
muslim.uz
Россия мусулмон давлатларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини оширади.
2017 йилда Россия Яқин Шарқ, Форс курфази ва Шимолий Африка давлатларига экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмини сезиларли даражада оширмоқчи.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортининг валютадаги қиймати бир миллиардга етиши режалаштирилган. Россия федерацияси қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Сергей Левиннинг эътироф этишича, Россия узоқ йиллардан бери Яқин Шарқ давлатларининг ишончли ҳамкори саналади. Россия федерациясида етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари барча нормаларга жавоб беради, айниқса, мусулмон давлатлари талабларига.
Мамлакатлар ўртасидаги айланма товар обороти ҳозирги вақтда 16,2 миллиард долларни ташкил этади. Кеча Левин Бирлашган Араб Амирликларининг Иқлим ўзгаришлари ва атроф-муҳит муҳофазаси вазири Тани Аҳмад Зайди билан учрашди. Буғдой ва бошқа бошоқли дон маҳсулотлари ҳамда гўшт етиштириб бериш музокаранинг асосий мавзуларидан бўлди.
Қуръони карим қўлёзмасининг тилла нусхаси
Бишкекда “Абадий ва бебаҳо кўргазма” деб номланган кўргазма очилди. Унда республиканинг 30га яқин рассомлари асарлари намойиш этилди. Асарлар ташкил этилган аукционда шу ерни ўзида сотилади.
Кўргазма қатнашчиларини қойил қолдирган энг ажойиб асар – Москва пул зарбхонаси заргарлари олтин ва кумушдан тайёрлаган Қуръон саҳифалари бўлди. Ушбу асар Бишкекка атиги уч кунга келтирилди. “Олтин Қуръон”ни яратишда Усмони Зуннурайн даврида битилган қўлёзмадан нусха олинган. Қуръон оятлари 999 навли (проба) олтинга зарб қилинган бўлиб дунёда бундай кўринишдаги Қуръон бошқа йўқ.
АҚШда биринчи бор мусулмон губернатор бўлиши кутилаётир
Келиб чиқиши мисрлик бўлган шифокор Абдул Ал-Саид 2018 йил АҚШдаги биринчи мусулмон губернатор бўлиши мумкин.
32 ёшли Ал-Саид 2015 йилдан бери Детройт шаҳрининг соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари лавозимини эгаллаб келмоқда. У ўз номзодини Мичиган штати губернаторлигига қўйишга қарор қилди. Ал-Саид сайланган тақдирда унга «мерос» сифатида мамлакатнинг энг камбағал ҳисобланган Детройт ва Флинт шаҳарлардаги кучли иқтисодий инқироз боғлиқ муаммолари ўтади, деб таъкидлайди Al Jazeera. «Мен туғишганларим, штатим ва мамлакатим учун дуо қиламан, ўтмишда сунъий чегаралар тузиб халқни бир-биридан ажратиб қўйилган бўлса-да, ва яна ўша чегараларни айрим сиёсатчилар тиклашни орзу қилаётган эса-да эндиликда халқнинг жипслашишига ишончим комил», дейди Абдул Ал-Саид.
Абдумалик тайёрлади
Кибрнинг даражалари ва турлари
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтган:
- Кибр инсон қалбида қарор топган бўлади. Бундай одам ўзини бошқалардан афзал билади. Аммо у тавозеъ кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу одам, қалбида кибр дарахти экилган, лекин унинг шохлари кесилган шахсдир.
- Бир киши ўз ҳаракатлари билан мажлисларда баландпарвозликни, тенгдошлари ўртасида пешқадамликни ва ўз ҳақи камситилишига жим қараб туролмайди. Олим бўлса, одамлардан юз ўгиргандек бўлиб афтини буриштиради. Обид бўлса, худди одамлардан жиркангандек, бурнини жийиради. Бу иккиси ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига “Ўзингга эргашган мўминларга қанотингни ёзгин” деб берган одобни билмаган жоҳиллардир.
- Бир кишининг тили билан улуғликни даъво қилиши, ўзини кўкларга кўтариб мақташи кибрдир. Шунингдек, насаби билан фахрланиш ҳам кибр саналади.
Кибрнинг тури ҳам уч хилдир. Булар:
- Аллоҳ таолога кибр қилиш.
Бу энг ёмон кибрдир. Бу ҳолат Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир. Фиръавн қавмига нидо қилиб, “Мен сизларнинг энг улуғ раббингизман”, деган эди (Нозиот сураси, 24-оят).
Фиръавн Аллоҳга банда эканини тан олмади, ўзини илоҳ деб эълон қилди, кибру ҳавога берилди. Унинг оқибати денгизда ғарқ бўлиш билан тугади.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кибр қилиш.
Бу ҳолат Макка кофирларига ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборат.
Мушриклар ва кофирларнинг пайғамбарларга имон келтирмасликларига анбиёларнинг оддий инсон боласи эканлари, худди бошқа одамлар каби еб-ичиб, бозорларда юришлари сабаб қилиб келтирилганди. Гўё пайғамбар бу ишларни қилмаслиги керакдек. Аслида Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун одамлар ичидан энг пок инсонларни пайғамбарлик учун танлади.
- Бандаларга кибр қилиш.
Бу ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборат. Одамлар бир-бирига кибр қилишларига илм, ибодат, насл-насаб, ҳусн, бойлик, мартаба ва шу кабилар сабаб бўлади.
Одилхон қори ЮУНУСХОН ўғли