Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаракатлар стратегияси: янгича ёндашув замон талаби

Мамлакатимиз барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан илгарилаб бораётир. Шу туфайли жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Геосиёсатга оид масалаларда, дунёнинг энг юксак минбарларида Ўзбекистон Республикасининг позицияси эътиборга олинмоқда. Иқтисодиёт борасида ҳам биз билан бир вақтда истиқлолга эришган мамлакатларнинг аксаридан илгарилаб кетганимиз, яқин йиллар ичида ривожланган давлатлар сафидан жой олишимизнинг геосиёсатга ва халқаро иқтисодиётга ихтисослашган Ғарб олимлари илмий прогноз қилишмоқда. Маънавият-маърифат, диний бағрикенглик масаласи ҳам доим давлатнинг эътиборида бўлиб келаётгани боис бу борадаги ютуқларимиз ҳам қувонарлидир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналишида диний бағрикенглик масаласи ҳам эътиборга олинган. Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳада давлат сиёсати концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага ўз таклифларини юборди.

Аёнки, ҳар қандай соҳани ўша соҳа мутахассиси бўлиб ҳар доим унинг ичида юрган кишичалик ҳеч ким билмайди. Билган тақдирда ҳам соҳа одамлари каби ҳис қила олмайди. Ана шу касбийлик, ҳиссийликдан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси қўмиталарида тайёрланаётган қонун лойиҳаларида динга, диндорларга оид масалалар муҳокамасида, қонун лойиҳасини тайёрлаш ишларига диний ташкилотлар вакиллари иштирокини таъминлаш ва уларнинг фикрлари, таклиф-мулоҳазаларини инобатга олиш зарур бўлади.

Шунингдек, масжидларнинг коммунал хизматлар учун тўловлари ҳамда диний-маърифий нашрларнинг солиқ ва мажбурий тўловлари бўйича имтиёзлари юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Замон талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларнинг янги таҳрирдаги намунавий Низоми лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Кенгаши йиғилишида қабул қилинди.

Янги Низомга мувофиқ, агар масжиддаги намозхонларнинг аксари рус, инглиз ёки араб тилида гаплашувчилар бўлса, давлат тили билан бирга ўша тилларда ҳам иш юритиш мумкин.

Эндиликда масжидлар Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан келишган ҳолда оммавий ахборот воситалари ташкил этиш, шўъба корхоналари ва бошқа тадбиркорлик тузилмаларини (диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари) ташкил этиши мумкин. Вилоят ва шаҳар вакилликлари ҳамда “Шайх Зайниддин”, “Мирза Юсуф”, “Тўхтабой” жоме масжидларининг интернет сайтлари ушбу ишлардан дебочадир.

Бу қулайликлар масжидлар ривожида катта ўрин тутади. Масжидлар тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб моддий жиҳатдан янада қувватланиб олса, китоблар, видео ва аудио қўлланмалар, замонавий асбоб-ускуналар харид қилиб, чинакам маърифат масканига айланади.  

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ахборот хизмати

Read 5666 times

Янгиликлар

Top