Ўзбекистон янгиликлари

“Лангар ота” зиёратгоҳига борувчиларга қулайликлар яратилди

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳозирги кунгача “Тошкент-Қарши” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Насаф” тезюрар электропоезди бугун – 22 июндан бошлаб “Шаҳрисабз” темир йўл вокзалигача қатнашни бошлайди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ хабарига кўра, бу сайёҳларга Қамаши туманидаги “Лангар ота” зиёратгоҳига бориш учун ҳам қулайлик яратади. Чунки ушбу поезд Қамаши станциясида ҳам тўхтаб ўтади. 4-сонли поезд 22 июнь куни Тошкент марказий темир йўл вокзалидан амалдаги жадвалга асосан, “Қарши” темир йўл вокзалидан эса соат 14:27 дан бошлаб “Шаҳрисабз” йўналишига, шунингдек, 22 июнь соат 17:04 дан бошлаб эса 3-сонли “Насаф” электропоезди “Шаҳрисабз-Тошкент” йўналишида қатновини амалга оширади.

Шу сабабли “Қарши-Шаҳрисабз” шаҳарлараро электропоездининг ҳаракат жадвалига ҳам бироз ўзгартириш киритилади. Унга кўра, ушбу поезд бугундан Қарши темир йўл вокзалидан соат 17:29 да қатновини амалга оширади.

Қамаши туманининг Лангар қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликда барпо этилган Лангар ота масжиди ва Шайх Абулҳасан мақбараси бор. Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисликда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги Лангар қишлоғида жойлашган қадимий масжид айрим ёзма манбалар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, ХIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан. Шайхнинг пири у кишига «Минган туянгиз учинчи марта чўккан жойда масжид барпо этинг» деган экан. Туяси сўнгги бор ҳозирги Лангар қишлоғи, яъни масжиднинг ўрнига чўкибди ва Шайх Абулҳасан шу ерга масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.

Ушбу масжидда куфий хатида битилган Қуръони каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхаларидан бири – Катта Лангар Қуръонининг факсимили нусхаси сақланади. Масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат. 2 та хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади. Аввал кичкина масжид қурилган, намозхонлар кўпайганлиги сабабли кейинчалик катта масжид ва айвони қурилган. Лангар ота масжиди ислом олами меъморчилик санъати билан маҳаллий халқ ҳунармандчилик услублари уйғунлигида барпо этилган.

Бу меъморий обидани Марказий Осиёда ягона десак муболаға бўлмайди. Масжид томининг баландлиги, пойдеворига қўйилган тошларнинг улканлиги, устун ва ёғочларнинг қучоққа сиғмаслиги уни ўта маҳобатли қилиб кўрсатади. Масжид катта хонақоҳининг устуни тепасида ҳижрий 1362 йил (милодий 1905 йил)да уста Муҳаммадиёр томонидан таъмирлангани ёзилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс ёзувидаги битиклар билан тўла. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади.

Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум ёзувлар муҳрланган. Юқоридагиси қандай имлолиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган бўлиб, кўпи свастика шаклидадир. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу безаклар Кўк турк подшоларининг ишоралари, аниқроғи давлат рамзлари экан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 970 times

Янгиликлар

Top