muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 10 май куни Бухоро шаҳрида "Исломда бола ҳуқуқлари" мавзусида икки кунлик семинар бошланди. Семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитадан вакиллар, шунингдек БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода жаноблари ҳамда Бола ҳуқуқлари ва Ислом таълимоти йўналишида ЮНИCЕФ эксперти, ЮНИСЕФнинг Грузиядаги ваколатхонаси раҳбари Ҳассан Ҳалил иштирок этмоқдалар. 

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 10 أيار 2023 00:00

Дуо қабул бўлишининг одоблари

Аллоҳ таоло “Ғофир” сурасида бундай марҳамат қилади: “Менга дуо қилинглар. Дуоларингизни ижобат қиламан”. Бақара сурасида эса: “Агар бандам Мен ҳақимда Сиздан сўраса, эй Муҳаммад алайҳисалом, мен унга яқиндирман. Дуо қилгувчининг дуосини қабул қиламан”, деб марҳамат қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида гапириб, “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, деганлар.

Дуо ижобат бўлиши учун унинг одоблари ва қоидаларини билиш талаб этилади. Булар қуйидагилар:

  1. Ейиш-ичишда ҳаромдан узоқ бўлиш ва ҳалол луқмага одатланиш.
  2. Аллоҳга ихлос билан дуо қилиш. Ихлос дуо одоблари ичидаги энг улуғ тушунчаларидан бири бўлиб, у иймоннинг гавҳари ўлароқ, дуо ижобат бўлишида муҳим. Ихлоссиз қилинган дуонинг самараси бўлмайди.
  3. Таҳоратли бўлиш. Дуо қилган инсоннинг покиза ҳолатда бўлиши сўралган истаклар ижобатида катта аҳамиятга эга.
  4. Қиблага юзланиб дуо қилиш. Аллоҳга ибодат қилишда қараладиган томонга юзланиб, дуо қилиш ҳам саодатли амаллар сирасидандир. Бу дуолар ижобатида катта ўрин тутади.
  5. Аллоҳга ҳамду сано айтиб дуо қилиш.
  6. Пайғамбар алайҳиссаломга салом ва салавот айтиш.
  7. Икки қўлни кўкрак баробар ёзиб кўтарган ҳолда дуо қилиш.
  8. Одоб билан, хушуъ-хузуъ, сакинат билан Аллоҳ таолодан қўрққан ҳолатда дуо қилиш. Чунки у бутун оламларнинг Робби, барча маҳлуқлар Яратувчиси, ҳар бир бандасини ризқлантирирувчи Зотга дуо қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Унга тазарру қилган ҳолатда дуо қилишни буюрди.
  9. Унинг улуғ исмларини тилга олган ҳолда дуо қилиш. Аллоҳ таоло Ўз каломида “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга гўзал исмлар билан дуо қилинглар”, деб марҳамат қилди.
  10. Ўз гуноҳларини эътироф қилиб, тавба-тазарру қилган ҳолда дуо қилиш.
  11. Қатъият, рағбат ва жидду жаҳд билан Аллоҳдан сўраб, дуо қилиш.
  12. Қалбни дуога ҳозирлаб, илтижо билан Аллоҳдан сўраш.
  13. Дуони қайта-қайта, такрор-такрор сўраш.
  14. Дуо қилганда шошмаслик. Яъни “Аллоҳдан сўрагандим, дуоим қабул бўлмади”, демаслик. Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳисалом айтдиларки, “Сизларнинг бирортангиз дуо қилсангиз, бу дуо, албатта ижобат бўлади. Агар шошилмасангиз”.
  15. Дуолар қабул бўладиган улуғ вақтларни кутиб, ўша чоғда дуо қилиш.
  16. Бу шундай ҳолатларни ғанимат билиб дуо қилишликки, сажда вақти, ёмғир ёғаётган пайтларда ўзини камтар тутган ҳолда Аллоҳдан сўраш.

Дуонинг ижобат бўладиган вақтлари ва ҳолатлари ҳам мавжуд. Айнан шундай вақтларда қилинган дуоларнинг ижобат бўлиши айтилади.

-Қадр кечасида қилинган дуо;

-Арафа кунида қилинган дуо;

-Рамазон ойларида қилинган дуо;

-Жума куни кечаси қилинган дуо;

-Жума куни қилинган дуо;

-Кечанинг ўртасида қилинган дуо.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади, Ё Расулуллоҳ! Дуоларнинг қайси бири қабул бўлувчироғидир?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Кечаси туриб, дуо қилишлик ва фарз намозлари кетидан қилинган дуолардир”, деб жавоб бердилар.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

8 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода жаноблари ҳамда Бола ҳуқуқлари ва Ислом таълимоти йўналишида ЮНИCЕФ эксперти, ЮНИСЕФнинг Грузиядаги ваколатхонаси раҳбари Ҳассан Ҳалил билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда Уйғун домла Ғофуров юртимизда болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш айниқса, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида яқиндан ҳамкорлик самарали кечаётганини қайд этди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳам мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг аҳамияти юқори экани, айниқса, ҳамкорлик дастурларида болалар ва оналар фаровонлигини ошириш, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган фаолият эътиборга молик эканини таъкидлади.
Бола ҳуқуқлари ва Ислом таълимоти йўналишида ЮНИCЕФ эксперти, ЮНИСЕФнинг Грузиядаги ваколатхонаси раҳбари Ҳассан Ҳалил самимий қабул, хайрли тилак ва мазмунли нутқ учун миннатдорлик билдирди. У ўз сўзида болалар ҳуқуқларини таъминлашда диний соҳа вакиллари ёрдамига эҳтиёж катта эканини қайд этди. Бола ҳуқуқлари бўйича конвенция айнан Ислом дини тамойилларига тўлиқ мос келишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда доирасида Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция ўтказиш бўйича берган таклифи қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 10 أيار 2023 00:00

Инсон хотираси азиз

Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг азизу мукаррами шубҳасиз, инсондир. Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (“Исро” сураси, 70-оят) деб марҳамат қилинади. Шу боис ҳам, динимиз аҳкомлари, муқаддас китобларимизда ибодат, имон масалалари билан бир қаторда инсонни улуғлаш, инсоний муносабатларнинг олий даражада бўлишлиги назарда тутилади.

Ҳаётда ота-онамиз, яқинларимиз, умуман, атрофимиздаги инсонларнинг қадрига етиш билан бирга, ўтганларни эслаш, хотирлаш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.  

Фоний дунёдан ўтиб кетган ўз яқинларимиз – марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш инсоний бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Банда ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш, турмуш кечириш хайрлидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Айтинг: “Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!” (“Рум” сураси, 42-оят) деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан кўринадики, ўтмишда ўтган кишилар ҳаётини, қилган эзгу амалларини ўрганиб, яхшиликларидан ибрат олиб, хатолардан хулоса чиқариб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилиш келажакнинг салоҳиятли бўлишида муҳим роль ўйнайди.  

Бу хусусида жуда кўп оят ва ҳадислар бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар (Термизий ривояти). Демак, инсон вафот этгандан сўнг одамлар уни яхши сифатларини эслаши учун энг аввало, ҳар бир банда тириклигида Аллоҳ рози бўладиган амалларда бардавом бўлиши, эзгу ва хайрли ишларни бошидан тутиши лозим бўлади.  

Кимки, ҳаётлик даврида ҳалол ва ҳаромга этибор бермаса, инсонларга турли зиён-заҳматлар етказса, кишилар орасида хар хил ихтилоф ва фитналар чиқарса, албатта, бундай инсонни ҳеч бир кимса яхшилик билан эсламайди. Бу эса ўша каби  инсонларни номаи амолига ёзилиши мумкин бўлган савоблардан, унинг хайрли ишлари, ибратли амалларини эслаб, қилинадиган дуолардан бебаҳра қолишни англатади.  

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳамад алайҳиссалом: “Сизларга қабрларни зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Термизий ривояти). Қабристонга бориш, ўтганларни зиёрат қилишликнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор.  Мангу оромгоҳда ётган мархумларни ўйлаб, улардан ўгит ва ибрат олишимиз лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаган, турли амалларни адо этган. Бугун эса орамизда йўқ. Бу ҳар бир инсонни шубҳасиз, тафаккурга, мулоҳазага ундайди. Шу боис ҳам, қабристонга қадам ранжида қилганимизда руҳимизда, жисмимизда ўзгача туйғулар жўш уради. Зотан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир” дедилар (Табароний ривояти).  

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга кирганда: “Сизга салом, эй қабристон аҳиллари” дея салом бериб, хоксорлик билан кириш лозим, қабрлар оёқ билан босилмайди. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб, Қуръон тиловати ҳамда дуойи хайрлар қилинади. Бу маййит учун ҳам, банда учун ҳам хайрлидир.  

Унутмайлик, бу дунё қайтар дунёдир. Биз аждодларимиз руҳини шод этиб, уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан ибрат олади, қалбида яхшилик уруғлари ниш уради. Вақтлар келиб, ўтиб кетганимизда улар ҳам бизларни хотирлаб, дуойи хайрда бўлади, иншааллоҳ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси муборакларида: “Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди (савоб ҳам, гуноҳ ҳам ёзилмайди). Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёхуд хақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”, дедилар (Муслим ривояти).  

Шу ўринда ўтган авлод-аждодларимиз қабрларини зиёрат қилиш инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз зарур. Бугун юртимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунида аждодларимиз мангу ором топган қабристонларга борайлик, ўтганларнинг хақларига дуолар қилиб, руҳларини шод этайлик. Аллоҳ таоло барча ўтганларни раҳматига олиб, уларнинг хақларига қилаётган дуоларимизни, қилаётган хайрли амалларимизни ижобат қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.  

Мирзамақсуд АЛИМОВ,

Андижон вилояти бош имолм-хатиби.

ЎзА

Асарда фитнанинг моҳияти, келтириб чиқарувчи омиллар, унинг офатлари ва олдини олиш йўллари ҳар бир китобхонга тушунарли шаклда ёзилган.

Мазкур рисола ўзи мўъжазгина бўлишига қарамай, фитналарга оид жуда кўп, хилма-хил мавзуларни қамраб олгани, ўзбек тилида ҳали ёритилмаган ноёб маълумотлар ифода қилингани билан янада аҳамиятлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top