muslim.uz

muslim.uz

Шу йил 2 сентябрь куни Париж шаҳрида 2015 йилнинг 7 январида “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланаётган 14 киши устидан суд иши бошланди. Шу муносабат билан мазкур журнал таҳририяти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид карикатурани қайтадан босиб чиқарди.

Ушбу карикатура чоп этилиши мусулмон оламида турли эътироз ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Мисрдаги Ал-Азҳар университети ушбу карикатурани чоп этгани учун “Шарли Эбдо” таҳририятини қоралаб баёнот билан чиқди. Баёнотда бундай карикатураларни атайин қайтадан чоп этиш мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётларини қўзғаш, фитна чиқариш ва мусулмонларнинг диний қадриятлари, тимсолларига нисбатан тажовуз экани айтилади ҳамда бу ҳолат мусулмонлар томонидан қаттиқ қораланиши билдирилади.

Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантиришга қаратилган ҳолатни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна, ўз навбатида, одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.

Шуни таъкидлаш зарурки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Ислом тарихидан кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ҳатто суи­қасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик ила кечириб юборганлар. Суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, уни афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка бую­ринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Шундай экан, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Набий алайҳиссаломга хос ҳалимлик, босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Шунда ёмон ниятли кимсалар томонидан халқлар, миллатлар, динлар ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида уюштирилаётган ҳар хил кўринишдаги фитналар, турли найрангларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга  хос  ва мос йўл тутган бўламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Буюк ипак йўлининг Зарафшон —Қорақум қисмида жойлашган «Қосим-Шайх», «Мирсаид Баҳром», «Работи-Малик», «Сардоба», «Мавлоно Ориф Деггароний» маданий мерос объектларини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритиш топшириғи берилганди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, юқорида номи кўрсатиб ўтилган тарихий ёдгорликларни, ЮНEСКО рўйхатига киритиш бўйича 2019 йил 20 май куни вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти (IICAI) ўртасида лойиҳанинг умумий қиймати 1100,0 млн сўмлик икки томонлама шартнома имзоланди. Шартнома шартларига мувофиқ ишлар уч босқичда амалга оширилиши белгиланган. Биринчи босқич бўйича Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти малакали мутахассислари ва хорижий экспертлари иштирокида мазкур тарихий объектларнинг қўриқлаш, муҳофаза қилиш чегаралари аниқ белгилаб олиниб, хулосалари тақдим қилинди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди. Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти томонидан иккинчи ва якуний босқич ишлари, яъни маданий мерос объектларининг илмий ҳужжатларини жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун тайёрлаш, ҳар бир объектнинг ҳолатини ўрганиб чиққан ҳолда номинация матнини ёзиш учун дастлабки маълумотларни тўплаш ва умумлаштириш, объектларнинг хусусиятлари, объект тавсифи, тарихий ривожланиш чизиғи, Бутунжаҳон меросини муҳофаза қилиш Конвенциясига мувофиқ қўлланма формати ва мазмунига асосланган трансчегаравий номинация лойиҳасини ЮНEСКО жаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида маданий мерос объектларининг илмий ҳужжатларини тайёрлаш ишлари учун бугунги кунда тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада маданий мерос объектларини муҳофаза қилибгина қолмасдан Навоий вилоятининг туристик имиджи яратилиб ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмасини ривожлантириш, туризм соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш, вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 04 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Жума намози онлайн узатилади

Бугун, 4 сентябрь куни Muslim TV жамоаси томонидан Тошкент шаҳри “Имом Термизий” жоме масжидидаги жума намози, мавъизаси интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали узатилади. Айни дамда мўмин-мусулмонларимиз жомеларга жума намозини адо этиш учун ошиқишмоқда, имом-домлаларнинг файзли суҳбатлари ва хушовоз қориларнинг тиловатлари ила интиқиб кутилган беш ойдан кейинги илк жума намозини жамоат бўлиб ўқиш саодатидан бахраманд бўлишади. 24 ҳафталик тўхталишдан сўнг мўмин-мусулмонлар муборак жума ибодатини яна адо этиш бахтига яна муяссар бўлаётганлари учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар айтмоқдалар. Барча жомеларда белгиланган карантин қоидалари асосида жамоатни қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилди. Биноларни тозалаш, дезинфекция ишлари, ижтимоий масофа сақлаш учун махсус белгилар ва бошқа зарурий чоралар кўрилди. Тошкент шаҳри “Имом Термизий” жоме масжидидаги жума намози ва мавъизасини қуйидаги линклар орқали тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин.

https://www.youtube.com

https://www.facebook.com

 

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

     Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир.“Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худи шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир" (Нисо сураси 93-оят).

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва ҳадисларда ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарилган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир тафсирида қуйидаги сўзлар бор: "Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “Бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди".

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган.

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажуссаҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгаларига, яъни олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.


Манбалар асосида тайёрланди:
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар

Top