muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 22 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Мавлуд ойи – фазилатли ой

Ҳар йили ҳижрий йил ҳисобидаги Рабиъул-аввал, яъни “Мавлуд ойи”   кириши билан дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар.  У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш, байрам қилиш ойидир. Бу мавлуд ойи фазилатли ойдир. Бу ойда барчамиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириши бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.

         Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш ва сайқаллашдир.

         Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бошқа оятда: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”(Нур сураси 52-оят), дейилади.

         Қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зот алайҳиссаломнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади.

         Уламоларимиз мўмин банданинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига қуйидаги ишлар далолат қилади дейдилар:

  • Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйруқларига сўзсиз бўйсуниш ва суннатларига амал қилиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини аввало оиласида, қолаверса бошқа инсонларга ҳам тарғиб этиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот ва саломлар йўллаш;
  • Саҳобалар ва аҳли байтлари розияллоҳу анҳумни яхши кўриш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқлари билан зийнатланиш;
  • Бидъат хурофотлардан узоқ бўлиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал этмаслик, муҳаббат қилмаслик оқибатида гуноҳкор бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, у зот алайҳиссаломга муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга, шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз.

         Аллоҳ таоло барчамизга мавлуд ойини муборак айласин!

 

Шоира КАРАМОВА,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

 

Қозоғистонда бундан 127 йил аввал қўй жуни ва бия сутидан фойдаланиб қурилган Ойил масжиди ўзининг меъморчилиги билан эътиборни тортади.
Анадолу агентлиги маълумотларига кўра, тарихий масжид Қозоғистон ғарбида Ойил туманида, Оқтўба шаҳридан 300 км узоқликда жойлашган.
Тарихий ипак йўлининг йўналишларидан бири сифатида танилган туман Ойил дарёсидан ўз номини олди.
Бир қаватли масжид 1893-йилда савдогарлар томонидан қурилган. Кумуш минораси учбурчак шаклга эга.
Маълумки, қурилиш тарихи ва архитектураси билан ташриф буюрувчилар эътиборини тортадиган масжид қурилишида ишлатиладиган хомғиштлар сув ўрнига қўй жуни ва бия сутини аралаштириб тайёрланган.
Масжид деворлари қор ёки ёмғирдан кейин ранги ўзгаради.
Ойил масжиди 127 йил давомида Қозоғистон кўплаб вилоятларидан мусулмонларни ўзига жалб қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

НАЗМ

 

Аввалғи муъман биҳнинг шарҳи

Будур иймон Худоға келтурмак,

ширк черигин замирдин сурмак,

Айтқил:  “Ло илоҳа иллаллоҳ”,

Айт, маъносидин ҳам ўл огоҳ.

Калима ушбудур, муни тўхтат,

Демаги фарз бўлди бир навбат.

Яна мундин кейинки келгусидур,

Бу ақойидким, ул дейилгусидур.

Билғилу эътиқодни мунча туз

Жону  кўнглунгда  мундоғ  ўлтурғуз  –

Ким Худодур борни ҳаст эткан,

Еру кўки баланду паст эткан.

Билки, маъбуди босазо Улдур.

Жумлаи халқдин сизо Улдур.

Ҳар неким бордур, Ул яратқандур,

Ҳастлик жарчасига қотқандур.

Бирдуру йўқ шерик Анинг ишига,

Ўхшамас ҳеч ишта ҳеч кишига.

Эҳтиёжи кишига йўқтур Анинг,

Ёру ёвар ишига йўқтур Анинг.

(Бу мавзунинг давоми бор)

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Ишониш шарт бўлган

биринчи нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг биринчи шарти)

 

Аллоҳга  иймон  келтириш  ва  ширк  лашкарини  замирдан  суриш шуки, “Ло илоҳа иллаллоҳ”  (“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”) деб айтгил.

Айтгил-у, бунинг маъносидан ҳам огоҳ – хабардор бўл.

 

Иймон калимаси (Калимаи тоййиба – инсонни куфрдан покловчи калима) шудир, буни ёдингда сақлаб қўй. Бу калимани бир марта айтиш фарздир.

 

Яна бундан кейин келадиган нарса бу ақоиддир – эътиқод қилинадиган нарсалардирки, энди айтилади.

 

Эътиқодни шу қадар тўғри билиб ол ҳамда уни жон ва кўнгилда тўғри,  маҳкам  ўрнаштирки,  бутун  мавжудотни  бор  қилган,  осмону ернинг бирини юксак, бирини паст қилиб қўйган зот Аллоҳдир. Балки, маъбуди босазо – ибодатга лойиқ ва муносиб бўлган зот Удир, барча халқдан – яратилмиш бутун махлуқотдан ўзгача, тенги ва ўхшаши, мисли ва мисоли бўлмаган зот Удир.

 

Нимаики бор бўлса, ҳаммасини У яратгандир ва борлик, мавжудлик қаторига қўшгандир. У бирдир, яккаю ягонадир ва Унинг ишигашерик йўқдир. Ҳеч бир ишда ҳеч бир кишига ўхшамайди. Унинг ҳечбир кишига эҳтиёжи йўқ (ҳожатсиз ҳожатбарордир); Унинг эши, жуфти, ёрдамчиси йўқдир (чунки бунга муҳтож эмасдир). (Бу мавзунинг давоми бор)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

  1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш учун. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 20-оят). Бу маънодаги оят Қуръони каримда такрор-такрор келган.

 

  1. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш учун.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бандаларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишдир”.

 

  1. Фарз амалларда йўл қўйилган камчиликларнинг ўрнини тўлдириш учун.

 

  1. Бидъат, залолатга берилиб кетишдан сақланиш учун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top