muslim.uz
Юртимиз уламолари ўксик кўнгилларга қувонч улашишда давом этмоқдалар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов хамда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Муҳаммадисхоқ домла Мўминовлар Андижон туманидаги эътиборга муҳтож, хонадонида беморлиги бор оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан даволаниши учун пул маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари хамда диний-маърифий китоблар жамланмаси етказилди.
ЎМИ матбуот хизмати
Масжидул ҳаромда смарт роботлардан фойдаланиляпти
Масжидул ҳаромда стерилизация ишларини амалга ошириши учун ўнта смарт робот олинди, дея хабар бермоқда Saudi Gazette.
Бундан кўзда тутилган мақсад зиёратчиларнинг санитария-эпидемиология хавфсизлигини таъминлашдир. Роботлар Масжидул ҳаром ва унинг атрофини зарарсизлантириш учун дастурланган. Улар харита бўйлаб ҳаракатланади ҳамда ҳудудда антисептикларни самарали сепиш учун мустақил равишда таҳлил ўтказади.
Смарт роботлар инсоннинг аралашувисиз 5-7 соат ишлай олади. Улар 600 квадрат метр майдондаги бактерияларни йўқ қилиш учун қарийб 24 литр антисептикни сепиб чиқади.
Роботлар Икки муқаддас масжид ишлари бўйича бошқарма томонидан олиб келинган.
azon.uz
Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал... (Аудио)
Масжид жамоаси билан юзма-юз, дилдан суҳбат қилинди
Бугун, 10 июнь куни Диний соҳа раҳбарлари Андижон вилоятига сафарлари давомида Шаҳрихон туманидаги “Муҳаммад Розиқбой” ва “Сулаймонбек” жомеларида ҳам бўлиб, масжид ходимлари, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар билан самимий суҳбат қурилиб, мўмин-мусулмонлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, улкан ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев масжидлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, жомелар фаолияти, намозхонларга қулайликлар қилиш, мўмин-мусулмонларнинг саводхонлиги ва дунёқарашини ошириш буйича имом-хатибларга зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.
Масжид жамоаси билан бўлган суҳбатларда мутасаддилар бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш ҳақида сўз юритдилар.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги доно сиёсатни кенг тарғиб этиш ва динимиз, она-Ватанимизни ҳимоя қилишда ҳамма муносиб ҳисса қўшиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини изоҳладилар. Ҳозирги кунда жадал ривожланаётган юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини алоҳида айтиб, кенг имконият ва имтиёзлар бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Учрашувлар дўстона ва самимий руҳда ўтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Уларнинг асл мақсади фитнадир
Бутун инсоният риштаси Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаво билан боғланиши барчамизга маълум. Биз мусулмонларни маънавий бирлаштирган бош омил эса динимиздир. Ислом илк даврларда қаттиқ қаршиликка учраган, ҳатто Ер юзидан ўчириб ташлаш учун кескин ҳаракатлар бўлган. Афсуски, бундай жирканч ҳаракатлар ҳозиргача ҳам бир сония бўлса-да тўхтагани йўқ. Чунки мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳат, биродар бўлиб яшашининг негизи Исломдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида: “Албатта мўминлар биродардирлар” деб марҳамат қилган. Демак, иймон келтириб мўмин бўлганларнинг барчаси бир-бири билан бир қориндан тушган ака-ука – биродарлардек эканини алоҳида таъкидланмоқда.
Тарихдан маълумки, муайян кучлар Ислом умматини куч билан, уруш қилиш йўли билан енгиб бўлмаслигига амин бўлган. Шундай бўлса-да, улар мусулмонлар орасидаги бирликка путур етказиш мақсадида ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазҳаблар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришни ўйлаб топиб, қуролсиз уруш бошлашди. Шу билан бирга, “Ислом” ниқобидаги ҳар-хил ақидавий фирқаларнинг пайдо бўлишида ҳам уларнинг “хизмати” катта.
Атеистлар, қуръонийлар, сохта салафийлар ва Ҳизбут-таҳрир кабиларнинг бош мақсади ҳам мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш, уламоларимизни адашганликда айблаш, тинчлик ва бирдамликка раҳна солишдир.
Ислом уламолари умматни аслини сақлаб қолиш йўлида мазҳабларни шакиллантиришди. Ҳозирда Ислом динимизга душманлик кайфиятидагиларнинг асосий ҳаракатлари Ислом умматининг бирдамлигига асос бўлган мазҳабларга зарба бериш бўлиб, бу йўлда улар ўз тузоқларига илинганлар воситасида бемазхабликни тарғиб этишмоқда. Чунки Ислом умматини бирлаштириб турган омил айни дамда мазҳабдир. Ислом динини шу давргача етиб келишига хизмат қилганлар ҳам, албатта, тўрт мўътабар мазҳаб уламоларидир.
Имом Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик куфрга йўлдир”, деган эдилар. Мазҳабсиз ақидаларимиз ҳам, ибодатларимиз ҳам мутлақо дуруст бўлмайди. Мазҳабга тил теккизаётган, тош отаётган ва турли ечими топилган масалалар орқали фитна чиқараётганларнинг ортида турганлар ҳам айнан юқорида айтилган тўдалардир. Улар ўзларинигина ҳақ йўлда, бошқалар яъни, ўзларига эргашмаган, балки мазҳабни маҳкам ушлаганларни эса адашган, залолатда, хатто куфрда, деб ҳукм чиқаришмоқда. Чунки улар ўзларини “ислоҳотчилар” деб билади. Ваҳоланки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: “Ва қачон: “Ер юзида бузғунчилик қилманг”, – дейилса, “Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, – дерлар. Огоҳ бўлингки, улар – ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар.
Уларининг жирканч мақсадларидан яна бири аввалда ўтган ва ҳозирги замон уламоларимизнинг ҳурматини оёқости қилиш ва дунё мусулмонларини уларга эргашишдан тўсишдир. Бу ердаги нозик нуқта – агар уммат дин уламоларига эргашмаса, уларнинг сўзига юрмаса мусулмонларнинг бирлик силсиласи узилади. Оқибатда эса жамият бир пода ёки тўдага айлантирилади ва уни исталган йўлга солиш, оғдириш мумкин бўлади. Аслида эса бизга маълум ва машҳур бўлган анъанага содиқ қолиб, дин уламоларимизга эргашишимиз ва уларнинг кўрсатмаларини қабул қилишда собитқадам бўлишимиз лозим.
Ҳулоса ўрнида айтиш лозимки, барчамиз носоғлом ҳаракатларнинг тарафдорларига қарши ечим топишда – ақидамиз ва мазҳабимизни мукаммал билишимиз ва бу йўлда диёнат ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.
Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Ўз паноҳида асрасин ва гўзал мақсадларига эриштирсин!
“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадхонов Муталлибхон