muslim.uz
Аллоҳ буюк ёрдамчи
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминнинг дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг охират машаққатларидан бирини кетказади. Ким мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратда айбини яширади. Банда биродарига ёрдам бераркан, Аллоҳ таоло унга мадад беради,”, дедилар (Имом Термизий).
Машаққат мурод ҳаёт қийинчиликлари ва камчиликлари, қайғу, ғам-аламдир. Шубҳасиз қиёмат кунининг машаққати оғир ва қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш кимни ҳурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!” деганлар (Имом Муслим).
Қиёматдаги машаққат ва қийинчиликлар ҳақида Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади:
“Эй инсонлар! Раббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизикли она эмизиб тургани (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1-2).
Ёш болаларнинг сочи оқариб кетиши, катта ёшдагиларнинг маст ҳолатга тушиши, ҳомиладорларнинг бола ташлаши, буларнинг ҳаммаси ўша куннинг нақадар даҳшатли ва оғир кечишидан далолатдир (Шайх Абдулаиз Мансур).
Ким қийналганга ёрдам бериб, оғирини енгил қилса ва ҳожатини чиқарса, унинг қиёмат кунидаги машаққатини Аллоҳ енгил қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким биродарини ҳожатини чиқарса, унинг ҳожатини Аллоҳ чиқаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бир мўминнинг оғирини енгил қилишнинг миқдори, қийналган одамнинг машаққатига боғлиқ. Сиздан бир дўстингизни қарзи бор, унга муҳлат бериш ёки қарзни кечиб юбориш ёрдам ва енгиллик бўлади. Маҳалладаги боқувчиси йўқ ва мутожларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиш, машаққат ва ташвишни кетказиш бўлади. Муҳими мўмин-мусулмонлар меҳр-оқибатли бўлиб, бир-бирларига манфаатлари тегиши, уларни қиёматда нажот топишларига ҳамда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари бўлишларига сабаб бўлади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга севимли инсон ким? ва Аллоҳга севимли амал қайси?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга энг севимли инсон, одамларга кўп манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик бахш этиш, унинг ташвишини кетказиш, қарзини тўлаб бериш, уни қорнини тўқлаш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, Масжидун Набавийда эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир…”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқанинг айбини беркитиш суннат амал. Ким бошқанинг айбини ошкор қилмаса, унинг камчилик ва нуқсонларини Аллоҳ таоло яширади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда бошқа биродарининг айбини ошкор қилмаса, қиёмат куни унинг айбини Аллоҳ беркитади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдаги “айб” сўзининг маъноси умумий бўлиб, ундан инсон хилқати ва хулқи боғлиқ камчиликлар ҳамда диний ва дунёвий ноқисликларнинг барчаси тушунилади. Одамлар кўз-ўнгида очиқдан очиқ гуноҳ қилмайдиган киши бирор айб қилса, уни ошкор қилмаган яхши. Ёмонлик ва фасод ишларни қилиб юрадиган кимса айб қилса уни ошкор қилинса зарари йўқ. Айбдор аёл бўлса эрига, ёш бола бўлса отасига айбни айтиш ва ошкор қилиш лозим. Шунингдек, айбдорлар қайси соҳа вакили бўлса ҳам унга одоб бериб, тўғри йўлга бошлайдиган инсонга айбини ошкор қилинади. Ошкор қилинмаган айб яна такрорланиши мумкин. Унинг ёмонлигидан мусулмонларга азият етмаслиги лозим.
Манбалар асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли
тайёрлади
Одам алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида билганми?
Одам (алайҳиссалом) бошларини чангаллаганча, кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кўчиб юрардилар. Буни кўрган фаришталар раҳмлари келиб, ёрдам бериш учун Аллоҳга дуо қилишди.
Баъзи фаришталар Одам (алайҳиссалом)га Аллоҳ ато этган иноятларни эслатиб, Одам Атони ўз ваъдасида тура олмаганини айтиб танқид қилишди. Одам Ато эса: “Бу Аллоҳнинг қазо-қадари”, дея олдилар холос. Шунда Аллоҳ фаришталарга бир сафга тизилишни буюрди ҳамда Одам Атога юзланиб бундай деди: “Агар менга тавба қилмасалар, ҳеч кимни кечирмайман. Мен сени энг яхши суратда яратдим, сенга Ўз руҳимдан пуфладим ва фаришталар сенга сажда қилишди. Сенга дўст ва йўлдош сифатида Ҳаввони яратдим. Сенга барча нарсаларнинг исмини ўргатдим ва фаришталарга бошлиқ қилиб тайинладим. Лекин сен ўз ваъдангни унутиб, шайтоннинг изидан юрдинг”.
Одам Ато (алайҳиссалом): “Роббим, бу барча иноятларни менга Сен ато этдинг. Мен етарли даражада шукроналик қилишга кучим етмайди. Мени ўз раҳматинг ила кечиргин. Бутун борлиқни унинг учун яратганинг Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳаққи-ҳурмати кечиргин” - дедилар. Буюк ва Қудратли Аллоҳ сўради: “Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақида сен қаердан биласан?” Одам (алайҳиссалом): “Мен жаннатга кира туриб, сенинг исминг қаршисидаги
لا إله إلا الله محمد رسول الله
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, деган ёзувни кўрдим. Ва яна унинг исмини Лавҳул-Маҳфузда ва Аршда кўрдим. Билдимки, сен учун ундан азизроқ инсон йўқ экан”, деб жавоб бердилар.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло айтди: “Эй, Одам! Мен сенга масжидларни уй қилиб бердим, таомларни сенга ҳалол қилдим, сен учун ерда дарёларни оқизиб қўйдим. Таомлан, сувдан ич ва Мени эсла”.
Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ! Яхшиликларингни зиёда қил!”.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло айтди: “Сенинг тавбангни қабул қилдим”.
Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Роббим! Яна зиёда қил!”.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтди: “Мен сени ва авлодларингни мағфират қилдим”.
Шунда Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Роббим! Энди иноятларинг тўлиқ бўлди”.
Шайх Саъдий Шерозийнинг “Анвар ал-ошиқийн” китобидан.
Мақсуд КАРИМОВ
тайёрлади.
Мусулмонлар дунёга совға қилган ихтиролар (Совун ва шампун)
Исломнинг талабларидан бири – ҳар куни ювиниб покланишдир. Шунинг учун мусулмонлар совун таркибини мукаммаллаштириш билан шуғулланган бўлса ажаб эмас. Тарихий манбалар қадимги мисрликлар ва римликларда ҳам совунга ўхшаган нарсалар бўлганидан хабар беради. Аммо айнан араблар ўсимлик ёғини натрий гидроксид ва хушбуй ҳид тарқатувчи моддалар билан аралаштиришни ўйлаб топган. Шампун Англияга 1759 йил мусулмон тадбиркор Брайтонда ҳаммом очгандан бошлаб кириб борган.
Ота-она дуоси мустажоб
بسم الله الرحمن الرحيم
Маълумки, Ислом дини одамларнинг доимо бир-бирларига яхшилик қилишга амр қилади. Жумладан, шу гўзал дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасига яхшлик қилиш лозимлигини тушунтирган. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли улуғ кишилардир. Ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром билан уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанд учун зарур бўлган вазифалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا ... (سورة العنكبوت/8)
яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...”
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا
(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/23)
яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”.
Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш кабиларни тушиниш керак бўлади.
Фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши шарт. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, унинг хизматига муҳтож бўлганларида, масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўз билан ҳам эътироз билдириши мумкин эмас. Чунки, ота-она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган ва унга меҳр билан муомалада бўлганлар. Фарзанд гўдаклик пайтида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, улар ҳам болаларига шунчалик муҳтож бўлади.
Жаноб Пайғамбаримиз (сав) Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қилган ҳадисда марҳамат қиладилар:
" أيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلي اللهِ تَعالي، قال: الصّلاةُ علي وَقْتِهَا، قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ، قال: بِرُّ الْوَالِدَيْنِ ،قُلتُ: ثُمَّ أَيُّ، قال: الجِهادُ في سَبيل الله "
(متفق عليه)
яъни: “Қайси амал Аллоҳга севиклироқдир деб сўрадим. Вақтида ўқилган намоз дедилар. Сўнгра қайсиси Ота-онага яхшилик қилиш дедилар. Ундан кейин қайси иш яхшироқ дедим. Аллоҳнинг тоати йўлида жидду жаҳд қилиш дедилар”.
Мана шундан биламизки, ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматини бажариш, уларни улуғлаш шу қадар буюк бир иш экан.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган.
" رِضَا الرَّبِّ في رِضَا الْوَالِدِ وَ سَخَطُ الرَّبِّ في سَخَطِ الْوَالِد "
(رواه أبو داود)
яъни: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилиги ва Аллоҳнинг ғазабида ота-онанинг ғазабидадир”.
Шунингдек, кимки Аллоҳ таолони рози этаман деса, ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилсин. Чунки ота-она фарзанди учун қилган дуолари мақбул бўлади. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки:
" ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَهُنَّ لاشَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُمِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ وَدَعْوَةُ الَْوَالِدَيْنِ عَلي وَلَدِهِما "
(رواه البخارى)
яъни: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандларини койиб қилган дуоси”.
Дарҳақиқат, ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч шубҳасиз қабул бўладиган дуолардан экан. Шунинг учун, фарзанд доимо ота-онасини хайрли дуоларини олишга ҳаракат қилиши лозим. Аксинча, дуоибад бўлишидан эҳтиёт бўлиши зарур.
Имом Муслим (рҳ.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (сав) зикр қилдилар: “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини кексалик ҳолларида топиб, ўзига жаннатни вожиб қилолмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (яъни, хор бўлсин)!” – деб бир неча бор такрорладилар.
Бола ота-онасига қанчалик яхшилик қилмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган зотларнинг мукофотини қайтара олмайди.
Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз (сав) қуйидагиларни айтадилар: “Бола отаси мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса-ю фарзанд уни сотиб олиб озод қилсагина, мукофотини қайтарган бўлиши мумкин”.
Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарий (рз.)нинг айтишларича, Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) бир яманлик киши ўз онасини елкасига кўтариб хонаи-Каъбани тавоф эттириб юрганини кўрибдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юрар экан:
Онаи зорим учун бўйнини эгган теваман,
Тева минган онам ҳориса, мен ҳоримасман.
Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умарга қараб: “Эй Абдуллоҳ мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?” – деб сўрабди. Абдуллоҳ ибн Умар (рз.): “Йўқ бу хизматинг онанг туғиш пайтидаги қийнаган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўла олмайди” – дедилар.
Демак, фарзандлар доимо ота-оналарига яхшилик қилмоқликлари зарурдир. Ота-она бу дунёдан ўтиб кетган бўлса, уларнинг вафотларидан кейин ҳам фарзандлар ҳақларини адо қилиши лозим бўлади. Фарзандлар уларнинг ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туришлари керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қилиб айтдилар: “Агар банда вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди. Лекин уч амали тўхтамайди: 1) Садақаи жория; 2) манфаат берадиган илм ва 3) дуо қиладиган солиҳ фарзанд”.
Садақаи жория деганда Аллоҳ таоло розилиги учун ва кўпчиликка хизмат қилувчи хайрия ишлардир. Бундай ишларнинг савоби тўхтовсиз ёзилиб тураверади.
Манфаат берадиган илм ёки шогирд тайёрлаш, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асрлар ва кашфиётлардан иборатдир.
Ўзидан кейин дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирган бўлса, улар воситасида вафотидан кейин ҳам савоб у инсонга етиб туради.
Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан келтирган ривоятда, Пайғамбармиз (сав)га: “Эй Аллоҳнинг расули, онам вафот этди, лекин васият қилмади, унинг номидан садақа берсам, фойдаси тегадими?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Ҳа” – деб жавоб қилдилар, дейилган.
Ота-онаси вафот этишганидан кейин ҳам яхшилик қилишни истаган фарзандлар ота-оналари номидан хайру садақа ва эҳсонлар қилсинлар. Қилган садақалари савобини ота-оналарига бағишласалар, иншоаллоҳ, манфаати улкандир.
Пайғамбаримиз (сав) қуйидагиларни айтадилар: “Отангнинг дўстлари билан алоқани давом эттир. Аллоҳ таоло шунда сенинг нурингни ўчирмайди”.
Ота-она вафотларидан кейин уларнинг дўст ва дугоналарига фарзанд яхшилик қилса, худди ота-онасига яхшилик қилгандек бўлади. Қариндошлар билан ўзаро алоқани сақлаш фазилатли иш бўлиб, ота-онадан сўнг уларнинг қариндошларига яхшилик қилган фарзанд худди ота-онасига яхшилик қилган билан баробар бўлиб, умрига ҳам барака берилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ота-онанинг фарзанддаги ҳақлари ўта муҳим ҳақлар ҳисобланади ва ота-онага нисбатан фарзандлар жуда ҳушёр бўлишлари, доимо уларнинг кўнгилларини олиб, яхшилик қилиш, хурсанд қилиш учун ҳаракат этишлари ва бу яхшиликни ҳатто ота-онанинг вафотидан сўнг ҳам давом эттиришлари зарур бўлади.
Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширин сўзли бўлишилари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларнинг ҳизматларини бажариши лозим.
Жаннатмонанд мамлакатимиз ўзининг истиқлолига эришган илк даврлардан нафақахўр кекса отахонлар ва онахонларга, ногиронларга катта ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Ҳаётлари енгил ва осон кечиши ҳамда ижтимоий эҳтиёжларини янада мукаммалроқ қондириш йўлида ҳукуматимиз томонидан доимий суратда ёрдамлар берилмоқда. Улар даволанишлари, соғлиқларини мустаҳкамлашлари, транспорт воситаларидан фойдаланишда алоҳида имтиёзларга эгадирлар. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг нуроний дуогўйларига билдирилган ҳурмат ва эътибор бўлса, иккинчи томондан уларнинг холисона қилаётган дуойи хайрлари, иншоаллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало ва офатлардан сақлайди. Зеро, бу борада жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қилиб айтганлар:
" لَوْ لاَ الشُيوخُ الرُكَّعُ وَاْلبَهائِمُ الُرتَّعُ وَالْصِبْيانُ الرُّضَعُ لَصُبَّ عَلَيْكُمُ الْبَلاَءُ صَبَّا "
(رواه البيهقى)
яъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар қуйилган бўлар эди”.
Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни, кексаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, бизларнинг ҳалқимизда қилаётган холис дуоларини мустажоб айласин! Омин.
Фатво бўлими ходими
Арзикулов Собиржон
Абу Ҳанифа – буюк имом
Имом Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон р.а.
У зотнинг ҳаётидан лавҳа (80-150 ҳ.).
Насаби: Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон ибн Собит ал-Форсий Имом Аъзам номи билан танилгандир. Боболари асли Қобил аҳлидан бўлиб, диёрлари фатҳ бўлганда асир олиниб, сўнгра озод этилганлар. Абу Ҳанифа гарчи асирликдан озод этилган кишининг авлоди бўлсада, на унинг ўзи ва на отаси қулликда бўлмаган. Балки, асли ҳур бўлган. Форсий нисбатининг берилиши асрлар оша у зотнинг шарафларига шараф қўшди холос. Зеро, саҳобалардан сўнг ислом диёрида узоқ вақт илм майдонининг марказида турганларнинг аксар қисми ҳам мавлолардан эди[1]. Қолаверса, Расулуллоҳ с.а.в.нинг айнан шулар ҳақида айтган башоратлари ҳам ўз тасдиғини топган эди:
لو كان العلم بالثريا لتناوله أناس من أبناء فارس
яъни: “Агар илм Сурайёда бўлганида уни форс ўғлонларидан бўлган кишилар олиб тушар эди”.[2]
Туғилиши ва вафоти:
Абу Ҳанифа р.а. Кўфада саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топди. Шу ерда ўсиб улғайди ва ҳаётининг аксар қисмини шу шаҳарда таълим олиб, таълим бериб ўтказди.
Отаси Собит ҳам ислом динида таваллуд топган. Ривоят қилинишича, у киши болалик вақтида отаси Зуто билан Али ибн Абу Толиб билан учрашган. Шунда Али р.а. унинг ўзи ва зурриётлари ҳақига барака тилаб дуо қилган.
Абу Ҳанифа соф исломий оилада улғайди. Ҳаётини тижоратчилик билан бошлади. Сўнгра ўз замонасининг фақиҳи Аш-Шаъбий ундаги заковат ва фикрлаш қобилияти кучлилигини кўргач, тижоратни ташламаган ҳолда уламоларнинг суҳбатида ҳозир бўлиб туришликни тавсия қилди. Шундан сўнг у тижорат билан шуғулланиш билан бир пайтда илм олишга киришди.
Илм талаб қилиши:
Абу Ҳанифа р.а. ўз замонасидаги исломий маърифатни ўзлаштира билди. Қуръони каримни Осим қироати бўйича ёдлади, ҳадисдан дарс олди, наҳв, адабиёт ва шеърдан етарли даражада таҳсил олди. Шунингдек, калом илми ва дин асосларидан дарс ўқиди. Эътиқод ва шунга боғлиқ масалаларда ихтилоф қилаётган фирқалар билан баҳс ва мунозара олиб борди. Сўнгра, фиқҳ илми билан шуғулланишга ўтди. Умрининг охиригача шу илм билан шуғулланишда давом этиб, бор тафаккурини шунга баҳшида этди. Фиқҳ илмини танлагани ҳақида у зотнинг ўзи шундай деган эди: “Ҳар қачон фиқҳ билан машғул бўлганимда қалбимда унинг улуғлиги янада ортиб бораверади... Билдимки, фарзларни адо этиш, динни қоим қилиш ва ибодатни мукаммал бўлиши фақат фиқҳни билиш билан тўғри бўлади. Дунё ва охират талаби ҳам айнан фиқҳни билишдадир”.
Абу Ҳанифа р.а. фатво беришни ўрганиш учун ўз асрининг улуғ машойихлари сари йўл олди. Йигирма икки ёшидан бошлаб шайхи Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг хизматида бўлиб, то шайхи вафот этгунича, яъни қирқ ёшигача ундан ажрамади. Абу Ҳанифа р.а. шайхи Ҳаммоднинг хизматида бўлган вақтида ҳам кўп марта Аллоҳнинг байтига ҳаж зиёратига борган, Макка ва Мадина шаҳарларидаги фуқаҳо ва муҳаддис уламолар билан учрашган. Улардан ҳадислар эшитган, фиқҳий масалаларда улар билан музокара олиб борган, ўз навбатида уларнинг фиқҳий усулларидан бохабар бўлган.
Тобеинларни қаерда ва қачон илм олганларини ўрганар, хусусан фиқҳ ва ижтиҳодда алоҳида ўрин тутган саҳобалар билан алоқада бўлган тобеинларга эргашар эди. Бу хусусда Абу Ҳанифанинг ўзи шундай деган эди: “Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ибн Аббоснинг фиқҳини ўзларининг асҳобларидан олганман”.
Абу Ҳанифа р.а. қирқ ёшида Кўфа масжидида шайхи Ҳаммоднинг ўрнини эгаллади. Шогирдлари билан янги фатволар ва турли масалалар устида музокара олиб борар эди. Ўхшаш мисолларни бир-бирига кучли мантиқ ва ўта закий ақл билан қиёслар эди ва шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усулига асос солинди.
Абу Ҳанифанинг ахлоқи:
Абу Ҳанифа р.а. юксак даражада динга ва ибодатга берилган, кундузлари рўзадор, кечалари бедор, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни мудом тиловат қилишликни ўзига одат қилиб олган, ўттиз йил давомида тунни намоз ўқиб бедор ўтказган буюк зот эди.
Охират азобидан қўрқиб кўп йиғлар эди. Ҳатто, қўни қўшнилари унинг кўп йиғлашидан унга раҳмлари келар эди. Ўта ҳаёли, барча гўзал одобларни ўзида мужассам этган, хусусан шайхларига нисбатан одоб сақлаган шогирд, ота-онасига меҳрибонлик кўрсатган, ҳар намозда уларнинг ҳақларига дуо қилиб, номларидан садақалар қилган фарзанд эди.
Абу Ҳанифа ўта парҳезкор эди. Айтар эдики: “Агар банда ҳаёти давомида Аллоҳ таолога ибодат қилиб, ҳатто манабу устунга ўхшаб қуриб қақшасада аммо қорнига кираётган нарса ҳалолми ёки ҳаром эканлигини билмаса унинг ибодати қабул бўлмайди”. Шунинг учун ҳам шубҳа аралашган нарсалардан ўзини сақлар эди. Агар бирор молда шубҳа борлигини гумон қилса уни фақир ва муҳтожларга тарқатиб юборар эди. Дарҳақиқат, бир куни тижоратдаги шериги айби бор кўйлакни айбини айтмай сотиб юборгани учун бор молининг ҳаммасини садақа қилиб юборган.
Абу Ҳанифа р.а. одамлар билан бўладиган тижорий муомалада жуда ҳам буюк омонат эгаси эди. Ҳатто кўпчилик у кишини тижорат соҳасида Абу Бакр Сиддиқ р.а.га ўхшатишар эди. У зот уламолар орасида қандай юксак мақомда бўлса, тижоратчилар орасида ҳам энг содиқ тижоратчининг комил тимсоли эди. У зот ҳақида замондоши Малийҳ ибн Вакийъ шундай деган: “Абу Ҳанифа р.а. буюк омонат эгаси эди. Аллоҳга қасамки, буюк қалбли инсон эди. Аллоҳнинг розилигини ҳамма нарсадан ҳам юқори қўяр эди. Агар Аллоҳ йўлида бошига қилич келса ҳам ҳақиқатдан қайтмас эди”.
Олийжаноблик ва саховатпешалик у кишининг энг кўзга кўринган хулқларидан эди. Тақводорлиги ва озгина фойда билан кифояланишларига қарамай тижоратлари кўп фойда келтирар ва даромадларининг аксарини машойихлар ва муҳаддисларнинг шарофати туфайли Аллоҳнинг фазлига сазовор бўлганини эътироф этган ҳолда уларга инфоқ қилар эди. Фузайл ибн Иёз айтади: “Абу Ҳанифа фиқҳ илмида машҳур фақиҳ киши эди. Молу давлати бисёр, атрофидаги кишиларга хайр-эҳсон улашиш одати ҳаммага маълум, кеча-ю кундуз илм олишга сабрли, тунлари қоим, кўп сукут сақлар, то ҳалол ёки ҳаром ҳақида савол берилмагунча гапирмас эди”.
Абу Ҳанифа р.а. ташқи кўриниши гўзал қиёфада бўлишига жуда ҳам катта эътибор қаратар эди. У кишини одамлар қандай яхши сифатлар билан зикр қилсалар, ўша сифатларга эга бўлишга ҳаракат қилар эди. Кийим бошига аҳамият берар, ҳушбўй суришни ҳуш кўрар, чиройли ҳайъатда юрар эди. Ўзига яқин бўлганларни ҳам мана шунга ундар ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг:
إن الله يحب أن يرى أثر نعمته على عبده[3]
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло бандасига берган неъматининг асарини унда кўришни яхши кўради”, деган ҳадисларини эслатар эди.
Бошидан кечирган синовлари ва вафоти:
Абу Ҳанифа р.а. турли кучлар ўртасидаги зиддиятлар ва ихтилофлар авжига чиққан даврда яшади. Уммавийлар ва Аббосийлар давлатини кўрди. Атрофда содир бўлаётган воқеаларга чалғимай, ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўз мавқесида турди. Бирор марта ҳам хорижийларга қўшилиб давлатга қарши чиққан ёки қўзғолончилар тарафида бўлиб ҳукуматга қарши бош кўтарган эмас. Уммавийларнинг Кўфадаги волийси Умар ибн Ҳубайра Абу Ҳанифани ўзи билан бирга ишлашини талаб қилганда, бош тортгани учун зиндонда азобланган. Сўнгра у ердан Маккага қочиб боради ва 130-136 ҳ. йиллар давомида Маккада қўним топиб, у ерда Ибн Аббос р.а.дан мерос бўлиб қолган усулда фиқҳ ва ҳадис фанлари билан танишади.
Давлатни бошқариш Аббосийларнинг қўлига ўтгач яна Куфага қайтиб келади. Уларга содиқ эканлигини эълон қилади ва Кўфа масжидидаги дарс ҳалақасига қатнашни давом эттиради. Абу Ҳанифа р.а. Аббосийлар давлатига нисбатан яхши муносабатда давом этиб борар эди, бироқ Халифа Мансурнинг Пайғамбар а.с.нинг оилаларига нисбатан, яъни Али р.а.нинг баъзи авлодларига нисбатан салбий муносабатда бўлиши Абу Ҳанифанинг халифани бу ишини танқид қилишига сабаб бўлди. Халифанинг атрофида Абу Ҳанифага ҳасад қиладиган кимсалар кўп эди. Улар халифанинг кўнглида Абу Ҳанифага нисбатан нафрат уйғотишга ҳаракат қилишар эди. Кунларнинг бирида халифа Мансур Абу Ҳанифа р.а.га унинг халифага нисбатан ихлосини синаш учун қозилик мансабини таклиф қилади. Абу Ҳанифа р.а. гуноҳкор бўлишдан қочиб қозилик мансабини қабул қила олмаслигини айтиб узр сўрайди. Чунки, у қозилик мансаби жуда оғир эканлигини, уни тўғри адо этишга қурби етмаслигини яхши билар эди. Айнан мана шу эътирози Абу Ҳанифанинг ўта оғир синовларга дучор бўлишига сабаб бўлди. Чунки, халифа Мансур учун Абу Ҳанифадан унинг танқидлари учун ўч олишга фурсат пайдо бўлди. Абу Ҳанифа р.а. бир қанча муддат зиндонга ташланиб, азобланди. Сўнгра, фақат фатво бериш ҳуқуқи билан зиндондан озод этилди. Аммо, у келган масалаларга фатво бермай қўйди. Шундан сўнг, яна зиндонга ташланди. Кейинчалик зиндондан чиқарилди ва уй қамоғига ҳукм қилинди. Унинг олдига одамлар келиши ва фатво бериши ман қилиб қўйилди. Энг ишончли ривоятларга кўра Абу Ҳанифа р.а.нинг ҳаёти то умрининг охиригача шу ҳолатда давом этди. Баъзи ривоятларда у кишини зиндонда заҳарлаб ўлдирилган, дейилган. У 150 ҳ. санада вафот этган.
Абу Ҳанифа р.а. жасадини Хайзарон деган жойга дафн қилишларини васият қилган эди. Уни ўша ерга олиб боришади. Жаноза намозида қатнашганларнинг адади эллик мингдан зиёд бўлганлиги айтилган. Жаноза намозини халифа Мансурнинг ўзи ўқиди. У Абу Ҳанифанинг нақадар буюк дин ва тақво соҳиби эканлигига иқрор бўлиб: сизнинг ҳаётингиз ва ўлимингиз учун энди мени ким маъзур тутади, деб надомат чекди. Аллоҳ таоло У зотни Ўз раҳматига олсин.
Абу Ҳанифанинг илмий даражаси:
Абу Ҳанифа р.а. ўз дунё қарашига эга, ўзига хос мустақил йўлни тутган фақиҳ олим эди. У ҳақида айтилган мақтов садолари авлодлар оша жаранглаб У зотнинг сийратларига хуш бўй таратиб келмоқда. Уламолардан бири шундай деган эди: мен Абу Ҳанифанинг ҳузурида беш йил бўлдим. У кишидек узоқ сукут сақлайдиган кишини кўрмадим. Агар фиқҳдан бирор савол сўралса, очилиб, селдек қуйилар эди. Замондошларидан бири Абдуллоҳ ибн Муборак У зотни: илмнинг мағзи, деб тавсифлаганидек, илмнинг энг тубигача етиб борган эди. Масалаларнинг туб моҳиятига етиб борар ва ўзининг усулий қоидаларини шу асосга барпо қилар эди. Замонасида фикри, илми ва илмий мунозаралари билан шуҳрат қозонди. Мутакаллимлар билан муноқаша қилар, бидъатчи тоифаларнинг ҳавоий ақидаларига раддия берар, турли фирқалар билан мунозара қилар эди. У зотнинг калом илми масалаларида ўзига хос қарашлари борлиги маълум. Ҳатто, бу илмда у кишига мансуб рисолалар ҳам мавжуд. У зот фиқҳ, тахриж, ҳадисларни тушуниш, аҳкомларнинг иллатини истинбот қилиш ва унга усулий қоидаларни асослаш борасида юксак мақомга эгадир. Бу ҳақда замондошларидан бири: мен ҳадисни тушуниш борасида ундан яхшироқ кимсани кўрмадим, деган.
Абу Ҳанифада бунчалик кўп илм қаердан пайдо бўлди? Унинг манбаъси қаерда? Унга замин тайёрлаган нарса нима? Унда қандай имкониятлар мавжуд бўлдики, ислом олами тарихида илми ривоят қилиб келинади.
Абу Ҳанифанинг илмда етукликка эришишига асос бўлган тўртта сабаб бор. Биринчиси, унинг табиатидаги сифатлар. Иккинчиси, уни илмга йўналтирган ва унга катта таъсир ўтказган устозлари. Учинчиси, шахсий ҳаёти ва тажрибалари. Тўртинчиси, у яшаган замон ва уни ўраб турган мафкуравий муҳит. Қуйида ана шу сабабларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида сўз юритамиз.
- Абу Ҳанифанинг табиатидаги сифатлари:
Абу Ҳанифа р.а. уни уламолар орасида энг чўққига чиқишига сабаб бўлган сифатлар билан сифатланган эди. У саботли, ишончли, кенг фикр юритувчи, ҳақиқатларни илғаб олувчи ҳақ рост олимнинг сифатига эга эди.
У ўзига талабчан, ҳиссиётларини жиловлаб олган эдики, унга қарши айтилган сўзлар уни ўзидан бегона қилмас, ноҳақ айтилган гаплар уни ҳақдан четлата олмас эди. У доим шундай дер эди: Эй, Аллоҳим! Кимнинг бизга кўнгли тор бўлса, бизнинг қалбимиз унга ҳамиша кенгдир. Унга ато этилган мустақил фикрлаш қобилияти уни Китоб ёки суннат ёки бирор саҳобанинг фатвосидан бошқага бўй сунишга йўл бермас эди. Бу борада унга бировга нисбатан муҳаббат ёки адоват ўз таъсирини ўтказа олмас эди.
Масалалар устида жуда чуқур фикр юритар, зоҳирий баҳс юритиш билан кифояланмас, ибораларнинг зоҳирий маъносида тўхтаб қолмас, балки унинг ботиний томонлари устида ҳам фикр юритар эди. Эҳтимол, ундаги мана шундай чуқур фалсафий ақл юритиш хусусияти уни илмий ҳаётининг аввалида калом илми билан шуғулланишга, шунингдек, ҳадисларни чуқур таҳлил қилиб, ундаги ҳукмлар қандай иллатларни ўз ичига олганлигини излаб топиш даражасида ўрганишга туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.
Абу Ҳанифа р.а. ҳозиржавоб инсон эди. Ҳеч қачон фикрлашдан тўхтаб қолган эмас. Рақиби уни қанчалик мот қилишга уринмасин, ундан осонлик билан чиқиб кетишга имкон топар эди. Бу борада У зотдан ажойиб ва ғаройиб хотиралар қолган. Ҳаттоки, бу хусусда шундай дейилган: агар у киши бирор ҳукмни исбот қилиш ёки инкор қилишни ирода қилса, албатта бунинг уддасидан чиқар эди.
Абу Ҳанифа р.а. доимо ҳақ томонида бўлган. У ҳох ғолиб бўлсин, ҳох мағлуб бўлсин унинг мақсади фақат ҳақиқат бўлар эди. Ҳақпарварлиги учун ҳам ўзининг фикрини мутлақ ҳақиқат, деб ўзгаларни уни қабул қилишга мажбурламас эди. Балки: бу гап менинг фикрим, агар бирор киши менинг сўзимдан кўра яхшироқ гап айтса, ана ўшанинг гапига эргашилади, дер эди.
Ушбу сифатлар Абу Ҳанифа р.а.ни унга етган руҳий ғизодан озиқланиб буюк фақиҳ бўлиб етишишига сабаб бўлди.
- Уни илмга йўналтирган ва унга катта таъсир ўтказган устозлари:
Имом Абу Ҳанифа р.а. бир нечта саҳобалар билан учрашган. Жумладан, Анас бин Молик, Абдуллоҳ бин Абу Авфа ва Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳумлар билан кўришган, аммо улардан ҳадис ривоят қилмаган. Чунки, улар билан учрашган вақтда у ҳали ёш бола эди. Лекин, уламолар Абу Ҳанифани катта тобеинлар билан учрашгани, уларнинг мажлисида ўтириб, улардан дарс олганлиги ҳамда улардан ҳадис ривоят қилганлиги, уларнинг фиқҳини ўзлаштирганлигига ижмо қилганлар. Бу ҳақда Абу Ҳанифа р.а.нинг ўзи шундай деган: мен илм ва фиқҳ маъдани ичида бўлганман, унинг аҳли билан ўтиришганман, фуқаҳоларидан бирининг этагини тутганман. Мана шунинг ўзи Абу Ҳанифани илмий муҳитда яшаганлиги, уламолар билан ўтиргани, уларнинг илмий баҳс юритиш йўлларини ўрганганлигига далолат қилади. Сўнгра у ўзига фиқҳий қарашларида муносиб бўлган фақиҳни устозликка танлади ва ўн саккиз йил унинг хизматида бўлди. У зот ўз замонасида Ироқ фиқҳи машойихларининг сўнгиси деб эътироф этилган Ҳаммод бин Абу Сулаймон эди. Ҳаммод фиқҳни асосан аҳли раъйларнинг фақиҳи Иброҳим Ан-Нахаъийдан, шунингдек, аҳли ҳадисларнинг фақиҳи Аш-Шаъбийдан олган эди. Ана у иккиси буюк саҳобийлар Абдуллоҳ бин Масъуд ва Али бин Аби Толиб р.а.ларнинг фиқҳидан қонган эдилар. Бу икки саҳобий р.а. Куфада туриб унинг аҳлига улкан фиқҳий меросни қолдириб кетган эди.
Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ато бин Аби Рабоҳ бўлиб, у зот Ибн Аббос р.а.нинг илмий хулосаларини унинг мавлоси Икримадан олган. Абу Ҳанифа р.а. Маккада яшаган вақтида Ато бин Аби Рабоҳнинг мулозими бўлган.
Шунингдек, Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ибн Умар р.а.нинг мавлоси Нофеъдир. Абу Ҳанифа р.а. ундан Умар бин Хаттоб р.а. ва Абдуллоҳ бин Умар р.а.нинг илмини олди. Шундай қилиб имом Абу Ҳанифада буюк саҳобийлар Умар, Али, Ибн Аббос, ибн Масъуд, Ибн Умар р.а.нинг илмлари уларга мулозим бўлган тобеинлар орқали жам бўлди.
Имом Абу Ҳанифа р.а. фақатгина ўша санаб ўтилган фуқаҳолардангина илм олиш билан чекланиб қолмади. Балки, у Оли Байт, яъни Пайғамбар а.с.нинг авлодларидан бўлмиш Имом Зайд бин Али Зайнул Обидийн, Муҳаммад Ал-Боқир, Жаъфар Ас-Содиқ, Абдуллоҳ бин Ал-Ҳасан бин Ал-Ҳасандан ҳам илм ўрганди, улардан дарс ўқиди.
Абу Ҳанифа илмий муносабатларини фақат юқорида зикри ўтган уламолар билан боғлашда тўхтаб қолмай, у турли хилдаги фирқаларнинг фикрлари билан яқиндан танишиб, уларнинг ҳар биридан ўзига хос хулосалар ясади.
Юқорида ўтган маълумотлардан сўнг айтишимиз мумкинки, Абу Ҳанифа р.а. фиқҳни ўз замонасида мавжуд бўлган барча манбаълардан олишга эришди. Шундай бўлсада, у аҳли Раъйларнинг фикрлашидан кўпроқ таъсирланди, балки унинг ўзи аҳли Раъйларнинг етук шайхига айланди.
- Абу Ҳанифанинг шахсий ҳаёти ва тажрибалари:
Абу Ҳанифа р.а.нинг ҳаёти ва илмий тажрибаси уни Ироқнинг биринчи рақамли фақиҳи бўлиш сари йўналтирди.
У тижорат билан шуғулланар, тижорий олди-сотди ва урф-одатларнинг барчасидан хабардор эди. Бу эса уни одамларнинг ўзаро муомалалари ва тижорат аҳкомларида етук билимдоннинг сўзини айта олиш имкониятига мушарраф қилди. У ўзининг фиқҳий қарашларида урфга катта эътибор қаратди. Қачонки, қиёс билан ҳукм чиқариш манфаат ва адолатга зид кўринса, бу ўринда истиҳсонни қўллашни маъқул кўрар эди.
Ҳаж ва бошқа мақсадларда кўп сафар қилар, сафари давомида уламолар билан учрашар, улар билан музокара олиб борар, ривоят қилар ва фатволар берар эди. Бундан ташқари, сафар қилишнинг ўзи ҳам унга кўп фойда берар эди. Масалан, зеҳни чарҳланар, ваҳй нозил бўлган жойлар билан танишар, турли шаҳарларни кўрар, янги хабарлар ва асарларнинг маънолари ҳақида маълумотларга эга бўлар, шунга қараб фиқҳий масалаларни тасаввур қилиш билан уларнинг ҳукмини яхши баҳолай билиш имкониятига эга бўлар эди.
Абу Ҳанифа р.а. илм талабини бошлаган ёшлик вақтидаёқ тортишув ва мунозараларга дуч келди. Унинг ақида борасида тортишувлари фикрининг чахланиши, идрокининг чуруқлашувига сабаб бўлди. Фиқҳ борасидаги мунозаралари илгари унга таниш бўлмаган ҳадислар, саҳобаларнинг фатволари билан танишиш имконини берди.
Имом Абу Ҳанифанинг ўзига хос дарс ўтиш усули муаллим ва мутааллимни бирдек илмий савиясини оширишга қаратилган эди. У ўртага бир фикрни ташлаб, уни шогирдлари билан бирга муҳокама қилар, ҳар ким бу масала устида ўз фикрини эркин баён қилгач, барчанинг фикридан ҳосил бўлган хулосани ясаб, барча уни тасдиқлагач ёздирар эди. Мана шунинг ўзи ҳам Абу Ҳанифанинг илми муттасил ўсиб, фикри тўлишиб боришида муҳим аҳамият касб қилди.
- Абу Ҳанифа яшаган замон ва уни ўраб турган мафкуравий муҳит:
Абу Ҳанифа р.а. Уммавийлар давлатининг авжи тараққий топган, куч-қувватга тўлган даврини ҳам, унинг инқирозга учраш вақтини ҳам кўрди. Шунингдек, у Аббосийлар давлатининг ҳар томонлама ҳукумронлиги ортиб, барча ишларида зафар қозонаётган даврини ҳам топди. Абу Ҳанифа Уммавийлар даврида эллик икки йил яшади. Бу вақт ичида у илмий ва фикрий комилликка етиб улгурди. Қолган ўн саккиз йил умрини Аббосийлар давлати вақтида яшади ва бу даврга келиб унинг фикрий одатлари ва илмий йўналишлари қарор топган ва у ўзининг кўплаб натижаларини бераётган эди. Шунга кўра Абу Ҳанифанинг ҳаёти давомида олган илмларининг аксари Уммавийлар даврига тўғри келади. Аббосийлар даври эса, аввал бошлаган ишларининг натижалари хосил бўлиш палласи ҳисобланади.
Абу Ҳанифанинг фиқҳи:
Ҳадис фуқаҳоларининг энг машҳури Имом Молик бўлганидек, Абу Ҳанифа р.а. Раъй фуқаҳоларининг энг машҳури саналади. Раъй дейилганда қуйидагилар назарда тутилади: фақиҳ фатво бераётган масалада шаръий нас топа олмаган тақдирда у ўз фатвосида диннинг руҳига мос бўлган жиҳатига суяниши, ёки муфтийнинг назарида умумий жиҳатдан шариат аҳкомларига мувофиқ келишига эътибор қаратиши, ёҳуд шаръий нас билан келган масалага унга ўхшаш нарсаларни бир бирига қиёслаши. Шунга кўра, Раъй тушунчаси қиёс, истиҳсон, масолиҳул мурсала ва урф каби усулий қоидаларни ўз ичига олган қарашдир. Аҳли раъйлар билан аҳли ҳадислар ўртасидаги асосий ихтилоф суннат билан ҳужжат айтишда эмас, балки раъйни қўллаш ҳамда раъй асосида масалалар ишлаб чиқишдадир. Дарҳақиқат, аҳли ҳадислар раъйни ҳужжат сифатида қабул қилмас, фақат ўта зарурий ҳолатдагина унга мурожаат қилишар, воқеъ бўлмаган масалалар устида ҳукм чиқармас, балки фақат воқеъликда содир бўлган масалаларга фатво беришар эди. Аҳли раъйлар эса, кўпинча ижтиҳод қилаётган масалалари борасидаги ҳадис саҳиҳ бўлмаса раъйга асосланиб фатво беришар, фақат воқеъликда содир бўлган масалаларгагина ҳукм чиқариш билан кифояланмай, балки ҳали воқеъ бўлмаган, фаразий масалаларнинг ҳам ҳукмларини раъй асосида чиқарар эдилар. Аҳли ҳадис уламоларнинг аксари Ҳижозда яшаганлар. Ҳижоз саҳобаларнинг ватани, ваҳй нозил бўлган макон бўлгани учун, у ерда яшаган тобеинлар кўпам раъйга берилмаган саҳобалардан таълим олган эдилар. Аҳли раъй уламоларнинг аксари эса, Ироқда яшаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг кўпчилиги Ибн Масъуднинг шогирдлари саналадилар. Маълумки, Ироқ уламолари, жумладан Ибн Масъуд ҳам Расулуллоҳ с.а.в.дан ҳадис ривоят қилишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлганлар. Яъни, Расулуллоҳ с.а.в.дан ворид бўлмаган, ёки ишончли бўлмаган ҳадисни ривоят қилишдан ўзларини эътиёт қилишар эди. Шунинг учун ҳам ҳадис ишончли бўлмаган ҳолатда раъй асосида ижтиҳод қилар эдилар. Бунинг яна муҳим бир сабаби, Ироқ қадимий илмлар ўқитилган мадрасалар ва фалсафалар ватани бўлиб, унинг аҳолиси ҳадис ривоят қилиш шароитларига эга бўлмаган эди.
Абу Ҳанифа р.а. фаразий ва тақдирий масалалар устида ижтиҳод қилиш билан ҳам танилган эди. Воқеъ бўлмаган масалаларни фаразан кашф қилиб, уларнинг ҳукмини ва далилларини ҳам айтиб кетар эди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деган: Биз бало келишидан олдин унга тайёр турамиз. Воқеъ бўлганда унга қандай кириб, қандай чиқишни биламиз. Шу тарзда Абу Ҳанифа тақдирий, фаразий фиқҳнинг ривожига катта хисса қўшди.
Уламолар Абу Ҳанифага мансуб бўлган муснад ҳадислар ва асарлар тўплами бор эканлигини айтиб ўтишган. Лекин, кўпчиликнинг фикрига қараганда Абу Ҳанифа р.а.нинг фиқҳ борасида бирорта ҳам китоби йўқ. Аниқроғи, Абу Ҳанифанинг шогирдлари унинг фиқҳий қарашларини китобга ёзиб боришган. Гоҳида Абу Ҳанифанинг ўзи имло қилиб турган бўлса, гоҳида ёзилган китобни кўздан кечириб, тўғрилаш керак бўлган жойларини тўғрилаб, тўғрисини қолдирар эди. Шогирдлари билан бўлган илмий мажлисларда Абу Ҳанифа ўртага бирин кетин малаларни ташлар, масала юзасидан ўзининг фикрини айтар, шогирдларининг фикрларига қулоқ солар ва биргаликда мунозара қилар, токи фикрлари бир ерга келиб тўхтагач Абу Юсуф уни асл масала қаторига киритар эди. Шу зайлда барча аслий масалалар ўз исботини топиб, Абу Ҳанифанинг мазҳаби вужудга келган. Ундан кейин шогирдлари бобларга ажратиб, тартибланган шаклда битилган китоблар тарзида мазҳабни ёйилишига хизмат қилдилар.
Абу Ҳанифанинг шогирдлари нақл қилган масалалар аксар ҳолда далилларсиз келтирилади. Фақатгина нақл қилинган асар ёки машҳур хабар ёхуд саҳобийнинг фатвоси, гоҳида бирор тобеийнинг фикригина зикр қилиб ўтилади. Аммо, қиёс ёки истиҳсон эса жуда камдан кам зикр этилади. Шубҳасиз, бу бизни Абу Ҳанифа қиёсни қандай қўллаганлигини яқиндан билишимизга тўсқинлик қилади. Ваҳолангки, Абу Ҳанифа ўз замонасининг энг кучли қиёсловчиси, истеҳсоннинг асосчиси бўлган. У қиёслаган ёки истиҳсон қилган масалада унга қарши боришга ҳеч ким журъат қила олмаган.
Абу Ҳанифанинг шогирдаларидан кейинги келган табақа уламолар масалаларнинг далилларини келтириш, қиёсланган ҳукмларни аниқлаш, истиҳсон қўлланилган ўринларни баён қилиш ҳамда урфга асосланган ҳукмларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлар. Лекин биз ҳақиқатан ҳам улар келтираётган далиллар айнан Абу Ҳанифанинг фикрлари ва ҳукм чиқаришда тутган йўлларими йўқми эканлигини комил ишонч билан айта олмаймиз.
Абу Ҳанифа р.а.нинг шогирдлари:
Абу Ҳанифа р.а.нинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлган. Уларнинг баъзилари бошқа ўлкалардан келиб, у зотнинг дарсларида қатнашиб, Абу Ҳанифанинг мазҳаблари бўйича йўналишларга эга бўлгач ўз юртига қайтиб кетган бўлса, баъзилари у зотга мулозимлик қилган. Абу Ҳанифа ўзига мулозимлик қилган шогирдлари ҳақида шундай деган: улар ўттиз олти киши бўлиб, йигирма саккизтаси қозиликка ярайди, олтитаси фатво беришга салоҳияти етарли ва иккитаси яъни, Абу Юсуф ва Зуфар эса қози ва муфтийларни тарбиялай оладиган даражададир.
Абу Ҳанифа санаб ўтган қозилик ва муфтийликка ярайдиган ҳамда қози ва муфтийларни тарбиялашга салоҳиятли бўлган шогирдлари у зотнинг ҳаётлик вақтларидаёқ илмий жиҳатдан пишиб етилган эдилар. Ўша вақтнинг ўзида уларга бундай масъулиятли вазифаларни ҳеч қандай шубҳасиз ишониб топшириш мумкин бўлган. Улар ёш жиҳатидан ҳам бунга лаёқатли эдилар. Аммо, Муҳаммад ибн Ҳасан эса, Абу Ҳанифа вафот этганида ўн саккиз ёшда эди холос. Уни ёши қозилик мансабига ўтиришга кичиклик қилар эди. Шундай бўлсада, биз хусусан Абу Ҳанифанинг фиқҳини ва умуман ироқликларнинг фиқҳини Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китоблари орқали келажак авлодга етиб келганини ва улар бу соҳадаги энг муҳим қўлланма ва асосий манба бўлиб хизмат қилганлигини кўрамиз.
Фатво бўлими мудири
Ҳ.Ишматбеков.
[1] Мавло: Муаррихлар бу атамани араб бўлмаган мусулмонларга нисбатан ишлатишган.
[2] مسند الامام احمد ج 2/ص297
[3] الترمذي : ج 5 / كتاب الزينة باب 41 / 2819