muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 30 تموز/يوليو 2020 00:00

Қурбонликка оид масалалар

Қурбонликнинг нияти

Масала: Бой одам қурбонлик қилишликка жонивор сотиб олиб, бошқаларни унга шерик қилиши мумкин. Агар сотиб олувчи фақир бўлиб, сотиб олаётган вақтда бошқалар шерик бўлса, шерик қиламан деб ният қилса, бошқаларни шерик қилса бўлади. Агар сотиб олиш вақтида бошқаларни шерик қилишни ният қилмаган бўлса, шерик қилиши жоиз эмас(96).

Масала: Қурбонлик қилувчи қурбонликни дилида ният қилиши кифоя қилади. Тилида қурбонлик қилишни ният қилдим деб айтиши шарт эмас(125).

Сўйиш вақтида бисмиллаҳни айтиш

Масала: Бисмиллаҳ Аллоҳу акбар деб сўйишнинг ўрнига Аллоҳу акбарнинг ўзини айтиб сўйса, жонивор ҳалол бўлади. Лекин суннатга хилоф иш тутганлиги учун макруҳ бўлади (31 бет).

Масала: Сўяётган пайтда бисмиллаҳни ўзини айтиб, Аллоҳу акбарни айтмаса, гўшт ҳалол бўлади. Лекин иккисини қўшиб айтиш суннатга мувофиқдир. Эсдан чиқариб бисмиллаҳни айтмаса, жонлиқ ҳалол бўлаверади. Лекин қасддан айтмаса, ҳалол бўлмайди (42).

Масала: Бисмиллаҳ билан сўйиш ўртасига бошқа ишни қўшмаслик зарур. Аксарият кишилар қурбонликларини ўзлари сўймоқчи бўладилар. Лекин моҳир бўлмаганликлари учун қассоб, уларни қўлидан ушлаб пичоқни тортишга ёрдам беради. Шунда пичоқни ушлаган икки кишига ҳам бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни алоҳида-алоҳида айтишлари вожиб бўлади. Пичоқ тортувчилардан бирортаси бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтмаса, жонивор ҳалол бўлмайди. Лекин, жониворни оёқ-қўлини ушлаб турувчиларга сўювчи билан бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтиш шарт эмас(72).

Масала: Мушрик қурбонликда шерик бўлса, жониворнинг гўшти ҳалол бўлмайди ва қурбонлиги ҳам адо бўлмайди(83).

Масала: Қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлишлари ва улар жониворни қурбонлик қилаётган пайтда Аллоҳ таолони зикр қилиб, бошқа бирортасини номини Аллоҳ номига қўшмаслиги керак. Мусулмон киши ҳам Аллоҳ таолонинг номи билан биргаликда пир ёки шу кабиларни номини тилга олмаслиги керак (84).

Масала: Ҳозирги вақтда ёритгичлар етарли даражада ёритганлиги учун ўзини қурбонлиги билан бошқа бировнинг қурбонлигини адаштириб қўйишлик шубҳаси йўқ. Шунинг учун кечасида сўйишлик кароҳиятсиз жоиздир. Кечасида сўйишликни макруҳ деган уламолар ўз ҳайвонини бошқа бировнинг ҳайвонига аралаштириб қўйиши эҳтимоли бўлганлиги туфайли макруҳ деганлар(85).

Масала: Қурбонлик кунларида қассоблар шошилганларидан тезроқ калласини узуб терисини шилишга ҳаракат қиладилар. Жониворни барча аъзосидан жони буткул узулмасдан, совумасдан терисини шилиш макруҳдир(90).

Масала: Шиа мазҳабидаги кишининг сўйган жонивори ҳалол бўлмай қолади. Чунки улар ўн иккита имом, Қуръоннинг таҳрифи, имомларнинг пайғамбарлардек маъсумлиги, тақия, мутъа, уч саҳобадан ташқари барча саҳобаларни муртад ва кофир деб эътиқод қиладилар. Шу эътиқодлари туфайли уларнинг жонлиқлари ҳалол бўлмайди(97).

Манба fiqh.uz сайти

Миср Араб Республикасининг нуфузли «Ал-Хабар ал-ёум» (Кун хабари) газетаси «Дунё» АА манбаси асосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидаги воқеликларга эътибор қаратишда давом этган. Мазкур газетанинг навбатдаги сонида мамлакатимизга бағишлаган иккита материал чоп этилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига доир «Ўзбекистон Президенти тегишли идоралар ва жамоат ташкилотларига муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш учун барча зарур шароитлар яратилишини топширди» номли материалда мамлакатимизда Қурбон ҳайити байрамини юқори даражада ўтказиш бўйича чора тадбирлар белгилангани таъкидланади. 

Президент қарори Қурбон ҳайити мусулмон олами, шу жумладан ўзбек халқининг маънавий ҳаётидаги роли ва аҳамиятидан келиб чиқиб, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган. 

Ҳужжатга биноан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қурбон ҳайитини жорий йил 31 июль, жума куни нишонлаш тўғрисида қарори инобатга олиниб, 31 июль бутун мамлакат бўйлаб Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади. Шунингдек, тегишли ижтимоий идоралар ва ташкилотларга Қурбон ҳайитини миллий урф-одатларга мувофиқ, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолатда нишонлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб бериш вазифаси топширилгани қайд этилган. 

Ўзбекистонда ҳайит кунлари дўстлик ва биродарлик руҳида хайр-саховат каби эзгу амаллар бажарилади, гина-кудуратлар унутилади. Мусулмонлар Қурбон ҳайити намозидан сўнг яқинларини йўқлайди, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олади, уларга ҳадялар улашади. Бу ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлайди. Афсуски, бу йил барча мусулмон мамлакатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ҳайит намозини жамоат бўлиб ўқиш имконияти йўқ. Бу биринчи галда инсонлар саломатлигини ўйлаб қабул қилинган қарор, деб ёзади «Ал-Хабар ал-ёум». 

Газета Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил сентябрь ойидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврдаги сиёсий фаолияти солномасини ўзида мужассам этган тўплам нашр этилгани ҳақидаги хабарни ҳам эълон қилган. 

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаолият хроникаси» деб номланган тўплам нашрдан чиқарилди. Унда Ўзбекистон Президентининг 2016 йил сентябрь ойидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврдаги сиёсий фаолияти солномаси батафсил акс эттирилган”, — деб ёзади нашр. 

Ушбу тўплам ўта мураккаб ва машаққатли, тарихий заруратга айланган бугунги жараёнда янги Ўзбекистон ҳаётида қандай ўзгаришлар кечаётгани хусусида тўлиқ маълумот бериши таъкидланган. «Ўзбекистон» номли улкан кемани янги тараққиёт уфқи сари бошлаш, сиёсатшунослар ибораси билан айтганда, давлат ва жамият бошқарувида тарихий бурилиш ясаш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қандай амалга оширилаётгани китобда аниқ тизим асосида кунма-кун, ойма-ой ёритилгани қайд этилган. 

 

ЎзА

الأربعاء, 29 تموز/يوليو 2020 00:00

Такбири ташриқ

Бу йилги такбир ташриқ 2020 йил 30 июль Бомдод намозидан бошланиб, 3 август Аср намозига қадар айтилади.

Ташриқ кунлари дейилишига сабаб шуки, «ташриқ» сўзи араб тилида бирон нарсани офтобга ёйиб, қоқлаш деган маънони англатади. Одамлар бу кунларда келгусига ғамлаб қўйишга мўлжалланган қурбонлик гўштларини бузилиб қолишидан сақлаш учун офтоб нурига ёйиб, қуритар эдилар. Шунинг учун, бу кунлар ташриқ кунлари деб аталди. Шу боис, бу кунларда айтиладиган такбир ҳам «ташриқ такбири» деб юритилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!” (Бақара сураси, 203-оят). Муфассирлар бу «саноқли кунларни» ташриқ кунлари дейдилар.

Ҳадиси шарифда:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » مَا مِنْ أَيَّامٍ أَفْضَلُ عِنْدَ اللهِ وَلَا الْعَمَلُ فِيهِنَّ أَحَبُّ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ الْعَشْرِ، فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنَ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ، فَإِنَّهَا أَيَّامُ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَذِكْرِ اللهِ، وَإِنَّ صِيَامَ يَوْمٍ مِنْهَا يَعْدِلُ بِصِيَامِ سَنَةٍ، وَالْعَمَلَ فِيهِنَّ يُضَاعَفُ سَبْعمِائَةِ ضِعْفٍ «

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у(кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у(кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, у(кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у(кунлар)дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга баробар бўлади” (Дурри мансур, Хитоботул аҳком).

Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади.

Ташриқ такбирлари қуйидагича айтилади:

“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу Валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил ҳамд!”

Таржимаси: “Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, барча мақтовлар У Зотга хосдир!”

Агар ўша намозлар қазо қилинса, унинг қазосини ташриқ кунларидан бошқа вақтларда ўқилса ҳам, ортидан такбир айтилади.

Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир.

Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуою истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Ким Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган (яъни, Аллоҳнинг зикридан ғофил бўладиган ва қотиб қоладиган) кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Ҳайит кечаларининг, қурбонликларнинг ҳамда такбирларнинг ҳаққи ҳурматларидан Аллоҳ таоло бу вабо ва ўлатни бошимиздан кўтарсин.

Бу йилги такбир ташриқ 2020 йил 30 июль арафа куни Бомдод намозидан бошланиб, 3 август Аср намозига қадар айтилади.

Тошкент ислом институти талабаси Азизжон Жамолов

الأربعاء, 29 تموز/يوليو 2020 00:00

Устозни хотирлаб...

Бухорои шарифнинг кўзга кўринган алломаси, мударрис, эл суйган имом, ўткир воиз, маърифат шайдоси, илм аҳлининг ошиғи, устозимиз Мансур домланинг элимиз учун хизматлари катта эди.
Устоз Мансур домла Нуруллаев 1977 йил 22 февралда Бухоро шаҳрида туғилганлар. 1992–1995 йиллар Мир Араб мадрасасида, 1995–1998 йилларда Тошкент ислом институтида таҳсил олганлар.
1997–2001 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрис, шу билан бирга 1998–2002 йиллар Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб фаолият юритдилар.
2002–2010 йилларда Когон туман “Саид Амир Кулол” жоме масжиди имом-хатиби, 2006–2014 йилларда Когон тумани бош имом-хатиби, 2010–2017 йилларда Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби, 2014–2018 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили, 2017–2018 йилларда Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида ишладилар.
Илм ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида 2018 йил вилоят вакиллиги ва имом-хатиблиги вазифасини топшириб, Россия Федерациясининг Қозон вилоятига бориб, Булғор ислом академиясига ўқишга кирдилар. 2020 йил магистратурани аъло баҳоларга якунлаб, Бухорога қайтиб келдилар.
Устоз Мансур домла бутун ҳаёти давомида маърифат шайдоси эдилар. Илм аҳлини, талабаларни ниҳоятда яхши кўрардилар. Уларнинг ҳар бири билан ака-укадек, қадрдон дўстдек муомала қилардилар. Хушмуомала, тақводор, диннинг ғамини ейдиган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовар бўлган саховатпеша зот эдилар. Хусусан, Мир Араб мадрасасига кўп маротаба хайр-эҳсон тарқатардилар, айрим толиби илмларнинг шартнома тўловларига ҳам имкон қадар ёрдам берардилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили бўлиб ишлаганларида ҳам имом-хатибларга қўлдан келганча маслаҳатларини бериб, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлардилар. Айниқса, чекка туман ва қишлоқлардаги масжид имом-хатибларига алоҳида эътибор қаратиб, уларга беғараз ёрдамларини аямасдилар. Деярли барча масжидларга шахсан ўзлари бориб, масжид қавми билан суҳбатлашиб, кам таъминланганларига эҳсон улашиб, ўрни келганда жума намозларида маърузалар қилиб берардилар. Рамазон ойларида вилоят масжидларида ўтказиладиган хатми Қуръонларнинг файзли ўтишига ўзлари бош-қош бўлардилар.
Устоз Мансур домла 2020 йил 18 июль куни юзлаб шогирдлари, минглаб мухлислари қалбини зир титратиб, айни қирчиллама 43 ёшда, илмга қаттиқ рағбат қўйган бир пайтда бу фоний олам билан видолашдилар. У кишининг вафотларини эшитиб, бутун Бухоро аҳли, балки Ўзбекистон халқи гўё бир қалқиб тушди. Негаки, “Олимнинг вафоти – оламнинг вафоти” деб бежиз айтишмаган.
Устозимиз қисқа умрлари давомида айримлар юз йилда ҳам қила олмайдиган хайрли ишларни амалга ошириб кетдилар. Бир қанча рисолалар, минглаб мақолалар ёзиб қолдириб, илм аҳлига гўзал ибрат бўлдилар.
Ҳаётда орзулари катта эди. Миллатимга хизмат қиламан, юртимнинг гуллаб-яшнашига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, буюк аждодларимизнинг илмий меросларини ўрганиб, халққа тақдим этаман деган яхши ниятда эдилар.
Аллоҳ таоло устозимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, ҳаётлари давомида бажарган барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Ўзи рози бўлиб, жаннати наъийм билан сийласин!

Эркин Қудратов,
Мир-Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

الأربعاء, 29 تموز/يوليو 2020 00:00

Зуҳо намозининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Энг улуғ кунларни бизларга байрам қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Унинг ҳақ элчиси Расули акрамга салом ва салавотларимиз бўлсин!

Азизлар, аввало, барчани меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз. Шу йил 31 июль куни ҳафтанинг жума куни бутун олам мусулмонлари қатори юртимиз мусулмонлари ҳам Қурбон ҳайити байрамини нишонлаймиз, Инша Аллоҳ,

Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозирда бутун инсоният оғир синовли даврни бошидан ўтказмоқда. Гарчи юртимизда ҳар томонлама аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида барча зарур чоралар кўрилаётган бўлсада, бироқ пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Шу муносабат билан баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволарга суяниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ҳам мазкур масалада шу каби фатвони эълон қилди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики, муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатвосига биноан соқит қилади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Зуҳо намози манбаларда турли номлар билан зикр қилинган бўлиб, кўпроқ “Ишроқ намози”, “Шуруқ намози”, “Аввобийн намози” ва “Чошгоҳ намози” деб юртилади.

Зуҳо намозини адо этиш нафл амал саналиб, беш маҳал адо этилиши мажбурий бўлган фарз намозларини тўлдирувчи, ихтиёрий суратда адо этилса, улкан савоб бўладиган намоз ҳисобланади. Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, яъни қуёш чиққандан тахминан 20-30 дақиқа кейин бошланади. Охирги вақти эса кун тиккага келган вақтдан бир соат аввалги вақтгача ҳисобланади.

Зуҳо намози ҳадисларда ривоят қилинишича икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқиш мумкин. Энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлари ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан нақл қилинган. Зуҳо намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозда “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар. Ушбу намоз овоз чиқармасдан махфий, ёлғиз ҳолатда ҳар ким ўзи ўқийдиган намоздир.

Бу намозининг фазилатига доир кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то зуҳо намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики зуҳо намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Зуҳо намозининг 5 фазилати бор:

1) Зуҳо намози – энг афзал садақа. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намозини ўқишингиз кифоядир”, – дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

2) Зуҳо намози – Жаннатдан уй. Ривоятларда зуҳо намозини кўп ўқиган инсонга жаннатда бир уй барпо қилиниши ҳақида ҳам марҳамат қилинган.

3) Зуҳо намози – Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни; икки ракат зуҳо намози ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривоятлари).

4) Зуҳо намози – Ҳаж ва умра савобига эга бўлиш. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).

5) Зуҳо намози – бой бўлишга сабаб. Бу ҳақда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қилинган.

Бинобарин, азизлар, бугунги кунда юртимиздаги коронавирус пандемияси сабаб масжидларимизда жума ва ҳайит намозлари адо этилмасада, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир суннатлари бўлмиш зуҳо намозини адо этиб, мазкур суннатни тирилтириш, ушбу намозга ҳадисларда ваъда қилинган ажру савобларга эга бўлиш билан бирга дуо қилайликки, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда Парвардигор халқимизни, Юртимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин! Коронавирус офатидан Аллоҳ барчаларимизни паноҳида сақласин!

Сўнгсўз ўрнида Сиз азизлардан юртимизда белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни, ушбу касалликка қарши курашда лоқайд ва бепарво бўлмасликни илтимос қилиб қоламиз. Зеро, “мусулмон киши ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиши йўқ”, – дея мўътабар фиқҳ китобларида баён қилинган. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин, залолатдан паноҳида сақласин!

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Саидмурод Юсупов,
«Эски қовунчи» жоме масжиди имом ноиби

Мақолалар

Top