muslim.uz

muslim.uz

#мақола (Биринчи қисм)

Ўзича амал қилмаслик ёки мазҳабга тўлиқ амал қилишнинг вожиблиги.

Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783–1836) раҳимаҳуллоҳнинг “Уқуду расмил муфтий” асари фатво чиқариш қонун-қоидаларини ўқиб-ўрганишда ҳанафийларнинг асосий китоби ҳисобланади. Унда имом Ибн Обидин умумий қоида ва тамойилларни баён қилади. Бу китобнинг ҳанафийлар орасида обрўси баланд эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, мен ундаги қонун-қоидаларни очиқчасига рад қилган бирор таниқли уламони билмайман. Мақоланинг давомини тушунишга ёрдам бериши учун мазкур китобдан бир неча тезисларни қисқача қилиб келтириб ўтаман.

1. Ўзи истаган қараш ёки фикрга эргашиши мумкин эмас.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво (жавоб) бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. На ўзи амал қилиши ва на бировга фатво бериши учун истисно ҳолатлардан бошқасида кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.
Шунингдек, “Шифа ал-илал” номли рисолада Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Қосим Қутлубуғонинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.

2. Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин.

Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.
Муаллиф ўша муносиб кишилар ким эканини шундай изоҳлайди: “Яъни таржиҳ аҳли. Бу нарса ҳар қандай олимнинг ҳам таржиҳи яроқли бўлавермаслигига ишора қилади”.

⚠️ (давоми бор)

© Азизбек ХОЛНАЗАРОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларининг қишки таътил даври 2024 йил 7 январга қадар этиб белгилангани муносабати билан таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ўқув даргоҳларининг 250 дан зиёд профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходими учун ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур ўқув-семинарларга Фан ва инноциялар вазирлиги малакали мутахассислари, Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ давлат университети қошидаги марказ, Наманган, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз давлат педагогика университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат тил ва адабиёт университети профессор-ўқитувчилари жалб этилган.

Ушбу семинарларда ўқув жараёнига оид меёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, замонавий педагогик технология ва методлар, ихтисослик фанларига оид машғулотлар олиб борилмоқда.

Мазкур малака ошириш курслари таълим-тарбия соҳасидаги сўнгги педагогик технологиялар билан таништириш, таълим сифатини янада ошириш, ўқитувчиларнинг ўз устида тинисиз ишлаши ва ўзаро тажриба алмашувига эришиш мақсадида ташкил этилди.

Ўқув-семинарлар якунида тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду сано ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи баракотуҳ

 

Яратганга шукрки, 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш, диний таълим сифатини ошириш ва мусулмон олами билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича салмоқли натижаларга эришди.

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор натижасида улкан муваффақиятлар ва янгидан-янги ютуқларга эришилди.

Келинг, диний идоранинг асосий фаолият йўналишларига тўхталсак. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан идора қошида Фатво маркази ташкил этилган эди.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган, барча зарур шарт-шароитга эга марказда 20 нафар забардаст уламо ва соҳа мутахассислари фаолият олиб бормоқда. Йил давомида аҳолидан келган 225 минг саволга жавоб берилди. Шуларнинг 155 мингтаси Колл-марказга, 12 мингтаси юзма-юз мулоқот асосида берилган, қолган 58 мингтаси эса сайт ва бот орқали йўлланган саволларга берилган жавоблардир.

Шундай савол-жавоблар асосида 500 фатво жамланиб, “Фатволар тўплами”нинг 1-жилди, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалаларга ечимлар” ва “Таҳоратга оид фатволар тўплами” каби китоблар нашр этилди.

Имом-хатиблар фойдаланишлари учун 54 та жума мавъизаси ва 27 та илова тезис тайёрланди.

Марказ хорижий давлатлар фатво идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Миср Араб Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилган “Фатво ва учинчи минг йиллик муаммолари” номли халқаро анжуманда Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мусулмон уммати учун энг муҳим масалаларни илгари сурдилар.

 

Аллоҳга шукрки, 2023 йилда юртимизда 13 та янги масжид очилди, шу билан сўнгги йилларда очилган масжидлар сони 90 тага етди. Мамлакатимиздаги умумий жомелар сони эса 2131 тани ташкил этди.

Йил мобайнида 75 та масжид биноси, 78 та таҳоратхона янгидан барпо этилди. Шунингдек, 43 та масжид ва 20 та таҳоратхона капитал таъмирланди. 2023-2024 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”га кўра, икки йил давомида 161 та масжид биносини қайта қуриш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган масжидларнинг дислокацияси, яъни жомеларнинг манзиллари бўйича жойлашув харитаси ишлаб чиқилди. Ушбу харита янги масжидларни очиш ва мавжудларининг мақомини ўзгартиришда жуда қўл келмоқда.

Имом-домлалар халқимизни ҳидоятга чорлаш, ибодатларини рисоладагидек адо этиш ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда фаоллик кўрсатмоқдалар. Улар телевидение-радио, босма ва электрон нашрлар орқали 180 мингдан зиёд чиқишлар қилиб, 233 минг маърифий тадбирларда иштирок этди. Шунингдек, 16 номда диний адабиётлар чоп этишди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йил давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига ташриф буюриб, у ердаги масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти билан танишиб, мўмин-мусулмонлар билан самимий мулоқот қилдилар.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 800 нафарга яқин имом-хатиб ва 300 нафар имом ноиби касб маҳоратини оширди.

Имом-хатиб, имом ноиби ҳамда отинойилардан иборат жами 3080 нафар соҳа ходимларининг касбий билим ва кўникмалари аттестациядан ўтказилди. Натижада уларга олий, биринчи ва иккинчи даражали малака тоифалари берилди.

“Йил имоми” кўрик танловида пойтахтимиздаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов биринчи ўринга муносиб, деб топилди ва унга I даражали диплом ҳамда Ҳаж сафари йўлланмаси тақдим этилди.

Рамазон ойида 2 078 та масжидда таровеҳ намози ўқилди, 1 530 тасида хатми Қуръон қилинди. ва дуолари бутун диёримизда Қадр кечасида хатмоналар якунлангани юртдошларимиз томонидан ўзгача файз ва шукуҳ билан кутиб олинди.

42 нафар имом-хатиб Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида АҚШ, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан маърифий учрашувлар ўтказишди.

Ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва имом-хатиблар томонидан фуқароларни қабул қилиш куни деб эълон қилинди. Йил давомида жами 130 минг нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Масжидларда Қуръони карим хатмларини қилиш ва ҳар жумада хатмона дуоларини ўқиш эзгу анъанага айланди.

Имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд оилалар, ёрдамга муҳтож  кишилар ва “Меҳрибонлик” уйларига қарийб 40 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатишди.

 

Халқимизнинг Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида 2023 йилда 3 та “Қуръон ва тажвид” ўқув курслари очилиб, бундай ўқув курслари сони республикамизда 28 тага етказилди. Ҳозирга қадар 50 мингдан зиёд фуқаро Қуръони каримни тажвид билан ўқиш бўйича билимга эга бўлди.

Имом-хатиблар учун Қироат, муаззинлар учун азон дарслари мунтазам ташкил этилди. Қироат бўйича онлайн ва оффлайн дарсларда қатнашганлардан 25 нафар имомга ижозалар топширилди.

Ўнлаб қориларга Қуръони карим қироати бўйича илмий ижозалар берилди.

Шайх Алижон қори томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жоме масжидлар ҳамда мадрасаларга ташрифларида намозхонлар билан маърифий суҳбатлар, устоз ва талабалар билан самимий учрашувлар ўтказилди.

Қори ва қориялар халқаро Қуръон мусобақаларига тайёрланди. Улар Саудия Арабистони, Кувайт, Жазоир, Иордания, Малайзия, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизистонда ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақаларида муносиб иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 1 та халқаро илмий-тадқиқот маркази, 3 та олий, 10 та ўрта махсус билим юрти ва 5 та илмий мактаб фаолият юритмоқда.

Диний таълим даргоҳлари дарс машғулотларига Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан жами 7 нафар тажрибали мутахассислар жалб қилинди.

Мир Араб олий мадрасаси ва “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси янги замонавий бинога кўчиб ўтди.

Самарали меҳнат қилган 26 нафар педагог-ўқитувчининг ойлик маошига 20 фоиздан 40 фоизгача устама ҳақ тўланди. 62 нафар педагог-ўқитувчига байрам саналарида бир марталик пул мукофоти тақдим этилди.

Икки нафар иқтидорли талаба “Имом Термизий” стипендиясига сазовор бўлди.

30 нафар педагог-ўқитувчи илмий даражага эга бўлиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

2023-2024 ўқув йилида Ҳадис илми мактабига 10 нафар, Тошкент ислом институтига 52 нафар, Мир Араб олий мадрасасига 21 нафар ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 301 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига 60 нафар имом-хатиб ва 60 нафар имом ноиби қабул қилинди.

Жорий йилда диний таълим муассасаларини тамомлаган 334 нафар битирувчидан 307 нафари имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига, қолган 27 нафари эса таълим даргоҳларига ишга йўналтирилди.

“Жаҳолатга қарши маърифат”, “Йилнинг энг яхши Ақоид фани ўқитувчиси”, “Энг яхши китобхон” ҳамда “Ягона олимпиада – 2023” каби мусобақа ва танловлар уюштирилди. “Йилнинг энг яхши Ақоид фани ўқитувчиси” танлови ғолиби Ҳаж йўлланмаси билан тақдирданди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи кенгаш томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,  Жалолидин домла Ҳамрақулов, Тошкент ислом институти катта ўқитувчилари Абдуқодир домла Пардаев ва Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновга исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари хорижий тадбирларда муваффақиятли иштирок этди.

Соҳа ходимлари АҚШ, Россия Федерацияси, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Қатар, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Қирғизистон каби хорижий давлатларда ташкил этилган нуфузли тадбирларда фаол қатнашди. Қатор чет эл дин ва давлат арбобларининг идорамизга ташрифи асносида халқаро алоқалар янада мустаҳкамланди.

Пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари IV йиғилиши ва Бухоро шаҳрида Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган халқаро анжуман юқори савияда ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

 

“Ҳаж – 2023” мавсумида зиёратчилар сони 15000 тага оширилгани қувончли воқеалардан бири бўлди.

“Ҳаж ва умра” маркази томонидан жорий йилда 50 мингга яқин ҳамюртимизга умра хизматлари кўрсатилди.

 

Матбуот хизмати ҳар йилгидан кўра сермаҳсул фаолият олиб борди. ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик туфайли тизимдаги ўзгариш ва янгиликлардан кенг жамоатчилик ўз вақтида хабардор қилинди.

“O‘zbekiston” телеканалидаги “Ҳидоят сари”, “Имом Бухорий сабоқлари”, “Madaniyat va ma’rifat” телеканалидаги “Маърифий суҳбатлар” кўрсатувлари ҳамда “Milliy TV” дастурларида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда таниқли уламолар суҳбатлари тақдим этилди.

muslim.uz сайтининг замонавий студиясида турли дастурларни тасвирга олиш павильони, овоз ёзиш хонаси, виртуал студия, информацион дастурларни тайёрлаш бурчаги, аудио-видео монтаж хонаси, жонли эфир қурилмалари, бошқариш тизими, ўзига хос ёритиш ускуналари ўрнатилган.

Соҳа фаолиятига оид чиқишлар kun.uz, daryo.uz, xabar.uz, uza.uz, gazeta.uz, xushnudbek.uz, qalampir.uz каби марказий ва оммабоп нашрларда ҳам кенг ёритилди.

Миср Араб Республикаси Фатво марказининг daral-ifta.org электрон нашрида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Фатво бериш масалаларига бағишланган мақоласи эълон қилинди.

Саудия Арабистонининг al-diplomasy.com, m.ednews.net ва “Swiftnewz.com” электрон нашрларида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳамкорлик истиқболларига оид материал эълон қилинди.

Катта аудиторияга эга бўлган “ITV.uz” интерактив телевидениесида “MuslimTV” саҳифаси мунтазам фаолият юритмоқда.

“Муфтий минбари”, “Жаҳолатга қарши маърифат” рукнлари остида чиқишлар қилинди. Ҳафта давомида рўй берган муҳим хабарлар “Жумадан жумагача” информацион дастурида доимий ёритиб борилди.

“Ҳаж қўлланмаси” ва “Умра қўлланмаси” номли мобиль иловалар ишлаб чиқилиб, зиёратчиларга тақдим этилди.

Мавлид ойида “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” рукни остида туркум сийрат суҳбатлари онлайн намойиш этилди.

 “Ҳаж – 2023” мавсуми ҳақида “Ўзбекистон 24” телеканалида 43 та лавҳа намойиш этилди ва ижтимоий тармоқларда юзлаб материаллар бериб борилди.

Идора ва унинг ҳудудий вакилликлари, масжидлар ҳамда диний соҳа ходимларининг жами 62 та веб-сайти, 186 та “Meta”, 120 та “Instagram”, 117 та “YouTube” саҳифаси ҳамда 619 та “Telegram” канали фаолият олиб бормоқда.

 

Кутубхона фондида сақланаётган Қуръони карим, тафсир, ҳадис, ақоид ва фиқҳ бўлимларига оид 1533 дона нодир қўлёзма китоблар электрон рўйхатга олинди.

“Мўйи Муборак” музейида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи, Катта Лангар Қуръони ва бошқа ноёб китобларнинг сақланиш ҳолати мунтазам назорат қилинди.

Франциянинг дунёга машҳур Лувр музейида ташкил этилган Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмасида ва Саудия Арабистони Жидда шаҳрида ўтказилган I Халқаро Ислом санъати биенналесида кутубхона фондида сақланаётган Катта Лангар Қуръони саҳифалари намойиш этилди.

 

Отинойиларимиз жойларда аёллар ўртасидаги диний маросимларни тартибга солиш, аёлларнинг диний-маърифий савиясини юксалтириш орқали соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган ишларни амалга оширди.

Уларнинг диний ва дунёвий билимларини ошириш мақсадида, Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ҳар ойда қисқа муддатли ўқув-семинарлари ўтказилди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2300 нафардан зиёд эҳтиёжманд фуқароларга қарийб 4 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу моддий ёрдамлар кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчиси йўқ ва имконияти чекланган юзлаб оилаларга етказилди.

Мана шундай оилалар учун “Суннат тўйи” ўтказиб берилди. 600 нафар болага мактаб формаси ва ўқув қуроллари тақдим этилди. 1000 дан зиёд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Рамазон ойида 300 нафардан зиёд болажонларга ширинлик туҳфа этилди.

Рамазон ойида масжидларга ифторлик учун 6 500 қутидан зиёд хурмо тарқатилди. Қурбонликда қарийб 900 бош қўй ва қорамол қурбонлик қилиниб, гўшти тарқатилди.

Куз-қиш мавсумида озиқ-овқат маҳсулотлари, мавсумий кийим-кечаклар, санитария жиҳозлари ва бошқа турдаги зарур буюмлар чекка ҳудудларга юборилди.

 

“Маърифат улашиш энг эзгу амал” шиорини маҳкам тутган “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ҳидоят” журнали 86600 нусхада, “Мўминалар” журнали 32000 нусхада ҳамда “Ислом нури” газетаси 13000 нусхада чоп этилди.

Диний соҳа вакиллари томонидан жами 117 та диний-маърифий адабиётлар нашр этилди.

 

“Яхши дам меҳнатга ҳамдам” дейдилар. Касаба уюшмаси идора ходимларига мазмунли дам олишлари ва соғлиқларини тиклашлари учун турли сиҳатгоҳларга йўлланмалар берди.

Фахрийлар кенгаши диний идора тизимида узоқ йиллар хизмат қилган ва ҳозирда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатиб, уларнинг бир гуруҳи умра зиёратига бориб келишига кўмаклашди.

 

Идора ва унинг тизимидаги барча муассасаларда ходимларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва аҳиллиги таҳсинга сазовор. Уларнинг ишга бўлган масъулиятлари янада оширилиб, малакали кадрлар билан таъминланди. Иш юритишда ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилинди. Барча ташкилотлар молиявий ҳамда хўжалик фаолияти тартибли юритилишига эришилди.

 

2023 йилда идорага келган 5660 та ҳужжатларнинг ижроси таъминланди. Электрон почтага келиб тушган 1770 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Соҳа фаолиятига доир 160 та буйруқ расмийлаштирилди.

Иш жараёнларини рақамлаштириш ва ягона электрон тизимга уланиш мақсадида, янги дастурлар ишга туширилди, 36 нафар мутахассиснинг касб маҳорати оширилди.

 

Мана шундай кенг кўламли ишлар мамлакатимиз ва халқаро миқёсда муносиб эътироф этилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари 2023 йил июнь ойида Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзолигига қабул қилиндилар.

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси томонидан “Ынтымак” (Бирдамлик) ва Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг “Уммат олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотландилар.

Бир гуруҳ диний соҳа ходимлари “16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Қозоғистонда ўтказилган анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековга “Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг ҳурмат медали” топширилди.

2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муҳтарам Президентимиз қуйидаги илиқ сўзлари барча соҳа ходимларини янада куч-ғайрат билан ишлашга ундади.

Аллоҳ таоло Ислом дини равнақи ва мўмин-мусулмонлар фаровонлиги йўлида қилинаётган хизматларни ҳусни қабул айласин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи баракотуҳ!

Мақолалар

Top