muslim.uz

muslim.uz

Ислом санъати ўзининг ноёб, гўзал ва нафис ўсимлик, геометрик ва ҳаттотлик нақшлари билан бутун дунёга машҳур. У архитектура, ҳаттотлик, рангтасвир, шиша, кулолчилик ва тўқимачилик каби санъат турларининг кенг доирасини қамраб олади. Унинг ривожланишини асрлар давомида кузатиш ва масжидлар ва саройларнинг безакларида топиш мумкин.

Яқинда Жидда шаҳрида Ислом санъати тарихига оид уйи музейи иш бошлади. Унда турли мамлакатлардан мингдан ортиқ қимматбаҳо тарихий экспонатлар мавжуд бўлиб, улар турли даврлардаги ислом санъатининг ранг-баранглигини акс эттиради.

Музей саудиялик тадбиркор Солиҳ бин Ҳамза Серафий томонидан асос солинган. Унинг сўзларига кўра, янги музей ахборот ва илмий тадқиқотлар маркази, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларни ўзига тортадиган мулоқот ва маданий алмашув маёқчаси бўлиши кўзда тутилган.

Уй музейининг Ислом валютасига бағишланган кўргазма залида 500 га яқин тангалар хронологик тартибда жойлаштирилган. Улар Умавийлар ва Aббосийлар халифаликларидан ҳозирги Саудия Aрабистонигача бўлган даврга тўғри келади. Сосонийлар ва Византия империяларининг тангаларилан то Муҳаммад пайғамбар саллолоҳу алайҳи ва саллам даврида ишлатилганларигача мавжуд.

Қўлёзмалар залида араб ҳаттотлигининг ўндан ортиқ турларини ифодаловчи кўплаб экстравагант ва бой безатилган китоблар тақдим этилган. Унда ислом оламининг энг машҳур ҳаттотларидан бири Исмоил Aз-Зуҳрий томонидан яратилган, тахминан 300 йиллик, Усмонлилар даврига оид Қуръоннинг нодир нусхаси ҳам намойиш этилмоқда.

Туркиянинг Aнталия вилоятидаги мармар конида “Бисмиллаҳ” ёки “Худо номи билан” дея ёзилган тош топилди. Кончилар тошни қайта ишлаш пайтида бу фигура уларнинг эътиборини тортган. Улар тошни чангдан тозалаш чоғида унинг араб ҳарфлари билан ёзилган “Бисмиллаҳ”га ўхшаб қолганини пайқашган. Плита таҳлил учун Туркиянинг жануби-ғарбидаги Сулаймон Демирел университетига юборилган.

Физули Яғмурлу, Расит Олтиндаг ва Назми Сенгун сингари олимлар ўз таҳлилларида қизиқарли маълумотни илгари суришди. Мармар таркибидан 195 миллион йиллик қолдиқлар топилган бўлса-да, бу ёзув табиий равишда пайдо бўлгани аниқланди. Пластинани ҳосил қилган доломитик оҳактошда 195 миллион йил аввал юра даврида яшаган денгиз жонзотларига тегишли биокластик қолдиқлар топилган.

Олимлар “Бисмиллоҳ” тошидаги фигуралар мутлақо “табиий” шаклланишда пайдо бўлгани, ёзувлар эса юрак шаклидаги моллюскалар қолдиқларининг парчаланиши, деформацияси ва жойлашиши натижасида ҳосил бўлганлигини таъкидлашди.

Aкдениз университети илоҳиёт факултети декани Aҳмет Огке томонидан тақдим этилган илмий ҳисоботга кўра, тош устида шаклланган фигура ҳақиқатда арабча “Бисмиллаҳ” ёзувидир.

Бу ҳақда islam.ru сайти маълум қилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Пятница, 18 Февраль 2022 00:00

Ислом – тинчлик дини (Видео)

Сирож Солиҳ масжиди

Ҳомиджон домла Ишматбеков

Шу йил 16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Буюк Британиянинг Ислом молияси бўйича консалтинг фирмаси (IFAAS) бош директори Фаррух Раза бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда мамлакатимизда Ислом молияси хизматларини йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани, юртимиз фуқароларининг исломий молиявий хизматларга бўлган қизиқишларини инобатга олган ҳолда мана шундай хизматларни кўрсатишни ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинаётгани ҳақида сўзладилар.
Шунингдек, учрашувда Фатво бўлими мудири ўринбосари Саиджамол Масаитов Ислом тараққиёт банки каби ислом молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ишлари олиб борилаётгани, ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилаётгани, тижорат банкларида ислом молиявий хизматлари кўрсатувчи шохобча очиш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди. Мана шундай ишларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаол қатнашаётганини алоҳида қайд этди.
Ислом молияси бўйича консалтинг фирма раҳбари Фаррух Раза Буюк Британияда Ислом молия хизматлари ривожлангани, халқаро фирма ушбу йўналишни йўлга қўйиш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш бўйича катта тажрибага эга экани ҳақида маълумот берди. Шу боис, ушбу йўналишда Ўзбекистонга яқиндан ёрдам бериш истагида эканини билдирди.
Делегацияси аъзоси Нажиб ал-Асвад Ўзбекистонда Ислом молия хизматларини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистонда ўрганишлар олиб бориб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ўтказилаётганини маълум қилди.
Мулоқот давомида соҳага тегишли масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлди.
Учрашув якунида меҳмонларга эсдалик совғалари ҳадя қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунёда шундай бойликлар борки, уларнинг қийматини ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди. Мамлакатимизни беҳисоб қазилма бойликлар, табиий захиралар билан сийлаган илоҳий ирода, беҳисоб илмий-маънавий хазинани ҳам халқимизга раво кўрган. Ушбу хазинани биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларида яшаб, ижод қилган буюк аллома аждодларимиздан қолган қадимий, илм-фаннинг турли йўналишларида битилган нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар ташкил этади.

Қўлёзмалар ҳақида гап борар экан, бу борада ҳам Ўзбекистон дунёнинг энг бой мамлакатлари қаторига киради, деб баралла айтишга ҳақлимиз. Айни кунларда юртимизнинг 80 дан ортиқ илмий муассасасида 45 мингга яқин қўлёзма ва 70 мингдан зиёд тошбосма асарлар сақланмоқда. Ушбу бебаҳо асарлар ўз саҳифаларида тарихимиз, урф-одатларимиз, аниқ фанлар ва табаррук динимизга оид биз билмаган, эшитмаган, долзарб ва қизиқарли маълумотларни сақлаб келмоқда.

Мустақиллик йилларида ушбу илмий-маънавий меросни ўрганишга маълум даражада эътибор қаратилган бўлса-да, халқимизни ундан баҳраманд қилиш, манбаларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга безавол етказиш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш масалалари билан жиддий ва мақсадли шуғулланилмади. Каталоглаштириш ишлари ҳам ҳар бир муассаса томонидан мустақил олиб борилди. Натижада масаланинг илмий-маърифий томони оқсади, иккинчи томондан, жиддий йўқотишларга йўл қўйилди. Президентимизнинг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бу борада узоқ йиллар тўпланиб қолган кўплаб муаммоларнинг ечими кўрсатиб ўтилган. 

Қарорга мувофиқ, эндиликда жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбалар Давлат реестри ташкил этилиб, давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилинади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгиланди, давлат реестрини юритиш учун масъул бўлган 10 та илмий ходимдан иборат махсус бўлим ташкил этилмоқда.

Айтиб ўтганимиздек, Давлат реестри бутун республика ҳудудида амалда бўлади. Реестр халқимизнинг бебаҳо мулки бўлган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарлар, шунингдек, тарихий ҳужжатлар ҳисобини юритади, яъни уларнинг йўқолиши, мамлакатдан олиб чиқиб кетилишининг олдини олади.

Айни пайтда ёзма манбалар ва ҳужжатларни рақамлаштириб, асл нусхалари билан бирга келажак авлодга етказиш имконияти пайдо бўлади. Рақамлаштирилган нусхалар эса тадқиқотчилар ва таржимонларнинг ихтиёрига берилади. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида нодир тарихий қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳамда архив ҳужжатларини консервация-реставрация қилиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. Ёзма манбаларни талаб даражасида сақлаш, эҳтиёж туғилган ҳолатда уларни турли зиён етишидан асраш, реставрация ишларини амалга ошириш мақсадида замонавий технология воситалари ҳамда зарур реактивлар билан таъминланган замонавий лаборатория ташкил қилинади. 

Соҳа учун мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам Президент қарорида ўз аксини топган. Ушбу вазифани амалга ошириш учун 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси» йўналишида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш белгилаб берилган. 

Шунингдек, ушбу йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Матншунослик ва адабий манбашунослик» таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича бакалавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квоталар доимий ажратиб борилиши кўзда тутилган.

Қарорда ҳозирги кунда ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг хорижда амалиёт ва стажировка ўтиши борасида ҳам вазифалар белгиланган. Жумладан, 2022 йилдан бошлаб қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи илмий ходим ва реставраторларнинг ҳар йили хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш Марказ, Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига юклатилди.

Президентимизнинг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти жуда катта. Биринчи ўринда, қарор ва унда назарда тутилган Давлат реестри миллий миқёсда Фарғоний, Хоразмий, Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоий, Беҳзод каби буюк даҳо аждодларимиздан қолган илмий-маънавий мерос ҳисобини юритиш, уни келажак авлодларга безавол, бенуқсон етказишга имкон яратади. Қолаверса, рақамлаштириш орқали илмий-тадқиқотлар, таржима жараёнлари воситасида халқимизни ушбу бебаҳо хазинадан баҳраманд қилиш имкониятини кенгайтиради.

Кейинги йилларда халқимиз томонидан эътироф этилаётгандек «Қилса бўлар эканку» хитоби бу ерда ҳам ўринли, долзарб эканини алоҳида таъкидлаган ҳолда, Ислом цивилизацияси маркази мазкур қарор билан «Қадимий ёзма манбалар Давлат реестри»ни тузиш ва юритишдек вазифага масъул давлат муассасаси этиб белгиланганини жамоамиз катта шараф, ишонч ва масъулият сифатида қабул қилганини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Шарқшунослик институти каби ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига бор илмий салоҳиятимиз ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Шоазим МИНОВАРОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори

Манба: Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2022 йил 16 февраль, 34(556) сон

Страница 86 из 1850
Top