muslim.uz

muslim.uz

Агар биз Қуръони Каримни яхшилаб ўргансак, ҳар бир оятда, ҳар бир калимада Ислом дини ҳақида шубҳа қилувчи кимсага Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини кўрсатадиган мўъжиза бордир!

Аллоҳ азза ва жалла Қуръондаги ҳар бир оятни “оят” деб атади. “Оят” сўзи бирорта инсон унга ўхшаганини келтира олмайдиган ғайриоддий нарса, мўъжиза маъноларини ифода этади.

Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди! Кўплаб кимсалар бир минг тўрт юз йилдан бери Қуръонга ўхшаш ёки унинг ўнта сурасига ёки бўлмаса битта сурасига ўхшаш сура тўқишга уринмоқдалар, аммо эплай олмаяптилар ва эплай олмайдилар ҳам.

Бир куни даҳрийлардан бири мендан “Аллоҳнинг борлигига илмий далил нима?” деб сўради. Мен унинг бу саволига жавобан: “Аллоҳнинг борлигига илмий далил Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Каломидир!” дедим.

Буюк Холиқни биз кўра олмаймиз. Аллоҳ таолонинг махлуқларидан кичкинаси бўлмиш Қуёшга тик қарай олмаймиз. Коинотдаги кичик махлуққа бевосита қарай олмаяпмиз-у, Буюк Холиқни қандай кўрамиз?! Бизга маълумки, коинотда миллиардлаб галактикалар, ҳар бир галактикада эса юз миллиардлаб Қуёш каби юлдузлар бор. Шу қуёшлар, галактикалар коинотнинг бир қисмини ташкил этади. Чунки инсон ҳали коинотни тўла ўрганганича йўқ. Ана шундай улкан коинот ичидаги нуқтадек жисм бўлмиш Қуёшга қарай олмайдиган заиф инсон ушбу коинотнинг Буюк Яратувчисини қандай кўради?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ

“Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган” (Бақара сураси, 255-оят).

Унинг Курсиси шундай бўлгач, Арши қандай экан?!  

Биз Уни кўра олмаймиз, аммо Унинг Каломини эшитиб, ўқий оламиз. Қуръон – Унинг Каломидир! Аллоҳнинг борлигига энг кучли илмий далил – Қуръондир!

Агар Қуръонни очиб, ундаги оятларни яхшилаб тафаккур қилсак, ундаги ҳар бир сура, ҳар бир оят, ҳар бир калима бу китобни Аллоҳ таоло нозил этганига гувоҳлик беради.

Қуръондаги мингдан ортиқ оятлар коинот, борлиқ, учувчи юлдуз, қора туйнуклар, Қуёш, Ой, юлдузлар, уларнинг ҳаракати, денгизлар орасидаги тўсиқлар, улардаги оқимлар, тўлқинлар ва ҳоказолар ҳақида сўз юритади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фалакиёт олими эдиларми?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам денгизлар, уларнинг қаъридаги оқимлар, тўлқинлар ҳақида билимга эгамидилар?

Ахир инсоният бу нарсаларни яқин йиллар ичида, аниқроғи ўтган асрда кашф этди-ку!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида бирор марта денгизга чиқмаган, кемага минмаган эдилар. Шундай зот денгизларнинг, улардаги мавжу тўлқинлар ҳамда оқимларнинг ҳаракатини қаердан билиб айтдилар экан?! 

Шунингдек, Қуръони Каримда инсоннинг яратилиши, ҳомиланинг босқичлари ҳақида сўз юритилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихда илк бор ҳомиланинг қачон инсон шаклига ўтишининг аниқ кунларини белгилаб бердилар. У зот алайҳиссалом муборак ҳадисларидан бирида ҳомила онанинг қорнида 42 кечалик бўлганда инсон суратини ва шаклини олиши ҳақида хабар берганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Агар нутфа қирқ икки кунлик бўлса, Аллоҳ унга (нутфага) бир фариштани юборади. Бас, Аллоҳ ўша нутфага шакл беради, қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади...” деганлар. Имом Муслим ривоят қилган.

Эътибор берайлик, севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш кунини аниқ рақамлар билан баён қиляптилар.  

Бундан ўн тўрт аср олдин бу каби аниқ рақамни ким айта оларди?! Қаердан билиб айта оларди?!

Маълумки, хамр, қон, тўнғиз, қимор инсониятга зарарли бўлгани учун ҳаром қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хамрнинг, тўнғизнинг, қиморнинг, қоннинг зарарли нарса эканини ким айтди?!

Маълумки, Қуръонда асалнинг шифо экани айтилган. Ҳозирги тиббиёт ҳам инсонларга асални истеъмол қилишни, унда кўп шифо борлигини таъкидлаяпти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга асалнинг шифо эканини ким айтди экан?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тоғларнинг қозиқ каби ерга кириб туришини, булутларнинг ҳолати ва ёмғир ёғиш жараёнини ким ўргатди экан?!

Бу маълумотлар, бу ҳақиқатларнинг барчасини у зот алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи билдирган, Ўзи ваҳий қилгандир! Зеро, Қуръон нозил бўлган пайтда юқоридаги маълумотларни, агар Аллоҳ таоло билдирмаса, инсон томонидан айтилиши мумкин эмасдир!

 

Абдуддоим Каҳелнинг кўрсатувини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди  

 

Жорий йилнинг апрель ойи бошида Мисрда олий таълим муассасалари талабали ўртасида ўтказилган Қуръони карим мусобақаси ўз якунига етди. Ушбу мусобақада 135 нафар мисрлик талаба тақдирланди.

Тақдирлаш маросими Қизил денгиз вилоятидаги Сафага шаҳрида ўтказилди. Бу ҳақда Sabaq news сайти хабар берди.

"Ватан истиқболи" партияси томонидан ташкил этилган ушбу мусобақада партия раҳбарияти ҳам иштирок этгани айтилган.

Мусобақада турли ёш доирасидаги талабалар ўзаро куч синашганлар. Мусобақа доирасида қориларнинг оналари ҳам тақдирланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأربعاء, 03 نيسان/أبريل 2019 00:00

Диний-маърифий ишлар дунё нигоҳида

Ўзбекистонда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги қувончли воқеа-ҳодисалар нафақат маҳаллий, балки хорижий оммавий ахборот воситаларининг ҳам диққат марказида турибди. Март ойининг ўзида ўнлаб дунё электрон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда бўлаётган диний-маърифий соҳадаги хабарларни мунтазам эълон қилиб борганларини кузатиш мумкин.
Айниқса, маҳаллий uza.uz, kun.uz, daryo.uz, azon.uz, islom.uz сингари сайтлар ҳамда хориждаги islam-today.ru, islamsng.com, sputniknews.ru, muslim.kz каби хорижий веб сайтларда ҳам кенг ёритилди.
islam-today.ru сайтида “В Узбекистане стало легче найти мечети” номли мақола эълон қилинган бўлиб, унда Ўзбекистон йўлларида жоме масжидларнинг жойлашган манзилини кўрсатиб турувчи йўл белгилари мўмин-мусулмонлар учун катта қулайлик келтиргани батафсил ёритилди.
islamsng.com сайтида эълон қилинган “В мечетях Узбекистана совершили дуа за жертв терактов в Новой Зеландии” хабарда эса, Янги Зеландияда террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар хотирасига бағишлаб юртимиз мўмин-мусулмонларининг тиловати Қуръон ва дуо қилганлари ҳақида маълум қилинди.
Бундан ташқари, "Научной школе хадиса передан современный автобус" Ҳадис мактабига замонавий автобус совға қилингани, "В Самарканде провели семинар по изучению теологических книг аз-Замахшари" Замахшарий китобларини ўрганишга бағишланган илмий семинар ўтказилгани ҳақида ҳам хабарлар чоп этилган.
Шунингдек, “В Ташкенте состоялось открытие нового здания мечети "Валихужа угли Норхужа" номли хабар ҳам кенг ёритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларининг хориж мамлакатлари бўйлаб сафарлари ва нуфузли анжуманлардаги иштироклари ҳам хориж матбуотида кенг ёритиб борилмоқда. Жумладан, Бутун Россия мусулмонлари газетаси – “Минбар Ислама” нашрида Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг иштироклари кенг ёритилди.
Айни пайтда Диний идоранинг muslim.uz сайтининг рус тилидаги қисми ҳам анча фаол ишламоқда. Мусулмон дунёси ва юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисларни ҳар куни мунтазам ёритиб борилмоқда. Шунингдек, ўзининг кенг қамровли аудиториясига эга бўлиб бормоқда.


 


 


 


 


 


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шаржа амирлиги Араб тили академияси бош котиби доктор Муҳаммад Сафи Ал Мостеганеми Милан шаҳрида ўтказилаётган Араб тили ва маданияти фестивалида ўз ҳамкасбларига «Араб тилининг тарихий луғати» устида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди, дея хабар қилади islam.ru нашри.
Олимнинг таъкидлашича, китоб Шаржа амирлиги Олий кенгаши аъзоси ва ҳукмдори доктор шайх Султон ибн Муҳаммад ал-Қосимий раҳбарлиги остида тайёрланмоқда.
"WAM" ахборот агентлиги хабарига кўра, араб тили ва маданиятининг тарихий ривожланиши акс этадиган луғатни яратиш устида Араб илмий тили академиялари иттифоқи (Қоҳира, Миср) билан биргаликда 300 нафардан ортиқ араб тадқиқотчилари ва тилшунослари иш олиб боришмоқда. Китобда араб тили ва маданиятининг охирги 17 асрлик тарихи тадқиқотнинг уч босқичлари: эски ёзувлар, араб тилига урғу билан семит тиллари гуруҳи, шунингдек, тилнинг амалий қўлланилишида таърифланади. У исломгача ва ислом даврлари, сепаратчи сулолалар тарихи, Мамлук султонлиги даври ва замонавий тарихдан иборат бешта даврни қамраб олади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Бугун, 2 апрель куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилди. Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ходимлари қатнашишди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни муҳтарам Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани, ушбу Фармонда “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда имконияти чекланганларга давлатимиз Раҳбари томонларидан барча соҳаларда бўлгани каби, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ бир қатор марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этилаётгани, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатилаётгани, яқин кунларда “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этди.
Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилди. Ғолиблар диплом ва муносиб совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида имконияти чекланган юртдошларимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Мазкур маърифий суҳбат ва самимий мулоқот уларга олам-олам қувонч бағишлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top