muslim.uz
Бахтиёр оила қуришнинг олтин 6 қоидаси
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Иблис тахтини сув устига қўяди. Сўнгра ўз лашкарларини (одамларни ҳақ йўлдан оздириш, ораларида фитна солиш мақсадида) жўнатади. Шайтонваччалар (ҳисобот топшириш учун) Иблисга келиб: “Мен фалон ва фалон ишларни қилдим” дейди. Шунда Иблис: “Ҳеч нарса қилмабсан” – дейди. Сўнгра яна бир шайтон келиб Иблисга: “Мен эр-хотинлар орасига тушиб, уларнинг орасини ажратмагунимча уларни тинч қўймадим” дейди. Шунда Иблис: “Сен (шайтонларнинг) энг яхшисисан” – дейди, дедилар».
Оила муқаддас бўлиб, уни асраб-авайлаш учун эр-хотин биргаликда ҳаракат қилмоғи лозим. Оила мустаҳкамлигини сақлаш учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилишингизни тавсия этамиз:
- Кечириб юборинг ва эсдан чиқаринг! Аёлингиз қилган ҳар бир хато-камчиликлари учун жиғибийрон бўлаверманг, айримларини эсдан чиқаринг, айб иш қилса кечиринг.
Олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кечирувчан инсонлар гина-кудрат сақлаб юрадиганлардан кўра бахтли ҳаёт кечиришар экан. Олимлардан бири: "Бахтли никоҳ бу – икки кечиришни биладиган эр-хотиннинг бирлашмасидир", деб айтганди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одам боласининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси кўп тавба қилувчилардир", дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Ким айбсиз дўст истаса, ёлғиз яшайди. Ким нуқсонсиз хотин истаса, бир умр бўйдоқ ўтади.
- Кўпроқ вақтингизни биргаликда ўтказинг! Афсуски, жуда кўп эр-хотинлар оз вақтларини бирга ўтказишади. Кўпчиликда биргаликда сайр қилишлар, овқатланишлар, суҳбат қуришлар қисқа муддат давом этади, кейин эса уларнинг барчаси тарихга айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан суҳбатлашганларида бутун таналари билан бурилиб, сўзловчига бор диққат-эътиборларини қаратар эдилар. Энди сиз ҳам телефондан бошингизни кўтаринг, телефонни ўчириш вақти келди. Аёлингиз билан дилдан суҳбат қуринг. Жуфти ҳалолингизни тинглашга вақт ажратинг.
Тадқиқотларга кўра, энг бахтли никоҳлардаги эр-хотинлар бир кунда камида беш соатларини бирга сарфлашар экан. Чарчаган бўлишингиздан қатъи назар, оилангизни мустаҳкамлаш учун аёлингизга вақт ажратинг. Майлин, энг оддий усулда бўлса ҳам, масалан, чой устида ёки кўчада сайр қилиб суҳбатлашинг.
- Севишингизни изҳор қилиб туринг! Аёлингизга севишингизни ҳар куни билдириб туринг. Ишга кетишингиздан олдин пешонасидан ўпибми ёки СМС, ижтимоий тармоқлар орқали хабарлар ёки қоғозга битилган мактублар орқалими хуллас йўллари кўп. Муҳими ҳар куни ёқтиришингизни изҳор этишни унутманг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Севганларингизга севишингизни изҳор қилинг!" деганлар. Аёлингизга севишингизни изҳор қилганингизда аёлингиз: "Аллоҳ ҳам Сизни севсин" деб ҳаққингизга дуо қилсин!
- Камроқ танқид қилинг! Чунки танқидни ҳеч ким ёқтирмайди. Кўп танқид қилиш зарар етказиши мумкин. Танқид одатда бирор нарсанинг фақат ёмон жиҳатларини кўришдан келиб чиқади. Аёлингизнинг бирор ёмон хулқ ёки одати бўлса, уларни секин асталик билан тузатиб боришига кўмаклашинг. Аёлингизнинг айби учун ҳадеб танқид қилаверишингиз, кичик камчиликнинг катталашишига олиб келади. Жуфти ҳалолингизнинг ижобий хулқларига кўпроқ эътибор беринг! Шунда камчиликлари кўринмай кетади.
- Ташаккур билдириб туринг!Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади", дедилар.
Аёлимиз кўнглимизни кўтарадиган бирор иш қилса, гўёки ўз вазифасини бажаряпти деган ўй-хаёл билан унга миннатдорчилик билдирмаймиз. Аёлингизнинг ҳар бир, ҳатто кичик, эҳтимол сиз учун арзимасдек туюлган ишини ҳам қадрлаб, миннатдорлик билдиринг, кўнглини кўтаринг, янада илҳомлантириб туринг.
- Мулойим бўлинг!Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бахтиёр оиланинг асосини – эр-хотиннинг ўзаро бир-бирига мулойим муносабатда бўлиши ташкил этади.
Тўғри, турмуш давомида турли келишмовчилик, тушунмовчиликлар юзага келганда мулойим муносабатда бўлиш ўта мушкул. Лекин айнан шундай вазиятларни мулойимлик, оғир-босиқлик билан ҳал қилиш, эр-хотин ўртасидаги муҳаббатни янада зиёда этади, мустаҳкамлайди.
Аллоҳ таоло оилаларимизни холис Ўзининг муҳаббати асосига қурилишини насиб этсин. Оилаларимиз ҳамиша тинч ва бахтиёр бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
“Лангар ота” зиёратгоҳига борувчиларга қулайликлар яратилди
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳозирги кунгача “Тошкент-Қарши” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Насаф” тезюрар электропоезди бугун – 22 июндан бошлаб “Шаҳрисабз” темир йўл вокзалигача қатнашни бошлайди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ хабарига кўра, бу сайёҳларга Қамаши туманидаги “Лангар ота” зиёратгоҳига бориш учун ҳам қулайлик яратади. Чунки ушбу поезд Қамаши станциясида ҳам тўхтаб ўтади. 4-сонли поезд 22 июнь куни Тошкент марказий темир йўл вокзалидан амалдаги жадвалга асосан, “Қарши” темир йўл вокзалидан эса соат 14:27 дан бошлаб “Шаҳрисабз” йўналишига, шунингдек, 22 июнь соат 17:04 дан бошлаб эса 3-сонли “Насаф” электропоезди “Шаҳрисабз-Тошкент” йўналишида қатновини амалга оширади.
Шу сабабли “Қарши-Шаҳрисабз” шаҳарлараро электропоездининг ҳаракат жадвалига ҳам бироз ўзгартириш киритилади. Унга кўра, ушбу поезд бугундан Қарши темир йўл вокзалидан соат 17:29 да қатновини амалга оширади.
Қамаши туманининг Лангар қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликда барпо этилган Лангар ота масжиди ва Шайх Абулҳасан мақбараси бор. Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисликда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги Лангар қишлоғида жойлашган қадимий масжид айрим ёзма манбалар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, ХIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан. Шайхнинг пири у кишига «Минган туянгиз учинчи марта чўккан жойда масжид барпо этинг» деган экан. Туяси сўнгги бор ҳозирги Лангар қишлоғи, яъни масжиднинг ўрнига чўкибди ва Шайх Абулҳасан шу ерга масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.
Ушбу масжидда куфий хатида битилган Қуръони каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхаларидан бири – Катта Лангар Қуръонининг факсимили нусхаси сақланади. Масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат. 2 та хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади. Аввал кичкина масжид қурилган, намозхонлар кўпайганлиги сабабли кейинчалик катта масжид ва айвони қурилган. Лангар ота масжиди ислом олами меъморчилик санъати билан маҳаллий халқ ҳунармандчилик услублари уйғунлигида барпо этилган.
Бу меъморий обидани Марказий Осиёда ягона десак муболаға бўлмайди. Масжид томининг баландлиги, пойдеворига қўйилган тошларнинг улканлиги, устун ва ёғочларнинг қучоққа сиғмаслиги уни ўта маҳобатли қилиб кўрсатади. Масжид катта хонақоҳининг устуни тепасида ҳижрий 1362 йил (милодий 1905 йил)да уста Муҳаммадиёр томонидан таъмирлангани ёзилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс ёзувидаги битиклар билан тўла. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади.
Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум ёзувлар муҳрланган. Юқоридагиси қандай имлолиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган бўлиб, кўпи свастика шаклидадир. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу безаклар Кўк турк подшоларининг ишоралари, аниқроғи давлат рамзлари экан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сўраган эдингиз: Намозда қўллар қаерда туради?
Табиатга муносабат
Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажайиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган.
Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримни Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган: “Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”.
Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ таоло тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам ҳудди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида бундай билдириб қўйган: “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.
Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ворид бўлган, улардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, деганлар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.
Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримдаги кўпгина оятлар Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратишдан мақсади, уларни муҳофаза қилиш тартиби, инсон ҳайвонот дунёсидан қандай фойда олиши мумкинлиги, ҳайвонларни тарбия қилиш йўлларини батафсил тушинтириб берган. Қуръони каримнинг “Бақара”, “Анъом”, “Фил”, “Намл”, “Наҳл” каби бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади. Бу сўзларнинг таржимаси “Сигир”, “Чорва ҳайвонлари”, “Фил”, “Чумоли”, “Асалари” деганидир.
Қуръони каримда барча жонзот ва қушлар инсонлар каби “Уммат” эканлиги таъкидланади. Мана шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу жиҳатдан, инсонлар бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр қилиб, ўзлари учун фойдали ва зарур бўлган ҳайвонот дунёсини қўриқлашлари ва сақлашлари лозим бўлади. Шукр қилиш эса, икки йўл билан бўлади. Биринчиси, бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш бўлса, иккинчиси Парвардигор ато қилган неъматлардан фойдаланишда унинг кўрсатмасига мувофиқ иш юритишдир. Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қатиқ таъкидланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими? ” -дедилар”. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл ўзининг мушиги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ҳатто, у озиб-тўзиб ўлди” деганлар. Кўриниб турибдики, Ислом ҳайвонларни мақсадсиз ўлдиришни катта гуноҳ ҳисоблаб, қатъий ман қилади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар фойдаси учун яратган. Аллоҳ таоло яратган жонворларни беҳуда ўлдириш унинг неъматларига нисбатан ношукурлик ва нон кўрликдир. Худди ҳайвонат олами каби наботот яъни, ўсимликлар олами ҳам Аллоҳнинг инсонларга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас еди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратган. Буни Аллоҳ таоло “Абаса” сураси 24-32-оятларида ҳам батафсил баён қилган. Аллоҳ таоло набатот оламини инсоннинг барча фойда, манфаати учун ростлаб қўйгандир. Ислом таълимоти инсонга ва унинг жамиятига фойда етказувчи барча нарсаларни йўқотиш, зарар етказиш ва исроф қилишни ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло “Қоф” сураси 9-11-оятларида шундай марҳамат қилган: “Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан улкан шаҳарни тирилтирдик”. Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда улар учун шукр келтиришлари, наботат оламига нисбатан тўғри муомалада бўлиши лозим. Аксинча наботот оламига нисбатан ёмон муомила Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.
Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушиниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.
Яна бир ҳадиси шарифда айтилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда вафот этиб қабрга кирганидан сўнг ҳам етти нарсадан унга ажр бориб туради: илм ўргатган бўлса, масжид қурган бўлса, Қуръон мерос қолдирган бўлса ёки ўлганидан сўнг истиғфор айтиб турадиган фарзанд бўлса”, дедилар. Бу ҳадисда табиатни обод қилиш билан боғлиқ ариқ ўтказиш, қудуқ қазиш ва хурмо экиш каби ишлар илм ўргатиш, масжид бино қилиш ва Қуръони карим мерос қолдириш каби улкан савобли ишлар билан бир қаторга қўйилган.
Ривоят қилинишича, бир куни бир одам ёши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнғоқ дарахти кўчатини экаётганликларини кўриб: “Эй муҳтарам зот, қариб, улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу ёнғоқ фалон йилдан сўнг мевага кирадику?” дебди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди. Мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”. деган эканлар.
Аллоҳнинг инсонган берган улкан неъматларидан, ризқидан бири сувдир. Сув ҳаётнинг асосий унсури эканлиги Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Ҳақиқатда ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло, “Анбиё” сураси 30-оятида: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз”, деб марҳамат қилган.
Яна, “Нур” сураси, 45-оятида: “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди”. дейди. Бундан барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сув экани келиб чиқади. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Инсон жисмининг 76 фоизини сув ташкил қилади. Шунингдек, сув бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсурини ташкил қилади. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиш қийин.
Ислом дини нуқтаи назаридан қараганда сув Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уни зое ва исроф қилиш ҳаромдир. Ҳар бир инсон сувни ифлослашдан ва исроф қилишдан тийилиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиши, қадрига етиши шартдир. “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд исмли саҳобанинг ёнидан ўтаётиб, бу қандоқ исрофгарчилик, эй Саъд, дедилар. Сувда ҳам исроф бўладими, деб сўради. Саъд: “Агар оқиб турган дарёдан олсанг ҳам”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”:
Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатларидир. Агар шу нарсаларда сувни исрофи жоиз бўлмаса, ибодатмас бошқа ишларга исроф қилиш асло дуруст эмас.
Атроф муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўқитишнинг, ўргатишнинг ўзигина катта фойда келтирмайди, албатта, у билимлар, тарбиялар ҳам биз катталар томонидан амалга қўлланилиши, кўрсатилиши лозим. Ислом нуқтаи назарида табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.
Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташламоқ деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини сақлаган бўламиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди, ҳеч ким. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
М. Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари
Ўлим келмасдан олдин тавба қилишга шошилинг
«Робитаи мавт», яъни бу ҳаётнинг фонийлигини, бир кун келиб ўлишимизни, ўлгандан сўнг қиёмат бошланганидан кейин қабрлардан туришимизни, маҳшаргоҳда тўпланишимизни, Аллоҳнинг инсонларни муҳокама қилишини, савоб ва гуноҳларнинг тортилишини, яхшиларнинг бир тарафга, ёмонларнинг бошқа тарафга айрилишини, яхшиларнинг сиротдан ўтиб, жаннатда абадий қолишларини, ёмонларнинг жаҳаннамга отилиб, ёнишини биламиз. Шуларни ўйлашга «Робитаи мавт» дейдилар. Инсон буларни ўйлаганда жаннатга кирганларнинг нақадар хурсанд бўлишларини, жаҳаннамга ташланганларнинг эса ловуллаб ёнишларини, аянчли фарёд этганларини, пушаймон бўлишларини ўйлайди, кўз олдига келтиради... Ўз нафсига хитоб қилиб: «Эй нафсим, ақлингни йиғиб ол, девоналик қилма. Бу ҳаётнинг қийматини бил. Охиратда дўзахий бўлмаслик учун ҳозирдан тадбир қил. Жаннатга киришга сабаб бўладиган ишларни бажар. Дўзахга етаклайдиган ишлардан қоч! Дўзахдан ўзингни қўриқла, жаннатни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қил. Ҳаётингнинг бир сониясини ҳам бекорга ўтказма, беҳуда сарф этма, зое қилма!» деб айтади.
Буни ўйлашга, бу тахайюлга «Робитаи мавт» дейдилар. Бу робитанинг асли, манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларидир... Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни кўп ўйлашни, кўп эслашни буюрганлар.
Ўлим аччиқ, қўрқинчли бир нарса лекин бу нафс ўлим қўрқувидан бошқа нарса билан ислоҳ бўлмайди. Нафсни ислоҳ қилишнинг энг яхши чораси, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, ўлимни тафаккур қилиш билангина амалга ошади.
«Ажжилу бит тавбати қаблал мавт» — "Ўлим келмасдан олдин тавба қилишга шошилинг" – деганга ўхшаш Ҳадиси шарифлар масжидларда, уйларда осиб қўйилади. Ўлим ёшга ҳам, қарига ҳам, навбатга ҳам қарамайди. Бир пайт қарабсизки, беш ака-уканинг энг кичиги ўлади. Ёки бува яшайди, набира ўлади. Қарабсизки, касални парвариш қилаётган одам ўлиб, касал қолади...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди