Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини пойтахтимиз Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Бу давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофидир.
Мамлакатимиз 1973 йилда ташкил топган Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон замини асрлар давомида ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти марказларидан бири бўлганини таъкидлади. Бу анъаналарни давом эттирган ҳолда, юртимизда ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, сўнгги йилларда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академияси ташкил қилинди. Янги мактаблар, илм-фан масканлари барпо этилди. Сўнгги беш йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Айниқса, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.
Бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни билдирди. “Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак” номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.
Ислом тараққиёт банки мамлакатимизда тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш, катта, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш учун 141 миллион АҚШ доллари ажратди. Бу каби ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва ИТБ ҳамкорлигида ташкил этилаётган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси муҳим ўрин тутади. 34 минг кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаши кутилаётган ушбу жамғарма 100 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш ва камбағалликни қисқартиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос ўрин ва мавқега эга бўлган Ислом тараққиёт банкининг Тошкентдаги йиллик анжумани пандемия бошланганидан буён халқаро миқёсдаги биринчи йирик офлайн тадбир ҳисобланиб, аъзо мамлакатларнинг мураккаб муаммоларини ҳал килиш учун жуда катта имконият яратади. Зеро, шу кунга қадар мазкур нуфузли халқаро молиявий ташкилот юртимизда турли соҳа ва тармоқларда 100 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб қувватлади.
Шариббой Эргашев,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори