muslim.uz

muslim.uz

Ибн Касир ўз тафсирларида тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида: «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзганлар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихларида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйганлари айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зот – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи авлодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтирадилар. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланилмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади, деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди. таърифлаб беряпти

Демак, бу ижобий таъсир Қуръон ва суннатнинг маҳсули, илмнинг маҳсули экан. Аммо яхшилик етти пуштга етганидек, ёмонликнинг зарари ҳам етти авлодгача бориши ҳам бор.

Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!


“КАМОЛХОН ЭШОН БУВА“ МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ

ЗИЁВИДДИНОВ АЗИМХОН

Бугун, 11 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули таклифига биноан Нур-Султон шаҳрига етиб бордилар. 

Нур-Султон халқаро аэропортида Муфтий ҳазратларини Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Сарсызбай Чуханов, Чимкент вилояти бош имом-хатиби Бакдаулет Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саидкарим Ниязходжаев ва бир қатор мутасаддилар кутиб олдилар. 

Сафардаги асосий тадбирлар – йирик жоме масжид очилиш маросими ҳамда уламолар ва муфтийлар билан мулоқот эртага, 12 август жума куни бўлиб ўтади.

Туркия диний жамғармаси (TDV) ҳамда Туркия диний ишлар бошқармаси Қозоғистондаги Қуръон ўрганиш курслари иштирокчиларига 3515 нусха Қуръони карим китобини тақдим этди.
Тадбир Туркия радио ва телевидениеси Олий кенгаш раисининг муовини Иброҳим Услу ва машҳур турк актёри Баҳодир Енишехироглу иштирокида бўлиб ўтди.
Акция TDV ва Туркия диний ишлар бошқармаси томонидан бошланган "Қуръон менинг совғам бўлсин" лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Анадолу агентлиги маълумотларига кўра, 2015 йилдан бери лойиҳани амалга ошириш давомида 1 миллион 300 минг нусха Қуръон тарқатилган. Китоблар 36 мамлакатда 81 тилда ва турли лаҳжаларда нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 11 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули таклифига биноан йирик жоме масжид очилиш маросимида иштирок этиш ва уламолар, муфтийлар билан бўладиган мулоқотда қатнашиш учун Нур-Султон шаҳрига жўнаб кетдилар.

Шунингдек, мазкур тадбирларда Миср Араб Республикаси бош имоми ўринбосари, Азҳари шариф вакили, доктор Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайх Равил Гайнутдин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Монголия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Ботирбек ҳожи Ҳадис ҳамда бир қатор таниқли ислом олимлари, имом-хатиблар, давлат ва дин арбоблари қатнашишлари режалаштирилган.

Сафар тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

الأربعاء, 20 تموز/يوليو 2022 00:00

Мулойимлик – қалблар калити

Аллоҳ яхшиликни ирода қилган кишиларга ато этадиган улуғ неъматлардан бири мулойимликдир.

Ҳақ таоло қайси бир кишига, оила ё жамиятга яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик хислатини муяссар этиб қўяди. Шу боис ўзига Аллоҳдан яхшилик етишини умид қилган инсон ва жамият У Зотдан мулойимликни сўрамоқлиги лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни яхши кўради, қўполлик учун бермайдиган нарсасини мулойимлик учун беради”, деб айтганлар (Ибн Можа ривояти).

Афсуски, кўпчилигимиз ҳамма ишни қўполлик билан ҳал қилишни тўғри, мулойимликни эса ожизлик деб ўйлаймиз... Қанчалар нодонмиз-а...

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Яна бир ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура кетдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Доим мулойим бўлгин. Зотан, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб ташланса, уни нуқсонли, хунук қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло мулойимликка кўрк, чирой берар экан, бу нарса, шубҳасиз, яхшилик, илоҳий тортиқ ҳисобланади ва хушхабар бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мулойимлик яхшилик башоратидир, қўполлик эса шумликдир. Аллоҳ бирор хонадон аҳлига яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик эшигини очиб қўяди”, дедилар» (Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий ривояти).

 Кимда мулойимлик бўлса, унга яхшиликлар етиши башорати бор экан, яъни унга яхшилик етиши тайин экан. Ким қўполлик қилса, яхшилик эмас, ёмонликни кутаверсин, чунки қўполлик – шумликдир.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ким мулойимликдан қанчалик маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам шунча маҳрумдир. Агар мулойимликдан буткул маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам тўлиқ маҳрум бўлади.

Мулойимликнинг қанчалик улкан самаралар беришини Ислом тарихидаги Ҳудайбия сулҳидан ҳам кўришимиз мумкин. Ўша воқеада Набий алайҳиссалом душманнинг адолатсиз талабларига шу қадар мулойимлик билан рози бўлдиларки, ҳатто баъзи саҳобаи киромлар бунга чидай олмай, ошкора эътироз билдиришгача боришди, чунки бу ҳолат кўпчиликка мағлубиятдек кўринди. Аммо кейинчалик бу иш нафақат мағлубият, балки буюк фатҳ эканлиги маълум бўлди.

Мулойимлик аслида набавий ахлоқ, исломий манҳаж ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон, хусусан, диндан сўзламоқчи ва дин учун хизмат қилмоқчи бўлган кишилар ушбу набавий хислатни ҳамиша ўзлари учун маёқ қилиб олишлари даркор.

Мазкур хулқни теран англаш жуда ҳам муҳим, аммо мушкул ишдир. У ҳуқуқлардан воз кечиш, ҳар қандай таҳқирни индамай қабул қилиш, адолатсизликка қарсак чалиш дегани эмас. Балки ҳақни барпо қилишда, ғурурни асрашда, дину диёнатни тутишда, ислоҳотларда ақл-идрок билан, босиқлик билан, аниқ нишонни олиб, вазминлик билан ҳаракатланиш демакдир.

Мулойимлик – манҳажсизлик ёки аниқ тутумнинг йўқлиги ёхуд қаёққа етакланса кетавериш дегани ҳам эмас, балки ўзининг қатъий эътиқодига содиқ қолган ҳолда босиқ, бағрикенг, тушунувчан, оқил бўлиш демакдир.

Мулойимлик заифлик эмас, аксинча, куч ва қувватдир. Кўрингки, сув мулойимлик билан тошни ҳам, темирни ҳам тешиб ўтади ва барчага ҳаёт бахш этади. Аммо тош қаттиқ бўлгани билан қаршиликларга учраб парчаланиб ётади ва ҳаммаёқда унга салбий назар билан қаралади.

Мулойимлик билан душман дўстга айланса, қўполлик сабабидан дўстни душман қилиб олинади. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш буюрилган. Бу ҳам мулойимликка дохил ахлоқлардандир.

Мулойимлик – ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир.

Мулойимлик замонавий мулоқот психологияси томонидан ҳам, буюк алломаларимиз томонидан ҳам, шунингдек, Исломда ҳам эътироф этилган ва улуғланган фазилатдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу набавий хислат билан зийнатланиб, уни суннатга мувофиқ татбиқ этиб боришимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Одилжон Нарзуллаев,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар

Top