
muslim.uz
Эъзозга лойиқ инсон зиёрати
Инсон азиз-мукаррам зот. Бу ҳақда ислом дини таълимотида ҳам айтилган. Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 - май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонламоқда. Ушбу сана сабабидан қалбларда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-оқибат, хайр-саховат янада кучайишига ҳисса қўшадиган байрамлардандир.
Шу муносабат билан Тошкент ислом институтининг битирувчи курс талабалари мураббийси Фарҳод Ҳомидов бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Зарқайнар кўча, 180-хонадонда истиқомат қилаётган, Муҳиддинов Абдулло ҳожи ота хонадонига бориб, табаррук ёшдаги отахон ҳолларидан хабар олинди.
Зиёрат чоғида ҳожи ота талабаларга Ватанимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида сидқидилдан хизмат қилишлари лозим эканини насиҳат қилдилар. Шу билан бирга, Абдулло ҳожи ота ўзларининг диний идорамиздаги узоқ йиллик хизматлари тўғрисида сўзлаб бердилар.
Халқимиз “От изини той босар” деган нақл бор. Ҳозирда ҳожи отанинг ўғиллари Маҳмудхон ҳожи Муҳиддинов ҳам оталари изидан бориб идора тизимида 30 йилдан ортиқ фидойилик билан самарали меҳнат қилмоқда.
Зиёрат сўнгида ҳожи ота юртимиз тинлиги ва динимиз ривожини тилаб дуои хайрлар қилдилар. Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги тинчлик-омонлик сабабидан бўлаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, бугунги янгиланишлардан ҳар бир ўзбекистонликнинг кўзи қувонади ва қалби яйрайди.
Фарҳод Ҳомидов,
4-курс мураббийси
MUSLIM.UZ
Уч авлод учрашуви
Тарихга назар солмасдан, келажакка боқиб бўлмайди. Бинобарин, инсонни инсон этиб тарбиялашда энг яхши восита бу тарих деб бежизга айтилмаган. Кексаларимиз эса тирик тарихимиздир. Чунки улар улуғ ёшда яшаб ҳаёт йўлидаги мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиш сир-асрорлари ҳамда ўзларидан аввалгилар ҳақидаги хабарларни ҳам сўзлаб берадилар.
Қарияларимиз бизнинг бойлигимиздир. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар орангизда мункиллаб юрган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди” дея марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам исломда сочи оқарган кексаларнинг даражаси Аллоҳ таолонинг наздида юқоридир. Шу туфайли ҳам уларнинг дуолари ижобат бўлишга яқиндир. Динимизда қарияларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳамда дуоларини олишбуюрилган ишлардандир.
Шу сабабли 6 - май куни биз ўз курсдош талабалар мураббий Алишер домла бошчилигида ўз куч-қувватини халқ, ватан, дин йўлида сарф этиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий устозимиз Абдуқаюм домланинг зиёратларига бордик. Устоз бутун умрларини шу юрт равнақи учун сарфлаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлардандир. Ўз илмий фаолиятлари давомида бизнинг олийгоҳимиз бўлмиш Тошкент ислом институтида ректорлик вазифасида ҳам бир неча йил фаолият кўрсатганлар.
Устоз билан суҳбатимиз жуда мароқли бўлди. Ўзларининг ёшлик чоғлари, илмий фаолиятлари, хусусан, олий маъҳадда кўрсатган фаолиятлари ҳақида сўзлаб ҳозирги пайтда биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар билан олдинги ҳолат ўртасида жуда катта тафовут бор эканлигини сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг неъматларни завол бўлишидан олдин унумли фойдаланиб, уларнинг шукрини қилиб қолиш ҳақидаги кўрсатмаларига биноан ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, вақтни қадрига етиш лозимлигини айтиб ўтдилар.
Суҳбатимиз сўнгида устозимиз бизнинг ҳаққимизга дуои хайрлар қилдилар. Биз талабалар ушбу учрашувдан жуда катта таассуротлар олдик. Аллоҳ таолодан устозимизга тинчлик-хотиржамлик, биз шогирдларининг бахтига соғ-омон бўлишларини сўраб қоламиз.
Нодиров Ҳумоюн,
1-курс талабаси
Инсонни қадрлаш – исломий қадрият
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан кексаларни эъзозлаш, уларнинг йиллар мобайнида тўпланган бебаҳо маслаҳатлари, ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш юзасидан бир қатор таклифлар киритилиб, кун тартибига қўйилмоқда.
Шу жумладан, баркамол авлодни маънан баркамол қилиб тарбиялашда, динимиздаги меҳр-оқибат, раҳм-шавқат, атрофимиздаги кишилардан хабар олиб туриш каби хислатларни ёшларнинг қалбига сингдириб, улғайтиришимиз миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни нақадар улуғлигининг белгисидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан яхшиларингиз умри узоқ ва яхши амалларда бардавом бўлганларингиздир”.
Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берибди. Қайси бир кишига Аллоҳ шундай умрни тақдир қилган экан, ҳеч шубҳасиз, бу инсон бахтлилар қаторидадир.
“9май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан жорий йилнинг 4май куни Тошкент ислом институтида талаб қизларнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Икромова Ҳабиба устозва ҳисобчи Қундуз ҳожи она Усмонова билан учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу дийдорлашув давомида улуғ онахонлар талаба қизларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини берар экан шундай сўзларни айтиб ўтдилар: “Кексалик инсон умрининг осуда давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда, ёш авлод уларнинг кўмаги ва маслаҳатига доимо эҳтиёж сезадилар. Агар сиз ёшлар меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб тарбия топмоқни истасаларингиз, кекса ота-оналарингизни зиёрат қилиш асносида, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳаётий тажрибаларидан фойдаланинглар”.
Қутлов сўнгида ёш авлод мўьтабар ёшдаги онахонларнинг дуоларидан баҳраманд бўлдилар. Зеро, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат эҳтиром қилиш, кексалар ҳолидан хабардор бўлиб туриш ўзбек халқининг азалий одатларидандир. Шунингдек, дуо олган киши албатта кўкаради ва келажакда ўз мевасини беради.
З.Суярова,
ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
MUSLIM.UZ
Ҳаракатлар стратегияси: янгича ёндашув замон талаби
Мамлакатимиз барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан илгарилаб бораётир. Шу туфайли жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Геосиёсатга оид масалаларда, дунёнинг энг юксак минбарларида Ўзбекистон Республикасининг позицияси эътиборга олинмоқда. Иқтисодиёт борасида ҳам биз билан бир вақтда истиқлолга эришган мамлакатларнинг аксаридан илгарилаб кетганимиз, яқин йиллар ичида ривожланган давлатлар сафидан жой олишимизнинг геосиёсатга ва халқаро иқтисодиётга ихтисослашган Ғарб олимлари илмий прогноз қилишмоқда. Маънавият-маърифат, диний бағрикенглик масаласи ҳам доим давлатнинг эътиборида бўлиб келаётгани боис бу борадаги ютуқларимиз ҳам қувонарлидир.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналишида диний бағрикенглик масаласи ҳам эътиборга олинган. Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳада давлат сиёсати концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага ўз таклифларини юборди.
Аёнки, ҳар қандай соҳани ўша соҳа мутахассиси бўлиб ҳар доим унинг ичида юрган кишичалик ҳеч ким билмайди. Билган тақдирда ҳам соҳа одамлари каби ҳис қила олмайди. Ана шу касбийлик, ҳиссийликдан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси қўмиталарида тайёрланаётган қонун лойиҳаларида динга, диндорларга оид масалалар муҳокамасида, қонун лойиҳасини тайёрлаш ишларига диний ташкилотлар вакиллари иштирокини таъминлаш ва уларнинг фикрлари, таклиф-мулоҳазаларини инобатга олиш зарур бўлади.
Шунингдек, масжидларнинг коммунал хизматлар учун тўловлари ҳамда диний-маърифий нашрларнинг солиқ ва мажбурий тўловлари бўйича имтиёзлари юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
Замон талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларнинг янги таҳрирдаги намунавий Низоми лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Кенгаши йиғилишида қабул қилинди.
Янги Низомга мувофиқ, агар масжиддаги намозхонларнинг аксари рус, инглиз ёки араб тилида гаплашувчилар бўлса, давлат тили билан бирга ўша тилларда ҳам иш юритиш мумкин.
Эндиликда масжидлар Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан келишган ҳолда оммавий ахборот воситалари ташкил этиш, шўъба корхоналари ва бошқа тадбиркорлик тузилмаларини (диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари) ташкил этиши мумкин. Вилоят ва шаҳар вакилликлари ҳамда “Шайх Зайниддин”, “Мирза Юсуф”, “Тўхтабой” жоме масжидларининг интернет сайтлари ушбу ишлардан дебочадир.
Бу қулайликлар масжидлар ривожида катта ўрин тутади. Масжидлар тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб моддий жиҳатдан янада қувватланиб олса, китоблар, видео ва аудио қўлланмалар, замонавий асбоб-ускуналар харид қилиб, чинакам маърифат масканига айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ахборот хизмати