muslimuz

muslimuz

Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим. 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).

Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).

Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).

Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.

Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.

Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.

Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Среда, 26 Июнь 2024 00:00

Гиёҳвандлик иллати

Муқаддас динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди. Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти.

Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир. Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади.

Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.

Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтдилар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирда айрим ўқувчи-ёшлар ва ҳатто ўрта ёшдаги кишилар орасида гиёҳванд моддалардан ташкари психотроп дори воситалари истеъмолига ўрганиш ҳолатлари учрамоқда. Бу дори воситаларида ҳам маст қилиш ва ўргатиб қўйиш хусусияти бор. Кўча-кўйда бундай дориларни истеъмол қилаёттанларни кўриб кўрмасликка олиш, менинг фарзандим бу дориларни истеъмол қилмайди, деб хотиржамликка берилиш асло тўғри эмас. Чунки гиёҳвандлик балоси кенг тарқалса, ҳеч ким фарзандидан хотиржам бўла олмайди. Бу иллатларга амри маъруф наҳйи мункар ёрдамида қарши турайлик.

Маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарли оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадисларнинг ҳукми гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин-секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса катта гунохдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Яна бир ёмон жиҳати шуки, психотроп моддалар истеъмоли сабабли эркакларда оила маъсулияти унутилиб, ўз кайфи билан овора бўлиб қолмоқда. Натижада ёш оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг тирик етим қолиши, улардан туғилган болалар орасида ақлий ва жисмоний ногирон болаларнинг кўпайиш ҳолатлари вужудга келяпти. Бу кўз юмиб бўлмайдиган илмий, исботланган ҳақиқатдир.

Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Инсон ҳаётига хавф туғдирадиган , айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи лозим. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун  зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш  ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Одилжон Нарзуллаев,

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом-хатиби.

 

1445 ҳижрий санасидаги ҳаж мавсуми бошланганидан буён Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги 937 салл-маркази орқали 47 мингдан ортиқ қўнғироқларни қабул қилиб, зиёратчиларга бир неча тилларда хизмат кўрсатган, деб ёзади IslamNews.

Кўрсатилаётган хизматлар орасида зиёратчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, тиббий маслаҳатлар бериш, мурожаатларни рўйхатга олиш кабилар ўз ичига олган бўлиб, улар ўз вақтида ва тезкорлик билан кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш маркази ушбу 1445 Ҳаж мавсумида барча мавжуд каналлар орқали ҳаж зиёратчиларига сифатли хизмат кўрсатишда давом этмоқда. У кун бўйи барча сўровлар, тиббий маслаҳатлар ва шошилинч шикоятларни қабул қилади ва кўриб чиқади.

Марказ шунингдек, муқаддас қадамжолардаги барча тиббиёт муассасаларида бедарак йўқолган ва касалхонага ётказилган зиёратчиларни қидиришга ёрдам беради, етти тилда: инглиз, урду, француз, индонез, турк, форс ва араб тилларида фаолият олиб боради. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Саудия Арабистонининг Икки Муқаддас Масжид масжиди ишлари бўйича бош бошқармаси ҳаждан янги келган зиёратчилар келиши олдидан Пайғамбаримиз масжиди “Масжидун Набавий”ни ёзнинг жазирама иссиғига чидамли этиб тайёрлади.

Ҳароратнинг ошишини инобатга олган ҳолда, бошқарма томонидан мусулмонларнинг қулайлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун махсус чора-тадбирлар амалга оширилди.

Юқори технологияли кондиционер (совутгич) тизими “Масжидун Набавий”даги ҳарорат шароитларини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу тизимнинг марказий стансияси бутун муқаддас масжид бўйлаб салқин ҳавони самарали тарқатиш учун илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик сув совутгичлар билан жиҳозланган, деб ёзади, IslamNews “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб.

Масжиднинг ҳовли ҳудудларида зиёратчилар автоматик тизимда ишлайдиган 250 та улкан соябон остида жазирама иссиқдан ҳимояланишади. Сув пуркагич вентиляторлари масжид ва унинг радиусидаги ҳавони янада совутади, марказий сув пуркагич тизими мунтазам стерилизация қилинади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Давлатобод туманида жойлашган вилоят Маданият марказида вилоятда фаолият юритаётган  отинойилар учун навбатдаги ўқув-семинар ўтказилди.

Ўқув-семинарда ижтимоий байрамлар ва уларни нишонлаш, Ислом таълимотида никоҳ муносабатлари: ўзаро тенглик ва мажбурият, оила муқаддаслиги, жамият ва оилада аёлларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари каби қадриятларимизни асраш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан эканини англаш ҳамда уни жамиятга тўғри ва тизимли тушунтириш борасида маърузалар қилинди.

Шунингдек, Ислом динида ширк, бидъат-хурофот тушунчалари, Ислом шариатига оид фиқҳий атамалар таснифи каби мавзуларда савол-жавоблар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Страница 1 из 265

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top