muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 16 شباط/فبراير 2017 00:00

Ислом тушкунликдан қутқаради

Буюк Британияда асаб касалликларини даволашнинг янги методи ишлаб чиқилди. Бу методнинг асоси диндир.

Лидс университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, тушкунлик ҳолатидаги ёки ёмон ўй фикрларга кўмилиб қолган хасталарни даволашда дин беқиёс самара беради.

Асаб хасталикларига чалинган мусулмон кишилар ўзларини ёмон ҳис этаётганлари учун бунинг сабабини қайсидир ноқобил амаллари туфайли Аллоҳни ғазабини қўзғаб қўйганман, деб ўйлайдилар. Бу эса ўз навбатида вазиятни оғирлаштиради. Агар шу пайтда даволаш усулига диний кишиларнинг суҳбати қўшилса бу даволашга самара беради.

Моҳира Зуфарова

тайёрлади.

Китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган кучдир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни қадрлаб, кўз қорачиғидек асраганларни зиёли деб атаганлар. Зиёли–нур тарқатувчи, у ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган.

Ана шундай улуғ мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Тошкент ислом институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртлари Ахборот ресурс марказларига талабалар фойдаланишлари учун жами 83 турдаги 2582 дона бадиий ҳамда чет эл адабиётларининг билим юртларида тақдимот маросимлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 11 февраль куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида ҳам талабалар ва ўқитувчилар учун тақдимот маросими ўтказилди.

"Китобхонлик ва мутолаа маданияти” номли китоб тақдимотини ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, қалбларга маънавий озиқ, бойлик берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. Чунки ҳозирги глобаллашув жараёнида бизнинг маънавий илдизларимизга болта уриш, “оммавий маданият”, диний экстремизм, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилувчи китоблар ҳам ҳар хил йўллар билан четдан мамлакатимизга олиб келинаётир. Демак, ўқиладиган асарни танлай билиш ҳам санъат. Ўсиб келаётган ёшлар онгида ана шундай санъатни, тўғрироғи, маънавий иммунитетни шакллантиришимиз ва мустаҳкамлашдан иборат. Шу орқали ўқитувчи ва талабаларимизнинг китоб ўқишга, китобга ва уни мутолаа қилишга қизиқишини орттириш каби улуғ мақсадлар ўрин олган.

 

Саламат Кудайбергенов,

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

الأربعاء, 15 شباط/فبراير 2017 00:00

Икки хил тарбия

Зайд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилаганлар: “Ота-она  ўз боласига  гўзал одобдан  афзал совға бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).      

Яқинда  телеканалларимиздан бирида “Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм   намойиш этилди. Фильмда аянчли воқеалар тасвирланган: бир ўзбек аёли хорижда бошқа бир юртдоши  –  ўзбек қизини  сотиб юборгани,  хорижга  пул  ишлайман  деб кетиб жангариларга қўшилиб  қолган  ёш йигитлар ҳақида ҳикоя қилинади.    

Бир лавҳада   20-25 ёшлардаги  йигитнинг  хорижга ишлашга кетгани  ва   жангариларга қўшилиб қолгани  ҳақида  ҳикоя қилинади.   Отаси  ҳам хорижда. Онанинг кўз ёшлари тинмаяпти, амакиси  йиғилганлар олдида  сўзга чиқди. Шу амаки жигарининг фарзандини  қанотига олиб ўз фарзандлари қаторида   тарбиялаши, тўғри  йўлга солиши мумкин эди-ку?!

Айниқса, бир онанинг  ўғли хорижда жангариларга қўшилиб кетган  бошқа бир онага қарата айтган сўзлари юракларни ларзага солди. Онаизор кўзларида ёш билан  шундай деди: “Менинг ўғлим ҳарбий эди. Юртимиз чегара ҳудудида хизмат вазифасини ўташ пайтида террорчиларнинг минасига  учраб, боламнинг танаси тилка-пора бўлиб сочилиб кетган.   Фарзандимнинг танасидан    бир ҳовуч кул қолди. Шу кулни кўмдик. Сиз буни тушунасизми? Сиз  вояга етказган   Ватан хоини кабиларни  деб   ота-оналар не-не орзу-умидлар  билан катта қилган фарзандларидан  айрилди”.

Йиғилганлар қаршисида икки она юзма-юз турибди. Бири  –   юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган  фарзанднинг  волидаи муҳтарамаси, яна бири  эса, ўғлининг Ватанга хиёнат қилганлигидан  қалби вайрон, юзи қора бўлган она...

Баъзилар  ёшларимизнинг  қабиҳ  йўлларга кириб кетишида ота-она, маҳалла, таълим тизимини   айблайди. Албатта,     боланинг  камолга етиши, баркамол инсон бўлиб етишишида   оила муҳитининг таъсири катта.  Бугунги кунда ёшлар ва болалар компьютер ёки қўл телефонлари  орқали   турли  сайтларга кириб,   оқибатда   ёт оқимларнинг домига тушиб қолиши мумкин. Агар фарзандларимизнинг    турли оқимларга қарши  курашчанлик  иммунитетини шакллантирсак, улар ҳеч қачон  ғараз мақсадли  кишилар  домига тушмайди.  Бунинг учун, ҳар бир ота-она   фарзандининг  нима билан қизиқаётгани, ким билан дўстлашаётганидан бохабар бўлиши,  ва албатта юқоридаги ҳадиси  шарифда келтирилганидек, фарзандига гўзал одоб бериши  лозим.  

            Шу билан биргаликда, фарзандларимизни  виртуал  қарамликдан халос этиб,  китоб билан ошно қилишимиз зарур.  Китоб мутолаа қилган,  тафаккури кенг инсон  ҳеч қачон  ёт ғояларга алданмайди.

 

М.Абдуллаева, ЎМИ мутахассиси 

2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилган футбол турнири ҳам ўз ниҳоясига етди. Финал ўйинида, “Ҳазрати имом” ва “Бухорий авлодлари” жамоалари ўзаро тўп суришди.

Ушбу учрашувга халқаро тоифадаги футбол реферилари ва футбол ихлосмандлари ташриф буюришди. Томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида бошланган финал ўйини, жуда ҳам қизиқарли ва муросасиз кечди. Юртимизда қиш фасли бўлгани сабабли, ҳаво бироз ёмғирли бўлган бўлсада, лекин бу футболчиларнинг ўйинлари ва кайфиятларига асло таъсир кўрсатмади, аксинча, самодан ёғаётган ёмғир томчилари уларга ўзгача куч-қувват ва тетиклик бағишлади. Демак, қуйида финал учрашуви натижалари ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган футболчилар билан танишасиз:

1-ўрин "Бухорий авлодлари" жамоаси.

2-ўрин “Ҳазрати Имом” жамоаси.

3-ўрин “Мовароуннаҳр” жамоаси.

Турли номинациялар бўйича тақдирланганлар:

  1. Энг яхши дарвозабон – Сагдиев Аҳмаджон (“Бухорий авлодлари” жамоаси дарвозабони)
  2. Энг яхши ҳимоячи – Аманов Ҳошим (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳимоячиси)
  3. Энг яхши ярим ҳимоячи – Шоймиров Акбар (“Мовароуннаҳр” жамоаси ярим ҳимоячи)
  4. Энг яхши ҳужумчи – Нўъмонов Камолиддин (“Минор” жамоаси ҳужумчиси)
  5. Энг кўп тўпурар – Парпиев Баҳриддин (“Мовароуннаҳр” жамоаси ҳужумчиси)
  6. Энг чиройли голл соҳиби – Тошпўлатов Ҳасан (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳужумчиси)
  7. Янг жонкуяр мухлис – Раҳматов Азамат

Финал ўйини якунида, жорий турнирга мезбонлик қилган Тошкент ислом институти томонидан ғолиб жамоалар ва меҳмонларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

الأربعاء, 15 شباط/فبراير 2017 00:00

Ажабтовур айланувчи бино

2020 йилга бориб Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бор, доимий ҳаракатланиб турувчи oсмонўпар бино қурилади. У Дубайдаги аҳоли истиқомат қилувчи энг баланд бинолардан бири бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа асосчиси италиялик муҳандис, Девид Фидернинг сўзига кўра, бино 80 қават ва баландлиги 420 метрни ташкил этади. Бинонинг ҳар бир қавати ўз ўқи атрофида 360 градусга айлана олади. Четдан кузатганда, бинонинг доимий ҳаракатланиб турганини кўриш мумкин.

Бу ажойиб бинода истиқомат қилувчилар, ўз хоналаридан туриб, кун чиқиши ва кун ботишини томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун фақатгина ўз хонадонларини шарқ ёки ғарб томонга қараб буриб қўйсалар кифоя.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

 

Мақолалар

Top