muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 25 نيسان/أبريل 2017 00:00

Билиб туриб қилинган гуноҳ

Уйга ҳалол ризқ топиб бориш керак. Жамиятда тарқаб қолган, қулоққа чалинган гаплардан бири шуки, баъзи жоҳил кимсалар одамларни алдаб, пулини еб кетиб, кейин бир марта ҳажга борсам, гуноҳларим ювилади деб ўйлаб юришган экан. Ёшликда, куч-қувват борида ана шундай гуноҳ ишларни қилиб юриб, кейин қариганда ҳажга бориб келсам, онадан туғилгандай бўлиб қоламан деб юрган ёшлар ҳам бор экан. Гуноҳни қилиб-қилиб, кейин ҳажга борар экан-да, кейин яна бошлар экан. Кейин яна бир бориб келар эмиш,  охиргисидан кейин бу ишни тўхтатар эмиш, чунки анча ўзига келиб олган бўлар эмиш. Шундай жоҳил, нодон одамлар бор экан орамизда. Шу тушунчаси билан масжидга қатнаб юрибди. Аммо одамларни ишонтириш учун, ўзини намозхон қилиб кўрсатиш учун қатнаяпти. Бундайларга айтиб қўйишимиз керакки, билиб туриб қилинган гуноҳни Аллоҳ кечирмайди, аксинча, унинг азоби жуда қаттиқ бўлади. Билмай қилган бўлса, Аллоҳ кечирса-кечирар, Ўзига ҳавола. Аммо қасддан қилинган гуноҳдан Ўзи асрасин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

الثلاثاء, 25 نيسان/أبريل 2017 00:00

Бировга қози бўлманг!

Машойихларимиз айтади: “Биров-бировни ёмонлаяпти, ўша ёмонлаётган томонга ёмонланаётган томон гапиряпти: “Сен менда нимани кўраётган бўлсанг, билгингки, бу сеники. Мен сенда нимани кўрсам, у меники бўлади”. Яъни, ҳақиқат қандай нигоҳ билан қарашга боғлиқдир. Сиз бировда кибрни кўраяпсизми, унга нисбатан мутакаббир, деган даъвони қилаяпсизми, билингки, кибр ўзингизда бўлади. Бир олим киши айтдики: “Тилингни бировларнинг айбини излаш билан булғама. Тил сендан бошқада ҳам бор. Гуноҳ, айб сенда ҳам бор. Балки гуноҳ қилаётган одамнинг айби охиргиси бўлиши мумкин. Балки сенинг ибодатинг ҳам сен учун охиргиси бўлиши мумкин”. “Гуноҳкорлар ва жамиятнинг ёмон кишиларидан яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг ишидир”, деганлар уламолар.

Бу улкан қоида. Одамлар орасида муносабатларнинг тўғриланишига хизмат қиладиган қоида. Сиз бировга қараганингизда ўзингизни кўрасиз. Сизга кимдир қараса, у ўзини кўради. Шу сабаб, дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим. Бир шайхдан ёш йигит сўради: “Эй Шайх, намозни тарк этган одамнинг ҳукми нима бўлади?” Йигит бу билан бир бенамозни мот қилишни мақсад қилган эди. Шайх машойихларга хос тарзда жавоб қайтардилар: “Намозни тарк этган одамнинг ҳукми уни ўзинг билан масжидга олиб боришингда. Сен қози бўлма, балки даъват қилувчи бўл”. Энг адолатли қози – Аллоҳдир. Унинг ўзи дунё ва охиратда ҳукм қилади. Бизнинг ишимиз биров учун қози бўлиш эмас, аксинча, бизнинг вазифамиз эзгуликка даъват қилиш, яхшиликларга чақиришдир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

الثلاثاء, 25 نيسان/أبريل 2017 00:00

Билмаганимизга эргашмайлик

Кўнглида кири бор кимсалар инсониятнинг эзгу мақсадларни кўзлаб яратган кашфиётаридан ғаразли мақсадда фойдаланмоқда. Масалан, интернет орқали қанчадан қанча инсонларнинг онгини заҳарлаб келаётган каслар кам эмас. Афсуски, ана ўшаларнинг таъсирида кўплаб ёшлар бузғунчи ҳаракатлар қурбони бўлиб, дин душманлари қуролига айланиб қолмоқда. Охир-оқибат, уларнинг тарғиботларига учиб ўз дини, диндошлари, халқи ва ўзи туғилиб ўсган Ватанига қарши исён қилишгача бориб етмоқдалар.

Динимиз таълимотида инсон қайси манбадан, қандай маълумотни олишидан қатъи назар уни текшириб кўриши, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат илиши лозимлиги айтилган. Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида ар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36) дея бизни ҳушёрликка чорлаган. Биз ана шу хитобга қатъий амал қилмоғимиз лозим.

Эшитган гапига ишониб кетаверган киши, дўсту душманнинг фарқига бормайдиган нодонга айланиб қолади. Буни Хожа Самандар Термизий  чиройли тарзда қуйидагича ифодалаган:

 Душман сўзларига ишонган киши,

Пушаймон тортишдир оқибат иши!

Ва яна Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимауллоҳ: “Дин-бу илмдир, уни кимдан олаётганингизга қаранг”,  деганлар.

Инсон агарда дин илмини ўзлаштирмоқчи бўлса уни дуч келган одамдан ёхуд манбаси номаълум ижтимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли манбалардан олмоғи зарур. Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳим. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади.

Динни ниқоб қилиб олган шахслар эса, фақат ғаразли мақсадларига етиш ниятида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқда, бузғунчиликлар қилмоқда. Аллоҳ таоло эса ўз китобида бузғунчиларни севмаслигини, Ислом дини – тинчлик дини эканини айтган.

Ўзларини Ислом дини ҳимоячилари деб атаётган кимсалар мудҳиш ишлари Ислом динига зид эканини била туриб ўзлари қилган қўпорувчилик, қотилликлар акс этган видео лавҳаларни интернетга жойлаштириб бутун дунёга кўз-кўз қилмоқда. Яна шу қилмишларини тўғри тўғри дея даъво қилмоқда. Улар Қуръони карим оятлари ёки ҳадиси шарифларни ўз мақсадларига мослаб далил қилиб кўрсатмоқда. Аслида у оятлар ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳияти, нозил бўлиш сабаблари, улардан тушуниладиган маъно бутунлай бошқача. Улар бирор оятни ўқиб олиб, мазмунини тушунмасдан кўр-кўрона адашиб кетмоқда.

Биз Ўзбекистон фарзандлари ана шундай шахсларнинг алдовлари, домига тушиб қолмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса албатта оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата олишимиз зарур. Кимнинг бизга нимани ўргатмоқчи бўлаётганига диққатли бўлмоғимиз даркор. Зеро, донишманд боболаримиз айтганидек, ҳамма илмлар \ам фойдали эмас, фойдали илмнинг топа билишнинг ўзи ҳам бир илмдир.

Ватан келажаги бизмиз! Уни асраб-авайлаш ва янада тараққий эттириш бизнинг вазифамиз. Шундай экан, Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асрайлик!!!

Хосиятбону РАҲИМЖОНОВА,

Хадичаи Кубро билим юртининг 2-курс талабаси

الإثنين, 24 نيسان/أبريل 2017 17:00

Навбатдаги ўқувлар бошланди

2017 йилнинг 23 апрель куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рўйхат асосида масжид имом-хатиблари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Марказ директори т.ф.н. Ш.Зиёдов, Марказ директорининг ўринбосари проф. Б.Тураев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан вилоятлараро суҳбат ўтказишди.

Ўзбекистон Республикасининг марҳум биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат асносида тингловчиларга юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида марҳум Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилганини таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича  маълумотлар айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ва тараққиёт ишларида имом хатиблар ҳам ўз касбий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, динимиз ва давлатимиз ривожига ўзлариниг муносиб ҳиссаларини қўшиши таъкидлаб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги турли бузғунчи экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг кирдикорларини фош этиш, имом-хатиблар бугунги кунда янада шижоатли ва жонкуяр бўлишлари, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймасликлари лозимлиги уқтирилди.

24 апрель куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзусида маъруза қилди.

Шундай қилиб, янги босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

الإثنين, 24 نيسان/أبريل 2017 00:00

Аллоҳнинг китобларига имон

Аллоҳ таоло инсонни яратди ҳамда уни Ўзининг ер юзидаги халифаси этди. Инсонлар кўпайиб ер юзида тарқалдилар. Аллоҳ уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун муқаддас китобларни туширди. Бу китоблар замон, макон ва жамиятларга эътиборан турли ҳажмда бўлган. Уларнинг баъзиси саҳифалар шаклида ёки катта ҳажмда бўлиб, китоб шаклига келтирилганлари ҳам бор. Улардан энг машҳурлари тўрт самовий китоблардир: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон. Бу китоблар мазкур тартиб билан Мусо, Довуд, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларга юборилган. Бошқа пайғамбарларга эса унча кўп бўлмаган самовий таълимотлар туширилган бўлиб, ҳажми фақат бир неча саҳифадан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам улар “Саҳифалар” деб аталади. Одам алайҳиссаломга ўн саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа юборилгани каби.

Мазкур китоб ва саҳифаларда Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган диний ибодатларни адо этиш қоидалари ва ижтимоий ҳаётдаги одоб-ахлоқ йўллари баён этилган. 

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг

“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида тайёрлади

Мақолалар

Top