muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 18 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.

Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.

– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,

Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир», дея мараҳамат қилган. Демак, амри маъруф ва наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамият кишилари динимиз аҳкомларидан хабардор бўлади.
Шу маънода кейинги йилларда жамоатни яхшиликка чақириш, диний-маърифий билимларини бойитиш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар динимиз ривожи, халқимиз маърифати равнақига хизмат қилмоқда. Айниқса, таниқли уламо ва воиз имом-хатибларнинг республикамиз масжидларида ташкил этаётган илмий-маърифий суҳбатлари шу жиҳатдан манфаатли бўлмоқда.
Бундай маърузалар бир гуруҳ уламо ва таниқли имом-хатиблар иштирокида Тошкент вилояти туманларининг бир қанча масжидларида давом этяпти.
Куни кеча уламолариимиз пешин ва хуфтон намозларида Паркент туманидаги масжидларга ташриф буюриб мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб бердилар.
“Ҳисарак” жоме масжиди намозхонлари Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг “Тинчлик буюк неъмат” мавзусидаги таъсирли мавъизасидан баҳра олиб, диний-маърифий билимларини мустаҳкамлаган бўлсалар, “Убай ибн Каъб” масжидига йиғилганлар Абдулҳаким домла Ҳотамовнинг “Шукроналик” ҳақидаги суҳбатларидан катта манфаат олдилар.
Бу каби таниқли уламолар иштирокидаги маърузалар туманнинг “Нурак ота” , "Одил ота”, “Файзуллохон бой” , “Саид ота” каби масжидларида ҳам бўлиб ўтди.
Бундай диний-маърифий суҳбатлар бугун ҳам бугун ҳам давом этди. Воиз имом-хатиблар Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Бўстонлиқ туманларидаги масжидларга ташриф буюриб жума ва хуфтон намозларини жамоат билан адо этиб, уларга манфаатли маъруза қилиб бердилар.

Жумладан, жума намозида Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов Бўстонлиқ тумани “Сори Эшон Абдали” жоме масжидида меҳмондорчилик одоблари тўғрисида маърузани қилиб, бу борада динимиз кўрсатмалари ва насиҳатларини йиғилганларга етказди. Мазмунли маърузадан сўнг жума намози адо этилиб, хайрли дуолар қилинди.
“Ҳазрати Усмон” масжиди жамоати ҳам ана шундай илмий суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Унда Закариё домла Ҳафизуллаев “Тинчлик хотиржамлик улуғ неъмат” мавзусида маъруза қилиб, намозхонларни бу неъматни қадрлашга ундади.
Оҳангарон тумани "Ислом нури” масжидига йиғилганлар ҳам жума намозида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг муҳим мавзудаги диний-маърифий маърузасини тингладилар.
Бундай суҳбатлар "Хўжакент”, "Олимжон ота”, “Имоми Аъзам” , “Мулла Пўлат ота” , “Сидқий Хондайлиқий”, "Ҳовузлик”, “Масат ота”, “Сайитбой ўғли Вали Халфа” масжидларида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأحد, 18 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Васила ва унинг таърифи

Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.
Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган.
Васила луғатда “яқинлашиш”, “даража”, “восита”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда, мақсадга элтувчи ҳар қандай воситага “васила”, дейилади. “Тавассул” сўзи солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Аллоҳ таолога яқинлашиш маъноларида ишлатилади.
Васила қилиш Қуръон, сунна, саҳобаларнинг амаллари билан ўз исботини топган. Жумладан: Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:“Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир (Исро сураси, 57-оят).
Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилди: “Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”. (Бухорий ривоят қилган). Умар розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилганидан кейин “Аллоҳга қасам манашу Аллоҳга бўлган василадир” деганлар. (Ибн Абдул Бар. Ал-Истеоб).
Васила ҳақида сўз кетганда қайд этиш лозимки, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди, деб эътиқод қилмаслик даркор. Яна васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи, дуоларни ижобат қилувчи Зот фақат Аллоҳ таоло эканига эътиқод қилиши лозим. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда авлиёларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда ҳам бўлмаслик керак. Балки, муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ амалга оширмоғи лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда васила қилиш жоиз ва дин пешволаридан нақл қилинган ҳамда амал қилиб келинаётган ишлардандир.

 

Учқўрғон туман Саидхон эшон жоме масжиди имом хатиби Акбарали Юсуфжонов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 16 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг

Еру осмонларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб, Каломида шундай хитоб қилади:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ

Яъни, “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. Моида сурасининг 2-оятидаги ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида бўлиб ҳисобланади. Муфассир уламолар бу оятни жуда кенг маънолар билан тафсир қилганлар. Шулар жумласидан, ҳар бир киши ўзидаги бор нарса, бор имконият билан бошқаларга яхшиликни улашсин, ёрдам берсин. Олим илми билан, бой моли билан ва ҳакозо. Ушбу маънони Пайғамбаримизнинг: “Инсонларнинг энг яхшиси – ўзгаларга манфаати кўпроғидир” мазмунидаги ҳадислари янада таъкидлайди.

Бугунги безовта дунёнинг турли тарафларида нотинчликлар, турли низо-ю жанжаллар авж олган бир пайтда заминимизнинг сайқали Самарқанд шаҳрида ер юзи аҳолисининг қарийб ярми яшаётган мамлакатлар раҳбарларининг хайрли мақсадларни ўз олдига қўйган ҳолда, халқларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришни кўзлаган ҳолда йиғилиши муболағасиз Яратувчининг мазкур чақириғига ҳамоҳангдир. Зеро, ушбу саммитда жуда кўплаб битимлар ва келишувлар имзоланиши умид қилинмоқдаки, уларнинг рўёбга чиқиши халқлар фаровонлиги учун хизмат қилади, иншааллоҳ.

Расулуллоҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жоҳилият даврида «Ҳилфул фузул» деган бир шартномада иштирок этдилар. Бу шартнома у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳ бўлган энг аҳамиятли келишувлардан эди. Сийрат китобларида ушбу битим инсонларга зулм қилинишининг олдини олиш, кишиларни ҳаққига эриштириш мақсадида тузилгани батафсил ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам бу шартнома араблар орасида «Ҳилфул фузул», яъни «Ёрдам берувчилар шартномаси» дея машҳур бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шартнома билан фаҳрланар ва кўпинча унда иштирок этганларни эслардилар. Ҳатто Пайғамбар бўлганларидан кейин шундай марҳамат қилган эдиларки: —“Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир шартномага иштирок этган эдим. Агар ҳозир ҳам шундай бир шартномага таклиф қилинсам, албатта иштирок этардим”.

Ушбу ривоят ҳам шуни англатадики, Ислом дини дунёнинг ободлиги, юртларнинг тинчлик-барқарорлиги, халқларнинг фаровонлиги йўлидаги шундай саммитлар ва анжуманларни доимо қўллаб-қувватлайди. Мусулмонларни бу каби ишларда фаол иштирокчи бўлишга ундайди.

 

Муҳаммадюсуф Хушвақтов

Мақолалар

Top