muslim.uz
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига имом-хатиб тайинланди
Хабарингиз бор, куни кеча Тошкент шаҳрида нафақат юртимиз, балки ислом оламида машҳур бўлган, улуғ аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ номларидаги муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан бунёд этилган ушбу муаззам мажмуа Рамазон ойида халқимизга катта туҳфа бўлди.
Бугун ушбу жоме масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари, бошлаган хайрли ишларининг давомчиси, бир неча исломий ташкилотларнинг аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди. Шунингдек, Шайх ҳазратларининг суюкли шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Баҳодир қори Раҳматуллев эса мазкур масжид имом ноиби вазифасига тайинланди.
Шу ўрнида айтиш керакки, Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.
Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Содиқ «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади.
Бугун 11 май куни ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади. Таровеҳ намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг яқинлари, шогирдлари иштирок этиши кутилмоқда.
Аллоҳ таборака ва таоло Исмоил Муҳаммад Содиқни улуғ Устознинг вориси сифатида отасининг ишларини давом эттириб боришини насиб этсин ва янги шарафли мартабани Ҳақ таоло муборак айласин.
Хатми Қуръонга марҳабо!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қориларимиз Россияда жамоат меҳрини қозонмоқдалар (Фотолавҳа)
Аввал хабар берганимиздек, 8 нафар ўзбекистонлик қори Россия Федерациясининг 8 ўлкасида таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўтказиб беряптилар. Айтиш лозимки, маҳаллий аҳоли ҳамда у жойдаги миллатдошларимиз қорилармизни алоҳида эҳтиром билан қарши олиб, таровиҳ намозларида ихлосу муҳаббат билан уларга сомеъ бўлмоқдалар.
Жойларда масжид имомлари, диний идора мутасаддилари ўзбекистонлик имомларимизга нафақат таровиҳ намози, балки, бомдод ва ҳуфтон намозлари, жума намозларини ҳам ўқиб бериш таклифини билдиришган. Аллоҳ таолонинг фазли ила ҳофизи Қуръонлар ўзларининг билимлари гўзал қироат ва ҳифзлари билан у ердаги жамоатнинг ҳам меҳрини қозонмоқдалар.
Фазлиддин Мамадалиев. Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида “Имом Раҳимулло” масжиди
Иброҳим Нурмуҳаммедов. Ханти-Мансийск округидаги Сургут шаҳридаги“Сургут” марказий масжиди
Абдулбосит Абдуллаев. Москва вилоятига қарашли Звенигород шаҳрида “Умма Исламийя масжиди”
Илёсхон Шокиров. Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида “Булғор” масжиди
Абдуллатиф Рустамжонов Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида №8 сонли масжид
Оқилжон Исхоқов Хабаровск вилоятидаги “Хабаровск” марказий масжиди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Саҳарлик суннатдир
Саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичиш саҳарликдир. Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга кўп тарғиб этганлар. Бир ўринда саҳарликнинг баракаси, фазилатини эслатиб: “Саҳарлик қилинг, саҳарликда барака бор”, деган бўлсалар (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ўринда: “Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қилади”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Ҳатто қорни тўқ, бирор нарса ейишга у қадар эҳтиёжи йўқ киши ҳам ҳеч қурса сув ичиб олиши яхшидир. Бу билан у суннатга эргашган бўлади.
Пайғамбаримиз рўзани саҳарлик қилмай, улаб тутишдан қайтарганлар. Аммо саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмай рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади.
Саҳарликни тонгга яқин қилиш афзал. Фақат тонг кириб қолгунгача кечиктирмаслик керак. Чунки субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Саҳарликни вақти ўтиб кетганига гумон қилинадиган пайтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади (“Фатовои Ҳиндия”).
Саҳарлик қилиб бўлгач: “Навайту ан асума совма шаҳри Рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”, деб дуо қилинади.
Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини холис Аллоҳ учун субҳдан кун ботгунгача тутишни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин!
Ориф ТОЛИБ
Рамазон луғати
Малумотхона
Рамазон – Рамазон арабча «ар-рамад» деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади. Уларни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир.
Рўза – ўзбек тилига «рўза» деб таржима қилинадиган «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Истилоҳий маъноси эса ният қилиб, тонг отганидан кун ботгунича нафснинг энг катта истаклари қаторига кирувчи ейиш-ичиш ва жинсий алоқа каби зарурий эҳтиёжлардан тийилишдир.
Таровеҳ – луғатда дам олиш, истироҳат қилиш маъноларини англатади. Истилоҳда эса рамазон ойи кечаларида хуфтон намозидан кейин, витр намоздан олдин ўқиладиган таъкидланган суннат намоздир.
Хатм – тугатиш, якунлаш. Таровеҳ намозларида Қуръони каримни бир ойда энг камида бир марта ўқиш.
Тасбеҳ – Аллоҳ таолони турли ношойиста сифатлардан поклаб ёд этиш.
Таровеҳ тасбеҳи – таровеҳ намозларида ҳар тўрт ракатда дам олиш учун ўтирган айтиладиган тасбеҳ.
Эътикоф – луғатда бирор нарсани ушлаб туриш, туриб қолиш деган маъноларни билдиради. Шариатда эса масжиднинг ичидан чиқмай, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бир неча кун ибодатни лозим тутиш маъносини англатади.
Қадр кечаси – Аллоҳ таоло Қуръони каримда “минг ойдан яхшироқ кеча” дея таърифлаган, унинг фазилати ҳақида алоҳида “Қадр сурасини нозил қилган тун. Кўпгина уламолар қадр кечасини рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини таъкидлашган.
Фитр садақаси – инсон ўзини поклаши, рўзада йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бирламчи эҳтиёжидан ортиқча маблағга эга бўлганларнинг фитр садақасини беришлари вожиб.
Шайхи фоний – Рамазондан бошқа пайтда ҳам, умрининг охиригача рўза тута олмайдиган кишилар. Масалан ўта қари ва сурункали касалга чалинганлар.
Фидя – луғатда бадал, эваз дегани. Бирор узрли сабаб билан рўза тутишга мадори етмайдиганлар ҳар рамазоннинг ҳар бир уни учун бир мискинни бир кунлик таом билан тўйдиради.
Каффорат – узрсиз, қасддан рўзасини бузган одам жазо сифатида икки ой узлуксиз рўза тутади. Бунга мадори етмаса, 60 нафар мискини эрталаб ва кечқурун овқатлантиради.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.
Йўлчи юлдузлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Аммо сен, эй Абу Бакр, умматимдан жаннатга биринчи бўлиб кирадиган кишисан» деганлар. Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривоят қилишган.
*******
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда розияллоҳу анҳум ажмаъийн Ислом билан шарафланишган. Бу зотларнинг барчалари Ашараи мубашшара (Жаннатга кириши ҳақида хушхабар олган ўнта саҳобалар)дан ҳисобланишади.
*******
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Шайтон сен юраётган кўчадан эмас, балки бошқа кўчадан юради» деганлар.
*******
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига урушда ишлатиш учун кийимларининг бир четида минг динор олиб келиб, у Зот алайҳиссаломнинг қўйниларига тўкдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши олиб келган динорларни қўлдан ўтказа туриб: «Бугундан кейин Аффон ўғлига қилган амали зарар бермайди», деб марҳамат қилдилар. Бу гапни бир неча марта такрорладилар.
*******
Набий алайҳиссалом Ҳайбар ғазотида Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай дедилар: «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради».
*******
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
*******
Ибн Умар розияллоҳу анҳу рўза тутиб, ифторни мискинлар билан бирга қилардилар. Масжидга бориб (Шомни) ўқиб, кейин уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтардилар.
*******
Сўзимиз сўнггида Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларини келтирсак: «Салафи солиҳлар ўз фарзандларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуни яхши кўришни худди Қуръондан суралар ўргатгандек ўргатишар эди».
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин! Уларга эргашиб яшашимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон