muslimuz

muslimuz

الخميس, 06 حزيران/يونيو 2024 00:00

Тавоф намозини ўқишни унутибман

Cавол: Тавофдан кейин мақоми Иброҳим орқасида икки ракат намоз ўқиш керак экан. Биз тавофни қилиб бўлиб, шу намозни ўқишни унутиб, Сафо-Марвага саъй қилишга кетиб қолибмиз. Эҳромдан чиққандан кейин намоз ўқимаганимиз эсга тушди. Шу ҳолда нима қилишимиз керак бўлади?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Тавоф намозини унутиб ўқимаган киши, уни эслаган пайтда ўқиб олади. Масжидул ҳарамда ўқиш афзал, буни имкони бўлмаса, қаерда ўқилса ҳам дуруст бўлади.

Бу намоз тавоф қилган инсоннинг зиммасидан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Ҳатто уни ўқимаган киши уйига қайтгандан кейин эсласа, ўқиб қўяди. Фақат нафл намоз ўқиш макруҳ бўлган пайтларда ўқимайди.

“Барча китоблардаги машҳур гап шуки, тавоф намозини Масжидул ҳаромда ўқиш бошқа жойда ўқишдан афзалдир. “Лубоб”да: “Тавоф намози бирор вақт ва бирор жойга хосланган эмас. Бу намоз ҳеч қачон соқит бўлмайди. Агар ўқилмаса, қон вожиб бўлди, дейилмайди. Агар ҳарам ҳудудидан ташқарида ёки ватанга қайтгандан кейин ўқилса ҳам, жоиз бўлади. Бироқ бундай қилиш макруҳдир” дейилган (“Раддул муҳтор”, “Лубобул маносик”). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

  1. Сиз болалигингизда билишни истаган барча қизиқарли маълумотлар рўйхатини тузиб, фарзандларингизга улар ҳақида гапириб беринг.
  2. Фарзандларингиз билан ота-онангиз, қариндошлар ва дўстларингизни тез-тез кўргани боринг.
  3. Фарзандингиз туғилганида, мактабга бора бошлаганида, оила қурганида, ота-она бўлганида, албатта, кўчат экинг.
  4. Қўғирчоқлар сотиб олинг ва кичик қўғирчоқ театри уюштиринг. Ушбу театр ижросида фарзандларингизни ҳам қатнаштиринг.
  5. Қиш кунлари фарзандларингиз билан қорбўрон ўйнанг, чана учинг.
  6. Оила аъзоларингиз билан эрта тонгда бадантарбия қилишни мунтазам йўлга қўйинг.
  7. Икки ўриндиқли велосипед (ёки иккита велосипед)да фарзандларингиз билан сайрга чиқинг.
  8. Фарзандларингизни бобо-бувилари, аҳли аёлингиз, дўстлари, яқинлари учун ҳадялар улашишга ўргатинг.
  9. Фарзандингиз билан машинада кетаётганингизда унга ёқадиган куй, қўшиқ тингланг.
  10. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини пухта ўрганиб олинг. Бу фойдадан холи эмас.
  11. Ҳар бир фарзандингиз билан нималарни яхши кўриши, нималарга қизиқиши ҳақида суҳбатлашинг. Фарзандларингиздан, оилангиздан мамнун эканлигингизни билдиринг.
  12. Фарзандларингиз учун қанчалар жон куйдириб меҳнат қилганингиз ҳақида кўп сўз очаверманг. Уларни ғам-ташвишсиз, соғ-саломат ва бахтиёр кўрганингиздан нечоғлиқ хурсанд эканлигингизни айтинг.
  13. Фарзандингизни иш жойингизга, туғилиб ўсган маҳаллангизга, ўзингиз ўқиган мактабингизга олиб боринг.
  14. Фарзандларингизга сир сақлашни ўргатинг. Айниқса оилавий сирларингизни ташқарига чиқармасликларини уқтиринг.
  15. Фарзандларингизга турли хил мавзуларда саволлар беринг, топишмоқлар айтинг. Улар ўзаро мусобақалашсинлар. Ким тўғри жавоб берса, албатта, рағбатлантиринг.
  16. Фарзандларингизга бақириш, жаҳл қилиш ва асабийлашишдан сақланинг. Ҳар бир нарсани босиқлик билан тушунтиринг.
  17. Таниқли инсонлардан бирига мурожаат қилиб, байрам кунида фарзандларингиз учун табрикнома юборишини илтимос қилинг.
  18. Фарзандларингиз билан бирга сайилгоҳларга тез-тез бориб туринг. Улар билан бирга ҳордиқ чиқаринг.
  19. Оилангиз билан бирор очиқ жойда тўлин ой чиқишини томоша қилинг.
  20. Олдиндан айтмай туриб кутилмаганда саёҳат уюштиринг ва фарзандларингизни ҳайратда қолдиринг.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

الخميس, 06 حزيران/يونيو 2024 00:00

Зикр қилувчининг одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.

  1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам сўраш.
  2. Зокир таҳоратли бўлиши керак.
  3. Фазилатли маконларни ихтиёр қилиш. Масжид, Ҳарамайни шарифайни ва шунга ўхшаш жойлар.
  4. Фазилатли замонларни ихтиёр қилиш.

Имом Нававийнинг айтишича, зикр учун энг афзал вақт бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.

Имом Молик шунинг учун ҳам "Бомдод намозидан то қуёш чиққунича гапириш ва ухлаш макруҳдир", деганлар.

Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир.

Қолган барча вақтларда зикр мустаҳабдир.

  1. Солиҳ амаллардан кейин зикр қилмоқ.
  2. Ноқулай ҳолатларда зикрни тўхтатиш лозим.

Бунга халога киргандаги, жинсий яқинлик қилгандаги, жума хутбаси пайтидаги каби ҳолатлар киради.

  1. Қиблага қараб зикр қилиш керак.
  2. Рағбат, хушуъ ва хузуъ ҳамда тадаббур билан зикр қилиш лозим. Яъни фикрни жамлаб, айтилаётган зикрнинг маъносини тушуниб зикр қилиш лозим.
  3. Зикрни холи қолиб қилишга ҳаракат қилиш.

Одамлардан панада бўлиб, хилватда зикр қилиш кўпчиликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.

Ибн Ҳажар юқорида эслатилган ҳадисда келган “Агар бандам Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан”, деган иборадан “Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир” деган ҳукмни чиқарган.

Махфий зикрнинг афзаллиги бундан бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Зотан, у риёдан йироқдир.

Аммо шариатда таъкидланган, овоз чиқариб айтиш лозим бўлган лаббайка, азон ва иқомага ўхшаш ҳолатларда овоз чиқариш шарт.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.

Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, доимий равишда адо этиб юради.

Албатта, уларнинг вақтини ва матнини ҳадиси шарифларда кўрсатилгандек йўлга қўйиш керак. Биладиган одамлардан таълим олинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Нафсни покловчи омилларга қанчалик амал қилинса, нафс шунчалик покланиб бораверади.

 

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

 

Бир ҳаким киши айтган экан: “Хоҳлайсанми йўқми, бу – ҳаёт! Унинг ўз қонун қоидалари бор, уларни асло четлаб ўтолмайсан:

Қийинчиликларни кечиб ўтмасдан буюк инсон бўлолмайсан;

Хато қилмасдан ўргана олмайсан;

Мағлуб бўлмасдан, мағлубият аламини тотиб кўрмасдан туриб ғолиб бўлолмайсан;

Яхши кўрганларингни бутун умр йўқотмай яхши кўриб юролмайсан!”.

Бир донишманддан сўрашган экан: “Қалбингизнинг бу қадар хотиржамлиги сири нимада?”.

У дебди: “Аллоҳни таниганимдан бери менга нимаики яхшилик келса, таҳорат қилиб, икки ракат шукрона намоз ўқийман. Аксинча менга бирор зарар етгудек бўлса, таҳорат олиб, Аллоҳдан сабр сўраб дуо қиламан. Бирор ишда иккилансам, таҳорат қиламанда, истихора намозини ўқийман. Ҳаётим шу зайлда: шукр, сабр ва дуо бирла ўтади”.

Маҳзунлик пайтингиз ҳам одоб сақланг! Кўз ёш тўкар экансиз, асло ношукурлик қилманг, аксинча, Аллоҳга ҳамд айтинг! Оғриқларга бардошли бўлинг. Зеро, маҳзунлик худди шодлик сингари Роббимиз тарафидан бериладиган ҳадядир. Маҳзунлик сизда озгина вақт туради-да, кейин Роббига қайтиб кетади ва сабрингиз тафсилотини Унга етказади! Маҳзунликнинг ҳадялиги шунда!

Баъзилар савол беради: Аллоҳ таолонинг “Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл сураси, 97-оят) ояти билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Одамлар ичида кўп мусибат кўрганлар – пайғамбарлардир, кейин улардан кейин турадиганлар, кейин яна улардан кейин турадиганлар. Инсон дину-диёнати (мустаҳкамлиги) миқдорича синалади (мусибатланади), деган ҳадислари орасини қандай мувофиқлаштирамиз? Мўминнинг ҳаётида ҳам роҳат-фароғат, ҳам бало-мусибат жамланиши мумкинми?

Бунга аҳли илмлар қуйидагича жавоб беришган: “Оятда айтилган “яхши ҳаёт”нинг маъноси фақирлик, касаллик, мусибат каби бало-офатлардан холи ҳолда яшаш дегани эмас! Йўқ, биродарлар! Балки яхши ҳаёт бу – инсон қалби яхши ҳолда, кўнгли кенг ҳолда, Аллоҳнинг қазою-қадарига рози бўлиб, хотиржам яшаш демакдир! Бундай одамга агар хурсандчилик етгудек бўлса, шукр қилади ва у учун яхшилик бўлади, агар мусибат етгудек бўлса, сабр қилади ва у учун яна хайр, яхшилик бўлади. Пайғамбарлар алайҳимуссалом кўринишидан қийинчиликда, қавмларининг озорида яшашган бўлсада, қалблари иймонга лиммо лим ҳолда, Аллоҳнинг ҳукмига тамоман таслим бўлиб бахтли яшашган”.

Демак, яхши ҳаёт – Аллоҳга бўлган иймон соясида яшаш экан, бунинг кулфати қанчалик катта бўлса ҳам. Иймонсиз ҳаёт ҳеч қачон яхши бўлмайди, дунё неъматлари қанчалик кўп бўлса ҳам!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

2 июн куни Тошкентда "Пешқадам карвони" лойиҳаси доирасида "Ўтмиш, бугун ва келажак" сарҳисоб тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда устозлар, ёзувчилар, матбуот ходимлари, лойиҳа аъзолари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.

Анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланиб, сўнгра хайрли дуолар қилинди.

Кейин ушбу лойиҳа билан танишув видеоролиги тақдим этилди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини юртимиз бўйлаб ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга тарқатишни мақсад қилган «Пешқадам карвони» лойиҳаси 2 йил аввал Muslimaat.uz сайти, Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий канали раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ томонидан йўлга қўйилган.

Беш йўналишда иш олиб бораётган лойиҳада барча иштирок этиши мумкин. Йўналишлар китобхонликни тарғиб қилиш, турли соҳаларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарлари юзасидан илмий ишлар ёзишни қамраб олган.

Тадбирнинг асосий қисмида китобхонликни тарғиб қилиш йўналишидаги ишлар сарҳисоб қилиниб, ташриф буюрган устоз ва азиз меҳмонларнинг лойиҳа ҳақидаги нутқлари тингланди.

Республиканинг турли ҳудудларидаги лойиҳа билан ҳамкорликда очилган кутубхоналарда йил давомида 25 та китобхонлик марафонлари ўтказилди.

Йил давомида эълон қилинган "Кутубхонангиз билан ўрнак бўлинг""Китобхонлик тадбири ташкил этиш" танловлари ҳамда "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ китобларида Рамазон ойи фазилатлари ва рўзага доир масалаларнинг ёритилиш таҳлили" мавзусидаги мақолалар танлови ғолиблари, самарали фаолият олиб борган аъзолар, лойиҳанинг энг фаол ходимлари тақдирланди.

Islom.uz

Мақолалар

Top