muslimuz

muslimuz

 

2024 йил 15 июнь шанба куни зулҳижжа ойининг 9-куни – арафа кунидир.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Оғиз ёпиш ва очиш вақти (Тошкент вақти билан):

Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:00

Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:02

Нияти: Холис Аллоҳ учун нафл рўза тутишни ният қилдим.

Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол Сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.

 Даврон НУРМУҲАММАД

الجمعة, 14 حزيران/يونيو 2024 00:00

Такбири ташриқ айтишни унутманг

اللهُ أكبر اللهُ أكبر لا إلهَ إلَّا الله واللهُ أكبر اللهُ أكبر ولله الحَمْد

Ўқилиши: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд.

Маъноси: Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир ва ҳамд Аллоҳ таоло учундир.

Такбири ташриқ 15 июнь бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни, яъни 19 июнь аср намозига қадар айтилади:
• 15 июнь — 5 маҳал
• 16 июнь — 5 маҳал
• 17 июнь — 5 маҳал
• 18 июнь — 5 маҳал
• 19 июнь — 3 маҳал

Жами 23 маҳал намозда такбири ташриқни бир маротаба айтиш вожиб амал саналади.

Ушбу такбир хоҳ жамоат билан, хоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтилади.

Аёллар такбири ташриқни махфий айтадилар.

Намозга кечикиб қўшилган киши ҳам намозини тўлиқ ўқиб бўлганидан кейин такбири ташриқни айтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 
الجمعة, 14 حزيران/يونيو 2024 00:00

Аллоҳ битган тақдирга рози бўлинг

Гоҳида бахт деб қидирган, саодат шунда деб билган ишингиз амалга ошмай қолади. Шунақа вақтда билингки, рози бўлиш, қаноат қилиш сизни энг бахтли инсон қилади. Роббингизнинг тақдиридан рози бўлишингиз Роббингизни сиздан рози қилади. Ахир Аллоҳнинг розилигиданда юқорироқ мақсад борми?!

Бир куни бахтдан сўрашибди: “Эй бахт, сен қаерда яшайсан?”.

У дебди: “Аллоҳнинг қазою қадарига рози бўлганларнинг қалбида!”.

- Нимадан озуқа оласан?

- Улардаги иймоннинг қувватидан.

- Нима сабабли уларда мудом турасан, кетиб қолмайсан?

- Уларнинг Аллоҳга чиройли гумон қилишлари туфайли.

- Сенинг шиоринг қандай?

- Ҳеч бир жонга Аллоҳ тақдир қилиб битган нарсадан бошқаси тегмайди. Фақат Аллоҳ тақдир қилган нарсагина содир бўлади.

Мўмин-мусулмон банда “Дунёдаги барча нарса Аллоҳнинг мулки. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, деб ишонади. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда: фаровонлик вақтида ҳам, бошига мусибат тушганида ҳам Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади.

Бўладиган ҳар бир иш тақдирда ёзиб қўйилган экан, энди банда бошига бир иш тушса, қўлидан неъмат кетса, бунинг учун ортиқча хафа бўлиш, ғамга ботиш, “Бундай қилганимда ундай бўларди”, “Бу ишни қилмаганимда шунча ташвишга қолмасдим”, деб надомат чекиш тўғри эмас. Аллоҳ банда пешонасига ёзган нарсадан қочиб-қутулиш иложи йўқ.

Шунингдек, Аллоҳ банда бирон неъматга эришишини, ютуқни қўлга киритишини тақдир қилганми, демак, бу иш ҳам аниқ бўлади. Бу – банданинг саъй-ҳаракати, жидду жаҳди билан эмас, Аллоҳнинг фазли, тақдири, ризқлантириши билан юз беради. Шунинг учун фаровонликка етишганда ҳаддидан ошиш, ўзини йўқотиб қўйиш маъқул эмас.

Бошига мусибат тушганида “Агар ундай қилганимда бундай бўларди” ёки “Ундай қилмаганимда бундай бўлмасди”, деб афсусланадиганлар ҳам бор. Бу борада мўмин банда қандай йўл тутиши кераклиги қуйидаги ривоятда айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун заиф мўминдан яхшироқ, севимлироқдир. Икковида ҳам яхшилик бор. (Шундай экан) ўзингга фойдали нарсаларга ташна бўл, Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз қолма! Агар сенга бирон (кор-ҳол) етса, “Агар ундай қилганимда...” дема, балки “Қодаруллоҳи ва маа шаа-а фаъал” (яъни, Аллоҳнинг тақдири экан. У Зот нимани истаса, ўшани қилади) деб айт. Зеро, “агар” (сўзи) шайтонга (янги) иш очиб беради” (Имом Муслим ривояти).

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Шу йил 12-18 июнь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ воиз имом-хатиблари Россия ва Қозоғистон давлатларида вақтинча яшаб турган ватандошларимиз билан бирга Қурбон ҳайитини ўтказиш ва уларга маърифий суҳбат қилиш мақсадида ушбу мамлакатларда бўлиб турибди.

Хусусан, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги "Ҳасанхон қори" жоме масжиди имом-хатиби Нажмиддин домла Ҳасанов Москва шаҳридаги элчихона ва мамлакатимиздаги ташқи миграция ходимлари билан қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз билан учрашув ўтказди.

Ана шундай учрашув Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги элчихонасида Тошкентдаги "Ҳофиз Кўҳакий" жоме масжиди имом-хатиби Шерали домла Тошматов ва Самарқанддаги "Ғовсул Аъзам" жоме масжиди имом-хатиби Тўлқин домла Исаев иштирокида мазкур мамлакатда вақтинча меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз билан ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур маърифий суҳбатларда Қурбон ҳайитини муносиб ўтказиш бўйича тавсиялар бериб, шариъй масалалардаги саволларга жавоб бермоқдалар. Шунингдек, юртимиздаги сўнгги ўзгаришларни баён этиш баробарида эътиқодда адашиб қолмаслик мақсадида динимиздаги ишончли манбаларни ўрганиш бўйича маълумот берилди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Саидаҳмад домла Сайдаралиев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الصفحة 2 من 298

Мақолалар

Top