muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 06 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Гуноҳлар кечирилишини хоҳлайсизми?

Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар  ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти)  Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) 

Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.) 

Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”.  (Табароний ва Ҳоким ривояти.) 

 (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти) “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят). 

(Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят). 

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 

 

 

الإثنين, 06 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Маккий ва Маданий сураларни биласизми?

БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда. Бу йилги кўргазмада дунёнинг 60 мамлакатидан 1650 та нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этишмоқда. Кўргазмада 1,5 миллиондан ортиқ китоб ва рисолалар намойиш этилмоқда. 

Ярмарканинг бешинчи павилионида Қуръони каримнинг энг қадимий қўлёзмалари тақдим этилмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг Бирмингем университетида сақланаётган 1350 йиллик Қуръони карим қўлёзмаси ҳам намойиш этилмоқда.

Маълумот учун, Британия қироллигининг Бирмингем университетида Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси топилган эди. Уларнинг фикрича, ушбу қўлёзма Қуръони Карим мусҳафининг қадимий нусхаларидан ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу павилионда интерфаол сенсорли экранлар ўрнатилган бўлиб, улар саёҳатчига қадимий қўлёзмалар бўйича кўплаб маълумотларни ўрганишга имкон беради.

Ушбу кўргазма жорий йилнинг 11 ноябр кунига қадар давом этади.

Илҳом Маърупов

тайёрлади

الإثنين, 06 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Қалбларни ларзага солган тасвир

Ҳомиладор аёл учун энг ҳаяжонли ва эсда қоларли жараён УТТ кўригидан ўтиш ва дунёга келиши кутилаётган жигарпорасини ривожланиш жараёнини ўз кўзи билан кўриш бўлса ажаб эмас. Бироқ, афсуски, бир тоифа аёллар бор-ки, улар мониторда ўз болажонлари тасвирини кўра олишмайди. Улар – кўзи ожиз оналардир.

Ушбу суратдаги аёлнинг  ҳам кўзи ожиз бўлиб, у УТТ кўригига борганда шифокор унинг фарзанди яхши ривожланаётгани, у билан боғлиқ барча жараёнлар меъёрида эканини айтади. Шифокор ушбу кўзи ожиз аёлни хурсанд қилишни хоҳлаб, онанинг қўлига фарзандининг 3D тасвирини тутқазади. Она ўз фарзандини қўллари билан пайпаслаб, ушлаб кўрар экан кўзларидан севинч ёшлари тинмасди. Шу онда унинг қувончи оламларга сиғмас эди...

Умрингиз узоқ бўлсин азиз онажонлар, борлигингиз биз учун бахт аслида, пойи жаннатларимиз! 

Илҳом Маърупов

тайёрлади

Бугун, 6 ноябрь куни Жиззахда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда иштирок этиш учун Жиззах шаҳрига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Хабарда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах темир йўл вокзалида тантанали кутиб олингани айтилган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззахда бу воқеага катта тайёргарлик кўрилган. Шароф Рашидов номи билан аталувчи майдон ва музейда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Кўча ва хиёбонлар байрамона безатилгани қайд этилди.

Дастлаб Шароф Рашидов хотирасига эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинган.

Аввалроқ, халқимизнинг атоқли ўғлони, номи ва шони бугунги кунга қадар яшаб келаётган Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган маълумотларни тақдим этган эдик.

Мақолалар

Top