muslim.uz

muslim.uz

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этганлари ҳақида қайғули хабар берган эдик.
Муфтий ҳазратларининг жаноза намозлари ва таъзия маросимлари 2021 йил 16 август, душанба куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида адо этилади.
Жаноза намози вақтини қўшимча хабар қиламиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига кириш РУХСАТНОМАСИни Диний идоранинг qabul.muslim.uz сайти ва @qabulmuslimuz_bot ёки @qabulmuslimuz2_bot телеграм ботлари орқали юклаб олишлари мумкин. Бунинг учун абитуриент паспорт серияси ва рақамини тегишли жойга ёзади ва рухсатномани олади.
Мадрасаларга Абитуриентлар тест синовларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва рухсатнома билан келишлари талаб этилади. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди.
Қабул имтиҳонларига оид энг сўнгги маълумотларни диний идоранинг https://t.me/muslimuzportal телеграм канали орқали хабардор бўлиб боринг!
Эслатма: Имтиҳон рухсатномасини олиш учун qabul.muslim.uz сайтидаги "Ariza holatini tekshirish" банди орқали аризангиз ойнасига киришингиз ҳамда "Imtihon ruxsatnomasini yuklab olish" тугмаси орқали юклаб олишингиз мумкин.
@qabulmuslimuz_bot ёки @qabulmuslimuz2_bot телеграм ботлари орқали эса паспорт серияси ва рақами ёзилади ва юклаб олинади

الأحد, 15 آب/أغسطس 2021 00:00

ОҒИР ЖУДОЛИК

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар.

Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларини Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло ҳазратимизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан муфтий Усмонхон Алимовнинг оила аъзолари, фарзандлари, сафдошлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши

السبت, 14 آب/أغسطس 2021 00:00

Ижтиҳод икки турли бўлади..

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ 

السبت, 14 آب/أغسطس 2021 00:00

Терроризм тўғрисида нима биламиз

Маълумки, терроризм ва экстремизм балолари нафақат бугунги кунда, балки у мавжуд бўлган барча замон ва маконларда инсоният ва жамият учун том маънодаги фожиа бўлиб келган.  Бугунги нотинчликлар ҳукм сураётган минтақаларнинг деярли барчасидаги барқарор вазиятни издан чиқарувчи омиллари ҳам мазкур икки нарсадир.

Бу атамаларга кўплаб таърифлар берилган бўлса-да, уларнинг асл мазмун-моҳияти нотинчлик ва беқарорликни келтириб чиқариш, инсонлар қалбига қўрқув ва ваҳима  солиш, уларни жисмонан йўқ қилиш, зўравонлик йўли билан ҳокимиятга интилиш каби салбий унсурлардан иборатдир. Экстремизм ва терроризм биргаликда, бир маслакка хизмат қилувчи  икки унсур деб қараладиган бўлса, экстремизм кўпроқ ғоявий ва назарий, терроризм эса кўпроқ ҳаракат жиҳатларига мос келади. Экстремизм барча динларда, масалан, буддизм, христианлик, исломдаги норасмий оқимларда учраб туради. Франция Фанлар академияси XVIII асрда чоп этган луғатида терроризмни «қўрқитиш тизими» деб таърифлайди. Бошқа гуруҳ олимлар терроризмни «ҳаракат орқали тарғибот» деб атайдилар. Айрим манбаларда эса терроризмга «қўрқитиш сиёсати» дея нисбат берилади. Кўриниб турибдики, террор ва қўрқув – эгизак тушунчалардир.

Террорчилик бир сиёсий атама сифатида, қурол сотиш, наркобизнесни ривожлантириш, конституцион тузумларни ағдариш ва бошқа тубан мақсадларга эришиш учун, айтиб ўтилган турли жиноий йўллардан фойдаланишни зарур ва жоиз деб биладиган кимсалар ва ташкилотларнинг йўл-йўриғидан иборат.

Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас, аксинча ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Унинг тарихи қон билан ёзилган. Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар, бу қабиҳ ишга қўл урадилар.

Муқаддас Ислом динини ҳам ниқоб қилиб олганлар экстремистик ва террористик ҳаракатлар бўлиб, улар ўз олдиларига исломнинг аслига қайтишни ва халифалик давлати қуришни куч ишлатиш йўли билан амалга оширишни мақсад қилган оқимлардир. Бундай оқим ва ҳаракатлар диний мутаассибликка асосланган бўлиб, муайян мазҳаб таълимотига қаттиқ ёпишиб олиш оқибатида юзага келади ва кўпинча муайян сиёсат ва иқтисодий манфаатларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ислом дини доирасида вужудга келган илк экстремистик оқим — Хорижийлар бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳу ўртасидаги “Сиффийн” жангида музокара ва келишиш орқали тўхтатиш сиёсатига Али розилик бергани учун унинг қўшинидан унга қарши ажралиб чиққан гуруҳдир.

Хорижийларнинг дастлабки вакиллари саҳровий араблар бўлиб, илм-маърифатдан йироқ, лекин ўзларини диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар эди. Уларнинг илми бўлмаганлиги сабабли, ўзларига ёққан нарсага ёпишиб олиб, бошқа нарсаларни рад этар ва бошқаларни нуқсонда айблар эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эдилар.

Хорижийлардан бири Абдураҳмон ибн Мулжам 661 йилда хулафои рошидийнларнинг тўртинчиси Ҳазрати Али ибн Абу Толибни ярадор қилиб ўлдирди. Хорижийлар умавийлар ва аббосийлар халифалигига қарши уруш олиб бориб, жуда кўп мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлди. Улар давлат учун ҳар доим катта муаммоларни келтириб чиқариб, ҳар доим мамлакатда фитна ва беқарорликни қўзғатиб турарди.  Замонлар ўтиши билан улар барча ислом жамоасининг қаршилигига учради.

X асрда ўрта Шарқда Ҳамдон ал-Ашъас Шиа мазҳабининг Исмоилия йўналиши доирасида «Ал-Қаромита» (яна бир номи “Қирмитийлар”) деб аталган диний-сиёсий ҳаракатга асос солди. Бу ҳаракат вакиллари бошқа мазҳаблар тарафдорларини ўлдириш сиёсатини олиб борди. 317 ҳижрий санада қирмитийлар Ислом дунёсида мисли кўрилмаган жиноятга қўл уришди. Уларнинг бошлиғи Абу Тоҳир 600 отлиқ ва 900 пиёда билан Муқаддас Макка шаҳрига кириб қатл ва талончилик ўтказди. Ҳажарул асвад ва Каъбадаги бошқа муқаддас нарсалар, жумладан олтин тарновни талашди. Хожа Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарида ёзилишича ушбу фожиада 30000 мусулмон, жумладан 1900 киши Ҳарам ичида шаҳид қилинган.

XII аср бошида исмоилийлардан Ҳасан Саббоҳ (1124 й.в.э.) ва унинг тарафдорлари ўз диний ғоялари ва сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун қурол ишлатиш, қатл қилиш, йўлтўсарлик, террорчиликдан фойдаланиб келган. Улар гашиш (гиёҳвандлик моддаси)ни қўллаш йўли билан фидойиларни тарбиялаб, ўз мухолифларини ўлдиришга буюрган. Унда фидоийга кўп миқдорда гашиш ичириб уни бехуш қилар, сўнгра уни беҳиштсимон бир жойга олиб бориб, бир муддат айшу ишрат ва маишатда ўтказгандан кейин қайтариб аввалги жойига олиб келарди. Фидоий ўзига келганда бу нарса унинг ҳаёлида мангу қолиб, шу йўлда жон фидо хизмат қилишга ундарди. Улар дин ва давлат арбобларидан 48 кишини террор қилганлар. Жумладан, Аббосий халифалардан Ал-Мусаршид, Ар-Рашидларни, уларнинг ашаддий душмани Хожа Низомулмулк ва унинг икки ўғли Аҳмад ва Фахрулмулкларни террор қилишган.

Уларнинг асосий қароргоҳи ва маркази Аламут қалъаси (Эрон)да бўлган. Кейинроқ Аламут қалъаси мўғил саркардаси Хўлагу томонидан забт этилиб, уларнинг террорчилик ва сиёсий фаолиятига барҳам берилди.

Шу билан VII асрнинг II-ярмидан XIII асрнинг I-ярмигача ислом дунёсида давом этган  диний экстремистик ҳаракатлар инқирозга учраган бўлса ҳам, орадан 5 аср ўтиб, XVIII аср ўрталарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1794) томонидан Арабистон ярим оролида “Ваҳҳобийлик” номи билан аталган диний-сиёсий экстремистик ҳаракат, 1928 йил Мисрда Ҳасан ал-Банно томонидан “Иҳвонул муслимин” ҳаракати, 1952 йилда Фаластинда Тақиюддин Набаҳоний бошчилигида “Ҳизбут таҳрир ал исломий”, «салафийлик», «ИШИД» ва шу каби кўплаб оқимларга асос солиндики, бу ҳам бўлса, ёвузликка хизмат қилган эски ота-боболарининг изидан борувчи, замонга ҳамоҳанг ҳолатда уларнинг бузғунчилик фаолиятларини давом қилдирувчи, бутун дунё тинчлигига раҳна солувчи янги бир ёвузлик жамоасини вужудга келтирди.

Мазкур жамоаларнинг деярли кўпчилик қисми бутун дунёда Ислом халифалигини барпо этишни ўзларига шиор қилиб, қилаётган амалиятлари бунёдкорлик ўрнига фақатгина бузғунчилик ва қирғиндан иборатлигига бутун дунё гувоҳ бўлишмоқда. Ҳеч бир замон ва маконда эшитилмаганки, мазкур жамоалар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоат, мактаб, масжид ёҳуд бошқа нарса бунёд қилинганлиги ҳақида. Бунинг аксига улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоатлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлишган.

Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.

Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Шулардан келиб чиққан ҳолда тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, террорчи ва экстремистлар бу дунёдаги ёвузлик меросхўрларидир. 

 

М.Хабибуллаев

Гурлан туман бош имом-хатиби

Мақолалар

Top