Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар учун семинар ташкил этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги вилоятдаги имом-хатиблар ва уларнинг ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ушбу йўналишдаги кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар машғулотлари ташкил этди.

Ҳафтада бўлиб ўтган машғулот дарслари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Пастдарғом, Пойариқ ва Ургут туманларида олиб борилди. Вилоят имом-хатиблари беш гуруҳга жамланган ҳолда ўзларига яқин ҳудуддаги семинар машғулотларида иштирок этдилар.

Семинарда Ўзбекистонда Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамияти, имомларнинг йўлдан адашган, суиқасд қилиш, жиноят содир этишга мойил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш жараёнида суҳбатдошига ижобий таъсир кўрсатиш усуллари ҳамда  имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш чоралари каби долзарб мавзуларидаги маърузалар тингловчиларга етказилди.

Маърузаларни Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Х.Нормуродов, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессар-ўқитувчилари, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Ҳ.Олимжон мусиқали ва драма театри раҳбари Б.Шарипов, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи раҳбари Х.Муҳаммедов, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, туман бош имом- хатиблари олиб бордилар.

Шунингдек, масжидларнинг мутаваллилари ҳам машғулотларга жалб этилди. Уларга мутахассислар молиявий тушумларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш ҳамда банк молиявий фаолияти бўйича зарур тушунчалар бердилар.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Read 7705 times

Янгиликлар

Top