muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 22 июль куни юртимизнинг таниқли уламолари Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри, Самарқанд тумани, Нуробод ва Пастдарғом туманларига ташриф буюришади.

Бугуннинг ўзида

“Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидига
Ш.Миноваров – Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси;
Исмоил Муҳаммад Содиқ – Тошкент шаҳри “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби;
З.Эшонқулов – Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.

“Хўжа Абду Дарун” жоме масжидига
Э.Эсонов - Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи;
З.Маҳмудов – шаҳар бош имом-хатиби.

“Шоҳи Зинда” ва " Қўшбаққоли " жоме масжидларига
И.Иномов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари;
С.Шарипов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси;
Б.Шарипов – Самарқанд туман бош имом-хатиби.

“Хўжа Зудмурод” ва "Намозгоҳ" жоме масжидларига
М.Комилов – Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари;
З.Мирсодиқов – Тошкент шаҳри “Бўта бува” масжиди имом ноиби;
Х.Саттаров–Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари.

"Хўжа Аҳрори вали " ва “Имоми Аъзам” жоме масжидларига
Ш.Ҳақбердиев – Ургут туман бош имом хатиби;
Ф.Убайдуллаев – Тошкент шаҳар “Минор” масжиди имом-хатиби;

"Жом ота" ва "Сарикўл" жоме масжидларига
А.Юнусов – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари;
Ф.Аллаёров – Яшнобод тумани бош имом-хатиби;
Т.Амиров – Самарқанд шаҳар Руҳобод масжиди имом-хатиби.

"Оқсой" ва "Бахоуддин Нақшбанд" жоме масжидларига
Ҳ.Қодиров – Тошкент шаҳри “Сирожи Солиҳ” масжиди имом-хатиби;
А.Юлдашев – Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби;
А.Муродов – Булунғур тумани “Оломон” жоме масжиди имом-хатиби

"Нурул Ислом" ва "Мулла Аҳрор" жоме масжидларига
Э.Рустамов – Чилонзор тумани бош имом-хатиби;
Й.Каримов – Тошкент шаҳар “Исломота” масжиди имом хатиби;
Ў.Умирқулов – Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

 

Қадрли юртдошлар!

Қалбларимиз файзу илоҳий шукуҳга тўлиб турган ушбу улуғ кунда юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, мана шу табаррук айёмни байрам қилаётган ер юзидаги барча мусулмон умматига, хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизга халқимиз номидан самимий салом ва табрикларимизни йўллаймиз.

Бу йилги Қурбон ҳайити Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик тарихий санаси арафасида ўтаётгани унинг бетакрор руҳи ва кўрку тароватини янада зиёда этмоқда.

Мустақил юртда буюк мақсадлар билан тинч ва осойишта яшаш, ҳалол меҳнат қилиш муқаддас динимизнинг эзгу ғояларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Сўнгги йилларда эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан барча соҳа ва тармоқлар қатори муқаддас динимиз, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, ривожлантириш ва тарғиб этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Улуғ уламоларимизнинг беназир илмий меросини чуқур ўрганиш, динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъаналарини муносиб давом эттириш мақсадида мамлакатимизнинг бугунги янги тараққиёт босқичида ислом маънавияти ривожига улкан эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар ва зиёратгоҳлар қурилаётгани ҳамда таъмирланаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари қаторида диний соҳадаги талаб ва эҳтиёжлари ҳам тўлиқ таъминланмоқда. Бу ҳақда гапирганда, яқинда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Муҳтарам ватандошлар!

Барчамизга аёнки, жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий
ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Маълумки, халқимиз асрлар давомида диний ва дунёвий илмларни ўзаро уйғун ривожлантириш борасида ноёб тажриба мактабини яратган. Бу фикрнинг амалий тасдиғини ўзининг беқиёс илмий кашфиётлари, маънавий-маърифий тафаккури билан жаҳон аҳлини ҳайратда қолдирган улуғ олимлар ва уламоларимизнинг бебаҳо мероси мисолида яққол кўриш мумкин.

Бугунги кунда ана шундай нодир маънавий хазинани чуқур ўрганиш борасида янада катта имкониятлар очилмоқда.

Ишончим комилки, икки дунё саодатига эришишдек улуғ орзу-ниятлар билан яшаётган олижаноб халқимиз униб-ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялашда ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, улкан ютуқларга албатта мушарраф бўлади.

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Ҳозирги мураккаб пандемия даврида диний ибодатларни уй шароитида адо этиш бўйича кўпни кўрган уламоларимиз томонидан билдирилган таклиф, ҳеч шубҳасиз халқимизнинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган энг тўғри қарордир.

Ушбу улуғ айём кунларида барчамиз Қодир Аллоҳдан бутун инсоният бошидан кечираётган бундай оғир синовларни енгиб ўтишда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.

Сиз, азизларни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатлик, бахту саодат, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

Дуогўй кексаларимизнинг эзгу тилаклари ижобат бўлсин!

Ёшларимизнинг бахтини, камолини берсин!

Юртимиз доимо тинч, халқимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин!

 

 

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

الإثنين, 19 تموز/يوليو 2021 00:00

Қурбон ҳайити – кўнгиллар шодлиги

Истиқлол шарофати ила Ватанимизда миллий ва диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидлари ушалди. Бунинг учун доимо шукрона келтириб, Яратганнинг: «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…», деган марҳаматига ҳамоҳанг яшашимиз лозим. Зеро, истиқлол сабаб мана шундай неъматлардан баҳра олмоқдамиз.

Мустақиллик боис, диний эътиқодимиз даҳрийлик исканжасидан озод бўлди. Бугун икки мингдан зиёд масжидда хотиржам ибодат қилаётган кишиларни кўриб, «Илоҳим! Ўз уйимизда осудалик топганимиз, чин бўлсин», деб дуо қиламиз. Айниқса, жума ва ҳайит кунлари бутун диёримизни илоҳий бир файз қамраб олади.

Мустақиллик йилларининг илк даврлариданоқ икки улуғ кун — Рамазон ва Қурбон ҳайитлари биринчи Юртбошимиз томонидан умумхалқ байрами сифатида эълон қилингани халқимизни беҳад қувонтиради.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.

Ҳайит байрамлари қадимдан халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган.

Бу улуғ байрам кунлари кўнгилларимиз равшан, кайфиятларимиз чоғ, нигоҳларимиз муқаддас Каъбага қараган. Яратганнинг фазлу карамидан умидвор ҳолда ҳайит намозини адо этганимиздан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: «Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ёмон анъанага айланиб қолган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Ҳайит кунидаги исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантиришлар мусулмонларга муносиб эмас. Унга кетадиган маблағларни ва неъматларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатишдан хайрлироқ иш бўлмаса керак!

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамларидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, ҳуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли ва мақталган амаллардандир.

Ҳайит байрами кунида қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳудди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди
 имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Усмонхон Алимов номига қатор қўшни ва хорижий давлатларнинг уламолари ва диний арбобларидан самимий табрик ҳамда тилаклар изҳор этилган қутловлар келмоқда.

Табрик мактубларида Диний идора раиси ва жамоасини муборак Қурбон ҳайити билан чин дилдан табриклашган. Мустаҳкам соғлиқ, келгусидаги фаолиятларида улкан муваффақият ва зафарлар тилашган. Мактубларда ҳозирги синовли кунларда дунёга хавф солаётган вабодан Аллоҳ таоло Ўз паноҳида сақлаши ҳамда Ер юзида ҳамиша офият ва тинчлик бўлишини Аллоҳ насиб этишини алоҳида қайд этиб ўтишган.

Шунингдек, ўзбек халқига саломатлик-хотиржамлик, фаровонлик ва ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб, ўзларининг эзгу истаклар билдирганлар.

Хусусан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ибн Абдул Карим Исо;

Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси, шайхул Ислом, муфтий Талгат ҳазрат Тожуддин;

Москва муфтийси Альбир Крганов;

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Науризбай Ҳожи Тағанўғли;

Қирғизистон мусулмонлари Олий муфтийси Замир Ракиев;

Тожикистон Бош муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода;

Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода;

Хитой Ислом Уюшмаси;

Эрон Ислом Республикаси элчиси Ҳамид Наййирободий.

Қутловлар келишда давом этмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top