниб мунгли кўзларидан қанча кўз ёш оқмади дейсиз, ахир уларнинг айби нима, улар нокас ота-онасининг касрига қолишмадими?!
Шу ўринда, муҳтарам Президентимизнинг топшириғига кўра, мутасадди ташкилотлар Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда ушбу хайрли ишни амалга оширишганини алоҳида қайд этиш керак.
Оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказиб, Ватанга қайтган мурғак болаларга махсус соғломлаштириш марказига жойлаштирилиб уларга барча ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ота-онасининг босган нотўғри қадами оқибатида катта қийинчиликларни бошидан ўтказган маъсум болаларга ҳукумат томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, таълим ва тарбияси учун зарур шароит яратилгани ҳақиқий олибжаноблик бўлди.
Халқимиз табиатан самимий ва тийнати пок элдир. Ўзбекистон давлати, меҳр-оқибатли халқимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам фарзандларини ўз ҳимоясига олиб, қўлидан тутиб қолишга қодир. Яъни, давлатимиз қуролли тўқнашувлар давом этаётган ҳудудларга жоҳил ота-она туфайли бориб қолган бегуноҳ болаларни бундай қийин вазиятларга ёлғиз ташлаб қўймайди.
Зеро, Ислом динимизда ҳам ёш болаларга меҳр-оқибат кўрсатишга тарғиб этилган. Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Шунингдек, жабру ситам кўрган инсонларга мамнунлик бахш этиш ҳам савобли амал экани таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар. Демакки, бундай ёш болаларни оловли минтақалардан халос этиб, уларнинг вайрон бўлган кўнгилларини шод этиб, дилларига хурсандчилик улашиш дини мубинимиз нуқтаи назаридан энг савоби улуғ амаллардан эканига шубҳа йўқ.
Буюк мутафаккир боболаримиз айтганидек:
Бир ғариб кўнгилни қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзинқилгандан обод.
Бундай инсонпарварлик ишларидан она-Ватани бағрига етиб келган ёш болалар ҳам элимиз ҳам ғоят мамнун. Зеро, меҳр-мурувват, бағрикенглик бўлган юртнинг ҳаёти файзли, келажаги нурафшон бўлади.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

11 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига ташрифларининг иккинчи кунини Термиз шаҳри яқинидаги “Султон Саодат” мажмуаси зиёрати билан давом эттирдилар. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, мазкур қадамжода мангу қўним топган Термиз саййидлари ҳақига бағишланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур мажмуада қурилиши режалаштирилган янги жоме масжид ва мажмуа лойиҳаси билан яқиндан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳига ҳам ташриф буюрилди. Мажмуада аввал Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, улуғ аждодларимиз руҳига бағшида этилди ва элу юрт фаровонлигини тилаб эзгу дуолар қилинди.
Маълумки, муҳтарам Президентимиз тавсиялари асосида Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи тубдан қайта таъмирланиб, бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида ҳудуддаги бино-иншоотлар ҳам янгиланди.
Бугун бу ерга келган кишининг баҳри дили очилади. Атрофдаги ободончилик ишлари кўзни қувонтиради. Айниқса, мажмуанинг тунги кўриниши янада жозибалидир.
Муфтий ҳазратлари ташрифлари чоғида мажмуани янада обод қилиш ва зиёратчиларга қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш борасида мутасаддилар билан фикр-мулоҳазалар алмашдилар. Бундай ишлардан Термизий бобомизнинг руҳи шод бўлиши, бу масканга келган одамнинг руҳи қувват олиб, эътиқоди мустаҳкамланишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 11 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Жамоат намозига шошилиш

Намозни жамоат билан ўқиш муҳим фазилатли амалдир. Салафи солиҳларимизнинг намоз билан боғлиқ ҳолатларини бирма-бир келтириб ўтамиз. Зеро, улар намозни жамоат билан адо этишга ҳарис эдилар.

Улар намозни бошиданоқ, “такбири таҳрима”сиданоқ имом билан бирга киришишга ҳарис эдилар.

Улар намознинг арконларини, фарз, вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўйишга жуда ҳам ҳарис эдилар.

Улар намозларини хушуъ ва хузуъ билан адо этишга ўта ҳарис эдилар.

Ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, намоз мўминларнинг кўз қувончларидир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Намоз билан бизларни роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Бизнинг бугунги кундаги ҳолатимизнинг тили эса, “Намозимни тезроқ ўқиб олсам” дейди.

 Салафи солиҳлар намозни жамоат билан ўқишга қанчалик жон куйдиришлари тарих саҳифаларига битиб қолдирилган.

“Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан саҳобаларнинг жамоат намозига қанчалик эътибор беришлари жонли суратларда шундай нақл қилинади: “Биз намоздан фақатгина нифоқи очи-ойдин ошкор бўлган мунофиқгина кеч қолади деб ўйлар эдик”.

Таналари соғ бўлса ҳам бомдод намозидан ухлаб қолувчилар эртага Аллоҳнинг ҳузурида қандай узрларни айтар эканлар-а?!

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Қир йил бир вақт намозни ҳам жамоатсиз ўқимадим”.

Рабиъ ибн Хусайм раҳимаҳуллоҳни масжидга олиб борилар эди. Чунки, у кишида фалаж касаллиги бор эди. Шунда ёнидагилар у кишига “Сизга рухсат берилган-ку, уйингизда ўқисангиз бўлмайдими?” дейишди. У зот: “Мен “Ҳаййа алас солаҳ” ни эшитаман. Қандай қилиб бўлса ҳам намоз учун масжидга боришга имкон топсангиз, боринглар. Ҳатто эмаклаб бўлса ҳам, судралиб бўлса ҳам боринглар” деб жавоб бердилар.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр жон талвасасида ётган чоғларида муаззиннинг овозини эшитдилар ва: “Мени қўлимдан тутиб масжидга олиб боринглар” дедилар. У кишига: “Ахир сиз касалсиз-ку?!” дейишганда, у зот: “Аллоҳнинг чорловчисини эшитдим, энди қандай қилиб унга жавоб бермайман?!” дедилар. Кейин у кишини қўлларидан тутиб, масжидга олиб боришди. Масжидда шом намозига имом билан бирга киришдиларда, бир ракат ўқиб, жон бердилар.

Саъид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ агар намозни жамоат билан бирга ўқий олмасалар, йиғлар эдилар.

Ҳа, улар жамоат намозига улгура олмай қолишса, йиғлашар эди.

 “Саҳиҳи Муслим”да шундай ривоят келтирилган: “Бир қавм агар намозга кеч келишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ ҳам уларни охирига суриб қўяди”.

Ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Нававий шундай дейдилар: “Улар биринчи сафдан кеч қолаверганлари учун Аллоҳ таоло уларни Ўзининг раҳматидан ёки улкан фазлидан, мартабанинг юксалишидан, илмдан ва бошқа нарсалардан ортга суриб қўяди”.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мусулмон бўлганимдан бери намозга иқомат айтилаётганда, доимо, таҳоратли ҳолда бўлдим”.

Муҳаддислардан бўлмиш Иброҳим ибн Маймун заргарлик билан шуғулланар эдилар. Болғаларини кўтарган пайтда азонни эшитиб қолсалар, ўша заҳоти болғани қўйиб, намозга чиқиб кетар эдилар.

Саъид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззиннинг азонини масжидда туриб эшитдим”.

Бир ҳадисда шундай дейилган: “Ким қирқ кун “такбири таҳрима”ни имом билан топиб жамоат билан намоз ўқиса, унга иккита омонлик ёзилади: дўзахдан омонлик ва мунофиқликдан омонлик”. Термизий ривояти.

Аъмаш раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у кишининг ёшлари етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳеч “такбири таҳрима”дан ортда қолмаган эканлар.

Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар “такбири таҳрима”га бепарволик қилаётган одамни кўрсанг, ундан қўлингни юв”. Яъни ундан узоқлаш.

Ҳа, салафи солиҳларимизнинг намозга ҳарисликлари, намозга эрта боришга уринишлари мана шундай эди.

Бизчи? Биз ҳам намозга эрта бориш учун бир-биримиз билан мусобақа қиламизми? Биз имом билан бирга такбири таҳримани топишимиз у ёқда турсин, узрсиз жамоатдан кеч қоламиз ёки узрсиз жамоатга келмай, намозимизни уйда ўқиймиз. Бизнинг ушбу кеч қолишимизга айтадиган узрларимиз ўргимчакнинг уясидан ҳам заифроқ, бўшроқ маънодаги узрлардир.

Аллоҳ таоло бизга ҳиммат ва ғайрат берсин! Намозини ўз вақтида жамоат билан масжидда адо этадиганлардан қилсин! ОМИН!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top