muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Пятница, 01 Декабрь 2023 00:00

Ахлоқ инсонни зийнатлайди

Гўзал хулқ киши иймонини мукаммал қилади. Расулуллоҳдан қайси мўминнинг иймони комил ҳисобланади, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўмин” (Имом Абу Довуд ривояти), деб жавоб берганлар.

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор киши даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар бор. Одатимизга мувофиқ, гўзал хулқни улуғ васиятлар соҳиби Расулуллоҳдан излайлик. У зот айтадилар: “Мен комил хулқларни маромига етказиш учун юборилдим”. Ҳазрати Ойша онамиздан у зотнинг ахлоқлари ҳақида сўралганда: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деганлар.

“Гўзал хулқ соҳиби ҳузур-ҳаловатдадир, инсонлар ундан мамнун бўладилар, ёмон хулқли кишилардан ҳамма безор. Фазилат ақл ва одоб билан кўринади, бойлик билан эмас. Кимнинг одоби ёмон бўлса, насаби йўқ бўлиб кетади, кимнинг ақли адашса, асли ҳам адашади”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу зот тунда уйқу ва роҳатларини тарк этдилар, раийатларини назорат қилдилар. Туғишга яқин қолган аёлнинг ҳолини, унга ёрдам қиладиган киши йўқлигини билган пайтларида уйга қайтдилар, хотинларини кўндирдилар. Икковлон – эр таом, хотин кийимларни кўтариб, қоронғу зулматида йўлга чиқишди. Чодирга етиб келишгач, хотинлари, янги таъбиримизча, давлатнинг биринчи рақамли хоними доялик вазифасини, ўзлари эса ошпазликни қойилмақом бажаришди.

Салжуқийлар султонлиги энг гуллаб-яшнаган даврларда ҳукмронлик қилган Маликшоҳ фатҳ этилган ерларнинг халқларига бағрикенглик ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлган, ҳаттоки мусулмон бўлмаганлар ҳам уни чинакамига севиб, ҳурмат қилганлар. Барча холис тарихчилар Маликшоҳнинг адолати ва бағрикенглигини тан олганлар. Унинг ахлоқи ва олийжаноблиги аҳли китоблар қалбида ҳам унга муҳаббат уйғотган. Кичик Осиёдаги кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси Маликшоҳ ҳукмронлиги остига ихтиёрий равишда ўтишга қарор қилишганки, бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Иброҳим ибн Ҳубайб айтадилар: «Отам менга бундай дер эдилар: «Эй ўғлим, фақиҳ ва олимларнинг олдига бориб, улардан таълим олгин ҳамда уларнинг одоб – ахлоқлари ва кўрсатмаларини олгин. Зеро бу иш менга сенинг кўп ҳадис ёдлашингдан кўра маҳбуброқдир».

Ибн Муборак айтдилар: «Муҳаммад ибн Ҳусайн менга бундай дедилар: «Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтождирмиз».

Закариё Анбарий айтадилар: «Одобсиз илм ўтинсиз олов кабидир. Илмсиз одоб эса жасадсиз руҳ кабидир».

Молик ибн Анасдан ривоят қилинади. Оналари уларга бундай дер эканлар: «Робиъанинг олдига бор. Унинг илмидан олдин одобини ўрган». («Танвийрул – ҳаволик» китобидан)

Гўзал хулқ тўғрисида Аҳмад Яссавий ҳам ажойиб сарлар битган:

Сен сақласанг одобни, эранларнинг олдида,

Билгил, алар қошида сонсиз маъно билинур.

“Бахт-саодатга эришув йўлида нимаики (ахлоқ, касб-ҳунар кабилар) ёрдам берса,  уни сақламоқ ва мустаҳкамламоқ,  нимаики зарарли  бўлса, уни фойдали нарсага айлантиришга ҳаракат қилмок зарур”, деб ёзади Абу Наср Форобий бобомиз.

Кисро (форс подшоҳи) ўғлига таълим-тарбия берадиган устоз тайин қилди. Бола фазлу одобда баркамол бўлиб ўсди. Бир куни устози уни ёнига чорлаб, ҳеч бир сабабсиз, айбдор бўлмаса-да, болани қаттиқ урди. Бола эса катта бўлгунча, устозига нисбатан ич-ичидан кек сақлаб юрди. Унинг хаёлидан ўша сабабсиз урилган зарба кетмасди.

Отаси ўлиб тахтга чиққач, биринчи устозини ёнига чорлади:

– Фалон, фалон куни ҳеч бир сабабсиз, айбим бўлмаса-да, мени қаттиқ ургандингиз. Бунга сизни нима мажбур қилди?

– Эй подшоҳ, фазлу одобда камолга етганингизга, сиз отангиздан сўнг тахтга ўтиришингизни билган эдим. Шунинг учун сизга калтак оғриғини, зулм аламини тоттиришни хоҳладим, токи бирон кимсага ҳам зулм қилмагайсиз».

Подшоҳ бу жавобдан мамнун бўлиб: «Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин», деди ва совға-салом билан кузатиб қўйди.

Ҳа, азизлар, одоб ўз эгасини зийнатлайди, азиз ва мукаррам қилади.

 

Элёр ЗИЁВУДДИНОВ,

Янги ҳаёт тумани “Ниёзмат ота” жоме масжиди имом ноиби

 

 

Пятница, 01 Декабрь 2023 00:00

Пойабзал

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Раҳимберди – ўрта бўй, қора соч, қоши бироз ёйсимон, кўзлари катта, қиррабурун, қизғиш ёноқлари лўппи, думалоқ юзли, кулгичли, хушчақчақ, оқишдан келган олти ёшли бола. Ўша куни у эгнига сариқ, енги калта, кўкраги ёпиқ яктак, кулранг юпқа шалвар, оёғига эса янги қора тасмали бошмоқ кийиб олган эди.


Болакай қуёш тиккага келганда шошиб бувисиникидан уйга қайта бошлади. Кўчанинг ўнг томонидаги «Деҳқон бозори» ичидан ўтиб, кунботардаги катта қора панжарали дарвозадан чиқса, уларнинг кўчаси.

Эрталаб супурилиб, сув сепилган бўлса-да, айни дамда бозор тўзиб ётибди. Кираверишда каллаи саҳардан, то эрталабки тўққизгача кўкат ва сабзавотлар улгуржи сотиладиган жой бор. Улгуржи бозор аллақачон тугаган, чириган сабзавотлар, пўчоқлар ерда сочилиб ётибди.


Чап томонда қатор дўконлар. Ўнг томонда ҳожатхона бор. Ундан сал нарида парранда бозори. Ундан ўтиб олдинга юрилса, яна ўнг томонда чоғроқ жойда супурги, исириқ ва саватлар сотилади. У ердан ҳам ўтиб, тепароққа чиқилса, сабзавотлар растаси жойлашган. Картошка, сабзи, пиёз, шолғом, лавлаги – ҳаммаси чиройли қилиб расталарга териб қўйилган, баъзи жойларда эса улар оғзи «шимарилган» қопларга солинган.


Сал нарида – кенг жойда эса улгуржи оладиганлар учун ҳам қопларга солинган маҳсулотлар уюм-уюм қилиб тахлаб қўйилган. Сабзавотлар растаси ҳар галгидек гавжум, одамлар бири олиб, бири сотяпти:
– Келинглар, картошкалардан берайми? «Нанай» дейсизми, «Олмос» дейсизми ҳаммасидан бор, – дерди қотмадан келган новчароқ йигит, олдига келган ўрта ёшли икки аёлга картошкаларини кўрсатаркан.


– Ука, шўрвани ширин қиладиган шолғом бўлади. Мана, кўринг, муштдек, сап-сариқ, ширин шолғомлар, – яна бошқа тўладан келган сотувчи қаршисидаги ёшгина ҳаридорга шолғомини кўз-кўз қиларди.
Раҳимберди сабзавотлар растасидан ўтиб, бозордан чиқиб кетаркан, қора панжарали дарвоза ёнида, ногиронлар аравачасида ўтирган чап оёғи йўқ, болага кўзи тушди.   Бефарқ одамлар уёқдан-бу ёққа ўтиб турибди. Реҳиберди яқинроқ борди. Бир оёғи йўқ бола усти юпун, хомуш ўтирарди. Унинг сочи қиртишланган, бироз қисиқ кўзи ичига ботиб, мижжалари қорайган, узунчоқ юзи ҳам заъфарон тусда, ўзи эса қорачадан келган, озғин жуссали, етти-саккиз ёшли бола эди. Эгнига икки жойидан чатилган, эски, ҳаворанг, енги калта, кўкраги ёпиқ яктак, узунлиги тиззасидан пастга тушиб турган қора калта иштон, ўнг оёғига оқ пайпоқ, унинг устидан эса таглиги ёрилгач ёнлари ҳам йиртилган кулранг елим шиппак кийиб олганди. Калта иштоннинг чап оёғини боланинг кесилган чап сонига қайириб, боғланган, кўкрагида эса юпқа, қизил лентаси бўйиндан ўтқизилган кичкина, қора камера.


Раҳимбердининг болага раҳми келди. Айниқса, унинг оёғига.
«Бир оёғи ўсмай қолган эканда», – ўйлади у. Бола билан дўстлашмоқчи бўлди.


– Камерангиз чиройли экан, менда бошқачароғи бор. Ойим олиб берганлар.


– Менга бугун тарбиячи опам олиб бердилар, – деб бола озғин бармоқлари билан камерасини силаб қўйди.


– Туфлигинг  чиройли экан.


Раҳимберди шошиб кеча дадаси олиб берган тасмали бошмоғига қаради. Ўзи танлаганди. Сўнг ногирон боланинг оёғига назар ташлади. Унинг бир оёғида таги ёрилган, бироз каттароқ, эски шиппак осилиб турарди. Болага баттар раҳми келди.


– Истасанг, пойабзалимни сенга бераман!
– Чинданми?
– Ҳа, – Раҳимберди бошмоғини еча бошлади.
– Даданг  уришмайдиларми?
– Йўқ. Дадам: «Одамлар ўзи яхши кўрган нарсасини бошқаларга ҳам илиниши керак», дейдилар. Шунда Аллоҳ ҳам уларни яхши кўриб, кўп совғалар бераркан! – деб у бошмоғини ечиб болага узатди.


– Ўнг оёғини берсанг бўлди. Барибир чапини киёлмайман.


– Ҳафа бўлма. Дадам менга кўп айтадилар, Аллоҳ бизни жуда яхши кўрар, нима сўрасак бераркан. Фақат яхши бола бўлиб, катталарни жавратмасак, бас. Ҳали кўрасан, оёғинг ўсиб, шеригидан ҳам ўтиб кетади. Кейин бунисига ҳам пойабзални кийволасан, – деб Раҳимберди жилмаяркан, юзида кулгичи пайдо бўлди. Сўнгра боланинг қўлидан тасмали бошмоғининг ўнгини олди-да, унинг осилиб турган йиртиқ шиппагини ечиб, ўзиникини кийгизиб қўйди.


– Раҳмат! Исминг  нима? – деди бола бир Раҳимбердига, бир оёғидаги тасмали бошмоққа қараркан. У ўзида йўқ хурсанд эди.
– Раҳимберди. Сеники-чи?
– Дониёрбек.
Раҳимберди бироздан сўнг, хайрлашиб, оёқяланг уйга йўл олди. У жигарранг ёғоч дарвозани очиб, ичкарига кирганида севинчидан ўзига сиғмасди.


Ҳовлидаги гулзор четидаги катта ўрик дарахти соясида, нақшинкор сўрида отаси Абдураҳмон ака уни кутиб ўтирган эди. Раҳимберди кўринишда онасидан кўра отасига кўпроқ ўхшарди. Айниқса кўзлари.


– Ассалому алайкум, дадажон!
– Ваалайкум ассалом, келдингми? Сени кутиб ўтирган эдим. Тезда таҳорат ол. Пешин намозига чиқамиз, – деди-ю кўзи ўғлининг оёғига тушди.


– Ие, тасмали бошмоғинг қани? Бувингларникига ташлаб келдингми?


– Йўқ. Тунов куни ўзингиз: «Одамлар яхши кўрган нарсасини бошқаларга ҳам илиниши керак. Шунда Аллоҳ ҳам уларни яхши кўриб, кўп совғалар беради», – дегандингиз.


– Ҳа, тўғри. Эсингда қолган эканда. Баракалла! – кулди дадаси.
– Бозорнинг эшиги тагида бир бола ўтирган экан, дада, ўша боланинг бир оёғи ўсмай қолган экан! Шиппаги ҳам йиртиқ экан. Ўша болага оёқ кийимимни бериб юбордим...


– Сариқ яктак кийган болами?
– Ҳа, сиз ҳам кўрдингизми?
– Бироз аввал, бозордан қайтаётганимда кўрган эдим. Берай десам, пулим қолмабди. Яхши иш қилибсан, умрингдан барака топ, – Абдураҳмон ака ўғлининг елкасига аста қоқиб қўйди.


– Энди бор, тезда таҳорат ол. Акс ҳолда, намозга кеч қоламиз.
– Хўп, ҳозир, – деб у тўғридаги уйнинг бўёғи ўчган поғонасида турган қора чарм шиппагини кийди. 


Раҳимберди нонуштадан сўнг, кўчасининг бошига – бозор дарвозасининг ёнига борди. Болани тополмади. Эртасига ҳам борди. Яна хомуш қайтди...

* * *

Орадан уч ҳафта ўтиб, Абдураҳмон ака энди ишга кетишга чоғланган эди, эшик тақиллаб қолди. Бориб очди. Дарвозанинг ўнг томонида бир эркак, кичкина ўғил бола ва аёл, унинг ёнида эса оқ «Спарк» машинаси турарди.


– Ассалому алайкум! – деди нотаниш киши Абдураҳмон акага қўл чўзиб. У эгнига дид билан тикилган қимматбаҳо қора шим ва енги калта оқ кўйлак кийиб олганди. 


 – Ваалайкум ассалом, келинглар.
Машинадан тушган аёл билан бола ҳам салом беришди. Аёл бошига оқ рўмол ўраб, узун, кенг, яшил кўйлак кийиб олганди.


– Ака, узр сизни ҳам эрталабдан безовта қилдик, – деди ҳалиги киши.
– Ҳечқиси йўқ, бемалол, – табассум қилди Абдураҳмон ака ва ҳовлига таклиф этди. – Келинглар.


Меҳмонлар уй соҳибининг таклифини рад этишмади. Ҳовлига кириб, чорпояга ўтиришди. Абдураҳмон ака дастурхонга уринаётган эди, меҳмонлар: «Биз муҳим бир иш билан келдик, тез кетишимиз керак, ҳеч овора бўлманг!..» – дейишди. Мезбон уларнинг қаршисига ўтирди.


– Абдуллаев Раҳимберди сизнинг ўғлингиз бўлса керак, – сўради аёл ийманиб.
– Ҳа, менинг ўғлим. Тинчликми? – бироз хавотирланиб сўради Абдураҳмон ака.
– Ҳа, тинчлик! Менинг исмим Юсуфжон, «Меҳр-муруват» жамғармасида ишлайман. Бу киши Ҳалимахон – Дониёрбекнинг тарбиячиси, – бола билан аёлни таништирди Юсуфхон ака.


– Биз уч ҳафта бурун, ёрдамга муҳтож бемор болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бозорда яширин камера билан  Дониёрбек иштирокида, – болага қўли билан ишора қилди Юсуфжон ака, – қисқа лавҳали видео олаётгандик. Тўсатдан ўғлингиз келиб қолиб, Дониёрбекка қилган муруввати ҳаммамизни ҳайратга солди. Сўнг бу видео билан «Бола дунёни қутқарар» номли Халқаро танловда қатнашдик. Бизга олий ўринни беришди! Ўғлингиз эса энг яхши қаҳрамон йўналиши бўйича ғолиб деб топилди! Ташкилотимизга ҳам катта миқдорда пул ўтказиб беришди. Дониёрбекнинг оёғини протезига ҳам ҳомий топилди. Шундай бола тарбиялаганингиз учун сизга ташаккур! Мана бу ўғлингизнинг соврини, – деб Юсуфхон ака бир учи шимининг чўнтагидан чиқиб турган оқ хатжилдни олиб, Абдураҳмон акага узатди.


Бу хушхабардан Абдураҳмон аканинг кўзи беихтиёр билинар-билинмас ёшланди.
– Ўғлингиз уйдами? Ўзини бир кўрайлик, – деди Ҳалима опа Абдураҳмон акадаги ўзгаришни сезиб.


– Ҳа, ҳозир, – у рўпарадаги уйга қараб, ўғлини чақирди. – Раҳимберди! – сўнг қўшиб қўйди, – дарс қилаётган эди.
Уй ичидан:
– Лаббай! Ҳозир! – деган овоз эшитилди.


– Қараб юбор, ўғлим.
Раҳимберди ҳовлига чиқди-ю нотаниш эркак ва аёлнинг ўртасида икки оёқда турган таниш болани кўриб, хурсанд бўлиб кетди. «Вой, оёғи ўсиб кетибди-ку!» деди ичида қувониб.

Акбар Файз
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

Пятница, 01 Декабрь 2023 00:00

1-dekabr – Butunjahon OITSga qarshi kurash kuni

Jahon sog‘liqni saqlash tashkiloti hamda BMT bosh Assambleyasining 1988-yildagi qaroriga asosan, 1-dekabr – Butunjahon OITSga qarshi kurash kuni sifatida nishonlanadi.

OIV infeksiyasi hozirgi kunda barcha mamlakatlar uchun global muammoga aylangan. 2022-yilda dunyoda taxminan 39 million nafar OIV bilan yashovchi odamlar ro'yxatga olingan, ularning uchdan ikki qismi Afrika mintaqasi aholisidir.

Shuningdek, o‘tgan yili 630 000 odam OIV bilan bog'liq sabablarga ko‘ra vafot etgan va 1,3 millionta yangi OIV yuqish holatlari qayd etilgan.

Bu esa, o‘z navbatida inson salomatligi, mamlakatlarning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishi hamda xavfsizligiga rahna solayotir.

Муҳаммадраҳим домла АБДУҚОДИРОВ,
Тошкент шаҳридаги "Доруссалом" масжиди имом-хатиби

Страница 1 из 284
Top