muslim.uz

muslim.uz

Кеча муборак Рамазон ойининг минг ойга татигулик кечаси – Қадр кечаси эди.  Кеча тунда пойтахтимиздаги кўплаб кишиларимиз қўшалоқ байрамни кутиб олишди: Қадр кечасини кутиб олдик ва хатмул Қуръонни ниҳоясига етказдик. Хатмнинг ушбу кечада якунланиши ҳаммани хурсанд қилди. Бунинг учун шу куннинг режасини қилган имом-хатибларимизга ҳамда Қуръони каримни чиройли тарзда тиловат қилиб берган қориларимиздан миннатдор бўлдик.

Хатм ул Қуръон якунланган жоме масжидлари қуйидагилардир: Яшнобод туманидаги “Аҳмад Яссавий” ва “Имом Аъзам” жоме масжидлари, Шайхонтоҳур туманидаги “Хўжа Аламбардор”, “Олмазор”, “Фотимаи Заҳро”, “Обидхон махдум”, “Мунаввар қори” масжидлари, Олмазор  туманидаги “Тўхтабой” жоме масжиди, Бектемир туманидаги “Алибек” жоме масжиди, Учтепа туманидаги “Азиз ота”, “Бурҳониддин Марғилоний”, “Маҳкамбой ҳожи ота”, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” жоме масжидлари, Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” жоме масжидларидир.

Аллоҳ таоло ана шу масжидларда йиғилган жамоага қарийб бир ой давомида Қуръони карим оятларини ўқиб берган қориларимизнинг илмини янада зиёда қилсин!

 

الخميس, 22 حزيران/يونيو 2017 00:00

Рамазон ва тақво (Видеолавҳа)

الخميس, 22 حزيران/يونيو 2017 00:00

Яхта ичидаги масжид

Британиялик дизайнер Жайҳун Ан Яқин Шарқлик мижозлари буюртмасига биноан 87 метрлик neWWave номли  яхта лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу яхтанинг ўзига хослиги, унинг бортидан ажойиб дизайнга эга бўлган масжид ҳам ўрин олган.

Кўпчиликни қизиқишига сабаб бўлаётган Шарқона дизайн асосида қурилиши режалаштирилаётган жомеда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинади. Ушбу ажабтовор яхта нархи ҳозирча эълон қилингани йўқ.

  Халқаро алоқалар бўлими

Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.

Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини  билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.

Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.

Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.

Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.

Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.

Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло,  у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир.  У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.

Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.

الخميس, 22 حزيران/يونيو 2017 00:00

Рамазон охирлаб бормоқда...

Рамазон охирлаб бормоқда. Биз режалаштирган қайси эзгу амалларимизга улгурдигу қайсиларини кейинги йилга олиб қўймоқчимиз. Бироқ ҳали вақтимиз бор, ойлар султонининг ҳар дақиқаси бебаҳо ва мазмунли, улгурамиз кўп эзгуликларга иншооллоҳ.

Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”. Чиндан ҳам, Набий (а.с.)нинг ҳаёт йўллари биз ўрганишимиз, намуна олишимиз учун энг муносиб ҳидоят манбаидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи давомида ҳар доимгидан кўпроқ ибодат ва эзгуликлар қилишга шошилар эдилар. Биз ҳам уларнинг бу қутлуғ йўлларидан юришга муяссар бўлишни дилимизга тугганмиз. Зеро, бу бизнинг олий мақсадимиз бўлиши керак.

Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишнинг айни палласи – Рамазон ойидир. У Қуръон ойи, маърифат ойи деб бежиз таъкидланмаган. Бу муборак шаҳр – Қуръон нозил бўлган ойдир. Ҳадисларда келтирилишича: “Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил (а.с.)дан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”. Ушбу ҳадисдан маълумки, Рамазон ойида қанча кўп Қуръон ўқилса шунча яхши, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам ортиб бораверар экан. Қолаверса, оятларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қилиш, суралар моҳиятини тафаккур қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда тобора чирой очиб бораётган масжидларда адо этилаётган хатми Қуръонлар ана шу гўзал анъананинг давомидир.

Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам саховатли бўлмоқ жоиз. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам сахийлик бобида пешқадам эдилар. Айниқса қутлуғ ойнинг шарофати билан уларнинг карамлари янада ортгандан ортиб бораверар эди. Ҳадисларда таъкидланишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг сахийси эдилар. айниқса Рамазонда Жаброил (а.с.) билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди”. Демак, ҳали вақтимиз бор. Атрофимизга бир назар ташлайлик, қийналган қариндошларимиз ёки ночор қўни-қўшнию бева-бечораларнинг ҳолидан бир бор хабар олиб, кексаларни йўқлашни унутмайлик. 

Бу ойда дуоларимизни янада кўпайтиришимиз фазилатли. Айниқса, ифтор пайтида қилинган дуонинг хосияти бемисл. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғиз очганларида шундай дер эдилар: “Ташналик кетди, томирлар намланди ва ажр савоб собит бўлди”. Ифтор пайти дуолар қабул бўладиган вақтлар қаторидадир. Бу эса нақадар буюк имконият. Рамазоннинг қадрли лаҳзаларида, ифторлик палласида чин дилдан, юрак-юракдан Яратганга илтижо қилишнинг фазли тенгсиз. Бу ғанимат онлардан фойдаланиб қолайлик.

Рамазон меҳр-оқибат, мурувват фаслидир. Айниқса, киши ўз оила аъзолари билан янада хушмуомала бўлиши, эзгулигу саховатларини аввало оиласи учун адо этмоғи муҳим ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз оиласига яхшиларидир”, дея марҳамат қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Рамазон ойида аҳли оиласига гўзал муомала қилганлар, аёлларига ибодат ва бошқа масалаларда таълим берганлар.

Рамазон охирлаб бораётган кунларда ҳар бир мусулмон фитр садақаси ҳақида унутмаслиги лозим. Бинобарин, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фитр садақасини рўзадорнинг сўкиш ва лағв ишларини поклаш ҳамда мискинлар учун таом маъносида фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, мақбул закот, ким намоздан сўнг адо қилса, садақанинг бир тури ҳисобланади”. Демак, ушбу муборак кунларда фақирларнинг хонадонига хурсандчилик улашиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бир томондан зиммамиздаги масъулиятли вазифа бўлса, иккинчидан, оилаларга шодлик ва барака олиб келувчи шарафли ва савобли амаллардан экан.

Биз Рамазоннинг ғанимат имкониятларининг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ, унинг яхшиликларини санаб охирлаш мумкин эмас. Рамазон охирлаб бормоқда. Унинг имкониятларга бой лаҳзаларини исроф қилмайлик. Қолаверса, Рамазон ойидан таълим олганларимизни йил давомида ўзимизга одат билайлик: Ҳамиша эзгуликларга шошилайлик, Қуръони карим тиловати ва маърифат эгаллашдан тўхтамайлик, дуоларимизда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик сўрайлик, муҳтож ва касаллар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик. Ана шунда Рамазон шукуҳи қалбларимизни  йил давомида тарк этмайди.

Шарифа ҒАНИЕВА,

“Зиё” студияси бош муҳаррири

Мақолалар

Top