muslimuz

muslimuz

الجمعة, 03 أيار 2024 00:00

Ўзингдаги оғриқларни яшир

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир ишни айтинг, уни маҳкам тутай”. У зот: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт ва устувор бўл (ўлгунингча шу иймонингга кўра яша)”, дедилар.

“Аллоҳ учун Унинг тоатида устувор бўлганлар”. Абул Олия Риёҳий: “Оятнинг маъноси – динни, даъватни ва амални Аллоҳ учун холис қилганлар, дегани”, деб айтган. Устувор бўлишнинг асоси учта нарсада бўлади: Қуръон ва суннатга эргашиш ҳамда жамоатни лозим тутиш.

Билки, банда учун энг яхши нажот йўли – илмга амал қилиш, Аллоҳдан қўрқиб ёмон ишлардан четланиш ва Аллоҳ азза ва жалла билан бой бўлишдир. Ҳолингни ислоҳ қилиш билан шуғуллан, Роббинг қаршисида хокисор тур, шубҳалардан сақлан, одамларга бўлган эҳтиёжларингни камайтир, ўзинг учун нимани раво кўрсанг, одамларга ҳам шуни раво кўр, нимани ёмон кўрсанг, улар учун ҳам ёмон кўр. Ҳеч кимнинг айбини ошкор қилма.

Ёмон иш қилишни кўнглингга тугиб қўйма, кичкина гуноҳларни такрор-такрор қилаверма. Ҳар қандай ҳолда Аллоҳга шошил, Ундан ҳожатингни сўра. Барча ишда Аллоҳга таваккал қил. Ҳавои-нафсни қўй. Ўзингдан қониқиб, кутиб юраверма. Зикрингни махфий тарзда қил. Аллоҳга доим шукр қил, истиғфорни кўпайтир, фикрлаб ибрат ол.

Одамлар шошадиган вазиятларда сен хотиржам бўл, одамлар билан муомала қилганингда одоб билан муомала қил. Нафсинг учун одамларга жаҳл қилма. Аллоҳ учун ўзингга ғазабинг келсин. Ҳеч кимга яхшилиги эвазига ёмонлик қилма. Ўзини яхши билмаган одамни асло мақтама, ўзинг учун ҳам мақтов қабул қилма. Кулишни, ҳазил-мутойибани камайтир.

Ўзингдаги оғриқларни яшир, ўзингни соғлом қилиб кўрсат. Ишончни яшир, одамларнинг молидан умидингни уз, гўзал фақирликни ўзингда ҳис эт. Бошингга тушган мусибатга сабр қил, Аллоҳ сенга тақсимлаб берганига рози бўл, Аллоҳнинг ваъдасига ҳеч шубҳасиз ишон, амлларингдан қўрқувда бўл. Сенга алоқаси бўлмаган ишни қилишга уринма, сендан талаб қилинган ишни зое қилма. Ҳар бир инъомида Аллоҳга муҳтож бўл ва нажотни Ундан иста.

Сенга зулм қилганларни кечириб юбор, сендан қизғанганларга ҳам сен беравер, сен билан алоқани узганларга Аллоҳ йўлида силаи раҳм қил, сени яхши кўрганларни Аллоҳ учун Афзал кўр, ўзингни ва молингни биродарларинг учун сарф эт, дининг хусусида сенга бош бўлганларнинг ҳақларига риоя қил. Қилган яхшилигинг кўзингга катта бўлиб кўриниб кетмасин, қилган ёмонлигингни кичкина санамагин.

Амал билан ужуб қилишдан эҳтиёт бўлганингдек, илм билан зийнатланишдан ҳам эҳтиёт бўл. Ҳеч қачон одоб илмга зид келади деган тушунчага борма. Одамларга бўйсунмаслик бирла Аллоҳга итоат қил, лекин Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда одамларга бўйсунма. Аллоҳ йўлида кучингни аяма. Амалларинг борасида ўзингдан рози бўлма. Намозингда Аллоҳнинг ҳузурида бутун вужудинг билан тур.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мазҳабга эргашиш дегани Қуръон ва суннатни қўйиб, шахсга эргашиш дегани эмас. Балки бу айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади! Мисол учун, сизнинг бел қисмингизда қаттиқ оғриқ турди. Шу даражада оғрияптики, жасадингиз букилиб қолди. Шу маҳал сиз дорихонага борасизми ёки мутахассисга учрайсизми? Ёки ўзингиз белингизни нимага оғриётганлигини билмаган ҳолингизда дорихонага бориб, менга анави дорини беринг, деб истеъмол қилаверасизми?

Ҳолбуки, сиз қайси дори қандай касалга шифо эканини билмайсиз-ку! Бундай пайтда шифокорга бориб, унинг кўригидан ўтилади. Шифокор сизнинг шикоятингизни эшитиб, сўнг қўлингизга сизга зарур дорининг номини ёзиб беради. Шундан сўнг дорихонага бориб, тавсия этилган дорини оласиз. Аммо на сиз, на дори сотувчи у дорининг таркибини ва нимадан тайёрланганини билмайди.

Мазҳаб уламолари биз учун гўё табибдир. Бизга қайси оят ёки қандай ҳадис шифо бўлишини улар билади. Бу бир ақлий далил эди.

Шу йил 2 май куни Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” жоме масжиди янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйилди.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар иштирок этди.   

Лойиҳага кўра, янги масжид 2 000 намозхонга  мўлжалланган. Шунингдек, мажмуада кутубхона, ходимлар хоналар, 60 кишилик таҳоратхона, омборхона ўрин олган. Эндиликда қурилиш ишлари янада жадал суръатда давом этади.

Тадбир сўнгида Жобир домла Ҳақ таолодан ушбу масжид тез орада қад ростлаб, мўмин-мусулмонларга то Қиёматга қадар хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Шу йил 3 май куни Таиланд Ислом маркази Ислом ва ҳалол иқтисодиёти халқаро анжуманини Шайхул ислом идораси ва Таиланд ислом банки билан ҳамкорликда ўтказилади.

Анжуманда Бруней, Индонезия, Малайзия ва бошқа қўшни исломий ва исломий бўлмаган мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, Таиланд парламенти спикери Ван Нур Муҳаммад Матҳа ва Таиланддаги шайхул ислом Aрун Бончом маъруза қилади.

Тадбир бугун, 3 май куни маҳаллий вақт билан соат 9:30 дан 18:00 гача Таиланд пойтахти “Бангкок”даги “Инҳеританcе” меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

Шунингдек, анжуманни ташкил этишда Таиланднинг бир қатор хусусий ва давлат муассасаларнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциациясига (AСЕAН) аъзо давлатлар билан ҳамкорлик қилиш режа қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Аёл эркакнинг бир умрлик ҳамроҳи. Ҳаётда ҳеч ким ота ва онанинг ўрнини боса олмаганидек, аёлнинг ўрнини ҳам бошқа кимсалар боса олмайдилар. Аллоҳ таоло бу икки жинс вакилларини бир-бирларига муҳтож қилиб қўйди ва уларнинг қалбларида ўзаро бир-бирларига доимий интилиш пайдо қилди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ором олишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” (Рум, 21-22).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё бир матодур. Дунё матосининг яхшиси солиҳа хотиндур”, дедилар (Муслим, Насоий, ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Яна айтдилар: “Уч нарса одам боласининг бахти саналади: солиҳа аёл, яхши маскан, яхши улов. Одам боласининг бахтсизлигида эса қуйидаги учта нарсада кўринади: ёмон хотин, ёмон маскан ва ёмон маркаб” (Аҳмад, Табароний, Баззор ва Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда ўша солиҳа жуфт ҳалолнинг тўртта асосий сифатлари баён қилинади. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин Аллоҳга тақво қилишдан кейин солиҳа хотинчалик унинг учун фойдалик нарсани топа олмайди – унга иш буюрса, итоат қилади; унга қараса хурсанд қилади; унинг устидан қасам ичса эзгулик қилади; ундан ғойиб бўлса ўз нафси ва унинг (яъни эрининг) молига насиҳатда бўлади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло Каломи Қадимда бундай марҳамат қилади:

“…Улap сизлap учун либoс, сизлap улap учун либoсдиpсизлap…” (187-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг бирортангиз аёлига қўшилишида садақа бордир”.

“Ё Аллоҳнинг Расули! Бирортамиз шаҳватини қондирса, бу нарсада унга ажр ҳам борми?” дея сўрашди. Айтдилар: “Агар ҳаром йўл билан қондирганида, унга гуноҳ бўлармиди?”.

“Ҳа”, деб жавоб беришди.

“Худди шундай, агар ҳалол йўл билан қондирса унга ажр бўлади”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти)

 Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Мақолалар

Top