Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Ислом молияси бўйича халқаро ташкилот вакилларини қабул қилдилар

Шу йил 16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Буюк Британиянинг Ислом молияси бўйича консалтинг фирмаси (IFAAS) бош директори Фаррух Раза бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда мамлакатимизда Ислом молияси хизматларини йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани, юртимиз фуқароларининг исломий молиявий хизматларга бўлган қизиқишларини инобатга олган ҳолда мана шундай хизматларни кўрсатишни ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинаётгани ҳақида сўзладилар.
Шунингдек, учрашувда Фатво бўлими мудири ўринбосари Саиджамол Масаитов Ислом тараққиёт банки каби ислом молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ишлари олиб борилаётгани, ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилаётгани, тижорат банкларида ислом молиявий хизматлари кўрсатувчи шохобча очиш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди. Мана шундай ишларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаол қатнашаётганини алоҳида қайд этди.
Ислом молияси бўйича консалтинг фирма раҳбари Фаррух Раза Буюк Британияда Ислом молия хизматлари ривожлангани, халқаро фирма ушбу йўналишни йўлга қўйиш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш бўйича катта тажрибага эга экани ҳақида маълумот берди. Шу боис, ушбу йўналишда Ўзбекистонга яқиндан ёрдам бериш истагида эканини билдирди.
Делегацияси аъзоси Нажиб ал-Асвад Ўзбекистонда Ислом молия хизматларини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистонда ўрганишлар олиб бориб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ўтказилаётганини маълум қилди.
Мулоқот давомида соҳага тегишли масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлди.
Учрашув якунида меҳмонларга эсдалик совғалари ҳадя қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1455 марта ўқилди

Янгиликлар

Top