muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 28 كانون2/يناير 2022 00:00

Аллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўлманг!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига ўта мехрибондир, шунинг учун бандаларини унга қайтишларидан ҳеч қачон ноумид қилмайди. Ояти каримасида айтадики: “Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир[1]”.

Аллоҳ таоло тавба эшигини бандаларига доимо очиб қўйган, ҳеч қачон беркитмайди. Шунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан, сизлардан бирингиз саҳрода йўқотиб қўйган туясини топиб олган одамнинг хурсандчилигидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади” деганлар[2].

Яъни, сиз саҳрода туянгизни устига озиқ-овқат, кийим-кечак, қўйингки тирик қолиш учун керак бўладиган бор нарсаларингизни юклаб кетаётганингизда сал бепарвочилик оқибатида туянгизни йўқотиб қўйдингиз. Қарамаган жойингиз, изламаган ерингиз қолмади. Хориб толиб турган вақтингизда тўсатдан қаршингизда туянгиз кўринди, сизнинг хурсандчилигингиз қандай бўлади?! Шубҳасиз таърифлаб бўлмайдиган даражада хурсанд бўласиз, чунки ҳалок бўлишингиз аниқ бўлиб турган вақтда, нажот кемасини топиб олдингиз. Аллоҳ ҳам бандасини тавбасидан шундай ва бунданда кўпроқ хурсанд бўлади. Шунинг учун юқоридаги ояти каримада очиқ-ойдин қилиб, “агар кофирлар Аллоҳнинг динига ва Расулига бўлган душманчиликларидан қайтсалар, намозни қоим қилсалар ва закот берсалар йўлларига қўйиб юборинглар уларни ҳур ҳолда тарк этинглар” деб, бандалари тавба қилсалар кечиришини айтиб марҳамат қиляпти.

Бу ерда 3та шартни кўрамиз:

1 – Тавба ва Иймонга қайтиш ...

2 – Намозни қоим қилиш.

3 – Закотни бериш.

Бу уччала шартни тенгамалга ошириш лозим бўлади. Чунки куфрдан тавба қилиш иймоннинг таркибига кирмоқдир. Иймоннинг таркибига кириш “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг Пайғамбари эканликларига” гувоҳлик беришни кейин намоз ўқишни кейин Закот беришни кейин рўза тутишни кейин йўлига қодир бўлган киши ҳаж қилиши керак бўлади. Агар исломнинг беш арконига қарасанг мусулмон баъзи арконни қилади бошқасини қилмайди. Тирикчилигидан бошқа нарсаси бўлмаган фақир мусулмондан закот ва ҳаж соқит бўлади. Сурункали касали бор мусулмондан рўза ҳам соқит бўлади. Натижада Шаҳодат калимаси билан Намоз қолади. Намоз рукни ҳеч қачон, фақирликда ҳам, бойликда ҳам, соғликда ҳам ва касалликда ҳам соқит бўлмайди. Чунки намоз мусулмон билан ғойри муслимни ўртасини ажратувчидир. У диннинг устунидир шунинг учун кунда беш маротаба такрорланади. Касал одам қудрати еткан холатида ўқийди. Тураолмаса ўтириб, ўтираолмаса ётиб ўқийди.

Беш вақт ўқийдиган намозимиз ислом арконларини ўз ичига олишини биламизми?

 - Ҳар-бир намозда لا اله الا الله محمد رسول الله шаҳодат калимасини такрорлаймиз.

- ҳар-бир намозда закот бор, закот – молдан бир қисмини фақирларга беришдир. Мол ишлаш орқали топилади, ишлаш учун вақт керак, намозга ишлаб пул топиб закот беришинг мумкин бўлган вақтдан сарфланади. Бу сарфлаган вақтингда пул топиб закот беришинг мумкин эди, шунинг учун намоз ўқишинг молингдан бир қисмини Аллоҳ учун бергандек бўлади. Намоз ҳудди вақтнинг закоти кабидир. Тиркчилик қилиб мол тўплашимиз учун вақтга муҳтож бўламиз, шунинг учун намозда закот бор.

- ҳар-бир намозда рўза бор, рўзада саҳар вақтидан шомгача еб-ичиш ва аёли билан яқинлик қилишдан сақланилади. Намозда ҳам шундай. Намоз ўқиш асносида таом еёлмайсан, бу ҳудди еб-ичишдан рўза тутишга ўхшайди. Намоз асносида аёлга яқинлик қилолмайсан, аёлинг билан ҳеч қандай алоқа қилолмайсан, аёлинг ҳам сен билан бирор нарса қилолмайди. Билки сен намозда бундан ҳам кўпроқ нарсалардан сақланишинг керак бўлади, ноўрин ҳаракат қилиш ва гапришлар асло мумкин эмас.

- энди ҳаж арконига келадиган бўлсак, намоз ўқиганингизда Байтуллоҳга юзланишингиз керак бўлади ва айнан қиблани топасан. Шундай экан ўзингни Каъбанинг олдида, Байтуллоҳда тургандек ҳис қиласан, бу туйғуни бир кунда беш марта хис қиласан.

Шундай қилиб, Намозда ислом арконларини ҳаммасини жамлайсиз, шунинг учун “Намоз диннинг устунидир” дейилади.

 

Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг “Тавба” китобларидан эркин таржима. 

“Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом ноиби: Абдураҳимов Муҳаммадий.

 

[1] Тавба сураси 5-оят.

[2] Имом Бухорий ривоят қилганлар. (8/84)

الجمعة, 28 كانون2/يناير 2022 00:00

Ислом динида инсон қадри (Видео)

Салоҳиддин домла Шарипов

«Ҳазрати Aли» жоме масжиди имом-хатиби 

 ИСЛОМДА ОМОНАТДОРЛИК ВА ВАЪДАГА ВАФО ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам азизлар! Маълумки, омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш чин мўминлик белгиси ва унинг асосий сифатидир. Омонатнинг турлари кўп бўлиб, сақлаб туриш учун маълум муддатга берилган моддий ва маънавий нарсалар омонатдир. Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони ҳам – Аллоҳ томонидан берилган омонатдир. Барча гўзал хулқларда бизга ўрнак ва намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш бобида ҳам бизга намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин”, яъни “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони киримнинг бир нечта жойларида бандаларини омонатдор бўлишга буюрган. Жумладан:

 إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюрар” (Нисо сураси 58-оят).

Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада дунё ва охиратда нажот топган кишиларнинг сифатини баён қилиш асносида шундай марҳамат қилган:

 وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

яъни: Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар (Муъминун сураси 8-оят).

Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқаролигининг асосидир. Бундай мўминларга хос сифатлар орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, мустаҳкам жамият инқирозга юз тутади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадиси шарифларида омонатдорлик ва ваъдага вафо қилишга буюрганлар. Жумладан,

﴿أَدِّ الْأَمَانَةَ إِلَى مَنْ اِئْتَمَنَكَ، وَلاَ تَخُنْ مَن خَانَكَ

(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, динимизда хиёнат қилган кишига ҳам омонатдорлик билан муомала қилинади, асло, хиёнаткорнинг даражасига тушиб, у билан тенг бўлиб, гуноҳкор бўлишга рухсат берилмайди.

Ислом тарихидан маълумки, Макка мушриклари Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилишни режа қилган пайтларида Расулимиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни билан Мадинага кетмоқчи бўладилар. Мадинага кетишдан олдин мушрикларнинг шунча зулм ва хиёнатларига қарамасдан уларнинг омонатларини топшириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибнинг олдига бориб, одамларнинг омонатларини эгаларига топшириш учун Маккада қолишини буюрдилар. Ҳазрати Алий разияллоҳу анҳу барча омонатларни эгаларига топшириб кейин Расулимиз алайҳиссаломга эргашадилар.

Мана шу ҳолатни ўзи бизга катта дарс ва намуна ҳисобланади.

Омонатни сақлаб, уни чиройли ҳолатда эгасига қайтарган кишига жаннат ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 اِضْمَنُوا لي سِتًّا مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَضمَنْ لَكُمُ الجَنَّةَ: اُصْدُقُوا إِذَا حَدَّثتُم، وَأَوفُوا إِذَا وَعَدْتُم، وَأدُّوا إِذَا ائْتُمِنْتُمْ، وَاحْفَظُوا فُرُوجَكُم، وغُضُّوا أَبْصَارَكُم، وكُفُّوا أَيْدِيَكُمْ

(رواه الإمام أحمد عن عبادة بن الصامت رضي الله عنه)

яъни: “Сизлар менга ўзларинг тарафдан олтита нарсага кафолат берсангиз мен сизларнинг жаннатга киришингизга кафолат бераман. Гапирганда рост гапиринглар! Ваъда берганда вафо қилинглар! Омонат берилса саломат қайтаринглар! Жинсий аъзоларингни ҳаромдан сақланглар! Кўзларингизни ҳаромдан тийинглар! Қўлингизни (зулмдан) тийинг!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:

 إِذَا حَدَّثَ الرَّجُلُ بِالْحَدِيْثِ ثُمَّ اِلْتَفَتَ فَهُيَ أَمَانَةٌ 

(رواه الإمام الترمذي عن جابر رضي الله عنه)

яъни: “Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги ҳолат омонат бўлгандан кейин, ҳозирги кундаги “бу гапларим сизга омонат, бировга айтманг”, деб очиқ-ойдин омонат сўзлар айтилганда, уни сақламасдан бошқаларга ошкор қилиш – омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда:

 لاَ إِيْمَانَ لِمَنْ لاَ أَمَانَةَ لَهُ، وَلاَ دِيْنَ لِمَنْ لاَ عَهْدَ لَهُ 

(رواه الإمام أحمد عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Омонатдор бўлмаган кишида (комил) имон йўқ. Ваъдасига вафо қилмайдиган кишида (комил) дин йўқ”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун қандай омонат бўлмасин, уни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлик аломати бизда топилиб қолади, Аллоҳ сақласин! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

آيَةُ المُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وإذَا وعَدَ أخْلَفَ، وإذَا اؤْتُمِنَ خَانَ

متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه 

яъни: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Демак, мунофиқликнинг биринчи белгиси ёлғончилик экан. Ёлғончилик катта гуноҳ эканини билиб туриб, баъзилар ёлғон гапираверади. Оддий мисол: “Дадам уйда йўқ эдилар, деб қўй”, – дейди. Бундай тарбия оқибатида фарзандларимиз кичиклигидан ёлғонни ўрганиб вояга етяпти.

Ёки одамларни турли йўллар билан алдаб, фирибгарлик қилиб мол топаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ваҳоланки, Сафвон ибн Салим разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?” “Йўқ”, – дедилар. Шундай экан, ёлғон гапириш бизу сиз мўмин мусулмонларга асло мумкин эмас.

Мунофиқликнинг иккинчи белгиси ваъда берса, бажармайди. Афсуски, кейинги пайтларда ана шундай ваъдабозлик, сўзда турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда. Қоп-қоп ваъдалар берилиб, уларга вафо қилиш ҳақида эътиборсизлик кучаймоқда. Ақлли, туппа-тузук киши билан, фалон жойда, фалон соатда учрашамиз, деб шартлашасиз-у, керак бўлса, белгиланган жойда камида бир-икки соат кутасиз, ундан эса дарак йўқ.

Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма деб, ўша заҳоти унутади. Сиз бўлса, кутаверасиз ва яна кутаверасиз.

Фарзандига, фалон ишни қилсанг, буни олиб бераман, деб ваъда беради-ю, вафо қилмайди.

Турли баҳоналар билан қарз олиб, фалон куни бераман деб, ваъдасини устидан чиқмасдан, пул берганни сарсон ва қарз берганига пушаймо қилаётганлар йўқ эмас. Турли шартнома ва битимларга имзо чекиб ёки насияга бир нарса сотиб олиб, маълум муддатга аҳдлашиб, уни вақтида бермай юрганлар талайгина. Ваҳоланки, ваъдага вафо қилмаслик – катта ва оғир гуноҳ. Бундай кимсаларга Аллоҳ таоло хитоб қилиб бундай деган:

 الَّذِينَ عَاهَدْتَ مِنْهُمْ ثُمَّ يَنْقُضُونَ عَهْدَهُمْ فِي كُلِّ مَرَّةٍ وَهُمْ لَا يَتَّقُونَ

яъни: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси 56-оят).

Мунофиқликнинг учинчи белгиси омонатга хиёнат қилади. Ҳар бир касб ўз эгаси учун омонатдир. Инсон бир касбни ўргандими, энди шуни яхши ишга солиб, шу орқали халққа садоқат билан хизмат қилиши керак. Агар у ўз касбига нисбатан лоқайд, бепарволик қиладиган бўлса, касбига қўл учида ёндошадиган бўлса, касб омонатига хиёнат қилган бўлади.

Демак, ваъдага вафо қилмаган ва омонатга хиёнат қилган шахс – юқорида зикр қилинган ва булардан бошқа ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилмаган киши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

       يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси 27-оят).

Ушбу ояти каримани тафсир қилган уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни бажариш, қайтарган ишларидан қайтиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида бардавом бўлиш – Аллоҳ ва Расулининг омонатини адо қилиш ва уларга хиёнат қилмаслик ҳисобланади.

Азизлар! Бизга берилган омонатлар жуда кўп. Тириклигимиз ва ҳаёт бизга вақтинча берилган омонатдир. Соғлик-саломатлик бизга берилган улкан омонат. Вақт омонат, фарзанд омонат, тинчлик омонат. Бу омонатларни ўз ўрнида ишлатишимиз, уларга заррача хиёнат қилмаслигимиз керак. Берилган умрни солиҳ ишларга сарф этишимиз, саломатлигимизнинг қадрига етишимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз, ўзимиздан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилишимиз, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш пайидан бўлишимиз, тинчлигимизни асраб-авайлашимиз, тинчлик ишига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Али разияллоҳу анҳу: “Омонатни адо қилиш ризқнинг калитидир” деганлар. Демак, ризқимиз кенг бўлишини хоҳласак, омонатга хиёнат қилмай, уни чиройли адо қилишимиз керак.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисига чиққанларида бир чўпоннинг қўй боқиб юрганини кўрдилар. Унинг олдига бориб, “Қўйларингдан биттасини сотмайсанми?” – деб сўрадилар. Шунда чўпон: “Мен қулман. Бу қўйлар хўжайинимники”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни синамоқчи бўлиб: “Бўри еб кетди”, деб қўяверасан”, – дедилар. Ҳалиги чўпон: “Бўри еб кетди деб хўжайинимни алдашим мумкин. Аммо Аллоҳничи?!” деди. Бу қулдаги омонатдорликни кўрган ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу уни хожасидан сотиб олиб, озод қилдилар.

Бир улуғ зот отнинг устида Қуръон ўқиб кетаётган эди. Устидаги тўни тушиб кетганини сезмади. Анча масофа босиб ўтилгандан кейин қараса, устидаги тўни йўқ. Отдан тушиб, ортга тўнни излаб кетди. Шунда шериклари “Отга миниб, бориб келмайсизми? Тайёр от турибди-ку!” дейишди. Шунда у зот: “Мен бу отни эгасидан бир томонга минишга ижарага олганман. Агар ортга ҳам минсам, омонатга хиёнат қилган бўламан”, – деб жавоб берди. Бу каби ривоятлардан жуда кўп келтириш мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, имонимиз ва динимиз комил бўлиши учун ҳамда мунофиқлик аломатларидан халос бўлиш мақсадида ҳар биримиз омонатдор ва ваъдага вафо қиладиган солиҳ ва тақводор кишилар қаторида бўлайлик!

Азизлар! Куни кеча, юртимизда кутилмаган ҳолат юз берди. Қозоғистон давлатида юз берган носозлик сабабли Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам электр энергияси узилиб қолди. Табиийки, электр энергиясига боғлиқ кўп соҳалар: аҳолига сув етказиб бериш, уйларни иситиш тизими, газ етказиб беришга ҳам бу нарса таъсир қилди. Гарчи бу ҳолат кўп давом этмаган бўлсада, баъзи бирларда ваҳимага тушиш, миш-миш тарқатиш, электр энергияси йўқлиги сабабли талаб кўпайган маҳсулотларнинг нархини дарҳол, асоссиз ошириш ҳолатлари кўзга ташланди. Айниқса, қийинчилик ва синовли кунларда нон, ичимлик сув, озиқ-овқат каби халқнинг кунлик эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларнинг нархини сунъий кўтариш – инсофсизлик, қийин аҳволдаги мусулмонлардан фойдаланиб қолиш ва мусулмон кишига асло тўғри келмайдиган ишдир.

Албатта, ҳаётда оммавий равишда кутилмаган қийинчилик ва синовлар учраб туриши мумкин, ҳатто яқин йилларда бунданда оғир пандимея, карантин синовларини ҳам бошимиздан ўтказдикку!

Бир кунлик синовда шунча ваҳимага тушилса, бундан “тадбиркорлар” ночор ва қийналганлар изидан фойда кўришга ҳаракат қилса, Аллоҳ сақласин, бу ҳолат узоқроққа чўзилса, нима бўлади!? Ахир биз тақдирга имон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига имонимиз бор-ку! Қуръони каримда бу мавзуда шундай марҳамат қилинади:

 وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ

яъни: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси 6-оят).

Нега синов пайтида ана шу имонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини мақтамаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар (Имом Термизий ривоятлар).

Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.

Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига асоссиз қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида ушлаб туриш гуноҳдир. 

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонлар нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ташламоғи ҳақ бўлади” деганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Мана шундай синовли кунлар одамларга ёрдам қилиш, эҳсон қилиш, савоб олишнинг айни вақтидир. Чунки кенгчилик кунлари ҳамма ҳам эҳсон қила олади, лекин қийинчиликда бу ишлар ҳамманинг қўлидан келмайди.

Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида Мадина аҳлига қаттиқ очарчилик етди. Одамлар ниҳоятда қийин аҳволда қолди. Шу кунларда тириклигидаёқ жаннат башорати берилган саҳоба Абдурроҳман ибн Авф разияллоҳу анҳунинг катта карвони озиқ овқатлар билан Мадинага кириб келди. Савдогарлар у зотга икки, уч ва унданда кўп баробар фойда беришни таклиф қилдилар. Лекин у зот фурсатни ғанимат билиб, одамларга раҳм шафқат қилиб, бирига етти юз баробар ажр берадиган Аллоҳ таоло йўлига эҳсон қилдилар. Ўша кеча бирор киши оч қолмади.

Мана шундай улуғ зотлар бизга чиройли ўрнак бўлиши керак. Қийинчилик пайтларда марҳаматли бўлиб, пул ишлашдан кўра кўпроқ савоб ишлаш ҳаракатида бўлишимиз керак.

Хулоса қиладиган бўлсак, энг оғир пандимея ва карантин пайтларида бирдам, аҳл-иноқ бўлиб, барчамиз бир юқадан бош чиқариб, жорий қилинган тартиб қоидаларга риоя қилганимиз учун оғир синовли кунлардан ўтиб олдик. Ҳозирги кундаги электр энергиясига боғлиқ муаммоларда ҳам бирчамиз бир тану жон бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турсак, иншааллоҳ бундай синовли кунлардан тезда ўтиб оламиз ва фаровон ҳаётимизни давом этамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни турли офат-синовлардан асраб, юртимизни тинч, халқимизни фаровон қилиб, барчамизга икки дунё саодатини насиб қилсин!

 

الثلاثاء, 25 كانون2/يناير 2022 00:00

Илм икки дунё саодати (Аудио)

 

"Зиё" медиа маркази ва "Наврўз" радиоси ҳамкорлигида тайёрланган "Маърифат зиёси" радио дастури

Дастур меҳмони: "Хувайдо" жоме масжиди имом-хатиби

Aброр домла Aлимов

Сухандон: Нурмуҳаммад Зиёдуллоҳ ўғли

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда халқ орасида “Солихон домла” номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу мавзуни муҳокама қилаётган юртдошларимизнинг айримлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур  масалага ўз муносабатини билдиришини сўрамоқдалар.

Дарҳақиқат, айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакилларининг ижтимоий тармоқ ёки маърака-маросимларда масалани чуқур ўрганмай, воқеликни ҳисобга олмай, урф-одат, қонун-қоидаларга эътибор қилмай гўёки фатво сифатида айтаётган гаплари, ҳалол-ҳаромга ажратаётганлари ёки фосиқ-кофирга чиқараётганлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасини хавотирга солмоқда. Бундай ўйланмаган чиқишлар жамиятда муаяйн саволларни, айниқса, зиёлилар қатламларида турли фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.

Таъкидлаш зарурки, илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга эмас.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими вакилларининг Ислом дини таълимотларини жамиятни бирлаштириш йўлида эмас, аксинча кескинлик келтириб чиқаришга сабаб бўладиган шаклда баён қилишлари, аҳоли орасида нохуш баҳс-мунозараларга сабаб бўлишларининг олдини олиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи  ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021 йил 30 ноябрь куни чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, Солихон домла Ортиқхўжаев аҳоли, айниқса, Тошкент вилояти мусулмонлари орасида ҳурмат-эҳтиромга эга бўлгани эътиборга олинган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига имом ноиби вазифасига расман ишга қабул қилинган эди. Мазкур имом ноиби халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондиришга, тақво, илм-маърифат, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган исломий одоб-ахлоқ билан самарали хизмат қилади, деб умид қилинган эди.

Таассуфки, ўтган давр давомида Диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ.

Энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади. Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Афсуски, Солихон домланинг  сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузалари унинг юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаганидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятининг илк давридан жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида диний омил асосида низоли ҳолатлар чиқишининг олдини олиш масаласини фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири ҳисоблайди.

Шу билан бирга, диний идора тизими вакиллари томонидан муайян ижтимоий қатламларга мансублик ёки динга бўлган муносабатидан келиб чиққан ҳолда жамиятда можаро ва беқарорлик келиб чиқишига сабаб  бўладиган хатти-ҳаракатлар содир этилишига мутлақо йўл қўйилмайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида Солихон домла Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномасини бекор қилди ва вазифасидан озод этди.

Таъкидлаш жоизки, айрим шахсларнинг маърака ва маросимларда, ижтимоий тармоқда шаръий ҳукмларга эътиборсизлик ила фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштириш ҳисобланади. Масалан, баъзи ҳолатларда кузатаётганимиздек, қандай қилиб муайян касб эгасини фосиқ ёки кофирга чиқариш ёки катта бир ҳудуд аҳолисига омматан ҳақоратмуз сўзларни айтиш мумкин? Ахир маъруза қилаётган шахс тадбирга мана шу каби фитнага сабаб бўлувчи чиқишлар учун таклиф этилганми?

Аксинча, воиз тингловчиларнинг қадрини кўтариб, уларда бор яхши хусусиятларни эслатиб, уларнинг қалбини очиши керакку! Насиҳат қилувчи ўз сўзларига махлиё бўлиб, ўзини гўёки Аллоҳ ато этган юқори ва баланд мартабада турибман, деб ўйламаслиги, балки танқид қилинаётган шахс, эҳтимол, ҳозир ёки келгусида ундан фазилатли ва Ҳақ таолога яқинроқ бўлиши мумкин эканини эсдан чиқармаслиги даркор.

Ислом тарихида ҳеч қачон фатво бериш ваколати бўлган олим-уламолар кескин, фитна ва низоларга сабаб бўлувчи ҳукмлар чиқармаган ҳамда бу каби ғояларни тарғиб этган эмаслар. Зеро,  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! ...” (Наҳл сураси, 125-оят). 

Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимизга маърака ва маросимларни ўтказишда ушбу тадбирларнинг мазмуни ва руҳиятига мос равишда маъруза қилиш салоҳиятига эга расмий имом-домлани таклиф қилиш учун туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ёки ҳудуддаги расмий масжид имом-хатибларидан маслаҳат олишни тавсия қиламиз.

Айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-Ш/КҚ-592-Ш-сонли Қўшма қарорида тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”нинг 2-боб, 3-бандига мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилишини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқимизни диний соҳадаги эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун бор саъй-ҳаракатларини амалга ошириб келаётган тизим ходимларини яна бир карра шаръий ҳукм бериш масъулияти, маъруза ва амру-маъруф одоби, исломий ва миллий ахлоқ талаблари, шунингдек, жамиятдаги воқелик ва эҳтиёж, миллий анъана ва урф-одатларни доимий равишда ёдда сақлаш ҳамда кундалик фаолиятда ва чиқишларда уларга қатъий амал қилишга чақиради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top